Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 январдаги “Орол денгизининг суви қуриган тубида ва оролбўйи ҳудудларида “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этишнинг қўшимча чора- тадбирлари тўғрисида”ги 31-сонли қарорига асосан Учқудуқ туманида 2022-2026 йилларда 100 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш режалаштирилган.
Ўтган 2022 йил давомида “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари 20 минг гектарда барпо этилган бўлса, жорий йилнинг абҳор мавусмида 5 500 гектар майдонга уруғ сепиш ишлари олиб борилган. Туман давлат ўрмон хўжалиги бўлими ишчи-ходимлари томонидан бугунги кунга қадар жами 71,6 тонна саксовул уруғлари йиғиб олинган.
Бугун Шалхар ОФЙга қарашли Контай овули ҳудудида “яшил қоплама”- ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш тадбирларини ташкил этиш бўйича вилоят семинари ўтказилди. Унда Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев, туман ўрмон хўжалиги, фавқулодда вазиятлар туман бўлими, туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси, Ўзбекистон экологик партияси туман кенгаши, туман чорвачилик бўлими сингари ўнлаб корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимлари ва мутасаддилари иштирок этди. Мазкур кўргазмали семинарда 20 дан ортиқ техникалар кўмагида 7 минг гектар майдонда саксовул дарахти уруғи экиш ишлари олиб борилди.
Эътиборлиси, “яшил қоплама”- ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш ишларини мувофиқлаштириш ва ҳисобини юритиш мақсадида туман штаби фаолияти йўлга қўйилган. Саксовул уруғини териш ва сепиш жараёнида қатнашаётган ишчилар учун ошхона ташкил этилган бўлиб, уларни яшаш манзилидан то “яшил қопламалар” барпо этилаётган ҳудудгача бўлган масофага ташиб келтириш учун транспорт воситалари ажратилган.
2023 йилда 20 минг гектар ерга саксовол дарахти уруғини экиш кўзда тутилган бўлиб, йил охиригача режалаштирилган майдонда экиш ишлари якунига етказилади.
Айтиш жоизки, Учқудуқ туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда ва ўрмон фонди ерларида ўрмонзорларни кенгайтириш ҳамда яшил ҳудудларни барпо қилиш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
Жорий йилнинг 4-5 декабр кунлари халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгаши депутатлари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш, асосий қонунимизда белгиланган демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғоялари атрофида фуқароларни жипслаштириш мақсадида “Конституция-халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан: туман Кенгаши депутати Эргашова Озода Хонтемировна томонидан тумандаги “Мустақиллик” МФЙ ҳудудида жойлашган Учқудуқ ҳудудий бошқармаси, ижтимоий объектлар участкасига қарашли 1-сонли ётоқхонада Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги муносабати билан давра суҳбати ташкил этилди. Суҳбат давомида янги Конституциямиздаги ўзгаришлар, халқимиз турмуш шароитига жуда кўплаб имкониялар яратилиб берилганлиги, айниқса ёшлар ва хотин-қизларимизга берилган имкониятлар ҳақидаги ҳар бир моддаларга тўхталиб ўтилди. Давра суҳбати давомида иштирок этган ишчи ходимларнинг саволларига муносиб жавоб бериб ўтилди.
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Азимқулова Омоной Амирқуловна ва ҳамкор ташкилотлар масъуллари иштирокида тумандаги “Дўстлик” МФЙ ҳудудига қарашли 4-мактаб фаоллар залида “Конституция-халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” шиор остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбир жараёнида янги конститутциямиздаги ўзгаришлар, халқимизга берилган имкониятлар ҳақида депутат батафсил сўзлаб берди.
Шуниндек мутассади ташкилотлар ходимлари, маҳалла фаоллари томонидан ҳам қомусимизни мазмун-моҳияти яна бир бор тушунтириб ўтилди.
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиш, ҳудуд аҳолиси билан мулоқот қилиш мақсадида Учқудуқ туманига ташриф буюрди. Масъуллар ҳамроҳлигида Учқудуқ туманининг олис овул манзилларидан бири “Узунқудуқ” ОФЙга қарашли Бузаубай овулида бўлиб аҳолини яшаш тарзи ва турмуш даражасини ўрганди.
Нормат Турсунов ҳудуддаги тозалик ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечириб, аҳолини қийнаб келаётган қатор муаммо ва таклифларни тинглади. Овул оқсоқоли Сапарбай ота Утегенов вилоят раҳбарига ҳудуд учун жуда муҳим саналган бир нечта масалада мурожаат қилиб, ўз таклифларини билдирди. Жумладан, узоқ йиллар овулда фаолият юритган Бузаубай станциясининг фаолияти тўхтатилиб, поездлар Учқудуқ 2 - Мискен йўналишида қатнамаётганлиги сабабли қатор ноқулайликлар туғдирмоқда. Овул аҳолиси асосан ушбу станцияда ишлайди. Бугун ўнлаб ишчи ходимлар оиласидан узоқда бошқа станцияларга ишлаш учун хизмат сафарига юборилаётир.
-Чорвачиликка ихтисослашган оилавий фермер хўжалигимиз бор, икки ойдан бери сувни машинада ташиб келтиряпмиз. Чўлда чорвага ҳам сув керак, қудуқ қазиб сув чиқаришда амалий ёрдам берсангиз, - деди овул оқсоқоли Сапарбай Утегенов.
Бу масалага жиддий эътибор қаратган вилоят раҳбари соҳа масъулларга иккита қудуқ қазиш ҳақида топшириқ берди.
Шунингдек тоза ичимлик суви ҳам темир йўл орқали цистерналарда ташиб келтирилади, агар темир йўл станциясида мунтазам поездлар қатнови йўлга қўйилмас экан аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи ҳам муаммоли масала бўлади. Қолаверса, аҳоли Тўрткўл станцияси орқали бозордан арзон нархларда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари харид қилишади. Овулда бўладиган доимий кучли шамол натижасида электр энергиясида бўладиган узилишлар вақтида туман марказидан 120 км масофадан келиб электромонтёр узилишларни бартараф қилади. Яна шунча масофа йўл юриб қайтиб кетади. Овулга хизмат кўрсатадиган электромонтёр штатини ажратиш ҳамда UZMOBILE миллий мобил алоқа оператор коди 99 рақамли тармоғини ишга тушириш бўйича ҳам амалий ёрдам сўрадилар.
Вилоят ҳокими Н.Турсунов билдирилган муаммо ва таклифларни инобатга олиб, овул аҳолиси яшаш тарзини янада яхшилаш борасида тегишли мутасаддиларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берди.
