LOTIN-КИРИЛЛ

Бахт китобим мундарижасидан...

Навоий КМК – менинг тақдиримда

     “Юрган дарё – ўтирган бўйра”, деганларидек, тақдирим дарё каби мавжландию 2003 йилда умрим йўллари Намангандан Учқудуққа туташди.  Йигирмага кириб бир бора пойтахтни кўрмаган қиз палаҳмон тошидек олис  Навоийга йўл оларканман, булутларни бошига салла қилиб ўраган нуроний тоғлару азим Сирдарёдек зилол боғларим-ла хайр-хўшлашиб, туғилган тупроқдан йиғлаб-йиғлаб олисланиб, дарахтларнинг шохларига соғинч рўмолчамни тугиб-боғлаб, ўзбекнинг паҳлавон, алпкелбат йигитига ёр-ёр бўлиб келибман.

      “Вақт югурик”, деганлари шу бўлса керак, умрим шамолдек елибдию ўшандан бери ўзим қирққа, соғинчларим йигирмага кириб қолибмиз. Бу узун йўлларми ё ҳазрат Бобурдек туғилган тупроқ соғинчи ўртадими ва ё яхшилар илҳом бердиларми, ҳартугул,  ўттизимда бир нималар тиркаб қўядиган бўлдим. Қирқим остонасида яхшиларнинг эътибор ва эътирофлари ижод оламига йўл очди, мақолаларим у қадар пишиқ ва пухта бўлмаса-да, устозлар қўл узатганлари, комбинатнинг ижодкорларга бўлган юксак меҳри ва эътибори сабаб елкамга қанот битди!. Қачонлардир, олис Наманганда, қалбимда ниш отиб, бироқ бўй кўрсатолмаган илҳом чечаклари шу улуғ даргоҳда улғайди. Яратган менга, пойдеворидан шифти қадар ҳар ғишти илм бўлган қудратли корхонада, тирноғидан сочининг учигача илмга йўғрилган олимлар, касби – ҳаёти бўлган фидойи мутахассислар, қалби уммон яхши дўстлар билан ишлаш неъматини берди!. Бугун Наманган соғинчи ўртаб ёшланган кўзларим энди йиғлоқи эмас, Навоий кон-металлургия комбинати ходими бўлишдек ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган бахтни берганидан “Бахтимдан ўргилай!”, деб борлиғимни шукроналик ҳисси қамраб олган.

       ...Болалигимизда, кунлар совуб, зарғалдоқ тусидаги барглар гилам бўлиш кўйида ерга тўкилиб, булутлар йиғлоқиликни касб қиларкан, қишда уйларни иситиш учун кўмир келтириларди. Биз болалар ана шу кўмирлар ичидан кумушранг пиритларни топиб олиб: “Менинг олтиним, менинг олтиним!”, дея талашардик, пиритни олтин деб, ўйлаб ҳайратланардик. Бугун эса олтиннинг дунёга келиши кўмир орасидан топилган пиритлардек осон эмаслигини тушунганим ҳолда, ҳайратланмоқдаман! Илм ҳайрати мавжланаётган улкан уммондаги бир заррага ўхшайман...

         Водийда ер жуда саховатли – қаламдек келадиган шохчаларни тупроққа суқиш кифоя! Гуллаб-яшнаб, кўкка бўй чўзиб кўзингизни қувнатади. Водийда бошининг учи булутга санчилгудек азим дарахтлар теграсида ўсдим. Қизилқумда ҳам ер жуда саховатли – хазиналарини кўзига яшириб олган! Илмингиз, шижоат ва  шаштингиз бўлса бас, бағрини очади. Бугун, водийдаги дароз дарахтлардан фарқли равишда илм қудратидан кўкка ўрлаган технолигиялар теграмда. Илм қайнаётган қозонни ердан нақ 14 метр баландликдаги – биореакторларни кузатиш майдонидан, юксакликдан томоша қилиш жамиятнинг ҳамма нозик жинс вакилаларига ҳам насиб этавермайдиган бахт!

        Тақдирим Учқудуққа кўчди. Олий маълумотлиман. Мактабга ишга олишмади. Хафа бўлдим. Ўша кун Учқудуқ кўзимга бирам бегонадек кўриниб кетди! Бироз вақт ўтиб, Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги боғчага ишга йўлланма беришди. Қувониб кетдим! Болаларни яхши кўраман! Рус тилини тўлиқ билмасдим. Боғчада фаррошлик қила бошладим. Гоҳ-гоҳида расм чизиш, пластилиндан нарсалар ясаш, апплекация ишларида тарбиячиларга ёрдамлашардим. Булар менинг болаликдаги (ҳаттоки ҳозирда ҳам!) энг севимли машғулотларим эди! Учқудуқдан хафагарчиликларим унутилиб кетди, етишолмаган орзуларимга етгандек бўлдим. Комбинат таркибидаги боғчаларда санъат, маданият, ҳайкалтарошлик, мусаввирлик, таомлар рецептураси, санитар-эпидемиологик қоидалар, болалар билан ишлаш услубияти, уларнинг ўзларидек беғубор ва кенг дунёси, қўйинг-чи, касбий маҳорат ва ҳаётий тажриба орттириш учун зарур бўлган барча омиллар мавжуд эди. Комбинат  боғчаси  ҳаёти мени босқичма-босқич шакллантирди.

        Талабалик йилларимиз бир курсдошимиз ижодкор қизларга атаб, “Тўй қилмасдан ҳамма пулимга, сизга китоб совға қилардим...” мисрали шеърини туҳфа қилди. Орзуларимизни ифодалаган бирам ажойиб шеър эди! Биз қизлар келажакда китобларимиз жуда кўп бўлишини хоҳлардик, бу курсимиздаги деярли ҳамма қизларнинг орзуси эди. Менимча, уларнинг орасида орзусига яқинроқ борганимиз  бир-икки ўртоғим ва мен бўлдик! Орзулар ҳам муҳит таъсирида ўзгараркан, ўша пайтлар кўп китоблари бўлишини орзулаган ўртоқларимнинг бугунги қараши бошқача, авваллари уйқаш бўлган хоҳишларимиз ҳозир бир-биридан айроча! Ҳазрат Алишер Навоийнинг улуғ номлари-ла аталган Навоий муҳити мендан ўша орзуларимни тортиб олмади, аксинча, кўмаклашди, қанот берди ва натижада кичик бўлса-да мўъжаз кутубхонам пайдо бўлди, бундан ташқари, хонамиз ҳам китобларга тўлиқ!

      Хулоса ўрнида.

      Комбинат биргина менинг тақдиримда шу қадар беқиёс ўзгаришлар ясади. Ҳа, бу даргоҳ чиндан ҳам тақдири кон-металлургия саноати билан боғланганидан бахтиёр аёлларнинг шукронаси ва масрурлигига тўла! 

Нилуфар Муйдинова,

ШКБ мутахассиси.

O'qilgan: 668 bora O'zgartirish kiritilgan san'a 30 Nov 2023

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: