Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги мактабнинг 10-синфида таҳсил олувчи ўқувчига бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда «Дарё»га Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди судьяси Бобораҳим Очилов маълум қилди.
Хабар берилишича, вояга етмаган А.И. 2020 йилнинг 17 декабрь куни маҳалла марказида жойлашган қурилиши тугалланмаган бинога ғайриқонуний равишда кириб, кузатув камераларининг симини узиб ташлаган. Ва бино ичидаги эшиги қулфланмаган хонага кириб, 5 миллион 180 минг сўмлик 2 дона кузатув камераси, 1 дона болгарка, 1 дона дрель, 2 дона вибратор, 1 дона арава ҳамда 2 дона AKFA эшикларини ўғирлаб, савдо мажмуасининг орқа томонидаги очиқ жой орқали воқеа жойидан кетган.
«Вояга етмаган ўсмир жинояти билан боғлиқ суд 2021 йилнинг 11 январида бўлиб ўтди. Унда 2004 йилда Ғиждувон туманининг ‘Дегрезон’ маҳалласида туғилган ўқувчи бола қилмиши кўриб чиқилиб, Жиноят кодексининг 169-моддаси, 2-қисмининг «г» банди (уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб содир этилган ўғрилик) билан айбланди. Аввалига айбини тан олмаган ўсмир ҳуқуқ-тартибот органлари ўрганувидан сўнг тўғри тушунтиришлар олиб борилгач, айбига иқрор бўлди», — дейди Бобораҳим Очилов.
Таъкидланишича, мулк эгаси «Дунё» савдо мажмуаси раҳбари томонидан туман ички ишлар бўлимига келиб тушган мурожаат ўрганилганда, эшикдан кираётганда камерага тушиб қолган ўсмир қонуний вакили ҳамда ҳимоячиси иштирокида сўроқ қилинган. Аввалига фақатгина болгаркани ўғирлаб, уни ўзига олдиндан таниш бўлган фуқарога 100 минг сўмга сотганини билдирган ўсмир бошқа буюмларни ўғирламагани ҳақида кўрсатма берган. Суриштирув-тергов жараёнларида эса А.И. қолган буюмларни ҳам ўзи ўғирлаганини тан олган.
«Вояга етмаган ўсмир ўз айбига тўла иқрор бўлди. Оғриқли жиҳати, у ҳали мактаб ўқувчиси. Онаси Россияда, отаси эса жазони ўташ муассасасида жазо муддатини ўтаётган экан. Шу сабабли аммаси М.Н. билан оилавий оғир шароитда яшаб келаётган ўсмир жиноят йўлига кирган. Шу жиҳатдан суд ҳукмини чиқаришда унинг ҳали ўсмир ёшдалиги, оилавий шароити, фуқарога етказилган моддий зарарлар тўлиқ қоплангани, шунингдек, Р.Ж.нинг унга нисбатан ҳеч қандай моддий ва маънавий даъвоси йўқлиги инобатга олинди. Ўсмирга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо қўлланилди», — дейди судья.
Суд ҳукмига кўра, вояга етмаган ўқувчи Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмининг «г» банди (уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб содир этилган ўғрилик) билан айбли деб топилиб, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимининг бир қисми сотилгани айтилди. Шаҳарнинг ёш ҳокими Сабрина Турсунова эса масалага аниқлик киритиш мақсадида масъулларни саволга тутди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
https://youtu.be/PoX1-GTgGpI
Маълум бўлишича, ёш ҳоким Сабрина Турсунова 2021 йилнинг 20 январь куни шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимида бўлиб, воқеадан хабар топган.
Ёш ҳоким билан суҳбатлашган ҳамширанинг айтишича, туғруқхонанинг бир қисми сотилгани сабаб айни пайтдаги ҳолати талабга жавоб бермайди.
«Шифокорларнинг дарди кўп. Энг асосий муаммо ‘роддомънинг сотилгани бўлди. Шу пайтга қадар ‘роддом’ сотилмаганди. Лекин 2018 йил сотилди. Биз бу ҳақда тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик. Ҳатто депутатларга ҳам бу ҳақда хабар бериб, уларни муаммодан бохабар қилдик. Аммо муаммо ҳалигача ечилмай қолмоқда», — деди ҳамшира ёш ҳоким билан мулоқотда.
