Hokimiyat matbuot xizmati
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров номзоди съезд делегатларининг кўпчилик овози билан тасдиқланди. Бу ҳақда 26 август куни «Миллий тикланиш» демократик партиясининг VII қурултойида маълум қилинди.
Унга кўра, дастурда асосий эътибор миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар негизида миллий тарбия ва таълим тизимини шакллантиришга қаратилган. Хусусан:
- «Янги авлод» давлат дастури қабул қилинади. Бола туғилганидан то мактабни тугатгунгача бўлган даврни ўз ичига олган ягона тарбия ва таълим тизими яратилади. Оила – боғча – мактаб бир тизимда бирлаштирилади.
- Олий таълим вазирлиги тугатилади. Ўрнига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ректорлар кенгаши ташкил этилади. Олийгоҳлар ўзини ўзи бошқаради ва рақобатбардош бўлиш учун курашади.
- Парламентда депутатни эмас, партияни кучли қиладиган тизим яратилади. Вакиллик органларига сайловларда можаритар ва пропорсионал тизимлардан фойдаланилади. Можаритар, пропорсионал сайлов тизимини жорий қилиш орқали партияларнинг парламентдаги ролини кучайтиришга эришилади. Қонунчилик палатасидаги депутатлар сонига мувофиқ, вазирликлар портфели тақсимланади.
- Суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар ўтказилади. Жазони ижро этиш муассасалари Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлигига ўтказилади. Жазони ижро этиш муассасаларидан жазони ўтаб, озодликка чиққан фуқароларнинг жамиятга тез ва самарали мослашишига эришилади.
- Имтиёзлар ва преференциялар истисносиз қонун билан белгиланади. Иқтисодиётда тенг имкониятлар ва тенг шароитлар бўлишига эришилади. Президент қарорлари билан имтиёзлар ва преференциялар беришга чек қўйилади. Ушбу масала истисносиз қонун билан тартибга солинади.
- «Ислом дини – маърифат манбаи» дастури қабул қилинади. Исломий таълим муассасаларига қабул квоталари оширилади. Қуръон курслари оммалаштирилади. Диншунослик соҳасида илмий ишлар рағбатлантирилади.
- Қадриятларга ҳурматсизлик учун жавобгарлик белгиланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида миллий урф-одатлар, анъаналар ва халқимизда шаклланган қадриятларга нисбатан ҳурматсизлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
- Сўз эркинлиги ва жамиятни демократлаштириш давом эттирилади. ОАВ қўшимча қиймат солиғидан озод қилинади. 50 минг овоз жамлаган мурожаат бўйича Президентнинг ОАВда шахсан муносабат билдиришига оид тизим яратилади.
- Алимент фонди ташкил этилади. 3 ой ичида тўланмаган алиментлар фонд томонидан тўланади ва алимент тўловчининг озодлигини чеклаш ёки меҳнатга мажбурлаш орқали қопланади.
- Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш тезлаштирилади. Марказий Осиё кенг қамровли интеграцион ҳамкорлик майдонига айлантирилади. «Хориждаги ўзбеклар мулоқот клуби» ташкил қилинади.
Эслатиб ўтамиз, «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан партия етакчиси Алишер Қодиров номзоди 6 август куни президентлик сайловида қатнашиш учун тавсия қилинган.
Ижтимоий тармоқларда мактаблардаги ўқитувчи ва тарғиботчилар «Миллий тикланиш» ДП томонидан президентликка номзод Алишер Қодировни қўллаб-қувватлашга доир имзо варақасини уйма-уй юриб, тўлдиришлари талаб қилингани айтилган хабар тарқалганди. Алишер Қодиров бунга муносабат билдириб, Президентликка номзодларни қўллаб-қувватлаш учун имзо йиғишда мажбурлашга йўл қўйиб бўлмаслигини, юқоридаги ҳолат қайси тумандаги қайси мактабда содир бўлгани аниқланиши ва бу тасдиқланса, ушбу имзо варақалари умумий рўйхатдан чиқариб ташланишини билдирди.