Шундан сўнг вилоят раҳбари “Бузаубай” овулидаги 15-мактаб, 9 - сонли ДМТТ филиали, "Йўлчилар" овулидаги 11- сонли ДМТТ фаолияти йўлга қўйилган масканларда бўлиб, бу ерда ёшларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Маълумот ўрнида: “Узунқудуқ” ОФЙга қарашли “Бузаубай” овулида 34 та хонадонда 40 оилада 186 нафар аҳоли истиқомат қилиб келмоқда.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
Учқудуқ туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли ДМТТ тарбияланувчиларига Декабр ойи учун Озиқ-овқат, нон, гўшт, сут махсулотлари сотиб олиш учун эълон бермоқда.
Озиқ овқат махсулоти номлари қуйида келтирилган:
Нон, ун, круппа манная, горох, горох (нўхат), гречка, макарон, гуруч, геркулест, перловка, мош, буғдой ёрмаси, тариқ ёрмаси(пиши), шакар, повидло, асал, сариёғ, ўсимлик ёғи, сут, қуруқ сут, кефир, сметана, творог, пишлоқ, мол гўшти, товуқ гўшти, балиқ, тухум, картошка, пиёз, сабзи, лавлаги, булғор қалампири, карам, кади, чеснок, кўкатлар, томат, сок, олма, бодринг, помидор, лимон, майиз, қуруқ мева, кўк чой, какао, туз, дрожжа (ачитқи).
Virusli gepatit A kasalligidan saqlaning!
Virusli gepatit A kasalligi-ko’pincha jigarni shikastlovchi virus orqali yuzaga keladi. Kasallik 14 yoshgacha bo’lgan bolalarda yengil, 14 yoshdan katta bolalarda va homilador ayollarda og’ir kichadi. Bolalarda virusli gepatit A kasalligi asosan notoza qo’llardan, idish-tovoqlardan va o’yinchoqlardan yuqadi. Ushbu kasallik bolalar qo’lini yuvmasdan ovqatlanganida, qaynatilmagan suv ichishlari sababli kasallikka chalinishadi. Shu bilan birgalikda bolalar maktabgacha ta’lim muassasalarida maktablarda o’zaro muloqot jarayonida ham gepatit A kasalligini yuqtirib olishlari mumkin.
Virusli gepatit A kasalligining qanday belgilari bor?
Kasallining ilk davrida bemorda sariqlik alomatlari bo’lmaydi, lekin undan oldingi belgilar bo’ladi. Bu nafas yo;llarining yallig’lanishi, ich ketish, gripp va O’RVI (o’tkir resperator virusli infeksiyalar) xastaliklarinining alomatlaridir. Holsizlik, tez charchash, ishtaxasizlik, ko’ngil aynishi, qaid qilish, tana harorati ko’tarilishi, bo’g’imlarda og’riq, qorin o’ng qovurg’a osti soxasida og’irlik va discomfort, siydik rangi to’qlashishi, axlat rangi oqarishi.
Virusli gepatit A ning yakuni bolalikda ijobiydir, kasallik asimptomatik (alomatlarsiz) tarzda o’tadi, hayot sifatiga ta’sir ko’rsatmaydi. O’smirlik davrda kasallik jiddiy shaklda o’tadi va kasallikdan so’ng qat’iy ravishda parhezga rioya qilish kerak.
Gepatit A ning virusi HAV (Hepatitis A virus) deb ham ataladi. Virus quruq va issiq sharoitlarga (60 °C) chidamli, sho’r va chuchuk suvda oylar davomida saqlanadi. Ultrabinafsha nurlanishi ostida 1 daqiqada, 121 °C issiqlikdagi avtoklavda 20 daqiqa davomida, xloramin yoki xlor preparatlari bilan ishlov berilganda 5-7 daqiqada nobud bo’ladi.
Virusli gepatit A kasalligidan qanday himoyalanish kerak?
Sog’lom turmush tarziga rioya qilish. Shaxsiy gigiyena qoidalariga rioya qilish, ovqat tayyorlashda ovqatlanishdan oldin, jamoat joylarga va xojatxonaga borgandan so’ng qo’lni yaxshilab sovunli suvda yuvish. Oziq-ovqat maxsulotlarini tayyorlash va saqlash jarayonlarida sanitariya-epidemiologik qoidalarga rioya qilish. Meva va sabzavotlarni iste’mol qilishdan oldin oqar suvda yaxshilab yuvish va so’ngra qaynagan suvda yuvish. Yashash joy gigiyenasiga rioya qilish, xonalarni shamollatish va namli tozalov ishlarini olib borish kerak.
BOTULIZM-og’ir turdagi ovqatdan zaharlanish bo’lib, uy sharoitida tayyorlangan pоmidor, bodiring, patisson marinadi, baqlajon ikrasi va boshqa konserva mahsulotlari iste’mol qilish natijasida yuzaga keladi.
ZAHARLANISH BELGILARI :
- holsizlik, ko‘ngil aynish, qayd qilish, og‘iz qurishi:
- ko‘rishning xiralashishi:
- buyumlarning ikkita bo‘lib ko‘rinishi:
- ko‘z qovog‘ining osilishi:
- ovoz bug‘ilishi:
BOTULIZMGA CHALINMASLIK UCHUN HAR BIR INSON QUYIDAGILARGA AMAL QILISHI KERAK:
- Uy sharoitida pomidor, bodiring, patisson marinadi, baqlajon ikralari kabi konserva mahsulotlarini tayyorlamaslik:
- Belgilanmagan joylar, ko‘cha-ko‘ylarda sotilayotgan konserva mahsulotlarini xarid qilmaslik:
- Do‘konlardan konserva mahsulotlarini harid qilish jarayonida mahsulot yorlig‘i va unda keltirib o‘tilgan ishlab chiqaruvchi korxona nomi, ishlab chiqarilgan sanasi, yaroqlilik muddatiga alohida e’tibor berish:
- Har qanday konserva mahsulotlarini ochishdan oldin uni chayqatmasdan yaxshilab ko‘zdan kechirish, qopqog‘i ko‘tarilmaganligiga, suyuqlikning tiniqligiga va mahsulotning ezilmaganligiga e’tiborli bo‘lish.
BUNI YODDA TUTINIG!
103!
- Botulizm kasalligini davolash hamda asoratlarini oldini olishning yagona yo‘li shifokorga o‘z vaqtida murojaat qilish.
- Bemorni uy sharoitida, o‘zi bilganicha davolash og‘ir asoratlarga, hattoki o‘limga olib kelishi mumkin.