Ёш ҳокимга шикоят қилган тиббиёт ходимларининг айтишича, бўлим таъмирталаб аҳволга ҳам келиб қолган.
Шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлими бошлиғи Шокир Умаровнинг аниқлик киритишича, бўлим 140 койкали икки блокдан иборат бўлиб, биринчи блогининг бир қавати шаҳар тиббиёт бирлашмасида фаолият юритувчи икки нафар шифокорга, тадбиркор сифатида ижарага берилган.
«Бўлимнинг бир қисми шаҳар тиббиёт бирлашмасининг шошилинч бўлими бошлиғи Муродилла Эгамбердиевга ижара асосида берилган бўлса, яна бир қисми шифокор Илҳом Мансуровга берилган. Бўлимнинг бир блоги тадбиркорларга ижарага бериб юборилган бўлса-да, бўлимнинг 140 койкадан иборатлигини сақлаб қолиш мақсадида 2 та каравот жойлашиши керак бўлган хоналарга 4-5 тадан каравотлар жойлаштирилган. Бу нафақат беморларга, бизга ҳам ноқулайлик туғдирмоқда», — дейди бўлим бошлиғи.
Шокир Умаровнинг маълумот беришича, туғруқ бўлимининг бир блоги собиқ бош шифокор Ғанишер Умрзоқов даврида тадбиркорларга бериб юборилган.
«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган ёш ҳоким Сабрина Турсунованинг айтишича, муаммо вилоят раҳбари Зоир Мирзаевга ҳам айтилган.
«Зоир Тоирович масъулларни чақириб мазкур муаммони тез орада батафсил ўрганиб, ечимини топиш топшириғини берди», — дейди Сабрина Турсунова.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда. Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш нафақат ҳуқуқ-тарғибот идораларнинг балки барчамизнинг ишимиздир. Бунга ҳар биримиз масъул бўлишими даркор.
ШКБ мажлислар залида сенатор Б. Шарипов иштирокида коррупцияга қарши курашишга оид давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда ШКБ да хизмат қилаётган масъул шахслар , ШКБ директори Я. Шакаров ва туман прокурори Р. Раҳматов иштирок этдилар.
Шунингдек, мулоқот давомида айрим ходимлар томонидан йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари, учраётган хато ва камчиликлар таҳлил қилинди ҳамда тизимни “Коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича зарур кўрсатмалар берилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Тадбирда таъкидланганидек, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топтириш ўта долзарб масала бўлиб, гарчи уни бажариш доирасида масъул идоралар белгиланган бўлса-да, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этса, қўйилган мақсад ва муддаолар ечими пайдо бўлади. Ҳар биримиз қаерда, қандай муаммога дуч келсак, унинг ҳал этилишида масъул шахсларнинг масъулиятсизлиги ёки таъмагирлигига гувоҳ бўлганда шароитга бўйсуниш, индамай кетавериш ёхуд чидаш ўрнига бонг уришимиз керак. Масъулиятсизликка, адолатсизликка нисбатан муросасизликни ўзимиздан бошлашимиз даркор. Шунда мудраётган мансабдор уйғонади, зиммасида қандай масъулият борлигини ҳис этади.
Фарғона вилоятида информатика фани ўқитувчиси Одинахон Йўлдошеванинг олимпиадага олиб чиққан барча ўқувчилари республика босқичига чиқди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар қилди.
Одинахон Йўлдошева – Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани 65-ИДУМИ информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси.
Унинг 9–11-синфлардан олиб чиққан 9 нафар ўқувчисининг барчаси вилоят фан олимпиадасида ғолибликни қўлга киритиб, Республика босқичига йўлланма олди.
«Бундай натижага эришишида унинг ўқувчилари билан биргаликда тиним билмай шуғулланиши ва ўз касбига сидқидилдан ёндашиши сабаб.