2015 йилдан бери депутатлик фаолиятини юритаётган Алишер Қодиров 2019 йилнинг май ойида партия раислигига сайланган. Унга қадар Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари сифатида меҳнат қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари куни 5 апрелдан 26 сентябрь санасига кўчирилади. 1991–2019 йиллар давомида ДХХ ходимлари куни 26 сентябрда нишонлаб келинган
24 август куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси палата ялпи мажлиси олдидан йиғилиш ўтказди. Унда ДХХ ходимлари кунини 5 апрелдан 26 сентябрга кўчириш масаласи кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Маълум бўлишича, тегишли қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган. Сенатор Толибжон Мадумаров янгилик борасида изоҳ берди.
“Ўзи асли 2018 йилда қабул қилинган қонун билан ДХХ ходимлари куни 5 апрель этиб белгиланган эди. Тажриба шуни кўрсатдики, ДХХ ходимлари куни аслида Ўзбекистон президентининг 1991 йил 26 сентябрдаги фармонига бориб тақалади. Мана шундан бери 26 сентябрь хавфсизлик хизмати ходимлари куни сифатида нишонланиб келган.
2018 йил 5 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинганини инобатга олиб, 2018 йилнинг 2 октябрида “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ 5 апрель ДХХ ходимлари байрами деб эълон қилинганди.
Мазкур қонун бугунги кунда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари иш юритувида айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда. 2019 йилгача ДХХ ходимлари куни 26 сентябрда нишонлаб келинган. Шу санада хизматнинг 10, 20, 25 йиллик юбилейлари ўтказилган. Мана шу нарса ҳисобга олиниб, махсус бир топшириқ берилдики, ДХХ ходимлари кунини олдинги ҳолатга қайтариш масаласи бўйича.
Шунда, бевосита 2021 йил 26 сентябрда уларнинг 30 йиллиги нишонланади”, – деди Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров.
Сенаторнинг таъкидлашича, байрамларни кўчириш – қонунчилик амалиётида учрайдиган ҳолат. Толибжон Мадумаров бунга жавобан 1993 йилда қонун билан халқ таълими ходимлари куни белгилангани, бироқ 1996 йилда қонунга ўзгартириш киритилиб, ўқитувчи ва мураббийлар куни 1 октябрга кўчирилганини мисол сифатида келтирди.
Йиғилишда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари кунини нишонлаш тўғрисидаги қонун Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси томонидан ялпи мажлис муҳокамаси учун тавсия қилинаётгани таъкидланди. Қўмита аъзолари ушбу таклифни бир овоздан маъқуллашди.
Эслатиб ўтамиз, 5 апрель ДХХ ходимлари куни сифатида 2019 йилда илк марта нишонланган.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш Учқудуқ туман қабулхонасида туман ҳокими С.Хамроев томонидан тадбиркорлар билан сайёр учрашув ўтказилди.
Унда мутасадди идоралар, корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳам иштирок этиб, учқудуқлик тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланди.
Сайёр қабулда 10 нафар тадбиркордан 13 та мурожаат келиб тушди.
Жумладан, “ORZULARIMIZ USHALADI” МЧЖ раҳбари Азизбек Муҳамедов, “MEGA BRENT STROY”МЧЖ раҳбари Сарвар Исмоилов, , “UCHQUDUQ RAVON YO’L” МЧЖ раҳбари Азиз Касимов, “MEBEL SIFAT”МЧЖ раҳбари Умар Турдиев, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқаролар Умид Эгамбердиев, Дилдора Темировалар имтиёзли шартларда кредит олиш истагини билдирган.
Мазкур мурожаатлар ТИФ Миллий банк Учқудуқ туман филиали ҳамда Микрокредитбанк туман маркази мутасадди раҳбарларига юборилиб, ижроси юзасидан назоратга олинди.
Аҳрор Бобабеков, Азизжон Авазов, Нурали Сафоев, Мунира Тўраеваларнинг ер ажратиш бўйича қилган мурожаатлари “business.gov.uz” порталига киритилиб, туман архитектурасига ижобий ҳал этиш учун юборилди.
Дарвоқе, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш Учқудуқ туман қабулхонаси ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 41 маротаба сайёр қабул ўтказган.