- Shu sababli kasallik belgilari kuzatilsa, zudlik bilan
- shifoxonaga murojaat qiling!
Uchquduq tuman sanitariya-epidemiologik
osoyishtalik va jamoat salomatligi bo‘limi.
Инсон доим янги қадам ташлашда иккиланишлар қуршовида бўлади, кўпинча жиддий қарорлар кимдир сабаб осонроқ қабул қилинади. Навбатдаги қаҳрамонимиз дўсти билан Учқудуққа келган ва учқудуқлик бўлиб кетган Толиб Худойбердиев.
У Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида 7 нафар фарзандли катта оилада улғайди. 1991-1993 йилларда Бухоро автомобил йўллари техникумида таҳсил олди. 1995 йилда дўсти Лутфилло Ҳамроев сабаб Учқудуққа келди. Шимолий кон бошқармаси “Шарқий” конида портлатиш участкасига ишга қабул қилинди.
10 йиллик тажриба ва махсус портлатиш ўқув курсини тамомлаганидан кейин устозлари Ҳамдам Ашуров, Данил Николаевич, Юрий Павловичлар кўмагида бўлинмада портлатувчи вазифасида фаолиятини самарали давом эттирди.
-Соҳанинг сир асрорларини ўрганишга қанча узоқ вақт кетган бўлса, шунча меҳнат ҳам сарфланди, - дейди Толиб Худойбердиев. -Тўғри осон ишнинг ўзи йўқ лекин бу каби қалтис ишларда нафақат тажриба ва билим балки ўта эҳтиёткорлик ҳам талаб этилади.
НКМКнинг 65 йиллиги тантаналари ҳар бир корхона ва бўлинмада катта шоду хуррамлик билан нишонланаётганкунларда “НКМК фахрийси” кўкрак нишони олганлар сафида қаҳрамонимизнинг ҳам борлиги оиласи учун кутилмаган хабар бўлди. Унинг ўз ишига корхонасига бўлган меҳрини янада оширди, десак хато қилмаган бўламиз.
Албатта, корхонада ҳар бир бўлимнинг ўзига хос вазифалари қатъий талаблар асосида белгилаб берилган, ушбу жараёнлардан энг хавфлиси, портлатиш ишлари. Номини ўзи ваҳимали эшитиладиган бу жараён ичида бўлишни тасаввур қилаверинг энди.
Толиб Худойбердиев ишдаги шовқин суронли жараёнлардан кейин сокин оила бағрига қайтаркан турмуш ўртоғи Дилрабо Нарзиева билан 3 нафар қизни элга қўшиш иштиёқида меҳнат қилаётганиданшукроналар айтади. Оиланинг тўнғич қизи Раъно Бухоро давлат университетининг биология йўналишида таҳсил олмоқда. Райҳон ва Рухшоналар ҳам олий маълумотли бўлиб, элу юрт корига мададкор бўлишни мақсад қилишган.
Ҳа, мукофотнинг катта кичиги бўлмайди, муҳими эътибор ва эътирофда.
Бугун Учқудуқ туман Ёшлар марказида "Учқудуқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар фаолиятининг қўллаб-қувватланиши, улар учун яратилган шарт шароитлар" мавзусида ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда тумандаги журналист ва блогерлар, ахборот кутубхона маркази ходимлари, таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси раиси ва туман ММТБ вакиллари иштирок этдилар.
Анжуманда дастлаб таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси раиси Гулбаҳор Қурбонова сўзга чиқиб, бугунги кунда таълим тизимида фаолият олиб бораётган ходимларнинг ҳақ ҳуқуқлари кафолати, улар учун яратилган имконият ва қулайликлар хусусида тўхталиб ўтди.
Матбуот анжуманида ММТБ бошлиғи ўринбосари С.Сайфиддинов бугунги кунда белгиланган чора-тадбирлар ижроси юзасидан мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида олиб борилаётган ишлар, сифатли ижтимоий ҳимоя, педагог ходимлар мавқеини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, келгусидаги мақсад ва вазифалар хусусида ОАВ вакиллари ва журналистларга атрофлича маълумот берди.
Анжуман давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Меҳнати элда азиз учқудуқликлар
Ватанга муҳаббат ва садоқатни кўнглида сақлаган инсон борки, юрти учун нимадир қилишга, ҳар томонлама наф келтиришга ҳаракат қилади. Бугунги кунда қайси соҳада ёки ишлаб чиқаришнинг қайси тармоғи бўлмасин унда идоравий ҳарбийлашган қўриқлаш отряди ходимларининг ҳам ўрни беқиёс.
Бўлинманинг асосий вазифаси қўриқланадиган объектларда қабул қилинган низом асосида хавфсизликни таъминлаш, корхона товар-моддий бойликларини қўриқлаш ва талон тарож қилинишини олдини олишдан иборат.
Бугун мен таърифини келтириб ўтмоқчи бўлган қаҳрамоним ҳамкасблари орасида касбига садоқат билан виждонан ёндаша оладиган шижоатли ёшлардан бири Бахтиёр Жумаев бўлади. Бахтиёрни кўпдан буён биламан ҳаракатлари дадил, ўзига ишонган бу йигит отряд ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган назоратчилардан ҳисобланади.
Айнан унинг ишини кузатарканман, талабчанлиги ва чаққонлигига қойил қоламан. Хатирчи туманида оддий оилада туғилиб ўсган Бахтиёрни ҳеч қандай муболағасиз бугунги куннинг ҳақиқий қаҳрамони, десам арзийди. Чунки, унинг ҳар бир босган қадами янгилик. У қаерда бўлмасин, қайси постни эгалламасин албатта чиқадиган товар-моддий бойликларни ноқонуний чиқарилишини синчковлик билан дарҳол аниқлайди. Бахтиёр ўзининг йўриқномасини, рухсатномали тартиб қоидаларини жуда яхши билади. Бир неча бор меҳнатлари эътироф этилиб, Шимолий кон бошқармаси маъмуриятининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланган. Устозлари Баҳодир Рахматов, Акмал Ҳамидов, Шуҳрат Бўриевлар изидан бораётган, қолаверса жамоамизнинг фахри бўлган бу йигитга ҳамма ҳавас билан қарайди.
У турмуш ўртоғи билан 3 нафар ширин қизалоқларни тарбиялаб вояга етказмоқда. Қизлари билан фахрланади. Зеро, шоиримиз муҳаммад Юсуф таъкидлаганларидек:
Қиз йўқ уйда заррин сабо эсмайди,
Қиз йўқ уйда жамбил райҳон ўсмайди,
Ўғилларнинг ота билан иши йўқ,
Қиз отасин ҳар қадамда эслайди.