Бу ютуқ Одинахон Йўлдошеванинг бошқа ҳамкасбларига ҳам намуна бўлишига ишонамиз», – дейилади вазирлик хабарида.
2021 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда эркакларнинг сони аёлларга қараганда 200 минг кишига ёки 0,7 фоизга кўпроқ.
Статқўм ҳисоботида таъкидланишича, жорий йил бошида Ўзбекистон доимий аҳолиси 34,6 миллион кишини ташкил этди. Шундан эркаклар сони 17,4 миллион (50,3 фоиз) киши, аёллар сони 17,2 миллион (49,7 фоиз) киши эканлиги қайд қилинган.
Аввалроқ, Ўзбекистоннинг демографик ҳолати бўйича маълумотлар эълон қилинганди. Унда 2020 йилда 841,8 минг бола туғилганлиги қайд этилган ва бу мос равишда 1000 аҳолига нисбатан туғилиш коэффициенти 24,6 промиллени ташкил этганлиги маълум қилинганди.
Шунингдек, республикада 2020 йилда қайд этилган оилавий ажримлар ҳақида ҳам маълумот берилганди.
Маълумот учун, 2020 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, аҳолининг 50,2 фоизини эркаклар, 49,8 фоизини аёлларташкил этган.
COVID-19’га қарши вакцина инфекцияни юқтирган ва антитанаси бор одам учун хавфсиздир. Бу ҳақда Россия Тиббиёт университетининг юқумли касалликлар кафедраси доценти Владимир Агафонов сўзларига асосланиб, «Интерфакс» ёзмоқда.
«Бундай кишиларга вакцина олиш зарар қилмайди, аксинча антитаналарнинг миқдори кўпаяди. Вакцина иммунитет тизимига хавф солмайди. Вакцинациялаш учун антитаналарнинг бор ёки йўқлигини текшириш талаб қилинмайди. Тўғри, бутун Россия аҳолисини эмлашнинг иложи йўқ... Аммо агар бундай имконият мавжуд бўлса, ёмон бўлмасди. Агар иложи йўқ бўлса, шарт эмас», — деди Агафонов.
Унинг қўшимча қилишича, агар антитана борлиги тасдиқланса, эмлаш шарт эмас. «Буни фақат сизнинг хоҳишингиз ва шифокорингизнинг тавсияси ҳал қилади», — дея таъкидлади Агафонов.
Россияда коронавирусга қарши кенг кўламли эмлаш ишларини бошлаш ҳақида президент Владимир Путин декабрь бошида буйруқ берган, биринчи навбатда хавф гуруҳидаги фуқаролар эмланиши кераклигини айтган эди. Кейинчалик мамлакатнинг барча ҳудудлари вакцинани қабул қилишга тайёрлиги, етказиб бериш, сақлаш ва эмлаш сифати параметрлари ҳамда беморлар ва тиббий ходимлар учун эслатмалар ишлаб чиқилгани маълум қилинганди.
Бухоро вилояти Когон туманидаги хонадонда хўроз уриштириш ўйинларида қатнашаётган 40 нафар шахс аниқланди, дея хабар қилинди Zo‘r TV телеканалининг «Бу кун» дастурида.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг 16 январь куни Когон туманида олдиндан олинган маълумотларга асосан Бухоро вилояти ИИБ, Жиноят қидирув бошқармаси, Когон туман ИИБ ҳамда ДХХ Бухоро вилояти филиали ҳамкорликдаги тезкор тадбир ўтказилган.
Шу куни, тахминан, соат 20:30 ларда 1982 йилда туғилган Когон тумани «Ўзбекистон» маҳалласида яшовчи фуқаро ўзи яшаётган қурилиши тугалланмаган 2 қаватли хонадоннинг 1-қаватидаги хонада Когон ва Бухоро туманларида яшовчи 40 нафардан ортиқ фуқарони жамлаган ҳолда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш мақсадида хўрозлар жангини ўтказаётгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб берилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида 6 дона хўроз ҳамда хонадон эгасидан 470 минг сўм нақд пуллар тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 191-моддасига (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш) мувофиқ қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этган ва унда қатнашган шахсларга нисбатан Когон туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманини 10 кун муддатга бошқариш ҳуқуқини қўлга киритган Сетора Эргашева мурожаатчи фуқаро билан тортишиб, ундан ақл ўргатмасликни сўради. Мурожаатчи фуқаро эса, «Бизга сиздек ҳоким керакмас» деди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзувлардан маълум бўлишича, фуқаро ёш ҳоким билан телефон орқали мулоқотида унинг муомаласидан норози бўлиб, шикоят қилган.
