LOTIN-КИРИЛЛ

Коронавирусга қарши эмлаш бўйича ҳар куни янги бир ижобий натижага эришилаётган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган вакцина ҳақидаги миш-мишлар муҳокама мавзусига айланмоқда.

Генетик кодларнинг ўзгартирилишидан тортиб, миллионлаб одамларнинг танасига микрочиплар ўрнатилиши билан боғлиқ гап-сўзлар тобора «урчиб» бормоқда.

BBC Reality Check гуруҳи баъзи ёлғон даъволарни таҳлил қилди.

ДНКнинг бузилиши билан боғлиқ даъво

«Коронавирус вакцинаси ДНКмизни ўзгартиради» деган даъво ижтимоий тармоқларда энг кўп тарқалган даъволардан биридир.

BBC уч мустақил олимдан ушбу даъво тўғрисидаги фикрларини сўради ва «коронавирусга қарши эмлаш инсон ДНКсини ўзгартирмайди» деган жавоб олди.

Баъзи янги ишлаб чиқилган вакциналарда вируснинг генетик материалидан, яъни генетик кўрсатмаларни «ташувчи» мРНКдан фойдаланилади. Буюк Британияда тасдиқланган Pfizer/BioNTech вакцинаси ҳам шулардан биридир.

«Одам танасига мРНКни юбориш инсон ҳужайрасидаги ДНКга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди», дейди Оксфорд университети мутахассиси Жеффри Алмонд.

мРНК тананинг ўзига хос молекуляр механизмларидан фойдаланган ҳолда, ҳужайраларга вирус таркибидаги оқсилга ўхшаш бир моддани ишлаб чиқаришни ўргатади. Бу эса иммунитет тизимининг реакциясини келтириб чиқаради.

Аслида, коронавирус вакцинаси ДНКни ўзгартиради, деган даъвога илк марта дуч келинаётгани йўқ. Май ойида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоларда мРНК технологияси «ҳали синовдан ўтказилмагани ва тасдиқланмагани» айтилган ва унинг генетик кодларга таъсир қилиши ҳақидаги иддао илгари сурилганди.

Тўғри, авваллари ҳеч бир мРНК вакцинаси тасдиқдан ўтмаган, аммо сўнгги йилларда мРНК вакциналарини одамларда қўллаш бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борилди. Бундан ташқари, вакцина эпидемия бошланганидан бери дунё бўйлаб ўн минглаб одамларда синаб кўрилди ва қатъий тасдиқлаш жараёнларидан ўтди.

Бошқа барча вакциналар сингари мРНК вакциналари ҳам хавфсизлик бўйича қатъий синовлардан ўтмасдан туриб, кенг қўлланиш рухсатига эга бўлмайди.

Вакциналар синовининг 1- ва 2-босқичларида хавфсизликни текшириш ва тегишли дозани аниқлаш учун улар кам миқдордаги одамларга берилади.

Учинчи босқич синовларида эса вакцинанинг самарадорлигини аниқлаш учун минглаб одамлар эмланади. Вакцинанинг ҳақиқий дозаси берилган гуруҳ ва плацебо (дори сифатида ишлатилиши ёки дори-дармонларни ниқоблаш учун ишлатилиши мумкин бўлган ва аниқ доривор хусусиятга эга бўлмаган модда – таҳр.) дозасини олган назорат гуруҳи турли хил қўшимча таъсирлар ва ҳимоя воситаларини аниқлаш мақсадида диққат билан кузатилади.

Гарчи эмлаш учун рухсат олинган бўлса-да, вакцинани қабул қилган одамларни кузатиш жараёнлари ҳамон давом этмоқда.

Билл Гейтс ва микрочип даъвоси

Кейинги миш-миш эса бутун дунёни қамраб олган фитна назариясидир.

Ушбу даъвога кўра, коронавирус эпидемияси миллионлаб одамларнинг танасига кузатилувчи микрочипларни жойлаштириш учун бир «баҳона» бўлиб, бу ишларнинг ортида Microsoft асосчиси Билл Гейтс турибди.

