Ахатов Неъматилло Асатович,
Шимолий кон бошқармаси директори
ОЛТМИШ БЕШ ЙИЛЛИК СОЛНОМА
Бугун тан олиб айтиш керакки кон-металлургия тармоғи Ўзбекистон иқтисодиётида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу соҳада қулай инвестиция муҳитини яратиш, халқаро бозорда маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтириш, модернизация қилиш ва илғор технологияларни жорий этиш бўйича қатор дастурлар амалга оширилмоқда. Бу эса кончи ва металлургларга қанот бағишламоқда.
Навоий кон-металлургия комбинати давлатимиз саноати ва иқтисодиётида муносиб ўрин эгаллаган ҳолда олтин ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда етакчи ўринларда жой олишида чин маънода учқудуқликларнинг ҳам ҳиссаси бор.Бугун ортга назар ташлайдиган бўлсак, шуни ишонч билан айтишимиз мумкинки, комбинатга бешик бўлган Учқудуқ нафақат ўз чекига тушган синовлардан ўтди, балки бир қатор муҳим ғалабаларга ҳам эришди. Бугунги Учқудуқ кечагидан, эртанги Учқудуқ бугунгидан марраларни анча катта олган. Кўзланган чора-тадбирларимиз мажмуи албатта яқин истиқболда янги Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилиши, шубҳасиз!
Биламизки, Навоий кон-металлургия комбинати бой тарихга эга. Ана шу шонли ўтмишнинг дебочаси –Учқудуқ яъни Шимолий кон бошқармаси билан бошланганлиги фахрли.Қизилқум саҳросининг тупроғи фойдали қазилмаларга бой эканлиги қадим замонлардан буён маълум эди, фақатгина ХХ асрнинг ўрталарида ушбу ҳудудда фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди. 1952 йилда Ўзбекистон геологлари томонидан топилган йирик уран кони қадимий карвон йўлининг учта қудуғи яқинида жойлашган ва шу туфайли Учқудуқ, деб номланган. Аммо ўшанда ҳам бу ерга илк марта қадам босганлар бийдай қизил чўлда сувсиз, яшилликсиз одамзод яшай олмайди, деган хулосага келишганди. Лекин йиллар ўтиб тошни эритиб олтин ва уран олувчи “сеҳргарлар” ана шундай саҳрода ҳам яшаш мумкинлигини исботлашди.
Мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган ишчи-ходимдан тортиб муҳандисгача бўлган инсонлар меҳнати, миллати, эллати, дини бошқа-бошқа бўлса ҳам дили бир заҳматкашларнинг пешона тери эвазига Навоий кон-металлургия комбинатидек улкан саноат мажмуаси қад ростлади. 1958 йилда уран қазиб чиқариш ишлари бошланди. Ва, изчил равишда автомобиль йўллари ва темир йўллар, комбинатнинг қўшимча бўлинмалари қурилди. Шу тариқа саҳрода Учқудуқ шаҳри қад ростлади. Сув ўтказиш иншоотлари қурилди. Энди одамлар бу корхонада ишлаш машаққати билан бирга фахр эканлигини ҳис эта бошлашди.
НКМК юртимиз инновацион кон-металлургия кластерининг ўзаги ҳисобланади. Ана шу инновацион кластернинг бир бўлаги Учқудуқ ҳудудида жойлашган - Шимолий кон бошқармасидир. Корхона 65 йилда катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Бу келажакка умид билан боққан жасоратли инсонлар, меҳнаткаш шижоатли муҳандислар йўлидир.
Бугунги кунда Шимолий кон бошқармаси ривожланган инфратузилмага эга бўлиб, олтин рудаларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва бошқа фаолиятларни амалга оширмоқда. «Кокпатас» ва «Даугизтау» конларининг ишга туширилиши туфайли Учқудуқ олтин - руда захирасининг ривожланиши жадал суръатларда давом этмоқда. Ушбу кон бошқармаси таркибидаги 3-гидрометаллургия заводи ҳозирги кунда чидамли олтин-сульфидли рудаларни технологиялар мажмуидан фойдаланган ҳолда қайта ишлаш бўйича дунёдаги энг йирик заводлардан бири ҳисобланади. Бу ерда «Кокпатас» ва «Даугизтау» конларининг рудалари қайта ишланади.
1995 йилда 3-гидрометаллургия заводи фойдаланишга топширилиши чин маънода Учқудуққа иккинчи ҳаётни бошлаб берди. Олтин завод туфайли ижтимоий ҳаёт яхшиланди.
Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача ривожлантириш дастури доирасида 2019 йилда заводда фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи ишга туширилди ва бу завод фаолиятининг тўртинчи босқичи бошланишига асос бўлди. Янги мажмуанинг ишга туширилиши билан чиқиндига чиқиб кетадиган олтин миқдорини икки баравар камайтиришга эришилди. Бунинг натижасида тоғ маъданларидан олтинни ажратиб олиш даражаси 12,4 фоизга, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 8,7 фоизга кўпайди.
Бундан ташқари, ушбу объектнинг ишга туширилиши натижасида 200 нафардан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Агар йиллар кесимида таҳлил этадиган бўлсак, маъданни қайта ишлаш ҳажми 1995 йилда 1,27 млн. тоннани 2022 йилда эса бу кўрсатгич 8,2 млн. тоннани ташкил қилди. Шу йилда мавжуд блокларнинг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ҳисобига маъданни қайта ишлаш заводнинг дастлабки иш бошлаган йилларига нисбатан 6,4 баробарга оширилишига эришилди. Ҳозирда завод 8 млн. тоннадан ортиқ маъданни қайта ишламоқда.
Олтин ишлаб чиқариш бўйича ўсиш суръати заводнинг дастлабки иш бошлаган йилларига нисбатан 2022 йилда 5 баробарга оширишга эришилди. Бу албатта ўз-ўзидан бўлган эмас. ШКБда янги технологиялар, инновацион ечимлар ва лойиҳалар узлуксиз тарзда жорий этилиб, мавжуд қувватларни модернизация қилган ҳолда замон билан баравар қадам ташланмоқда. Ҳозирги кунга қадар биргина 3 - гидрометаллургия заводида технологик жараёнларнинг кўрсаткичларини янада яхшилаш, ишлаб чиқариш мавжуд қувватларини ошириш, энергия ресурсларни тежаш ва самарали ишлатиш, қулайликлар яратишга қаратилган жами 3667 та техникавий қарорлар қабул қилиниб, ишлаб чиқаришга тадбиқ этилган.
Янгиликка интилувчи салоҳиятли мутахассислар томонидан ўнлаб ихтиро учун Ўзбекистон Республикаси интеллектуал мулк агентлигидан патентлар олинган ва ишлаб чиқаришда ижобий натижа бермоқда. Ушбу ихтиролардан 2010-2022 йилларда олинган умумий даромад 614 млрд. 960 млн. сўмни ташкил этди. 2011 йилдан ҳозирги кунга қадар 155 та самарали рационализаторлик таклифлардан олинган умумий даромад 81 млрд. 327 млн. сўмдан ортади.
Корхонада нафақат замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши, балки ишлаб чиқаришнинг автоматлаштирилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. 3-гидрометаллургия заводининг ишлаб чиқариш участкаларида замонавий комплекс автоматлаштирилган бошқарув тизими негизида интеллектуал тизимлар жорий этилган бўлиб, ушбу тизим барча босқичларда технологик жараёнларнинг рақамли бошқарилишини таъминлайди. Авариялар, тўхтаб туришлар, эскиришларнинг бартараф этилишини, таъмирлаш ишларининг зарурлигини белгилаб ва бу билан самарадорликни оширган ҳолда юз бераётган ўзгаришларга тезкор муносабат билдириш учун объектив маълумотларни тақдим этади. Очиқ олтин конларида йўлдош мониторинг тизими негизида оғир юк ташувчи самосваллар ва экскаваторлар ишини мониторинг қилиш тизими жорий этилган. Корхонани бошқаришда муҳим вазифаларни бажариш замонавий ва креатив фикрловчи, турли вазиятларда қарор қабул қилиш ва масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган шижоатли ва жасур, билимли ва ватанпарвар ёш кадрларга ишониб топширилган.
Бошланган бу ўн йилликда ҳам вазифаларимиз кўп – биз бошлаган лойиҳаларимизни ниҳоясига етказиб, янгиларини бажаришга киришамиз. Шимолий кон бошқармаси дадил қадамлар билан янги корхоналарни қуриш ва ишлаб турганларини модернизация қилиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш учун иш ўринлари яратишни кўзда тутувчи тараққиёт йўлидан боришни давом эттирмоқда.
Кейинги йилларда соҳани ривожлантириш баробарида тоғ-кон саноатига янги техника ва технологияларни жорий этиш биринчи галдаги вазифа ҳисобланмоқда. Корхонанинг қай бир бўлинмасига борманг ободонлаштириш ишлари билан бирга ишчи-ходимларга яратилган қулай шароит, уларнинг хавфсизлиги учун имкониятларга кўзингиз тушади. Автомобил транспорт бошқармасида ҳайдовчиларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида ўқув-машғулот биноси қуриб топширилди. Симулятор ўқув амалий тренажери билан таъминланди.
Транспорт воситаларини техник созлигини таъминлаш сабабли техник хизмат кўрсатиш йўналиши (ТО-1) ва катта ўлчамли шиналарни таъмирлаш учун TIP-TOP цехи ишга туширилди. Жорий таъмирлаш ишларни яхшилаш мақсадида ишлаб чиқариш иншооти (ТР-1) қуриб битказилди. Юк кўтариш қобилияти 16 тонналик кран ўрнатилди.
Марказий таъмирлаш устахонаси таъмирлаш майдонидаги иш жараёнларини жадаллаштириш учун юк кўтариш қобилияти 32 тонналик кўприкли кран ўрнатилди. Транспорт воситалари ва йўл қурилиш механизмларни ишдан чиқишини олдини олиш мақсадида лаборатория биноси капитал таъмирланди. Спектрометр қурилмаси олиб келиниб, ишга туширилди. Автомобил транспорти бошқармасида ишчи ходимлар учун 60 ўринлик янги ошхона қуриб, фойдаланишга топширилди.
“Кокпатас” конида кончилик соҳасида жаҳонда ўша даврда саноқли кон корхоналарида мавжуд “ИНТЕГРА-ГРУПП” компаниясининг “Depos” ва “Бур-про” кон дастурий маҳсулоти жорий қилинди. Бу эса кон ишларини режалаштиришда қулайликлар яратмоқда. “Кокпатас” саноат майдонида эмульсион портлатиш моддалар компонентларини сақлаш ва аралаштириб зарядлаш машиналарига юклаш пункти янада кенгайтирилди ҳамда лаборатория ташкил қилинди. Натижада сувли қудуқларда ҳам портлатиш имкониятини берувчи 5 компонентли эмульсион портловчи моддалар тайёрланишига эришилди.
“Даугизтау” конида “Даврий узлуксиз технология”си (ДУТ) ишга туширилди. Магистрал конвейер 1,73 км.га узайтирилиши натижасида оғир юк ташувчи автоағдаргичларнинг дизель ёқилғиси, мой маҳсулотлари, автошина ва бошқа турдаги товар-моддий бойликларнинг ортиқча сарфининг олди олинди. Пировардида ўтган 2022 йилда 9 млрд. сўм тежаб қолинди.
“2023-2024 йилларда “Шарқий” ва “Даугизтау” конларини ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлаш" ва “Мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини сақлаш” инвестиция лойиҳаларига асосан 2 дона Hitaсhi EX-1200, 2 дона ЭКГ-10 экскаватори ва 4дона Flexi ROC D 55 русумли бурғилаш ускуналарини сотиб олиш режалаштирилган. Бу каби техникалар ёрдамида конлардаги маъданларни қазиб олиш лойиҳасининг иккинчи навбати бўйича 28 та карьерда кон ишлари олиб борилиши 2030 йилгача тугатилиши режалаштирилган.