Ёш ҳоким Сетора Эргашева эса фуқаро билан мулоқотда у мурожаат қилган пайтда ходимларига бақириб, улар билан гаплашаётганини таъкидлаган ва уни эшитмай қолганини айтган.
«Опажон, сиз менга нима деётгандингиз, мен мана буларга бақириб, ану қилаётган пайтим эди. Сиз менга нима деяпсиз?», — дейди ёш ҳоким.
Мазкур гапга жавобан фуқаро ёш ҳокимга ҳеч кимга бақиришга ҳаққи йўқлигини эслатиб, «Кимга бақиряпсиз?» дея савол беради.
Сетора Эргашева эса бунга жавобан фуқарога «Менинг қўл остимда қанча одамим ва қанча муаммом борлигини биласизми?», — дейди.
Ўзаро суҳбатда фуқаро ёш ҳокимга ҳали ёшлигини, фуқароларга яхши муносабатда бўлишини айтиб, «Муомала маданиятини ўрганинг», — дейди. Яккабоғ тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Сетора Эргашева эса «Опа, сиз менга ‘понятка’ берманг», — дея жавоб беради.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзувда, шунингдек, ёш ҳоким фуқарога телефон қўнғироғига жавоб берганини айтиб, «Қайси ҳоким телефонингизга жавоб берган?», — дейди. Фуқаро эса туман ҳокими Лутфиддин Абдуллаев телефон қўнғироқларига тезда жавоб берганини билдиради.
«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган Яккабоғ туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Ҳасанов 10 кун муддатга ҳокимлик вазифасини бажараётган Сетора Эргашева Жаҳон тиллари университетининг биринчи курс талабаси ва Президент стипендияси соҳибаси эканлигини маълум қилди.
«Сетора Эргашева мактабни олтин медал билан тамомлаган ва грантга ўқишга кирган. Унинг ташаббуси билан Яккабоғда кам таъминланган оилалар фарзандларининг ўқиши учун ўқув марказ ташкил қилиниб, ‘Президент’ ўқув маркази деб номланган», — дейди ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари.
Шерзод Ҳасанов ёш ҳоким ва фуқаро нима сабабдан тортишганига Сетора Эргашева билан суҳбатлашгач ойдинлик киритишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилоятида фаолият юритувчи ҳокимлар 2021 йил 17 январь куни 10 кунлик меҳнат таътилига чиқиб даволаниш ва дам олиш учун Тошкентга жўнаб кетганди. Ҳокимлар меҳнат таътилига чиққач уларнинг ўрнини ёш ҳокимлар эгаллаганди.
2021 йил 14 январда Марказий банк Бошқарувининг “Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 3030-6-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мижозлар масофадан шартнома шартлари билан танишади
Ҳужжатга мувофиқ, банк хизматлари масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали кўрсатилганда (масалан, мобиль иловалар орқали) банк истеъмолчига шартнома тузилишидан олдин мазкур тизим орқали шартнома шартлари билан танишиб чиқиш ва ундан нусха олиш имкониятини яратиб бериши лозим. Бу, ўз навбатида, банк хизматидан фойдаланишдан олдин ушбу хизмат ҳақида батафсил маълумот олиш, банк ва истеъмолчининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари билан танишиш, шунингдек, истеъмолчиларга банк хизматларини бошқа банкларнинг ушбу йўналишдаги хизматлари ва уларнинг шартлари билан солиштириш, таҳлил қилиш ва ўзи учун энг мақбулини танлаш имкониятини беради.