Ҳолбуки, «вакцина микрочипи» деган нарса йўқ ва келажакда Билл Гейтснинг шундай лойиҳаси бўлиши ҳақида далил мавжуд эмас.

Билл ва Мелинда Гейтс фонди BBC’га берган баёнотида ушбу айбловларни рад этди.

Аслида, миш-мишлар Билл Гейтснинг март ойида қилган баёноти ортидан тарқала бошлади. Гейтс ўшанда кимлар тузалгани, кимлар тест топширгани ва кимлар эмланганини кўрсатувчи «рақамли сертификатлар» жорий этилиши мумкинлиги ҳақида гапирганди. Аммо у микрочиплар тўғрисида сўз ҳам очмаганди.

Ушбу гаплардан сўнг оммага кенг тарқалган бир мақола пайдо бўлди. «Билл Гейтс коронавирусга қарши курашиш учун микрочиплардан фойдаланади» номли мазкур мақолада Гейтс жамғармаси ҳомийлигида ўтказилган тадқиқот ҳақида ҳам сўз боради. Ушбу тадқиқот эса одамларнинг вакцина маълумотларини махсус сиёҳни қуйиш орқали тери юзасида сақлашга имкон берадиган бир технология билан боғлиқ.

Тадқиқотда айтиб ўтилган дастурни микрочип эмас, кўзга кўринмас татуировка дейиш мумкин. Илмий изланишда иштирок этган олим Ана Якленец ушбу технология ҳали татбиқ этилмаганлигини, одамларнинг шахсий маълумотлари кузатилиши ёки уларга киришга йўл қўйилмаслигини ва бундай ахборот маълумотлар базасида сақланмаслигини таъкидлади.

Microsoft асосчиси Гейтснинг номи эпидемия давомида кўплаб миш-мишларда тилга олинди. Бунга Гейтснинг вакцина яратиш ва аҳоли соғлиғини сақлашга йўналтирган ёрдамлари ҳам сабаб бўлди.

Ўртада бирор далил йўқлигига қарамай, YouGov томонидан май ойида ўтказилган сўровномада қатнашган америкаликларнинг 28 фоизи Билл Гейтс одамларни эмлаш орқали уларга микрочип ўрнатмоқчи бўлганига ишонишини билдирган. Республикачилар орасида эса бунга ишонувчиларнинг нисбати 44 фоизни ташкил қилган.

«Ҳомила тўқимаси» билан боғлиқ миш-мишлар

Вакциналарда одам ва ҳайвонлар ҳомиласидаги баъзи тўқималар, айниқса, ўпка тўқималари борлиги ҳақидаги миш-мишлар ҳам мавжуд. Улар орасида «Она қорнидаги 3-6 ойлик ҳомилалар аборт қилиниб, уларнинг танасидан вакцина тадқиқотларида фойдаланилади», деган даъволар ҳам бор.

Бу ҳам ёлғон даъво.

Саутҳемптон университети доктори Майкл Ҳед бу миш-мишларга нисбатан аниқ баёнот билан жавоб берди. Унинг таъкидлашича, вакциналарни ишлаб чиқариш жараёнида ҳомила ҳужайраларидан фойдаланилмайди.

Бу каби миш-мишларнинг пайдо бўлиши лаборатория шароитида ишлаб чиқилган баъзи ҳужайралардан вакцинани яратиш жараёнида ҳам фойдаланилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ушбу ҳужайралар эмбрион ҳужайраларни клонлаш орқали ҳосил бўлади. Ўтган асрнинг 60-йилларида ишлаб чиқилган ушбу техника «3 ойли гўдакларни аборт қилиш ва улардан вакцина яратиш тадқиқотларида фойдаланиш» каби ҳолатларни кўзда тутмайди.