Унда жами 450 та тадбиркор ва тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқаролар иштирок этиб, 143 та мурожаат қабул қилинган. Мурожаатлар “business.gov.uz” порталига киритилиб, тегишлилиги бўйича масъул корхона ва ташкилотларга юборилган ҳамда ижроси назоратга олинган.
Мурожаатларнинг 15 фоизига ҳуқуқий маслаҳатлар берилган бўлса, 85 фоизи ижобий ҳал этилишига эришилган.
Иномжон ҲАЙДАРОВ,
Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш Учқудуқ туман қабулхонаси мудири.
Куни-кеча Учқудуқ туманида Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшлайлик!” эзгу ғоясини ўзида мужассам этган ҳолда ”Уч авлод учрашуви” тадбири ўтказилди.
Қувонарлиси туманимизнинг ободликка юз тутган овулларидан бири Бузаубай аҳоли яшаш манзилида байрам тадбири ташкиллаштирилди.Тадбирда Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев сўзга чиқиб йиғилганларни мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги билан қизғин табриклаб, туманда истиқлол йилларида эришилган ютуқлар, амалга оширилган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Байрам тадбирига узоқ йиллар самарали хизмат қилган инсонлар, устоз ўқитувчилар, ислоҳотлар муваффақияти йўлида жонбозлик кўрсатиб келаётган ўрта авлод вакиллари ҳамда фаол ёшлар бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қурдилар.
Тадбирда сўз олган устозлар ҳамда ёшлар вакиллари юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, янгиланиш ва туб ўзгаришлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Бир гуруҳ нуронийлар ва ёшлар туман ҳокимининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.“Уч авлод учрашуви” тадбирида намойиш этилган миллий урф-одат ва анъаналар, ижро этилган куй-қўшиқлар барчага бирдек манзур бўлди.
Бир сўз билан айтганда, тадбир нуронийлар, ўрта ва ёш авлод вакилларининг дилкаш суҳбатлари асосида бўлиб ўтди.
МУХБИРИМИЗ.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” дастури бугун чекка-чекка ҳудудлардаги аҳоли пунктларида барпо этилаётган замонавий уй-жойлар, таълим муассасалари, дам олиш масканларию қатор хизмат кўрсатиш шохобчаларининг янгича қиёфасида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Одамларнинг ҳаётдан мамнунлиги, зарур қулайлик ва имкониятларга эга бўлган масканларда яшаётганидан шодонлик ҳисси замирида бир ҳақиқат — қишлоқларни обод қилиш йўлидаги ислоҳотлар ётибди, десак муболаға бўлмайди.
Ана шундай масканлардан бири Учқудуқ тумани Бузаубай овули. Бу ерда ҳам “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Куни кеча ободлик ва кўркамлик овул кўчаларига ярашиб турган Бузаубайда ўнлаб ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди.
Обод овулда амалга оширилган ишлар сарҳисобига эътибор қаратадиган бўлсак, ҳудуддаги 15 – сонли умумтаълим мактаби – 1 млрд. 785 млн. сўм маблағ, 9-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти филиали бўлган овул болалар боғчаси биноси 495,5 млн. маблағ эвазига бутунлай янги қиёфа касб этди.
Шунингдек, 1 млрд. 647,6 млн. сўм маблағ сарфланиб, 1,8 км овул ички йўлларига асфальт ётқизилган бўлса, яна 0,9 км йўлга қум-шағал қопламаси тўшалди.
Овулдаги трансформатор билан биргаликда 6,5 км узунликдаги электр узатиш тармоғи мукаммал таъмирланиб, аҳолига янада сифатли электр энергияси етказиб беришга эришилди. 6 км узунликда электр узатиш тармоғи янгидан тортилди.
Бу мақсадларга жами 1млрд. 159,0 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
50 млн. сўм маблағ сарфланиб базавий алоқа станцияси таъмирдан чиқарилиб, 4 млн. сўмга чиқиндихона қурилди. 3,3 млн. сўм эвазига яна қўшимча 10 та суюлтирилган газ баллонлари аҳолига етказиб берилмоқда.
Эътиборлиси, туман ҳокимлиги ҳомийлигида 15-умумий ўрта таълим мактаби қошида тикувхона ташкил этилди. Бу ерда 3 та тикув машинаси қўйилган бўлиб, ҳунар ўрганишга қизиққан хотин-қизлар ҳамда тикувчилик сирларини ўрганишга иштиёқманд ўқувчи-қизлар учун айни муддао бўлди.