Банк омонатчи олдида ўз ходимининг ҳаракатлари учун жавобгар бўлади
Фуқароларнинг банкларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва уларнинг омонати кафолатланганлиги тўғрисида хабардор қилиш, шунингдек, омонатчиларнинг банкка жойлаштирган омонатлари юзасидан хотиржамлигини таъминлаш мақсадида банк ходими ўз хизмат вазифасини бажариши давомида ножўя хатти-ҳаракатларга йўл қўйган ҳолда омонатчига зарар етказса, бундай ҳолатда банк омонатчи олдида ўз ходимининг ҳаракатлари учун жавобгарлиги ҳамда фуқароларнинг банкдаги омонатлари Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ кафолатланган бўлса, банк омонати (депозити) шартномасида бу ҳақда маълумот акс эттирилиши белгилаб қўйилди.
Истеъмолчи мобиль иловадаги шахсий кабинетида омонат (депозит) шартномасига доир маълумотларидан фойдалана олади
Истеъмолчилар томонидан банкка қўйилган омонат (депозит) маблағлари ва улар бўйича ҳисобланган фоизлар тўғрисидаги ҳамда омонат бўйича кирим-чиқим амалиётларига доир маълумотларни банкка бормасдан билиб олиш имконияти тақдим этилишини таъминлаш мақсадида банк ўзининг интернет-банкинг тизимида ва/ёки мобиль иловасида истеъмолчи учун шахсий кабинет яратиши ва истеъмолчига унинг шахсий кабинетида у билан тузилган омонат (депозит) шартномаларига доир маълумотлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаб бериши шартлиги белгилаб қўйилди. Бу амалиётни жорий этиш зарурати, айниқса, коронавирус пандемияси шароитида ўз долзарблигини кўрсатди. Шунингдек, бу борада банкларга алоқа тармоқларида банк хизматлари истеъмолчилари учун шахсий кабинет яратиш талаби кенгайтирилиб, мобиль иловалари ва интернет-банкинг тизимида ҳам шахсий кабинетдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш талаби белгиланди.
Банк картаси эгаси “PIN-код”ни ўзи теради
Бугунги кунда фуқароларнинг банк карталарига қўйилган “PIN-код”и турли йўллар билан бошқа шахслар томонидан аниқланиб, ундаги маблағларни карта эгаларининг розилигисиз ва хабарисиз ишлатиб юбориш ҳолатлари кўп учрамоқда. Шу сабабли, банк карталари эгалари ўз “PIN-код”ларини бошқа шахсларга аён бўлиб қолишидан хавфсирайди.
Шунга кўра, банк филиали ёки унинг таркибий тузилмасида терминал орқали тўловларни амалга ошириш ёки банк картасидаги пул маблағини нақдлаштириш бўйича хизмат кўрсатганда банк картасини тақдим этувчига (банк карта эгаси ёки картасидан фойдаланиш ваколати берилган шахс) ушбу картанинг “PIN-код”ини мустақил теришга имкон яратиб бериш талаби киритилди. Бу эса банк картаси эгаларининг картадаги маблағларини бошқа шахслар томонидан ишлатиб юбормаслигига ишончининг ортишига, шунингдек, бошқа савдо терминаллари орқали банк карталаридан маблағлар ечилганда “PIN-код”ни ўзи териш бўйича кўникма ҳосил бўлишига хизмат қилади.
Мижозларга хизмат кўрсатиш стандартлари жорий этилади
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан келиб тушган мурожаатларга кўра, айрим банк ходимлари томонидан истеъмолчилар билан муомалада банк этикаси ва одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилмаслик, хизматлар тўғрисида батафсил маълумот берилмаслик ва уларнинг эътирозлари инобатга олинмаслик ҳолатлари кузатилмоқда.
Мазкур ҳолатларни бартараф этиш, банк фаолиятига оид жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, банкларда мижозларга хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш орқали мижозлар билан мулоқотга киришиш, эҳтиёжларини аниқлаш, маҳсулот/хизматни тақдим этиш, таклиф шакллантириш, эътирозлар билан ишлаш ва мулоқотни якунлаш жараёнида банк ходимларининг хулқ-атвори ва касбий одоб-аҳлоқ қоидаларини назарда тутувчи мижозларга хизмат кўрсатиш стандартлари жорий этилиши шартлиги белгиланди.
Гаров таъминоти суммасини камайтириш ҳуқуқи
Тижорат банклари ва қарз олувчилар ўртасида амалиётда юзага келаётган гаров муносабатларига доир низоларни камайтириш, шунингдек, гаровнинг бўшаган қисмини тақиқдан чиқариш тартибини тасдиқлаш орқали тадбиркорлик субъектларига қўшимча мулкни эркин тасарруф этиш ҳамда кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида мазкур Низомга банк кредит бўйича тузиладиган гаров шартномасида банкнинг гаров таъминотига қўйилган талаблардан келиб чиққан ҳолда қарз олувчининг кредитнинг қопланмаган қисмидан ортиқ суммада гаров таъминоти суммасини камайтириш ҳуқуқини, шунингдек гаров таъминотини камайтириш тартиби ва усулларини акс эттириши шартлиги тўғрисида норма киритилди.
Мазкур Низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар банк хизматлари истеъмолчиларининг банклар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда банк хизматларидан фойдаланишда юзага келиши мумкин бўлган турли тушунмовчиликларнинг олдини олишга ёрдам беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Учқудуқ туманида ҳам мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида “Спортни сев, спорт билан яша!" шиори остида спорт мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
Куни-кеча спорт фестивали доирасида маҳаллаларда яшовчи 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида мини футбол спортидан “Прокурор кубоги” мусобақаси ташкил этилди.
“Лочин” спорт мажмуасида ўтказилган беллашувда 10 та маҳалланинг спортсевар ёшлари иштирок этди. Икки кун давомида бўлиб ўтган мусобақада фахрли биринчи ўрин “Мустақиллик” МФЙ, иккинчи ўрин “Абай” МФЙ, учинчи ўрин “Йўлчилар” ОФЙ жамоаларига насиб этди.
“Прокурор кубоги” мини футбол мусобақаси ғолиблари Учқудуқ туман прокуратураси ҳамда жисмоний тарбия ва спорт бўлими томонидан диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
"Спортни сев, спорт билан яша!" шиори остида ўтказилаётган оммавий спорт фестивалини ўтказишдан мақсад аҳолининг турли қатламлари орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва жисмоний маданиятни юксалтиришдан иборат.
Анвар ҒАФФОРОВ,
туман прокурори 2-сектор котиби.
More...
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан одам савдосида айбланган Самарқанд вилояти Пахтачи туманида рўйхатда турувчи 22 ёшли Холида Шокировага (исм-шарифлар ўзгартирилган) суд ҳукми ўқилди, деб хабар беради «Hudud24.uz» сайти.
Маълум бўлишича, Холида Шокированинг учала фарзанди ҳам никоҳсиз туғилган. Отаси уни уйидан ҳайдаб юборган. Кейинчалик унинг аниқ яшаш манзили бўлмаган. Олдин туғилган икки фарзандини васийлик органи орқали бошқа оилаларга бериб юборган, учинчи фарзандини ҳам бирор оилага бериб юборишни режа қилган.
Унинг яна фарзандли бўлганини дугонаси Машҳура Ҳошимова эшитиб, касалхонага уни кўргани келган ва уни Нодира исмли аёл билан таништирган. Холида Шокирова янги танишига касалхонадан чиққанидан сўнг борадиган жойи ва боласини боқиш учун имконияти йўқлигини тушунтириб, боқиб оладиган одам чиқса, 700 доллар эвазига чақалоқни бериб юборишини, шунингдек, бу пул эвазига ўзи учун кийим ва уяли телефон олишини айтган. Нодира эса фақат 3 миллион сўм бера олишини тушунтириб, болани боқиб олиш таклифини билдирган.
Нодира ўзаро суҳбатларини телефонга ёзиб олиб, Навоий вилояти ИИБ бошлиғига хат билан мурожаат қилган.
