LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

03 Aug 2021

     “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

     Қонун билан Меҳнат кодексининг 113-моддасига ходим карантинли ва юқумли касалликлар таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачи қарори асосида профилактик эмлашдан ўтишни рад этса (қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда), иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлигига оид қўшимча киритилди.

     “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, карантинли ва хавфли юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши белгиланди.

      Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 17 июлдан айрим тоифадаги фуқароларга мажбурий эмлаш жорий қилинган эди. Улар - тиббиёт ва таълим муассасалари, транспорт компаниялари, чакана савдо шохобчалари ходимлари, давлат хизматчилари ҳамда бошқалар. 

      Шу билан бирга, адлия вазири Русланбек Давлетов иш берувчи ходимни эмлашдан бош тортгани учун ишдан бўшатиши эмас, балки четлаштириши мумкинлигини маълум қилди.

03 Aug 2021

       Ушбу саволга Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Эъзозбек Ризаев жавоб берди:

   — Қайси вакцинани олишдан қатъи назар, уларнинг бажарадиган вазифаси бир хил. «Фақатгина фалон вакцинадан оламан», деб кутиб туриш хато йўл ҳисобланади.

     Барча вакцинанинг ишлаш механизми бир хил: вирусдан инсон ҳужайрасига ёпишиб оладиган оқсил ажратиб олиниб, бу намуна орқали инсон ҳужайраларида вирусга қарши антителоларни шакллантиришдир.

     Вакцина қаерда ишлаб чиқарилган бўлмасин, унинг вазифаси организмда ана шу антитаначаларни пайдо қилишдир.

     Баъзилар «Биринчи босқичда ўзбек-хитой вакцинасини олгандим, иккинчи босқичда Moderna олсам бўладими», деган саволлар билан мурожаат қиляпти. Агар ўзбек-хитой вакцинасида эмлаш амалга оширилган бўлса, бу 3 босқичда бўлади. Юртимизга келтирилган бошқа барча вакциналар 2 босқичда амалга оширилади. Бу вакциналар билан эмлашнинг ҳар бир босқичида алоҳида илмий текширувлар ўтказилган. Босқичлар кетма-кетлиги сақлансагина тўлиқ эмланиш амалга оширилган, деб хулоса қилинади.

     Лекин бугун фанга бир ватсинани бошқаси билан қўшиб эмлаш нима оқибатга олиб келиши тўғрисида маълумот йўқ.

     Шунинг учун ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишга ҳаққимиз ҳам йўқ. Бир неча хил вакцина билан эмланиш натижасида ножўя таъсирлар кўриниши хавфи бор. Шу сабабли юртдошларимиздан ўз ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз.

     Аммо кимдир бошқа вакцина билан эмланишни истаса, бир вакцинанинг тўлиқ дозаларини қабул қилганидан 6 ой ўтгач, бошқа истаган вакцина билан бир марта эмланиш орқали аввал шаклланган антителолар миқдорини сақлаб туриши мумкин.

     Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Ўзбекистон 24» телеканали билан ҳамкорликда ташкиллаштирган «COVID-19»: Савол-жавоб» телелойиҳаси доирасида олиб борди.

02 Aug 2021

     Бугун, 2 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг навбатдаги брифинги бўлиб ўтди.

    Унда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлатимиз раҳбари иштирокида жорий ҳафтада кутилаётган муҳим тадбирлар ҳақида журналистларга маълумот берди.

    Унга кўра, бу ҳафтада ҳам бир қатор тадбирлар кун тартибига киритилган. Жумладан, Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилиш бўйича тақдимот ҳамда ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор ўтказилиши режалаштирилган.

     Жума куни Президентимиз Туркманистоннинг Аваза шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашувида иштирок этади.

 

02 Aug 2021

    ССВ Матубот хизматининг кўзойнаклар ва улардан фойдаланиш ҳақидаги саволларига Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов жавоб берди:

    – Ҳозирги кунда болалар ўртасида кўзойнак тақувчилар сони кўп учрамоқда. Бу бир томондан эндиликда кичкинтойларнинг кўзи эртароқ ёшида текширилаётганига боғлиқдир. Шу туфайли уларда кўриш нуқсонлари ўз вақтида аниқланади.

