Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимининг бир қисми сотилгани айтилди. Шаҳарнинг ёш ҳокими Сабрина Турсунова эса масалага аниқлик киритиш мақсадида масъулларни саволга тутди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
https://youtu.be/PoX1-GTgGpI
Маълум бўлишича, ёш ҳоким Сабрина Турсунова 2021 йилнинг 20 январь куни шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимида бўлиб, воқеадан хабар топган.
Ёш ҳоким билан суҳбатлашган ҳамширанинг айтишича, туғруқхонанинг бир қисми сотилгани сабаб айни пайтдаги ҳолати талабга жавоб бермайди.
«Шифокорларнинг дарди кўп. Энг асосий муаммо ‘роддомънинг сотилгани бўлди. Шу пайтга қадар ‘роддом’ сотилмаганди. Лекин 2018 йил сотилди. Биз бу ҳақда тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик. Ҳатто депутатларга ҳам бу ҳақда хабар бериб, уларни муаммодан бохабар қилдик. Аммо муаммо ҳалигача ечилмай қолмоқда», — деди ҳамшира ёш ҳоким билан мулоқотда.
Ёш ҳокимга шикоят қилган тиббиёт ходимларининг айтишича, бўлим таъмирталаб аҳволга ҳам келиб қолган.
Шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлими бошлиғи Шокир Умаровнинг аниқлик киритишича, бўлим 140 койкали икки блокдан иборат бўлиб, биринчи блогининг бир қавати шаҳар тиббиёт бирлашмасида фаолият юритувчи икки нафар шифокорга, тадбиркор сифатида ижарага берилган.
«Бўлимнинг бир қисми шаҳар тиббиёт бирлашмасининг шошилинч бўлими бошлиғи Муродилла Эгамбердиевга ижара асосида берилган бўлса, яна бир қисми шифокор Илҳом Мансуровга берилган. Бўлимнинг бир блоги тадбиркорларга ижарага бериб юборилган бўлса-да, бўлимнинг 140 койкадан иборатлигини сақлаб қолиш мақсадида 2 та каравот жойлашиши керак бўлган хоналарга 4-5 тадан каравотлар жойлаштирилган. Бу нафақат беморларга, бизга ҳам ноқулайлик туғдирмоқда», — дейди бўлим бошлиғи.
Шокир Умаровнинг маълумот беришича, туғруқ бўлимининг бир блоги собиқ бош шифокор Ғанишер Умрзоқов даврида тадбиркорларга бериб юборилган.
«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган ёш ҳоким Сабрина Турсунованинг айтишича, муаммо вилоят раҳбари Зоир Мирзаевга ҳам айтилган.
«Зоир Тоирович масъулларни чақириб мазкур муаммони тез орада батафсил ўрганиб, ечимини топиш топшириғини берди», — дейди Сабрина Турсунова.