Бристол университети мутахассиси доктор Дэвид Мэтюз ушбу усул билан кўплаб вакциналар ишлаб чиқарилгани, вакцинанинг юқори стандартларини сақлаб қолиш учун вакцинадан ҳужайра излари олиб ташланишини таъкидлади.

Оксфорд университети вакцинасини яратган олимлар ҳам клонланган ҳужайралар билан ишлашганини, аммо бу ҳужайралар «аборт қилинган чақалоқларнинг ҳужайралари эмас»лигини таъкидлашди.

Ҳужайралар худди вируснинг заифлашган намунасини ишлаб чиқарувчи фабрикалар каби ишлайди. Бу эса вакцинанинг асосий ишлаш тамойилини ташкил этади. Бироқ заифлашган вируслар клонланган ҳужайралар ёрдамида ишлаб чиқилган бўлса-да, ҳужайравий материал вакцинадан олиб ташланади.

«Соғайиш даражаси» аргументи

Ижтимоий тармоқларда вакцинага қарши фикрлардан бири «Агар коронавирусдан ўлиш даражаси шу қадар паст бўлса, эмлаш керак эмас», деган иддаодир.

Эмлашга қарши одамлар томонидан тарқатилган бир суратда Covid-19 касаллигида соғайиш даражаси 99,97 фоизни ташкил қилиши, коронавирусга чалиниш эмлашдан кўра хавфсизроқ вариант экани айтилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ушбу расмдаги «соғайиш даражаси», яъни вирус юққандан сўнг тузалиб кетиш даражаси тўғри кўрсатилмаган.

Оксфорд университетининг статистика бўйича мутахассиси Жейсон Окнинг таъкидлашича, коронавирусга чалинганларнинг 99 фоизи омон қолган. Бошқача қилиб айтганда, одатда, ҳар 10 минг кишидан 100 нафари вафот этади ва бу рақам суратда келтирилган маълумот – ҳар 10 минг кишидан 3 нафари ўлишидан кўра анча кўпроқни ташкил қилади.

Бошқа томондан, Жейсон Ок шуни ҳам қўшимча қилди: «Хавф ёшга қараб фарқ қилиши мумкин ва Covid-19 сабаб кейинчалик юзага келувчи ўлимлар айни пайтда ҳисобга олинмаяпти».

Демак, гап фақат тирик қолишда эмас. Яъни вафот этганлардан ташқари, интенсив терапия қилинадиганлар ва касалликнинг узоқ муддатли таъсирини бошдан кечираётганлар ҳам бор.

Соғлиқни сақлаш тизими елкасидаги «юк»нинг ортиб кетиши бошқа касалликларга дучор бўлган беморларни даволаш имкониятини ҳам чеклаб қўймоқда.

Лондон гигиена ва тропик тиббиёт мактаби профессори Лиам Смитнинг таъкидлашича, ўлимнинг умумий ҳисобига эътибор қаратиш вакциналар билан боғлиқ муҳим нуқтанинг кўздан қочирилишига сабаб бўлади. 

“Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонига мувофиқ, аҳоли орасида кунлик юриш ва югуришни тарғиб қилиш мақсадида “Соғлом турмуш тарзи” (www.1hls.uz) платформаси яратилади. Бунда:

 

Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг платформадаги электрон ҳамёнига 3 минг сўмдан;

ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 миллион сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади.

“Соғлом турмуш тарзи” (www.1hls.uz) платформаси эса 2021 йилнинг 1 мартидан ишга туширилади.

Шу йил 6 декабр куни Тошкентда йилнинг орзиқиб кутилган спорт воқелиги – II Тошкент халқаро марафони бўлиб ўтади.Ушбу тадбир дастлаб «Наврўз» байрамига бағишлаб 22 март куни ўтказилиши режалаштирилган эди, бироқ коронавирус пандемияси сабаб шу йилнинг декабр ойига кўчирилди.

