Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 январдаги “Орол денгизининг суви қуриган тубида ва оролбўйи ҳудудларида “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этишнинг қўшимча чора- тадбирлари тўғрисида”ги 31-сонли қарорига асосан Учқудуқ туманида 2022-2026 йилларда 100 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш режалаштирилган.
Ўтган 2022 йил давомида “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари 20 минг гектарда барпо этилган бўлса, жорий йилнинг абҳор мавусмида 5 500 гектар майдонга уруғ сепиш ишлари олиб борилган. Туман давлат ўрмон хўжалиги бўлими ишчи-ходимлари томонидан бугунги кунга қадар жами 71,6 тонна саксовул уруғлари йиғиб олинган.
Бугун Шалхар ОФЙга қарашли Контай овули ҳудудида “яшил қоплама”- ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш тадбирларини ташкил этиш бўйича вилоят семинари ўтказилди. Унда Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев, туман ўрмон хўжалиги, фавқулодда вазиятлар туман бўлими, туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси, Ўзбекистон экологик партияси туман кенгаши, туман чорвачилик бўлими сингари ўнлаб корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимлари ва мутасаддилари иштирок этди. Мазкур кўргазмали семинарда 20 дан ортиқ техникалар кўмагида 7 минг гектар майдонда саксовул дарахти уруғи экиш ишлари олиб борилди.
Эътиборлиси, “яшил қоплама”- ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш ишларини мувофиқлаштириш ва ҳисобини юритиш мақсадида туман штаби фаолияти йўлга қўйилган. Саксовул уруғини териш ва сепиш жараёнида қатнашаётган ишчилар учун ошхона ташкил этилган бўлиб, уларни яшаш манзилидан то “яшил қопламалар” барпо этилаётган ҳудудгача бўлган масофага ташиб келтириш учун транспорт воситалари ажратилган.
2023 йилда 20 минг гектар ерга саксовол дарахти уруғини экиш кўзда тутилган бўлиб, йил охиригача режалаштирилган майдонда экиш ишлари якунига етказилади.
Айтиш жоизки, Учқудуқ туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда ва ўрмон фонди ерларида ўрмонзорларни кенгайтириш ҳамда яшил ҳудудларни барпо қилиш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