Давлатимиз раҳбари раислигида 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида – “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” деганда, нафақат уларнинг йўли ёки қиёфаси яхшиланиши, балки у ерда яшовчи аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий объектлар тўлиқ ишлаши керак. Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада “темир дафтар”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари бўлмаслиги лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бугунги кунда “Бузаубай” овулидан “Темир дафтар”га киритилган 3 нафар, “Ёшлар дафтари”га киритилган 2 нафар жами 5 нафар ижтимоий-тиббий кўмакка муҳтож фуқароларга моддий кўмак кўрсатилди. 2 нафар ёш доимий ишга жойлаштирилди. 1 нафарига чорвачилик йўналишида 15 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.
Тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож 7 та оиланинг яшаш хонадонлари 75 млн. сўм маблағ сарфланиб таъмирлаб берилди.
Дарҳақиқат, бугун юртимизнинг қайси гўшасига борманг кунда бир ўзгариш, янгилик. Бунёдкорлик, ободончилик ишларидан аҳоли мамнун.
Туман марказидан қарийб, 120 км олисда жойлашган “Базаубай” овули ҳам мана шундай изчил ислоҳотлар натижасида бугун обод ва кўркам гўшага айланди.
Мутлақо янги қиёфа касб этган ижтимоий соҳа объектлари, асфальтлаштирилган йўллар, манзилларни ёритиб турган тунги чироқлар буларнинг бари – ободликдан нишона.
Зеро, обод юртда файз – барака бўлади, одамлар ўртасида меҳр – оқибат ҳукм суради, турмуш фаровон бўлади.
Бузаубай овули аҳолисига ободлик, кўркамлик манзараси муборак бўлсин!
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Ассалому алайкум азиз учқудуқликлар!
Қадрли овулдошлар, тадбиримиз меҳмонлари!
Ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” дастури бугун чекка-чекка ҳудудлардаги аҳоли пунктларида барпо этилаётган замонавий уй-жойлар, таълим муассасалари, дам олиш масканларию қатор хизмат кўрсатиш шохобчаларининг янгича қиёфасида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Албатта, одамларнинг ҳаётдан мамнунлиги, шаҳарлардагидек қулайлик ва имкониятларга эга бўлган замонавий масканларда яшаётганидан шодонлик ҳисси замирида бир ҳақиқат — қишлоқларни обод қилиш йўлидаги ислоҳотлар ётибди!
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Биргина Учқудуқ туманида сўнгги тўрт йилда овуллар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолининг ҳаёт ва яшаш даражасини ошириш, ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида “Қулқудуқ”, “Мингбулоқ”, “Узунқудуқ”, “Шалхар”, “Йўлчилар”, жорий йилда “Бузабай” ва “Кокаяз” овулларида қатор ижобий ишлар олиб борилди.
Амалга оширилган ишлар сарҳисобига тўхталадиган бўлсак, 28,8 км ичимлик сув қувурлари тортиш ва реконструкция қилиниши натижасида 5 та аҳоли пунктида 20 км узунликда тоза ичимлик суви билан таъминланди. Ушбу даврда 10 км электр тармоқлари реконструкция ва модернизация қилиниб, электроэнергия таъминоти масаласи тўлиқ ечилди.
Шунингдек, 18 км автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
Ўнлаб мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, қишлоқ врачлик пункти, овул фуқаролар йиғини биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ёки бўлмаса 1 та мактабгача таълим ташкилоти, 1 та қишлоқ врачлик пункти, 1 та овул фуқаролар йиғини биноси, 4 та сунъий қопламали стадион, 4 та болалар ўйин майдончалари бутунлай янгидан барпо этилди.
Мазкур ишларни амалга ошириш учун 2018 йилда 8168,7 млн. сўм, 2019 йилда 24259,1 млн. сўм, 2021 йилда 11971,0 млн. сўм миқдорида бюджет маблағлари сарфланди.
Ушбу рақамларни “Базуабай” овули мисолида айтадиган бўлсак, ҳудуддаги 15 – сонли умумтаълим мактаби – 1 млрд. 785 млн. сўм маблағ, 9-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти филиали бўлган овул болалар боғчаси биноси 495,5 млн. маблағ эвазига бутунлай янги қиёфа касб этди.
Шунингдек, 1 млрд. 647,6 млн. сўм маблағ сарфланиб, 1,8 км овул ички йўлларига асфальт ётқизилган бўлса, яна 0,9 км йўлга қум-шағал қопламаси тўшалди.
Овулдаги трансформатор билан биргаликда 6,5 км узунликдаги электр узатиш тармоғи мукаммал таъмирланиб, аҳолига янада сифатли электр энергияси етказиб беришга эришилди. 6 км узунликда электр узатиш тармоғи янгидан тортилди.
Бу мақсадларга жами 1млрд. 159,0 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
50 млн. сўм маблағ сарфланиб базавий алоқа станцияси таъмирдан чиқарилиб, 4 млн. сўмга чиқиндихона қурилди. 3,3 млн. сўм эвазига яна қўшимча 10 та суюлтирилган газ баллонлари аҳолига етказиб берилмоқда.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Давлатимиз раҳбари раислигида 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида – “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” деганда, нафақат уларнинг йўли ёки қиёфаси яхшиланиши, балки у ерда яшовчи аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий объектлар тўлиқ ишлаши керак. Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада “темир дафтар”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари бўлмаслиги лозим. Бунинг учун, тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бугунги кунда “Бузаубай” овулидан “Темир дафтар”га киритилган 3 нафар, “Ёшлар дафтари”га киритилган 2 нафар жами 5 нафар ижтимоий-тиббий кўмакка муҳтож фуқароларга моддий кўмак кўрсатилди. 2 нафар ёш доимий ишга жойлаштирилди. 1 нафарига чорвачилик йўналишида 15 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.
Тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож 7 та оиланинг яшаш хонадонлари 75 млн. сўм маблағ сарфланиб таъмирлаб берилди.
Дарҳақиқат, бугун юртимизнинг қайси гўшасига борманг кунда бир ўзгариш, янгилик. Бунёдкорлик, ободончилик ишларидан аҳоли мамнун.
Туман марказидан қарийб, 120 км олисда жойлашган “Базаубай” овули ҳам мана шундай изчил ислоҳотлар натижасида бугун обод ва кўркам гўшага айланди.
Мутлақо янги қиёфа касб этган ижтимоий соҳа объектлари, асфальтлаштирилган йўллар, манзилларни ёритиб турган тунги чироқлар буларнинг бари – ободликдан нишона.
Зеро, обод юртда файз – барака бўлади, одамлар ўртасида меҳр – оқибат ҳукм суради, турмуш фаровон бўлади.
Бузаубай овули аҳолисига ободлик, кўркамлик манзараси муборак бўлсин, деймиз!
Галдаги вазифа ушбу янгича қиёфа касб этган бино-иншоотлардан самарали фойдаланиш уларни асраб – авайлаш сизу бизнинг инсонийлик бурчимиз ҳисобланади!
Азиз овулошлар!
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Яна саноқли кунлардан сўнг энг улуғ, энг азиз байрам – Ватан истиқлолининг муборак 30 йиллигини катта шодиёналар билан нишонлаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллиги билан самимий муборакбод этаман!.
Барчангизни сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Ватанимизни, халқимизни Яратганнинг ўзи ёмон кўзлардан асрасин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Эътиборингиз учун рахмат!
Обод юртнинг файзи, таровати ўзгача бўлади. Зотан, озодалик, поклик, саранжом ва саришталик юртимизнинг янада кўркам бўлишига замин яратади. Бунда халқимизнинг йиллар давомида шаклланган эзгу қадрияти – ҳашар муҳим ўрин тутади.
Куни-кеча бутун мамлакатимиз бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди.
Халқимизнинг энг улуғ ва энг азиз байрами мустақиллик кунига бағишланган ушбу умумхалқ хайрия ҳашари Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги МТТ ларида ҳам уюшқоқлик билан бўлиб ўтди.
Умумхалқ хайрия ҳашарида барча ходимлар фаол иштирок этиб, ўзлари меҳнат қилаётган муассаса ҳудудлари, болалар майдончалари, ариқ ва лотокларларни тозалаш, умуман катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Энг улуғ, энг азиз байрам мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЭРКИН ВА ФАРОВОН ЯШАЙЛИК!” шиори остида маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, туман марказидаги “Нурафшон” кафесида карантин қоидаларига тўла риоя қилинган ҳолда Навоий маҳалласи томонидан байрамга бағишланган тадбири бўлиб ўтди.
Маҳалла фаоллари ва ёшлари, нуроний отахон ва онахонлари иштирок этган байрам тадбири бир пиёла чой устида ташкил этилиб, миллий урф-одатлар намойиш қилинди.
Шунингдек, шахмат-шашка, арқон тортиш, тош кўтариш ва стол тенниси мусобақаларида фао иштирок этган ёшлар рағбатлантирилди.
-Мустақиллик – буюк неъмат. Унинг замирида эркин ва фаровон ҳаёт, тинчлик ва осойишталик мужассам, ҳар бир халқ ва миллат ўз эрки ва озодлиги учун матонат ила курашиб келган, – дейди маҳалла фаоли Ойдин опа Собирова. – Ватанимиз тараққиёти, мамлакатимиздаги буюк ўзгариш ва янгиланишлар самараси юртдошларимиз турмуш фаровонлиги, хонадонлардаги қут-барака, тинчлик-осойишталик тимсолида ўзининг ёрқин ифодасини топаётир. Шу боис ҳам ҳар йили мамлакатимиз истиқлолини, у билан боғлиқ тарихий сана ва воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини чуқур англаш ва қадрлаш, муносиб нишонлаш ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётимизда алоҳида ўрин тутади.
“ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЭРКИН ВА ФАРОВОН ЯШАЙЛИК!” шиори остида маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида байрам тадбирлари айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат туйғуларини камол топтириш, тинч ва осойишта ҳаётимизга шукроналик ҳиссини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани билан ҳам аҳамиятли.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
«Uzbekistan Airways» Мустақиллик байрамига муносабати билан жорий йилнинг 1 сентябрдан 5 сентябрига қадар Ўзбекистон Республикаси бўйлаб амалга оширилаётган ички рейслар авиачипталарига 30% дан 50% гача чегирмаларни эълон қилди.
Махсус чегирмалар барча авиачипталарга амал қилиб, фақат қуйидаги шахсларга тақдим этилади;
• Якка тартибдаги йўловчилар 30%;
• Туристик гуруҳлар (5 ва ундан ортиқ киши), ўқувчилар, коллеж, лицей, ОТМ талабалари, Ўзбекистон Республикаси ИИВ, МВ, ДХХ, ДСҚ, ДБҚ тизимлари талабалари ва тингловчилари ва бошқа идоралар учун 40%;
• Оилалар учун 50% (2 ва ундан ортиқ, яъни: эр ва хотин ҳамда уларнинг 18 ёшдан ошмаган фарзандлари, ота ва унинг 18 ёшдан ошмаган фарзандлари ёки она ва унинг 18 ёшдан ошмаган фарзандлари);
• Пенционерлар учун 50%;
• Ногиронлиги бор шахсларга 50%;
• 1941-1945 йиллар уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга 50%;
• 1941-1945 йилларда уруш фронтида кўрсатган фидокор меҳнати ва уруш майдонида бенуқсон ҳарбий хизматлари учун орден ва медаллар билан тақдирланганлар учун 50%;
• Чернобил АЭС ҳалокати оқибатларини олдини олишда иштирок этган иштирок чилар учун 50%.
Юқорида кўрсатилган чегирмалар чақалоқлар ва 2 ёшга тўлмаган болаларга амал қилмайди. 2 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларга чегирмалардан фақатгина 1 тасини қўллаш мумкин. Чегирмаларни бошқа чегирмалар билан қўллаш мумкин эмас. Йўловчилар авиачипта харид қилаётганларида шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари шарт.
Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти бошланди.
Учрашувда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тизимли муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинади, тадбиркорларнинг таклифлари эшитилади.
Мулоқотда “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 600 га яқин тадбиркор, вилоят ва туманлардаги студияларда эса жами 10000 га яқин ишбилармонлар иштирок этмоқда.