    Иккинчи томондан, кўзга барвақт зўриқиш келиши (масалан, мобиль телефонга кўп тикилиш, соатлаб телевизор экрани олдида ўтириш туфайли) мактаб ёшидаги ва мактабгача ёшдаги болаларда яқиндан ва узоқни кўролмаслик авж олишига олиб келмоқда. Бундай вақтда нотўғри танланган кўзойнак кўз оптик тизимининг меъёрий ривожланишини издан чиқаради ва кўриш фаолиятига зарар етказиши ҳам мумкин.

    Тўғри танланган кўзойнак кишига катта ёрдам беради, яъни атрофдаги нарсаларни яхшироқ кўришига имкон яратади. Ҳатто кейинчалик кўриш қувватини тиклаши ҳам кузатилган. Яхши танланган гардиш юз кўринишини бузмайди, уни бир қадар чиройли курсатади.

– Кўзойнакнинг юз тузилишига мувофиқ бўлиши саломатлик учун қанчалик фойдали?

– Кўзойнак танлашда гардишнинг яхши ўрнашганлигига эътибор бериш керак. Кишиларнинг юз тузилиши турлича бўлганлиги сабабли гоҳо юзга мос келадиган гардишни танлаш кийин. Демак, гардишни, албатта, мутахассис танлаб бериши лозим.

    Гардиш бурун ва қулоқни оғритмаслиги ва шу билан бирга ойнакларнинг кўзга нисбатан тўғри жойлашувини таъминлаши ҳамда кўз қорачиғи орасидаги масофага мос келиши керак.

    Ҳимоя кўзойнаклари қулай ва енгил бўлиши лозим. Кўзни жуда ўткир нурдан ҳимоя қилиш учун кўнғир, кўк, сарғимтир, кулранг ёки яшил кулранг ойнакли кўзойнаклар қўлланилади.

    Заҳарли буғ ва газлар бор жойда ишлайдиганлар учун ярим ниқобли ёки противогазли кўзойнаклар ишлатилади. Ҳимоя кўзойнагини, албатта, мутахассис шифокор иштирокида танлаш керак. Бундай кўзойнакни ишдан кейин тоза латта билан артиб қутичага ёки махсус ниқобга солиб қўйган маъқул.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

30 Jul 2021

     Коронавирусга қарши вакцинани охирги дозасини қабул қилгандан сўнг 6 ойдан кейин ҳомиладор бўлиш тавсия қилинади.

     Ҳомиладорликни режалаштириш вакцинадан сўнг бўладиган ўзгаришларга қараб ўзгариши мумкин.

 Коронавирусга қарши вакцина олгандан сўнг, қанча вақтдан кейин ҳомиладор бўлиш мумкин?     Эслатиб ўтамиз: ҳомиладорларга ва 18  Коронавирусга қарши вакцина олгандан сўнг, қанча вақтдан кейин ҳомиладор бўлиш мумкин?ёшга тўлмаганларга вакцина қилинмайди.

30 Jul 2021

     БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси 2021 йил 28 июлда Ўзбекистон учун кучга кирди, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

 

     Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрдаги резолюция билан қабул қилинган ва 2008 йил 3 май куни кучга кирган. Конвенция Ўзбекистон томонидан 2009 йил 27 февраль куни имзоланган ва 2021 йил 7 июнда ратификация қилинган эди.

     Ушбу халқаро шартномада бугунги кунда 184 та давлат иштирок этади.

     Конвенция 50 моддадан иборат бўлиб, унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, жумладан, уларнинг яшаш, фуқаролик, ҳуқуқий ҳимояланиш, таълим олиш, саломатликларини сақлаш, бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, бўш вақтни ўтказиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланиш, етарлича турмуш шароитига эга бўлиш ва ижтимоий ёрдам ҳуқуқлари эътироф этилган ва уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатлари белгиланган.

     Конвенция  қоидаларига риоя этилиши ва иштирок этувчи давлатлар мажбуриятларининг бажарилишини мувофиқлаштириш ва бунинг мониторингини амалга ошириш мақсадида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ташкил этилган.

     Ўзбекистонда 2017 йилда Президент фармойиши билан ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича комиссия ташкил этилган, «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони, шунингдек, 2020 йил «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонуни қабул қилинган.

     «Конвенцияда иштирок этиш миллий қонунчиликни ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга ҳамда уларни халқаро норма ва стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади», — дейилади ТИВ хабарида.

30 Jul 2021

    БМТ томонидан 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни, деб эълон қилинган.

   Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик”, яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли.

     БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллиондан ортиқ инсон одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган.  

     Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёллар ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва бола алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

     Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

     Ўзбекистон 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган "Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши курашиш тўғрисида"ги конвенцияга қўшилди. 2008 йилнинг 17 апрелида одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинган эди.

    2020 йилнинг 17 августида янги таҳрирдаги “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонунга одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби ва жабрланганлар ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш тартиби, уларга тақдим этиладиган хавфсизлик чоралари, бошқа кафолатлар каби янги нормалар киритилди.

  Одам савдосига қарши курашишда божхона органлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

     Хусусан, “30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни” муносабати билан Республика "ISTIQBOLLI AVLOD" ижтимоий-ахборот маркази, Ташқи меҳнат миграцияси мутахассислари ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси, Ички ишлар ходимлари иштирокида “30 кунлик одам савдосига қарши курашиш ойлиги” доирасида Тошкент жанубий вокзалида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилди.

     Тарғибот-ташвиқот тадбирлари давомида аҳолига бу жирканч иллатнинг мазмуни, унинг туб илдизлари хусусида батафсил тушунтиришлар берилди.

     Тадбирлар давомида одам савдосининг олдини олишга қаратилган  100 дан ортиқ деворий сурат, плакатлар, брошюралар тарқатилди.

      Мухтасар айтганда, одам савдосига қарши курашиш борасида аҳолининг турли қатламлари, айниқса, аёллар ва вояга етмаган шахсларга одам савдоси каби иллатнинг фаровон ҳаётимизга соладиган хавфи ва салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш, яъни аҳоли гавжум жойларида, маҳаллаларда, турли хил таълим муассасаларида, давлат идоралари, корхона, муассаса, ташкилотларда тарғибот ва ташвиқот ишларини ўтказиш, кенг тушунтириш ишларини амалга ошириш, уларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш асосий вазифалардан биридир.  

29 Jul 2021

     27 июль куни Ўзбекистон—Mercy Corps ташкилоти АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) маблағ билан таъминловчи «Ўзбекистонда таълим ва болалар учун озиқ-овқат Макговерн-Доул халқаро дастури» доирасида Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига таяниб «Gazeta.uz» хабар берди.

    «Бюджети 21,5 миллион долларга тенг ушбу дастур 400 дан ортиқ мактабгача таълим муассасасини озиқ-овқат билан таъминлайди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги 245 та қишлоқ ва кам таъминланган мактабгача таълим муассасасидаги 90 минг нафар бола учун овқатланиш ва таълим олишни такомиллаштириш учун қўшимча инфратузилмани ривожлантиришни кўзда тутади», — дейилади элчихона хабарида.

    Мазкур маблағ мактабгача таълим муассасаларини кундалик озиқ-овқат билан таъминлаш, саводхонлик даражасини ошириш, ўқитувчилар ва тиббиёт ҳамшираларини ўқитиш, мактабгача таълим муассасалари, жумладан, синф хоналари, ошхона ва жамоат ҳожатхоналарини таъмирлаш учун йўналтирилиши кўзда тутилган.

   Дастур 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун сифатли таълим олишни кенгайтириш бўйича ҳукуматнинг таълим секторига оид режасини (2019—2023 йиллар учун) қўллаб-қувватлайди.

   Тўлиқ мактабгача таълимни олиш мақсадида болалар жисмоний ва ақлий ривожланишини таъминлаш учун бу дастур, шунингдек, овқатланиш, саломатлик ва гигиенанинг илғор усуллари ҳақида ҳамда мактабгача таълим муассасаларида таомларни хавфсиз тайёрлаш ҳақида хабардорликни оширишни ҳам ўз ичига олади.
 

    «Бу, айниқса, COVID-19 Ўзбекистон ва бутун дунёда болаларнинг таълим олишига салбий таъсир кўрсатаётган бир пайтда жуда муҳимдир. Мактабгача таълим муассасаларида юқумли касалликлар тарқалишини бартараф этиш учун ушбу дастур санитария ва гигиена ҳолатларини яхшилаш ҳамда тегишли андаза ва амалиётларни қўллаш бўйича ўқитувчилар, тиббиёт ҳамширалари ва ошпазларни ўқитишни кўзда тутади», — дейилади хабарда.

    АҚШ элчихонаси вакилларининг таъкидлашича, мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг тўлақонли овқатланиши ота-оналар учун ўз болаларини мактабгача таълим муассасаларига қайта юбориш учун энг самарали рағбатлантирувчи омиллардан бири ҳисобланади.

    «Дунёдаги барча болалар қаторида Ўзбекистондаги болажонларга ҳам давом этаётган COVID-19 пандемияси салбий таъсир қилмоқда. Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу борадаги ҳамкорликка қўшилиши саломатлик ва санитария ҳолатини янада яхшилашга имкон беради. Биргаликда ҳаракат қилиб, биз мактабгача ёшдаги болаларнинг соғлом ва хавфсиз бўлишларини таъминлашимиз мумкин», — дея қайд этади АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дениел Розенблюм.

    «Кичик ёшдан саводхонлик асосларини ўрганиш келажакда академик ва касбий муваффақиятга эришиш эҳтимолини оширади. Болаларни уйда ва мактабгача таълим дастурлари доирасида эрта ривожлантириш бўйича комплекс тадбирлар умрбод уларни ўқишдаги муваффақиятга тайёрлаши мумкин», — дейилади АҚШ элчихонаси баёнотида.

29 Jul 2021

    2022 йил 1 январдан Тошкент шаҳрида, 2022 йил 1 июлдан эса бутун республика ҳудудида ўлимни қайд қилиш бўйича қуйидагилардан иборат композит хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилади. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги хабар берди.

    Тиббиёт бирлашмаси ходими вафот этганлик тўғрисидаги маълумотномани расмийлаштириб, «Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан, перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали электрон шаклда ФҲДЁ органига юборади. Бунда, вафот этганлик тўғрисидаги тиббиёт маълумотномаси вафот этган шахснинг яқин қариндошлари аризасига асосан уларга қоғоз шаклида берилиши ва улар тўғридан-тўғри ФҲДЁ органига мурожаат қилиши ҳам мумкин.

   ФҲДЁ органи маълумотнома келиб тушгандан сўнг бир иш куни мобайнида шахснинг ўлимини «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимида қайд қилиб, QR-код орқали тасдиқлайди.

   Шундан кейин ФҲДЁ органи вафот этган шахснинг яқин қариндошлари аризасига асосан уларга вафот этганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини гербли гувоҳномада экстерриториал тамойил асосида расмийлаштириб беради ёки почта алоқаси орқали аризада кўрсатилган манзилга юборади.
29 Jul 2021

     Ҳукумат қарори (470-сон, 28.07.2021 й.) билан Миллий гвардия харбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошлари мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

     Низомга кўра, Миллий гвардия харбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошлари мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни ҳарбий хизматчининг хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида етказилган тақдирдагина қопланади.

     Зарар ўрнини қоплаш масаласини кўриб чиқиш учун Миллий гвардия органларида комиссиялар тузилади.

    Шунга кўра, харбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошлари зарар ўрнини қоплаш учун Миллий гвардия органлари раҳбарига билдирги (ариза) билан мурожаат қилади.

    Зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги масала 10 кун ичида, қўшимча ҳужжатларни ўрганиш талаб этилганда эса 20 кун ичида кўриб чиқилади.

     Комиссия қарори 3 кун муддатда манфаатдор шахсларга – харбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошларига етказилади.

     Комиссия қарори қабул қилингач, Миллий гвардия органлари томонидан 10 кун муддатда манфаатдор шахсларга – харбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошларига етказилган зарар қоплаб берилади.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: