Инсон доим янги қадам ташлашда иккиланишлар қуршовида бўлади, кўпинча жиддий қарорлар кимдир сабаб осонроқ қабул қилинади. Навбатдаги қаҳрамонимиз дўсти билан Учқудуққа келган ва учқудуқлик бўлиб кетган Толиб Худойбердиев.
У Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида 7 нафар фарзандли катта оилада улғайди. 1991-1993 йилларда Бухоро автомобил йўллари техникумида таҳсил олди. 1995 йилда дўсти Лутфилло Ҳамроев сабаб Учқудуққа келди. Шимолий кон бошқармаси “Шарқий” конида портлатиш участкасига ишга қабул қилинди.
10 йиллик тажриба ва махсус портлатиш ўқув курсини тамомлаганидан кейин устозлари Ҳамдам Ашуров, Данил Николаевич, Юрий Павловичлар кўмагида бўлинмада портлатувчи вазифасида фаолиятини самарали давом эттирди.
-Соҳанинг сир асрорларини ўрганишга қанча узоқ вақт кетган бўлса, шунча меҳнат ҳам сарфланди, - дейди Толиб Худойбердиев. -Тўғри осон ишнинг ўзи йўқ лекин бу каби қалтис ишларда нафақат тажриба ва билим балки ўта эҳтиёткорлик ҳам талаб этилади.
НКМКнинг 65 йиллиги тантаналари ҳар бир корхона ва бўлинмада катта шоду хуррамлик билан нишонланаётганкунларда “НКМК фахрийси” кўкрак нишони олганлар сафида қаҳрамонимизнинг ҳам борлиги оиласи учун кутилмаган хабар бўлди. Унинг ўз ишига корхонасига бўлган меҳрини янада оширди, десак хато қилмаган бўламиз.
Албатта, корхонада ҳар бир бўлимнинг ўзига хос вазифалари қатъий талаблар асосида белгилаб берилган, ушбу жараёнлардан энг хавфлиси, портлатиш ишлари. Номини ўзи ваҳимали эшитиладиган бу жараён ичида бўлишни тасаввур қилаверинг энди.
Толиб Худойбердиев ишдаги шовқин суронли жараёнлардан кейин сокин оила бағрига қайтаркан турмуш ўртоғи Дилрабо Нарзиева билан 3 нафар қизни элга қўшиш иштиёқида меҳнат қилаётганиданшукроналар айтади. Оиланинг тўнғич қизи Раъно Бухоро давлат университетининг биология йўналишида таҳсил олмоқда. Райҳон ва Рухшоналар ҳам олий маълумотли бўлиб, элу юрт корига мададкор бўлишни мақсад қилишган.
Ҳа, мукофотнинг катта кичиги бўлмайди, муҳими эътибор ва эътирофда.