Бугунги кунда “Кокпатас” ва “Даугизтау” конларини қазиб олиш лойиҳасининг учинчинавбати бўйича “Даугизтау” конида 17,9 млн. тонна ва “Кокпатас” конида тахминан 31 млн. тонна жами 48,9 млн. тонна олтин таркибли маъдан захираларини тасдиқлаш юзасидан “Ўзбекистон Республикаси Давлат геология кўмитаси” томонидан геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда. Кейинги йилларда ҳам ер қаърини ўрганиш ва геология қидирув ишларини олиб бориш, олтин захираларини аниқлаш ишлари узлуксиз давом эттирилади. 3-гидрометаллургия заводини хомашё базасини кенгайтириш ишлари тўхтамайди.
Юқорида қайд этилган лойиҳалар табиийки Учқудуқ иқтисодиётининг турли соҳаларига дахл қилади. Қурилаётган саноат объектлари минтақаларнинг ишлаб чиқариш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади ва одатда катта ҳажмдаги меҳнат ресурсларини талаб қилади. Бу эса маҳаллий аҳолининг турмуши ва бандлиги даражасига таъсир қилмасдан қолмайди. Яна бир муҳим жиҳат – солиқ тушумларининг кўпайиши орқали минтақанинг маҳаллий бюджети мустаҳкамланади.
Бизда кон-металлургия тармоғи корхоналарини барқарор ривожлантириш ва улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмини ошириш бўйича биринчи даражали вазифаларни бажаришга қодир бўлган зарур муҳандис-техник ва ишчи кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилган. Кадрлар сиёсатининг бош стратегияси – етук мутахассислар тайёрлаш, улар захирасини яратиш, малакасини ва амалий кўникмаларни муттасил ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилади. Шунинг учун Шимолий кон бошқармасида ўз тажриба малакасини оширган ходимларимиз ҳозирда НКМКнинг янги иш бошлаган гигант корхоналарида ўз билим ва тажрибалари билан кўмаклашмоқдалар.
Бугунги кунда Шимолий кон бошқармасида саккиз мингдан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилади. Комбинатнинг бош анъанаси – инсон омилига эътибор қаратиш, уни ижтимоий муҳофаза қилиш, ишчи-ходимлар турмуш шароитини яхшилаш, уларни соғломлаштириш, дам олиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун шароит яратишдир. Корхонамизда бу борада барча лозим ишлар амалга оширилаётир.
Албатта бой корхонада ишлаётган ишчи-ходимнинг ҳам турмуш-тарзи ўзгаларникидан фарқланиши аниқ. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида корхонамизда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш баробарида, ишчи-ходимлар меҳнатини енгиллаштириш бош ғоя бўлмоқда. Шимолий кон бошқармаси бўлим ва бўлинмалари бўйлаб амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳам таҳсинга сазовор. Жумладан, марказий моддий-техника базаси, кон жиҳозларини таъмирлаш цехи, “Даугизтау” кони, автомобил транспорти бошқармаси, 1-сонли автокорхонада капитал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, “Шарқий” кони портлатиш моддалари омбори, темир йўл цехи марказий станцияси, марказий архив хоналарида ҳам жорий таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ишчи-ходимларга қулай ва шинам шарт-шароитлар яратилди. “Даугизтау” конининг кир ювиш цехи фойдаланишга топширилди. 1-сонли автокорхонанинг фойдаланиш участкаси янги биносининг қурилиши бир байрамга айланган бўлса, бўш турган бинони реконструкция қилиш орқали лабораториялар фаолиятини ташкил қилиш ишлари якунланди.
Учқудуқ саноати учун захира саналган 3-ГМЗ га қарашли чиқиндилар чиқариш полигонининг учинчи навбат учинчи босқич қурилиш ишлари ҳам тўлиқ якунланди.
Ана шундай ишларни эса шу ерда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларимиз ўзининг ҳалол меҳнати билан бажаряпти. Бундай меҳнатлар эса ҳукуматимиз қолаверса, президентимиз томонидан муносиб эътироф этилмоқда. Сўнгги йилларда 11 нафар ишчи-ходимларимиз юксак давлат мукофотларига лойиқ кўрилиши бунинг исботидир. Энг асосийси, саккиз мингдан зиёд ишчиларимиз Навоий кон-металлургия комбинатида меҳнат қилаётганидан ҳақли равишда фахрланади.