 

Бу сафарги мусобақада иштирокчилар таклиф этилган учта масофадан бирини танлашлари мумкин: 42 195 метр (тўлиқ марафон) ва 21 097,5 метр (ярим марафон) – офлайн режимда, 3 000 метр – онлайн режимда бўлиб ўтади.

 

Марафон ва яриммарафон трассаси AIMS Халқаро марафон ва югуриш ассоциацияси томонидан сертификатланган. AIMS – World Athletics Халқаро енгил атлетика федерациялари уюшмасининг аъзоси ҳисобланади.

 

II Тошкент халқаро марафонининг лицензияланган трассаси енгил атлетика спортчиларига 2021 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун лицензия олиш ёки қимматли рейтинг очколарини қўлга киритиш имконини беради.

 

II Тошкент халқаро марафонининг умумий мукофот жамғармаси офлайн режимда 180 миллион сўмни ташкил қилади. Ғолиблар медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

 

Тўлиқ рўйхатдан ўтганлар электрон чип ўрнатилган индивидуал номерли «иштирокчи пакети»га эга бўлади, бу масофани босиб ўтиш вақтини онлайн режимда қайд этиш ва ҳар бир иштирокчига ўз натижасини кузатиб бориш имконини беради.

 

Марафон доирасида тўлиқ масофани босиб ўтиш учун – 3 соат ва 15 дақиқа, ярим масофани босиб ўтиш учун эса 1 соат 30 дақиқа чеклов ўрнатилган. 

 

21 километр масофани белгиланган вақт ичида босиб ўта олмайдиган марафон иштирокчилари яриммарафон финишига йўлланади. Бу иштирокчиларнинг натижалари яриммарафоннинг якуний баённомасига киритилади.

 

Марафон ва яриммарафонда 18 ёш ва ундан катталар қатнашиши мумкин. «Иштирокчи пакети»ни олишда узоқ масофаларга югуришга тўсқинлик қиладиган касалликлар йўқлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этилиши шарт.

 

Югуришнинг бошланиш нуқтаси – Афросиёб кўчасида, “Humo Arena” муз саройи ёнида. Иштирокчилар соат 10:00 га таклиф қилинади, марафонга эса соат 11:00 да старт берилади.

 

Маълумот учун: иштирокчилар томонидан 22 март санасига олинган слотлар 2020 йилнинг 6 декабридаги марафонда ҳақиқий ҳисобланади. Рўйхатдан ўтган шахс декабрдаги марафонда иштирок эта олмаган тақдирда, унинг регистрацияси 2021 йилнинг март ойига – III Тошкент Халқаро марафонига кўчирилади.

 

Қисқа масофалар ҳақида маълумот:

 

Бундан аввал 1,5 км ва 3 км масофа учун (офлайн режимда) қўлга киритилган слотлар 2021 йил март ойида ўтказиладиган III Тошкент Халқаро марафони учун ҳақиқий ҳисобланади.

Қишки югуриш мусобақаларида 1,5 км ва 3 км масофада иштирок этишни истаганлар бепул рўйхатдан ўтиб, 6 декабрдаги онлайн югуришда қатнашиши мумкин. Иштирокчи қаерда бўлишидан қатъи назар унда қатнашиш учун имконият бўлади.

Мазкур спорт мусобақаси Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси томонидан Ўзбекистон Триатлон федерацияси билан ҳамкорликда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Марказий Осиё енгил атлетика ассоциациясининг қўллаб-қувватлаши остида ташкил этилмоқда.

 

Ташкилий қўмита ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда марафоннинг тўлиқ санитар хизматлар назорати остида хавфсиз ўтишини таъминлайди. Тадбирни ўтказиш вақтида томошабинлар, иштирокчилар, ҳакамлар, кўнгиллилар ва техник гуруҳлар томонидан эпидемиологик хавфсизликнинг барча қоидаларига сўзсиз риоя қилинади.

 

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизматига янги раис тайинланди. 

Алишер Аброрович Усмонов Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимида иш бошлади. 