Холида дугонаси билан шаҳар масжид ёнида Нодирага фарзандини бериб, эвазига келишилган пулни олиб бозорга қараб кетади. Уларни йўлда вилоят ИИБ ҳамда божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир натижасида ашёвий далиллар билан қўлга олади. Холида Шокировага нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддасига (одам савдоси) биноан жиноят иши очилиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари бошланади ва иш судга оширилади.
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси Шерзод Мамировга кўра, суд ҳайъати судланувчи Холида Шокированинг чин кўнгилдан пушаймон эканини инобатга олиб, унга нисбатан уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида қўрқитиш йўли билан тамагирлик қилган 34 ёшли аёлга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 11 январь куни 34 ёшли аёл А.М. ғаразли ниятни кўзлаб, 40 ёшли аёл Р.А.ни чўмилаётган ҳолатда видеотасвирга туширган. Сўнг олинган видеотасвирни унинг иш жойи ҳамда маҳалласига олиб бориб кўрсатиш ва тарқатиш йўли билан қўрқитиб, ундан 3 миллион сўм талаб қилган.
А.М. Зарафшон шаҳридаги «Мўъжизалар майдончаси» савдо мажмуаси ёнида Р.А.дан 1 миллион 900 минг сўм олаётганида ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари томонидан холислар иштирокида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан А.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда суриштирув ишлари давом этмоқда.
Давлат раҳбари 22 январ куни Бухоро вилояти халқ депутатларининг навбатдан ташқари сессиясида қатнашди. Сессияда ташкилий масала кўрилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
“Бугунги кун тартибидаги масала жуда муҳим. Агар мендан сизга Бухоронинг ривожланиши маъқулми, деб сўрасангиз айтаман – номаъқул. Вилоятда 2 миллионга яқин аҳоли бор. Лекин ишсизлик, муаммолар жуда кўп. Замон шиддат билан ўзгаряпти, ҳамма давлат ўзини ўйлайди. Мен ҳам шу мамлакат президенти сифатида шу юртдаги барчанинг, миллатидан, динидан қатъий назар келажагини ўйлайман.
Ҳокимлар менинг халқ олдидаги менинг вакилим сифатида кўнгилдагидек ишлай оляптими? Мен 4 йил ичида 2 мингта қарор ва фармонлар қабул қилдим. Бу олдинги йиллардан 4 баробар кўп. Лекин битта қарор қабул қилиш жуда азоб. Менга қарсакбозликни кўпайтириш керак эмас, нима қилсам халқим учун қиламан.
Энг кичик набирамизгача келажагини таъминлаб беришимиз керак. Ҳамма ўз фарзанди, набирасини ўйлагандай ўйласа тушуниб етади.
Ана шундай мураккаб пайтда энг катта муаммолардан бир бу кадрлар масаласи. Бухоро вилояти етакчини танлаб олиши ҳам жуда муҳим. Чунки ечимини кутаётган масалалар жуда кўп. Бухоро кўрсаткичлари бу вилоятнинг буюк номига муносиб эмас. Аччиқ бўлса-да ҳақиқат бу.
Вилоятга қарасак яна қишлоқ хўжалигига суяниб қолинган. 70 йил томимизгача пахта экдик, лекин манфаат кўрмадик. Бангладеш деган давлат пахта экмай қайта ишлаш ортидан 30-40 млрд доллар даромад қилди, биз эса хом ашё билан кўпи билан 1,2 млрд доллар ишладик.
Пахтани қайта ишлашни 30 фоиздан 70 фоизга чиқардик. Қилсак бўлар экан-ку, аёлларни, ёшларни иш билан таъминласак бўлар экан-ку. Ёшларимиз кечаги ёшлар эмас, уларнинг талаблари, дунёқараши бошқа.
Ботир Комилович Зарипов номзодини Бухоро вилоятига ҳоким сифатида тавсия қилар эканман, агар сизларда бошқа тавсия бўлса, кўриб чиқишга тайёрман. Балки Зарипов бундай вазифага тайёр эмасдир, лекин унда иштиёқ бор, ишлашга ҳаракат бор. Мен уни 3 ойдан бери синаяпман. Рози бўлсаларинг уни ҳоким қилиб сайлаймиз ва биргаликда ишлаймиз”, – деди президент фаолларга қарата.
Депутатлар бу номзодни бир овоздан қўллаб қувватладилар.
18 январ куни кечки пайт Самарқанд тумани Ражабамин маҳалласида қурилиши битмаган хонадонлардан бирида кучли ёнғин келиб чиқади. Дастлаб ҳодиса юз берган жойда 20 та газ тўлдирилган баллон борлиги айтилган эди. Маълум бўлишича у ерда газ тўлдирилган баллонлар сони 43 дона бўлган. Самарқанд вилояти прокуратураси ҳеч ким жабрланмаган мазкур ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини очиқлади
Бундан бир неча кун аввал, Самарқанд тумани Ражабамин маҳалласидаги қурилиши битмаган хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлгани ва у ерда бўлган 20 та газ тўлдирилган баллон портлаб кетгани ҳақида хабар берган эдик. Самарқанд вилояти прокуратураси мазкур ҳодисанинг тафсилотлари ва келиб чиқиш сабабларини очиқлади.
Қайд этилишича, 2021 йил 18 январ куни соат 20:08 да Самарқанд тумани Ражабамин маҳалласида жойлашган фуқаро О.Н.нинг 3 ой олдин кўчиб кирган яшаш уйида ёнғин содир бўлган. Оқибатда уйнинг 50 м² майдони, дарвозахонада турган, 2021 йилда ишлаб чиқилган ва давлат рақами олинмаган «Дамас» машинаси зарар кўрган. Ертўлада мавжуд бўлган 20 дона маиший газ баллони портлаб ёрилиб кетган ва яроқсиз ҳолга тушган.
Воқеа жойи туман ФВБ томонидан кўздан кечирилганда дастлаб яроқсиз ҳолга келган 20 та газ баллон аниқланган. Ёнғин ўчирилгандан сўнг, воқеа жойи туман ИИБ тергов бўлинмаси томонидан батафсил кўздан кечирилганда мазкур уйда яроқсиз ҳолга келган 20 та газ баллонлардан ташқари яна 23 дона газ баллон борлиги маълум бўлган. Бундан ташқари, хонадон эгаси О.Н. уйининг орқа томонида ер остидан ўтган табиий газ тармоғига ноқонуний улангани ва газ тортиш ускунаси (насос) ўрнатгани аниқланган.
Мазкур хонадонга 43 дона газ баллонлари қаердан келиб қолгани ҳақидаги саволларга фуқаро О.Н. хусусий корхоналардан бири билан тузилган келишувга асосан ўзининг автомашинасида корхонага тегишли газ баллонларга маиший газ тўлдириб, етказиш билан шуғулланишини маълум қилган. У ўз кўрсатмасида воқеа содир бўлган куни яшаш уйида электр симга лампочка патронини ўрнатаётган вақтда чақнаш содир бўлиб ёнғин келиб чиққанлигини, шундан сўнг уйда бўлган газ баллонлардан бир нечтаси портлаб кетганлигини баён қилган.
Қайд этилишича, олинган ашёвий далиллар бўйича Хадича Сулаймонова номидаги экспертиза марказига судга оид ёнғин экспертизаси тайинланган. Ёнғин ва унинг натижасида келиб чиққан газ баллон портлаши оқибатида жароҳатланганлар мавжуд эмас.
Ҳолат юзасидан Самарқанд туман ИИБ ТБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговга қадар текширув ҳаракатлари туман прокуратураси томонидан назоратга олинган.
P.S. Kun.uz мухбири ҳодисанинг эртаси куни Самарқанд туман ФВБ масъулидан изоҳ олганида, у ёнғин юз берган хонадонда ҳеч ким яшамаслигини айтган эди. Бугун эса у ерда хонадон эгаси 3 ой аввал кўчиб киргани айтиляпти. Баллонлар сони ҳам ошган. Қолаверса, қандайдир хусусий корхонанинг оддийгина ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмайдиган шахсга баллонларга газ тўлдириб етказишни ишониб топшириши ҳам қалтис таваккал бўлган.