Кўзларига сургай юрган изингиз,
Қай ўғилдан камдир айтинг қизингиз.
Бахтиёр Жумаев ҳақида ҳеч қаерда айтилмаган гапларни айтмоқчи бўламану, айтаётганларим у учун жўн сўзлардек, туюлаверади. Мухтасари акаси билан бир корхонада меҳнат қилиб келаётган Бахтиёрдек касбига меҳр қўйган фидоийлар кўп бўлишини истаб қоламан.
Жамила Кенжаева,
ИҲҚО 1-тоифали назоратчи.
Навоий КМК – менинг тақдиримда
“Юрган дарё – ўтирган бўйра”, деганларидек, тақдирим дарё каби мавжландию 2003 йилда умрим йўллари Намангандан Учқудуққа туташди. Йигирмага кириб бир бора пойтахтни кўрмаган қиз палаҳмон тошидек олис Навоийга йўл оларканман, булутларни бошига салла қилиб ўраган нуроний тоғлару азим Сирдарёдек зилол боғларим-ла хайр-хўшлашиб, туғилган тупроқдан йиғлаб-йиғлаб олисланиб, дарахтларнинг шохларига соғинч рўмолчамни тугиб-боғлаб, ўзбекнинг паҳлавон, алпкелбат йигитига ёр-ёр бўлиб келибман.
“Вақт югурик”, деганлари шу бўлса керак, умрим шамолдек елибдию ўшандан бери ўзим қирққа, соғинчларим йигирмага кириб қолибмиз. Бу узун йўлларми ё ҳазрат Бобурдек туғилган тупроқ соғинчи ўртадими ва ё яхшилар илҳом бердиларми, ҳартугул, ўттизимда бир нималар тиркаб қўядиган бўлдим. Қирқим остонасида яхшиларнинг эътибор ва эътирофлари ижод оламига йўл очди, мақолаларим у қадар пишиқ ва пухта бўлмаса-да, устозлар қўл узатганлари, комбинатнинг ижодкорларга бўлган юксак меҳри ва эътибори сабаб елкамга қанот битди!. Қачонлардир, олис Наманганда, қалбимда ниш отиб, бироқ бўй кўрсатолмаган илҳом чечаклари шу улуғ даргоҳда улғайди. Яратган менга, пойдеворидан шифти қадар ҳар ғишти илм бўлган қудратли корхонада, тирноғидан сочининг учигача илмга йўғрилган олимлар, касби – ҳаёти бўлган фидойи мутахассислар, қалби уммон яхши дўстлар билан ишлаш неъматини берди!. Бугун Наманган соғинчи ўртаб ёшланган кўзларим энди йиғлоқи эмас, Навоий кон-металлургия комбинати ходими бўлишдек ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган бахтни берганидан “Бахтимдан ўргилай!”, деб борлиғимни шукроналик ҳисси қамраб олган.
...Болалигимизда, кунлар совуб, зарғалдоқ тусидаги барглар гилам бўлиш кўйида ерга тўкилиб, булутлар йиғлоқиликни касб қиларкан, қишда уйларни иситиш учун кўмир келтириларди. Биз болалар ана шу кўмирлар ичидан кумушранг пиритларни топиб олиб: “Менинг олтиним, менинг олтиним!”, дея талашардик, пиритни олтин деб, ўйлаб ҳайратланардик. Бугун эса олтиннинг дунёга келиши кўмир орасидан топилган пиритлардек осон эмаслигини тушунганим ҳолда, ҳайратланмоқдаман! Илм ҳайрати мавжланаётган улкан уммондаги бир заррага ўхшайман...
Водийда ер жуда саховатли – қаламдек келадиган шохчаларни тупроққа суқиш кифоя! Гуллаб-яшнаб, кўкка бўй чўзиб кўзингизни қувнатади. Водийда бошининг учи булутга санчилгудек азим дарахтлар теграсида ўсдим. Қизилқумда ҳам ер жуда саховатли – хазиналарини кўзига яшириб олган! Илмингиз, шижоат ва шаштингиз бўлса бас, бағрини очади. Бугун, водийдаги дароз дарахтлардан фарқли равишда илм қудратидан кўкка ўрлаган технолигиялар теграмда. Илм қайнаётган қозонни ердан нақ 14 метр баландликдаги – биореакторларни кузатиш майдонидан, юксакликдан томоша қилиш жамиятнинг ҳамма нозик жинс вакилаларига ҳам насиб этавермайдиган бахт!
Тақдирим Учқудуққа кўчди. Олий маълумотлиман. Мактабга ишга олишмади. Хафа бўлдим. Ўша кун Учқудуқ кўзимга бирам бегонадек кўриниб кетди! Бироз вақт ўтиб, Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги боғчага ишга йўлланма беришди. Қувониб кетдим! Болаларни яхши кўраман! Рус тилини тўлиқ билмасдим. Боғчада фаррошлик қила бошладим. Гоҳ-гоҳида расм чизиш, пластилиндан нарсалар ясаш, апплекация ишларида тарбиячиларга ёрдамлашардим. Булар менинг болаликдаги (ҳаттоки ҳозирда ҳам!) энг севимли машғулотларим эди! Учқудуқдан хафагарчиликларим унутилиб кетди, етишолмаган орзуларимга етгандек бўлдим. Комбинат таркибидаги боғчаларда санъат, маданият, ҳайкалтарошлик, мусаввирлик, таомлар рецептураси, санитар-эпидемиологик қоидалар, болалар билан ишлаш услубияти, уларнинг ўзларидек беғубор ва кенг дунёси, қўйинг-чи, касбий маҳорат ва ҳаётий тажриба орттириш учун зарур бўлган барча омиллар мавжуд эди. Комбинат боғчаси ҳаёти мени босқичма-босқич шакллантирди.
Талабалик йилларимиз бир курсдошимиз ижодкор қизларга атаб, “Тўй қилмасдан ҳамма пулимга, сизга китоб совға қилардим...” мисрали шеърини туҳфа қилди. Орзуларимизни ифодалаган бирам ажойиб шеър эди! Биз қизлар келажакда китобларимиз жуда кўп бўлишини хоҳлардик, бу курсимиздаги деярли ҳамма қизларнинг орзуси эди. Менимча, уларнинг орасида орзусига яқинроқ борганимиз бир-икки ўртоғим ва мен бўлдик! Орзулар ҳам муҳит таъсирида ўзгараркан, ўша пайтлар кўп китоблари бўлишини орзулаган ўртоқларимнинг бугунги қараши бошқача, авваллари уйқаш бўлган хоҳишларимиз ҳозир бир-биридан айроча! Ҳазрат Алишер Навоийнинг улуғ номлари-ла аталган Навоий муҳити мендан ўша орзуларимни тортиб олмади, аксинча, кўмаклашди, қанот берди ва натижада кичик бўлса-да мўъжаз кутубхонам пайдо бўлди, бундан ташқари, хонамиз ҳам китобларга тўлиқ!
Хулоса ўрнида.
Комбинат биргина менинг тақдиримда шу қадар беқиёс ўзгаришлар ясади. Ҳа, бу даргоҳ чиндан ҳам тақдири кон-металлургия саноати билан боғланганидан бахтиёр аёлларнинг шукронаси ва масрурлигига тўла!
Нилуфар Муйдинова,
ШКБ мутахассиси.
More...
ShKB OYoXTTE Bo`limi va uning quyi tizimlarida xizmat qilayotgan harbiy xizmatchilar tomonidan Mahalla va oilani qo`llab-quvvatlash, oilaga bo`lgan munosabat, turmush tarzini yaxshilash, harbiy xizmatchilar va ularning oila a`zolari tomonidan jinoyat va huquqbuzarliklar sodir etilishi holatlarni oldini olish to`g`risida hamkorlikdagi xizmatlar bilan uchrashuv bo`lib o`tdi.
Uchrashuvdagi asosiy masalalar haqida Uchquduq tuman Ichki Ishlar Bo`limi JTSBo`linmasi katta inspektori kapitan J.Islomov so`zga chiqib, bo`lim va uning quyi tizimlarida xizmat qilayotgan harbiy xizmatchilar va ularning oila a`zolari o`rtasida munosatni yaxshilash bir-birlarini qo`llab-quvvatlash, oilaviy muhitni yaxshilash borasida O`zbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan ilgari surilayotgan islohatlar tamoyili asosida amalga oshirilayotgan ishlar to`g`risida gapirib o`tdi.
“Jamiyatda ijtimoiy - ma`naviy muhitni sog`lomlashtirish, mahalla institutini yanada qo`llab-quvvatlash hamda oila va xotin-qizlarni bilan ishlash tizimini yangi darajaga olib chiqish, O`zbekiston Respublikasi miqyosida istiqomat qilib kelayotgan har bir xotin-qizlarni qo`llab-quvvatlash maqsadida ularga berilayotgan imtiyozlar, ularni zo`ravonlik va qiynoqlardan asrab avvaylash, jamiyatda o`z o`rnini topishini, turli sohalarda foaliyat olib borilishlarini ta`m inlash, xotin-qizlar va erkaklar uchun teng huquq hamda imkoniyatlarni ta`m inlash sohasidagi munosabatlarni tartibga solishdan iborat ekanligini tushuntirib berdi. Qiziqarli o`tgan uchrashuvda harbiy xizmatchilar o`zlarining qiziqtirgan savollariga javob oldilar.
Otabek Hikmatov va Davron Asadov
ShKB OYoXTTEB inspektorlari
"Ассалому алайкум. Биз анчадан бери хал килинмай келаётган муаммо бўйича мурожаат килишга мажбурмиз. Ишхонамизда 16 ноябрдан буён иссик сув трубасида носозлик сабаб,кўп миқдорда сув исроф бўляпти. Сув куп кетганлиги учун,девор тагидаги кумларни ювиб юборяпти. Дук га куп бор мурожат қилдик. Келиб клёнка Билан боғлаб кетишган. Бу сувни бундай йўл билан тўхтатиб бўлмаслигини яхши тушунишади. Ҳурматли ҳокимимиздан ижобий натижа кутиб коламиз. "
ТАҲРИРСИЗ берилаётган мурожаатни туман ҳокимига етказганимиздан сўнг бир соатнинг ичида сув оқиши тўхтади. Минг афсуски иш битта винтилни алмайтириш билан якун топаркан. Нимага бунчалик бепарвомизми, ёки масъулиятсизми?
Халқни ҳам ҳокимдай билиш замони келмадими?
Ахатов Неъматилло Асатович,
Шимолий кон бошқармаси директори
ОЛТМИШ БЕШ ЙИЛЛИК СОЛНОМА
Бугун тан олиб айтиш керакки кон-металлургия тармоғи Ўзбекистон иқтисодиётида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу соҳада қулай инвестиция муҳитини яратиш, халқаро бозорда маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтириш, модернизация қилиш ва илғор технологияларни жорий этиш бўйича қатор дастурлар амалга оширилмоқда. Бу эса кончи ва металлургларга қанот бағишламоқда.
Навоий кон-металлургия комбинати давлатимиз саноати ва иқтисодиётида муносиб ўрин эгаллаган ҳолда олтин ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда етакчи ўринларда жой олишида чин маънода учқудуқликларнинг ҳам ҳиссаси бор.Бугун ортга назар ташлайдиган бўлсак, шуни ишонч билан айтишимиз мумкинки, комбинатга бешик бўлган Учқудуқ нафақат ўз чекига тушган синовлардан ўтди, балки бир қатор муҳим ғалабаларга ҳам эришди. Бугунги Учқудуқ кечагидан, эртанги Учқудуқ бугунгидан марраларни анча катта олган. Кўзланган чора-тадбирларимиз мажмуи албатта яқин истиқболда янги Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилиши, шубҳасиз!
Биламизки, Навоий кон-металлургия комбинати бой тарихга эга. Ана шу шонли ўтмишнинг дебочаси –Учқудуқ яъни Шимолий кон бошқармаси билан бошланганлиги фахрли.Қизилқум саҳросининг тупроғи фойдали қазилмаларга бой эканлиги қадим замонлардан буён маълум эди, фақатгина ХХ асрнинг ўрталарида ушбу ҳудудда фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди. 1952 йилда Ўзбекистон геологлари томонидан топилган йирик уран кони қадимий карвон йўлининг учта қудуғи яқинида жойлашган ва шу туфайли Учқудуқ, деб номланган. Аммо ўшанда ҳам бу ерга илк марта қадам босганлар бийдай қизил чўлда сувсиз, яшилликсиз одамзод яшай олмайди, деган хулосага келишганди. Лекин йиллар ўтиб тошни эритиб олтин ва уран олувчи “сеҳргарлар” ана шундай саҳрода ҳам яшаш мумкинлигини исботлашди.
Мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган ишчи-ходимдан тортиб муҳандисгача бўлган инсонлар меҳнати, миллати, эллати, дини бошқа-бошқа бўлса ҳам дили бир заҳматкашларнинг пешона тери эвазига Навоий кон-металлургия комбинатидек улкан саноат мажмуаси қад ростлади. 1958 йилда уран қазиб чиқариш ишлари бошланди. Ва, изчил равишда автомобиль йўллари ва темир йўллар, комбинатнинг қўшимча бўлинмалари қурилди. Шу тариқа саҳрода Учқудуқ шаҳри қад ростлади. Сув ўтказиш иншоотлари қурилди. Энди одамлар бу корхонада ишлаш машаққати билан бирга фахр эканлигини ҳис эта бошлашди.
НКМК юртимиз инновацион кон-металлургия кластерининг ўзаги ҳисобланади. Ана шу инновацион кластернинг бир бўлаги Учқудуқ ҳудудида жойлашган - Шимолий кон бошқармасидир. Корхона 65 йилда катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Бу келажакка умид билан боққан жасоратли инсонлар, меҳнаткаш шижоатли муҳандислар йўлидир.
Бугунги кунда Шимолий кон бошқармаси ривожланган инфратузилмага эга бўлиб, олтин рудаларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва бошқа фаолиятларни амалга оширмоқда. «Кокпатас» ва «Даугизтау» конларининг ишга туширилиши туфайли Учқудуқ олтин - руда захирасининг ривожланиши жадал суръатларда давом этмоқда. Ушбу кон бошқармаси таркибидаги 3-гидрометаллургия заводи ҳозирги кунда чидамли олтин-сульфидли рудаларни технологиялар мажмуидан фойдаланган ҳолда қайта ишлаш бўйича дунёдаги энг йирик заводлардан бири ҳисобланади. Бу ерда «Кокпатас» ва «Даугизтау» конларининг рудалари қайта ишланади.
1995 йилда 3-гидрометаллургия заводи фойдаланишга топширилиши чин маънода Учқудуққа иккинчи ҳаётни бошлаб берди. Олтин завод туфайли ижтимоий ҳаёт яхшиланди.
Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача ривожлантириш дастури доирасида 2019 йилда заводда фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи ишга туширилди ва бу завод фаолиятининг тўртинчи босқичи бошланишига асос бўлди. Янги мажмуанинг ишга туширилиши билан чиқиндига чиқиб кетадиган олтин миқдорини икки баравар камайтиришга эришилди. Бунинг натижасида тоғ маъданларидан олтинни ажратиб олиш даражаси 12,4 фоизга, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 8,7 фоизга кўпайди.
Бундан ташқари, ушбу объектнинг ишга туширилиши натижасида 200 нафардан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Агар йиллар кесимида таҳлил этадиган бўлсак, маъданни қайта ишлаш ҳажми 1995 йилда 1,27 млн. тоннани 2022 йилда эса бу кўрсатгич 8,2 млн. тоннани ташкил қилди. Шу йилда мавжуд блокларнинг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ҳисобига маъданни қайта ишлаш заводнинг дастлабки иш бошлаган йилларига нисбатан 6,4 баробарга оширилишига эришилди. Ҳозирда завод 8 млн. тоннадан ортиқ маъданни қайта ишламоқда.
Олтин ишлаб чиқариш бўйича ўсиш суръати заводнинг дастлабки иш бошлаган йилларига нисбатан 2022 йилда 5 баробарга оширишга эришилди. Бу албатта ўз-ўзидан бўлган эмас. ШКБда янги технологиялар, инновацион ечимлар ва лойиҳалар узлуксиз тарзда жорий этилиб, мавжуд қувватларни модернизация қилган ҳолда замон билан баравар қадам ташланмоқда. Ҳозирги кунга қадар биргина 3 - гидрометаллургия заводида технологик жараёнларнинг кўрсаткичларини янада яхшилаш, ишлаб чиқариш мавжуд қувватларини ошириш, энергия ресурсларни тежаш ва самарали ишлатиш, қулайликлар яратишга қаратилган жами 3667 та техникавий қарорлар қабул қилиниб, ишлаб чиқаришга тадбиқ этилган.
Янгиликка интилувчи салоҳиятли мутахассислар томонидан ўнлаб ихтиро учун Ўзбекистон Республикаси интеллектуал мулк агентлигидан патентлар олинган ва ишлаб чиқаришда ижобий натижа бермоқда. Ушбу ихтиролардан 2010-2022 йилларда олинган умумий даромад 614 млрд. 960 млн. сўмни ташкил этди. 2011 йилдан ҳозирги кунга қадар 155 та самарали рационализаторлик таклифлардан олинган умумий даромад 81 млрд. 327 млн. сўмдан ортади.
Корхонада нафақат замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши, балки ишлаб чиқаришнинг автоматлаштирилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. 3-гидрометаллургия заводининг ишлаб чиқариш участкаларида замонавий комплекс автоматлаштирилган бошқарув тизими негизида интеллектуал тизимлар жорий этилган бўлиб, ушбу тизим барча босқичларда технологик жараёнларнинг рақамли бошқарилишини таъминлайди. Авариялар, тўхтаб туришлар, эскиришларнинг бартараф этилишини, таъмирлаш ишларининг зарурлигини белгилаб ва бу билан самарадорликни оширган ҳолда юз бераётган ўзгаришларга тезкор муносабат билдириш учун объектив маълумотларни тақдим этади. Очиқ олтин конларида йўлдош мониторинг тизими негизида оғир юк ташувчи самосваллар ва экскаваторлар ишини мониторинг қилиш тизими жорий этилган. Корхонани бошқаришда муҳим вазифаларни бажариш замонавий ва креатив фикрловчи, турли вазиятларда қарор қабул қилиш ва масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган шижоатли ва жасур, билимли ва ватанпарвар ёш кадрларга ишониб топширилган.
Бошланган бу ўн йилликда ҳам вазифаларимиз кўп – биз бошлаган лойиҳаларимизни ниҳоясига етказиб, янгиларини бажаришга киришамиз. Шимолий кон бошқармаси дадил қадамлар билан янги корхоналарни қуриш ва ишлаб турганларини модернизация қилиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш учун иш ўринлари яратишни кўзда тутувчи тараққиёт йўлидан боришни давом эттирмоқда.
Кейинги йилларда соҳани ривожлантириш баробарида тоғ-кон саноатига янги техника ва технологияларни жорий этиш биринчи галдаги вазифа ҳисобланмоқда. Корхонанинг қай бир бўлинмасига борманг ободонлаштириш ишлари билан бирга ишчи-ходимларга яратилган қулай шароит, уларнинг хавфсизлиги учун имкониятларга кўзингиз тушади. Автомобил транспорт бошқармасида ҳайдовчиларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида ўқув-машғулот биноси қуриб топширилди. Симулятор ўқув амалий тренажери билан таъминланди.
Транспорт воситаларини техник созлигини таъминлаш сабабли техник хизмат кўрсатиш йўналиши (ТО-1) ва катта ўлчамли шиналарни таъмирлаш учун TIP-TOP цехи ишга туширилди. Жорий таъмирлаш ишларни яхшилаш мақсадида ишлаб чиқариш иншооти (ТР-1) қуриб битказилди. Юк кўтариш қобилияти 16 тонналик кран ўрнатилди.
Марказий таъмирлаш устахонаси таъмирлаш майдонидаги иш жараёнларини жадаллаштириш учун юк кўтариш қобилияти 32 тонналик кўприкли кран ўрнатилди. Транспорт воситалари ва йўл қурилиш механизмларни ишдан чиқишини олдини олиш мақсадида лаборатория биноси капитал таъмирланди. Спектрометр қурилмаси олиб келиниб, ишга туширилди. Автомобил транспорти бошқармасида ишчи ходимлар учун 60 ўринлик янги ошхона қуриб, фойдаланишга топширилди.
“Кокпатас” конида кончилик соҳасида жаҳонда ўша даврда саноқли кон корхоналарида мавжуд “ИНТЕГРА-ГРУПП” компаниясининг “Depos” ва “Бур-про” кон дастурий маҳсулоти жорий қилинди. Бу эса кон ишларини режалаштиришда қулайликлар яратмоқда. “Кокпатас” саноат майдонида эмульсион портлатиш моддалар компонентларини сақлаш ва аралаштириб зарядлаш машиналарига юклаш пункти янада кенгайтирилди ҳамда лаборатория ташкил қилинди. Натижада сувли қудуқларда ҳам портлатиш имкониятини берувчи 5 компонентли эмульсион портловчи моддалар тайёрланишига эришилди.
“Даугизтау” конида “Даврий узлуксиз технология”си (ДУТ) ишга туширилди. Магистрал конвейер 1,73 км.га узайтирилиши натижасида оғир юк ташувчи автоағдаргичларнинг дизель ёқилғиси, мой маҳсулотлари, автошина ва бошқа турдаги товар-моддий бойликларнинг ортиқча сарфининг олди олинди. Пировардида ўтган 2022 йилда 9 млрд. сўм тежаб қолинди.
“2023-2024 йилларда “Шарқий” ва “Даугизтау” конларини ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлаш" ва “Мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини сақлаш” инвестиция лойиҳаларига асосан 2 дона Hitaсhi EX-1200, 2 дона ЭКГ-10 экскаватори ва 4дона Flexi ROC D 55 русумли бурғилаш ускуналарини сотиб олиш режалаштирилган. Бу каби техникалар ёрдамида конлардаги маъданларни қазиб олиш лойиҳасининг иккинчи навбати бўйича 28 та карьерда кон ишлари олиб борилиши 2030 йилгача тугатилиши режалаштирилган.
Бугунги кунда “Кокпатас” ва “Даугизтау” конларини қазиб олиш лойиҳасининг учинчинавбати бўйича “Даугизтау” конида 17,9 млн. тонна ва “Кокпатас” конида тахминан 31 млн. тонна жами 48,9 млн. тонна олтин таркибли маъдан захираларини тасдиқлаш юзасидан “Ўзбекистон Республикаси Давлат геология кўмитаси” томонидан геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда. Кейинги йилларда ҳам ер қаърини ўрганиш ва геология қидирув ишларини олиб бориш, олтин захираларини аниқлаш ишлари узлуксиз давом эттирилади. 3-гидрометаллургия заводини хомашё базасини кенгайтириш ишлари тўхтамайди.
Юқорида қайд этилган лойиҳалар табиийки Учқудуқ иқтисодиётининг турли соҳаларига дахл қилади. Қурилаётган саноат объектлари минтақаларнинг ишлаб чиқариш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади ва одатда катта ҳажмдаги меҳнат ресурсларини талаб қилади. Бу эса маҳаллий аҳолининг турмуши ва бандлиги даражасига таъсир қилмасдан қолмайди. Яна бир муҳим жиҳат – солиқ тушумларининг кўпайиши орқали минтақанинг маҳаллий бюджети мустаҳкамланади.
Бизда кон-металлургия тармоғи корхоналарини барқарор ривожлантириш ва улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмини ошириш бўйича биринчи даражали вазифаларни бажаришга қодир бўлган зарур муҳандис-техник ва ишчи кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилган. Кадрлар сиёсатининг бош стратегияси – етук мутахассислар тайёрлаш, улар захирасини яратиш, малакасини ва амалий кўникмаларни муттасил ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилади. Шунинг учун Шимолий кон бошқармасида ўз тажриба малакасини оширган ходимларимиз ҳозирда НКМКнинг янги иш бошлаган гигант корхоналарида ўз билим ва тажрибалари билан кўмаклашмоқдалар.
Бугунги кунда Шимолий кон бошқармасида саккиз мингдан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилади. Комбинатнинг бош анъанаси – инсон омилига эътибор қаратиш, уни ижтимоий муҳофаза қилиш, ишчи-ходимлар турмуш шароитини яхшилаш, уларни соғломлаштириш, дам олиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун шароит яратишдир. Корхонамизда бу борада барча лозим ишлар амалга оширилаётир.
Албатта бой корхонада ишлаётган ишчи-ходимнинг ҳам турмуш-тарзи ўзгаларникидан фарқланиши аниқ. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида корхонамизда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш баробарида, ишчи-ходимлар меҳнатини енгиллаштириш бош ғоя бўлмоқда. Шимолий кон бошқармаси бўлим ва бўлинмалари бўйлаб амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳам таҳсинга сазовор. Жумладан, марказий моддий-техника базаси, кон жиҳозларини таъмирлаш цехи, “Даугизтау” кони, автомобил транспорти бошқармаси, 1-сонли автокорхонада капитал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, “Шарқий” кони портлатиш моддалари омбори, темир йўл цехи марказий станцияси, марказий архив хоналарида ҳам жорий таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ишчи-ходимларга қулай ва шинам шарт-шароитлар яратилди. “Даугизтау” конининг кир ювиш цехи фойдаланишга топширилди. 1-сонли автокорхонанинг фойдаланиш участкаси янги биносининг қурилиши бир байрамга айланган бўлса, бўш турган бинони реконструкция қилиш орқали лабораториялар фаолиятини ташкил қилиш ишлари якунланди.
Учқудуқ саноати учун захира саналган 3-ГМЗ га қарашли чиқиндилар чиқариш полигонининг учинчи навбат учинчи босқич қурилиш ишлари ҳам тўлиқ якунланди.
Ана шундай ишларни эса шу ерда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларимиз ўзининг ҳалол меҳнати билан бажаряпти. Бундай меҳнатлар эса ҳукуматимиз қолаверса, президентимиз томонидан муносиб эътироф этилмоқда. Сўнгги йилларда 11 нафар ишчи-ходимларимиз юксак давлат мукофотларига лойиқ кўрилиши бунинг исботидир. Энг асосийси, саккиз мингдан зиёд ишчиларимиз Навоий кон-металлургия комбинатида меҳнат қилаётганидан ҳақли равишда фахрланади.
Хамроев Соли Фармонович,
Учқудуқ туман ҳокими.
УЧҚУДУҚНИНГ КЕЛАЖАГИ – ИШОНЧЛИ ҚЎЛЛАРДА!
Мамлакатимиз саноатининг фахри, байроқдори бўлган Навоий кон-металлургия комбинати ташкил этилганлиги ҳамда Учқудуқ шаҳрига 65 йил тўлди.
Комбинат тарихи 1958 йил қизилқум минтақасида қимматбаҳо металларни қазиб олиш учун мўлжалланган йирик мажмуа қурилиши билан боғлиқ. Ҳудуднинг ер ости бойликларини аниқлашда машҳур олим, академик Ҳабиб Абдуллаевнинг илмий изланишлари муҳим аҳамиятга эга. Эътиборлиси, таниқли адиб ва йирик жамоат арбоби Шароф Рашидовнинг қизилқумда Навоий кон-металлургия комбинатини ташкил этиш, бепоён саҳро бағрида Навоий, Зарафшон, Учқудуқ сингари кўркам шаҳарларга асос солинишидаги ташаббускорлиги ва фидойилиги алоҳида таҳсинга лойиқ.
Айтиш жоизки, бугун улкан ишлаб чиқариш ресурсларига эга комбинатда техник ва технология модернизация жараёнлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида жаҳон бозорида кучли ўнликдан муносиб ўрин эгаллагани, мамлакамтимизда аниқланган қимматбаҳо ер ости қазилма бойликлар захирасининг 85 фоизи Навоий кон-металлургия комбинати ҳиссасига тўғри келади. Шу боис, комбинатни ҳақли равишда мамлакатимиз тоғ-кон саноатининг байроқдори, дейиш мумкин.
Бугун мамлакат саноатининг пешқадамларидан бўлган Навоий кон-металлургия комбинатига бешик вазифасини ўтаган – Учқудуқ билан ҳар қанча фахрлансак, ҳар қанча ғурурлансак, арзийди. Ҳа, Навоий кон-металлургия комбинати Учқудуқдан бошланган, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз!
Соҳа мутахасисларининг фидойилиги туфайли улар бугун мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Мустақиллигимиз шарофати билан комбинат ўтган тарихан қисқа, аммо залворли даврда ўзининг ишлаб чиқариш қувватларини йил сайин ошириб, катта марраларга эришмоқда.
Юртимиз тараққиётнинг янги босқичида ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистон тарихи ва келажаги яратилмоқда. Шиддатли ислоҳотлар одамларимиз ҳаёти, соҳалар ривожига янгича мазмун бағишлаяпти. Мана шундай беқиёс юксалиш ва ўзгаришлар самарасини айнан 60 минг нафарга яқин ишчи-хизматчи меҳнат қилаётган Навоий кон-металлургия комбинати қолаверса, 8 минг нафардан ортиқ мутахассис ва ишчи-ходимлар фаолият юритаётган Шимолий кон бошқармасида ҳам яққол кўриш мумкин.
Ҳақиқатдан ҳам кон-металлургия – энг машаққатли, энг шарафли соҳалардан биридир. Мураккаб иш ва иқлим шароитларида меҳнат қилиш, улкан минерал бойликларни кенг миқёсда ўзлаштириш, қазилма бойликларни қидириш, маъданларни қазиб олиш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот даражасига келтириш шарафли касб эгаларидан чинакам машаққат ва фидойиликни талаб этади. Бугун ушбу соҳада меҳнат қилаётганлар шижоатида ана шундай фазилатлар мужассам. Улар қалб қўри билан яратаётган, дунё бозорида Ўзбекистоннинг фахру ифтихори бўлган 999.9 пробали олтини халқаро миқёсда сифат эталони, деб қабул қилингани ҳам самарали меҳнатнинг юксак эътирофидир.
Айтиш жоизки, Навоий кон-металлургия комбинати бугун нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсида юксак шон-шуҳратга эга. Ушбу гигант корхона ўзининг замонавий ишлаб чиқариш инфратузилмаси, қимматбаҳо ва рақобатбардош маҳсулотлари ҳамда иқтисодий салоҳияти билан дунё миқёсидаги етакчи корхоналардан бири эканлиги ҳар биримизга фахру ифтихор бағишлайди.
Бугун жамоа аҳли Навоий кон-металлургия комбинати ташкил этилганлигининг 65 йиллигини улкан меҳнат зафарлари билан қарши олишмоқда. Хусусан, Шимолий кон бошқармаси “Даугизтау” кони тасарруфидаги “Аджибугут” карьери қувватини янада кенгайтириш мақсадида, иккинчи босқич ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бу ерда карьер ишчи-хизматчилари учун барча қулайликларга эга 100 ўринли ётоқхона ва 50 ўринли ошхонанинг фойдаланишга топширилгани моддий бойлик яратувчи ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимояси энг муҳим вазифалардан бири эканлигини билдиради.
Энг муҳими, мамлакатимиз тараққиёти ва ривожи, юксалиш жараёнлари, қўлга киритилаётган залворли ютуқларда мазкур нуфузли саноат корхонасининг ўрни, жамоанинг фидокорона меҳнати борлигини ҳар биримиз мамнуният билан эътироф этамиз.Бундан олтмиш беш йил муқаддам Учқудуқда бошланган бунёдкорлик ишларини нафақат давом эттириш балки уни кенгайтириш, янада юқори босқичга кўтариш, мустақил юртимиз иқтисодий қудратини ошириш йўлида бор билим ва салоҳиятингизни, фидокорона меҳнатингизни сафарбар этасиз, албатта!
Олдинда аҳил жамоани катта вазифалар, улуғвор режалар, нурли манзиллар кутиб турибди. Ҳалол ва фидокорона меҳнатингиз билан ана шундай юксак довонларни забт этишингизга ишонамиз!