Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиш, ҳудуд аҳолиси билан мулоқот қилиш мақсадида Учқудуқ туманига ташриф буюрди. Масъуллар ҳамроҳлигида Учқудуқ туманининг олис овул манзилларидан бири “Узунқудуқ” ОФЙга қарашли Бузаубай овулида бўлиб аҳолини яшаш тарзи ва турмуш даражасини ўрганди.
Нормат Турсунов ҳудуддаги тозалик ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечириб, аҳолини қийнаб келаётган қатор муаммо ва таклифларни тинглади. Овул оқсоқоли Сапарбай ота Утегенов вилоят раҳбарига ҳудуд учун жуда муҳим саналган бир нечта масалада мурожаат қилиб, ўз таклифларини билдирди. Жумладан, узоқ йиллар овулда фаолият юритган Бузаубай станциясининг фаолияти тўхтатилиб, поездлар Учқудуқ 2 - Мискен йўналишида қатнамаётганлиги сабабли қатор ноқулайликлар туғдирмоқда. Овул аҳолиси асосан ушбу станцияда ишлайди. Бугун ўнлаб ишчи ходимлар оиласидан узоқда бошқа станцияларга ишлаш учун хизмат сафарига юборилаётир.
-Чорвачиликка ихтисослашган оилавий фермер хўжалигимиз бор, икки ойдан бери сувни машинада ташиб келтиряпмиз. Чўлда чорвага ҳам сув керак, қудуқ қазиб сув чиқаришда амалий ёрдам берсангиз, - деди овул оқсоқоли Сапарбай Утегенов.
Бу масалага жиддий эътибор қаратган вилоят раҳбари соҳа масъулларга иккита қудуқ қазиш ҳақида топшириқ берди.
Шунингдек тоза ичимлик суви ҳам темир йўл орқали цистерналарда ташиб келтирилади, агар темир йўл станциясида мунтазам поездлар қатнови йўлга қўйилмас экан аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи ҳам муаммоли масала бўлади. Қолаверса, аҳоли Тўрткўл станцияси орқали бозордан арзон нархларда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари харид қилишади. Овулда бўладиган доимий кучли шамол натижасида электр энергиясида бўладиган узилишлар вақтида туман марказидан 120 км масофадан келиб электромонтёр узилишларни бартараф қилади. Яна шунча масофа йўл юриб қайтиб кетади. Овулга хизмат кўрсатадиган электромонтёр штатини ажратиш ҳамда UZMOBILE миллий мобил алоқа оператор коди 99 рақамли тармоғини ишга тушириш бўйича ҳам амалий ёрдам сўрадилар.
Вилоят ҳокими Н.Турсунов билдирилган муаммо ва таклифларни инобатга олиб, овул аҳолиси яшаш тарзини янада яхшилаш борасида тегишли мутасаддиларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берди.
Шундан сўнг вилоят раҳбари “Бузаубай” овулидаги 15-мактаб, 9 - сонли ДМТТ филиали, "Йўлчилар" овулидаги 11- сонли ДМТТ фаолияти йўлга қўйилган масканларда бўлиб, бу ерда ёшларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Маълумот ўрнида: “Узунқудуқ” ОФЙга қарашли “Бузаубай” овулида 34 та хонадонда 40 оилада 186 нафар аҳоли истиқомат қилиб келмоқда.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