 

Kun.uz’га маълум бўлишича, ушбу тайинлов жорий йил октябр ойи охирларида амалга оширилган.

 

Алишер Усмонов бундан олдин Давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари сифатида ишлаган. 2007 йилда II даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланган.

 

Эслатиб ўтамиз, октябр ойи охирларида Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Тошматов президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашига ишга ўтказилганди. 

 

Баҳодир Тошматов Хавфсизлик кенгаши котибининг Қуролли Кучларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

 

Жорий пахта мавсумида мажбурий меҳнат бўйича энг кўп ҳолат Наманган вилоятида аниқланган.Жорий йилнинг 4 декабр куни Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2020 йилги пахта мавсумида кузатилган мажбурий меҳнат ҳолатлари бўйича ахборот берилди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, пахта мавсуми билан боғлиқ энг кўп мажбурий меҳнат ҳолати Наманган вилоятида аниқланган. Республика бўйича қайд этилган ҳолатларнинг 42,2 фоизи ушбу ҳудуд ҳисобига тўғри келади. Бир неча бор огоҳлантиришларга қарамай, пахта масалаларига туман ҳокимлари аралашуви ҳам вилоятда қайд этилган.

Шунингдек, мавсум давомида мажбурий меҳнатга жалб қилиш бошқа ҳудудларда ҳам, хусусан, Жиззах вилоятида 7 та, Тошкент вилоятида 6 та, Сурхондарё вилоятида 5 та, Хоразм вилоятида 3 та, Бухоро, Андижон, Қашқадарё, Навоий, Фарғона вилоятларида биттадан кузатилган. Бундан ташқари, 61 та ҳолатда меҳнат шартномаси тузилмаганлиги, 34 та ҳолатда меҳнат шароитлари яратилмаганлиги, 13 та ҳолатда меҳнат вазифасини бажармаганлиги, 17 та ҳолатда иш ҳақининг ўз вақтида тўланмаслиги аниқланган.

 

 

 

“Мажбурий меҳнатга шароит яратиб берилганлиги учун 5 та туман ҳокимига чора кўриш бўйича киритилган таклифларимиз қўллаб-қувватланиб, Вазирлар Маҳкамаси фармойишига асосан Чортоқ (А.Отахўжаев), Учқўрғон (А.Ваҳобов), Оҳангарон (А.Абдуллаев), Ўрта Чирчиқ (О.Нурматов), Урганч (Ф.Шарипов) туман ҳокимларига “ҳайфсан” берилди ва ушбу ҳолат яна такрорланадиган бўлса, эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши бўйича огоҳлантирилди”, – деди йиғилишни олиб борган комиссия раиси Танзила Норбоева. 

 

Йиғилишда 2020 йил давомида мҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 170 нафар мансабдор шахсга жами 652 млн сўмдан зиёд миқдорда маъмурий жарима тайинлангани, мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 42 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилгани айтиб ўтилди.

Комиссия йиғилиши хулосасига асосан, 2021 йилдан бошлаб нафақат пахтачилик, балки бошқа соҳаларда ҳам йўл қўйилаётган мажбурий меҳнат ҳолатлари мониторингини юритиш бўйича кўрсатма берилди.

   Ҳар яхшининг бир аммоси, ҳар ёмоннинг бир лекини бўлганидек Учқудуқ тумани марказидаги ички йўлларида  ҳам муаммолар етарлича эди. Бу эса  қатор йиллар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганди.

   Ўтган йилдан бошлаб, туман ички йўллари Ободонлаштириш бошқармаси тасарруфига ўтказилганидан кейингина туман ҳокимлиги кўмагида масаланинг ечими хусусида аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, амалий саъй-ҳаркатлар бошланди.

  Биргина, жорий йилда ички хўжалик йўлларини таъмирлаш дастури ва дастурга қўшимча равишда  7 та хўжалик йўлларида жами 5329 метр узунликда асфальтобетон қопламаси ётқизилиб, фойдаланишга топширилган. “Х.Дўстлиги”  кўчасида  71 метр масофада пиёдалар йўлаги қурилган.

  Жумладан: “Чўл гули” кўчасида 3,5 километр, “Наврўз” кўчасида 160 метр, “Х.Дўстлиги” кўчасида 218 метр, “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида 207 метр, “И.Бухорий” кўчасида 588 метр, “Бўстон” кўчасида 90 метр асфальт  қопламаси ётқизилди.

  Куни кеча туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли поликлиникасига элтувчи яна бир хўжалик йўли фойдаланишга топширилди. Мазкур 340 метр узунликдаги  асвальт йўл ва пиёдалар учун махсус йўлак  837 млн. сўм маблағ эвазига  бунёд этилди.

  Йўлни фойдаланишга топширишга бағишланган маросимда туман фаоллари ва нуроний оқсоқоллар ҳам иштирок этди.

  Эндиликда, тиббиёт муассасасига йўл олаётган  Учқудуқ фуқаролари  кечаси ҳам ёруғ бўлган  равон йўлдан юриб ўтишади.

 

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган вакцинани республикага олиб келиш ва аҳолига етказиш ваколати ягона хусусий ширкатга берилгани ҳақида тарқалган хабарларни рад этди ва Ўзбекистон учинчи босқич синовларида ижобий натижа кўрсатган вакцинанигина харид қилишини маълум қилди.«Юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича энг самарали йўл бу – иммунизация тадбирлари, яъни соғлом инсонларни ушбу касалликка қарши эмлашдир. Дунёда бу йўналишда қатор илмий текшириш институтлари ҳамда фармацевтика корхоналари томонидан коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқариш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

 

Ҳозирда Covid-19’га қарши Хитойнинг «Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical» компаниясининг вакцинаси ва Россия Федерациянинг «Спутник-V» вакцинасининг 3-босқич клиник тадқиқотлари юртимизда ҳам ўтказилиши режалаштирилмоқда. 

 

Бунда вакциналарнинг хавфсизлик кўрсаткичларини баҳолаш, уларнинг инфекцияни олдини олишдаги самарадорлигини аниқлаш асосий вазифа қилиб белгиланган. Шунингдек, «Sinopharm group» компанияси билан ҳам ушбу йўналишда иш олиб борилмоқда.

 

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган вакцинани республикага олиб келиш ва аҳолига етказиш ваколати ягона хусусий ширкатга берилгани ҳақида билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳақиқатга зид. Чунки Covid-19 инфекциясига қарши вакцина харид қилиш ва ундан фойдаланиш масалалари бутун жаҳонда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам клиник тадқиқотларнинг 3-босқичи натижаларига кўра белгиланади.

 

Бирор мамлакатнинг вакцинаси ижобий кўрсаткичлар қайд этгани илмий исботлансагина, уни харид қилиш, сотиб олинган вакцинани сақлаш ва ташиш билан боғлиқ масалалар тегишли мезонлар асосида кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, ҳозирда БМТ билан ҳамкорликда COVAX’га аъзо давлатлар қаторида Ўзбекистонга жаҳонда олиб борилаётган клиник тадқиқотлар асосида самараси ижобий баҳоланган коронавирусга қарши вакциналарни етказиб бериш бўйича музокаралар ҳам олиб борилмоқда», дейилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Бугун, 4 декабр куни Россия Федерациясининг саноат ва савдо вазири Денис Мантуровнинг шахсан ўзи коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасини Тошкентга олиб келди.Вазирлик хабарига кўра, вакциналарни Санитария эпидемиология хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев қабул қилиб олган.

«Мамлакатга намуналар синовдан ўтказиш, рўйхатга олиш ва Ўзбекистон ҳудудида саноат услубида ишлаб чиқариш учун тақдим қилинди», – дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, айни вақтда Россия вакцинасининг синовлари Беларус, Венесуэла, БАА ва Ҳиндистон каби давлатларда ўтказилмоқда. Хориждан туриб вакцина синовларида қатнашаётганларнинг умумий сони 5 минг кишидан, мамлакат ичидаги кўнгиллилар эса 40 минг кишидан ошиб кетган.

 

Шунингдек, ҳозирги кунда Ҳиндистон, Бразилия, Хитой, Жанубий Корея ва яна 4 та мамлакатдаги заводларда «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 500 миллион дозага чиқариш борасида келишувга эришилган.

 

Маълумот учун, Россияда август ойида «Спутник В» воситаси коронавирусга қарши вакцина сифатида рўйхатдан ўтказилган.

 

Россияда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасининг 1 дозаси нархи хориж бозори учун $10дан ошмайди. Шунингдек, вакцина самарадорлиги дастлабки эмлашдан 42 кун ўтиб, 95 фоиздан ошгани маълум қилинганди.

Айни дамда дунёда АҚШ, Британия, Хитой, Франция ва Германияда коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқариш ишлари давом этмоқда. Олдинроқ Британияда ҳам кейинги ҳафтадан коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланиши маълум қилинган эди.

“Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори эълон қилинди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни академик лицейларга саралаб олиш, чуқурлаштирилган таълим дастурлари асосида ўқитишга алоҳида эътибор қаратилади.

Академик лицей ўқувчиларининг камида битта хорижий тилни пухта ўзлаштириб чиқиши учун дарс машғулотларига юқори малакали педагоглар жалб қилинади, зарурий шароитлар яратилади.

 

Шунингдек, академик лицейларда умумтаълим фанлар соати ҳисобига чуқурлаштирилган фанлар соати оширилади ҳамда уларнинг улуши камида 50 фоизга етказилади.

 

Таълим босқичлари узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ОТМларнинг турдош таълим йўналишларида такроран ўқитиладиган фанлар академик лицейлар ўқув дастуридаги тегишли фанлар билан унификация қилинади.

 

Академик лицейларда ўқиш даврида унификация қилинган фанларни ўзлаштирган, олий таълим муассасаларида талабаликка қабул қилинган таълим олувчилар учун ушбу фанларни ўзлаштириш ихтиёрий ҳисобланади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, академик лицейларга ҳужжат топширувчиларни рўйхатдан ўтказиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сайти орқали амалга оширилади.

 

Келгуси ўқув йилидан бошлаб академик лицейларга иқтидорли ёшларни саралаб олишда Давлат тест маркази томонидан танланган йўналишга мос 2 та фан бўйича ҳамда интеллектуал қобилият даражасини (IQ) аниқлаб берувчи тест синовлари ўтказилади.

   Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги арафасида Учқудуқ тумани марказида янги, замонавий ва барча шарт - шароитларга эга бўлган прокуратура биноси фойдаланишга топширилди.

   Очилиш маросимида Навоий  вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари  Р.Махамов, Шимолий кон бошқармаси директори Я.Шакаров ҳамда туман ташкилот раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

   7 млрд. 500 млн. сўм маблағ сарфланган ушбу бино  Ғ.Йўлдошев раҳбарлигидаги  “Навоий савдо экспорт” ХК томонидан бунёд этилди. Қисқа муддатларда қуриб битказилган бинода қонун ҳимоячиларини тўлақонли фаолият олиб боришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

   Маросимда сўз олган вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари  Р.Махамов, туман нуронийлари А.Керуенбаев, М.Муратовлар Учқудуқ туман прокуратураси янги бинода фаолиятини давом эттирар экан, бу маскан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилувчи адолат қўрғони  бўлиб узоқ йиллар халқимизга хизмат қилсин, дея тилак билдирдилар.

   Тадбир қатнашчилари  ва оқсоқллар янги бинода прокуратура ходимлари учун  яратилган қулайлик ва  шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

   Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: