LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

10 Aug 2021

    Ўзбекистон Адлия вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритишни таклиф этувчи қонун лойиҳасини муҳокамага эълон қилди. Адлия вазирлиги хабарида айтилишича, тузатишлар энг яхши хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

    Унга кўра:

  •     муддати ўтган суғурта полиси ёки суғурта полисида назарда тутилмаган шахс автотранспорт воситасини бошқарганлиги учун жарима миқдори икки бараварга камайтирилмоқда (амалда 245 минг сўм, эндиликда 122,5 минг сўм этиб таклиф этилмоқда);
  • транспорт воситалари эгалари томонидан суғурта полисини олмаганлик учун жарима фуқаролар учун икки бараварга (амалда 245 минг сўм, эндиликда 122,5 минг сўм этиб таклиф этилмоқда), мансабдор шахсларга эса учдан бир қисмга (амалда 735 минг сўм, эндиликда 490 минг сўм этиб таклиф этилмоқда) камайтирилмоқда;
  • фуқаролар томонидан валюта қийматликларини ноқонуний олиш ёки ўтказиш учун жарима миқдори БҲМнинг ўн бараваридан (2 миллион 450 минг сўм) йигирма бараваригача (4 миллион 900 минг сўм) бўлган миқдор оралиғида белгиланмоқда (амалда қатъий миқдорда — 4 миллион 900 минг сўм этиб белгиланган);
  •   бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан жарималар миқдори деярли икки бараварга камайтирилмоқда (амалда 1 миллион 200 минг сўмдан 2 миллион 400 минг сўмгача, эндиликда 735 минг сўмдан 1 миллион 700 минг сўмгача, бир йил ичида қайта содир этилганда амалда 2 миллион 400 минг сўмдан 4 миллион 900 минг сўмгача, эндиликда 1 миллион 700 минг сўмдан 2 миллион 400 минг сўмгача этиб белгилаш таклиф этилмоқда);
  •    йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланганлик учун жарима миқдори уч бараварга камайтирилмоқда (амалда фуқаролар учун 4 миллион 900 минг сўмдан 24 миллион 500 минг сўмгача, эндиликда 1 миллион 700 минг сўм этиб, мансабдор шахслар учун 12 миллион 200 минг сўмдан 36 миллион 700 минг сўмгача бўлса, эндиликда 7 миллион 300 минг сўм этиб белгилаш таклиф этилмоқда);
  • паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори икки баравардан ҳам кўпроққа камайтирилмоқда (223-модда);
  • Ўзбекистон фуқароси паспорт олмагани ёки унинг шикастланиши, йўқолгани, шунингдек, чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси бўлмагани, яшаш гувоҳномасининг шикастлангани ёки йўқолгани учун амалдаги 122 минг сўмдан 735 минг сўмгача бўлган жарима миқдори 81,6 минг сўмдан 245 минг сўмгача бўлган миқдоргача этиб белгилаш таклиф қилинмоқда;
  • Фуқаролар томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган, вақтинча ёки доимий рўйхатдан ўтмаган фуқароларни турар жой биноларида яшашга рухсат берганлик учун амалдаги 2 миллион 400 минг сўмдан 735 минг сўмгача этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.

    Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида, шунингдек, транспорт воситалари ҳайдовчиларига қулайликлар яратувчи қуйидаги янгиликлар кўзда тутилган:

  •    ҳайдовчиларга транспорт воситасини бошқараётганда қўлларини ишлатмасдан мулоқот қилиш имконини берувчи минигарнитуралар ва бошқа техник қурилмалар орқали телефондан фойдаланиш ҳуқуқи берилмоқда. Шунингдек, транспорт воситасини бошқараётганда телефондан фойдаланиш ҳуқуқбузарлигини жазо қўлланилгандан сўнг бир йил давомида такроран содир этилгандаги кучайтирилган жавобгарлик чораси бекор қилинмоқда;

    Ҳужжатда қайд этилишчича, бугунги кунда деярли барча замонавий транспорт қурилмалари техник алоқалар қурилмалари билан жиҳозланган бўлиб, улар қўллардан фойдаланмаган ҳолда телефонда мулоқот қилиш имконини беради. Кўпгина мамлакатларда, шу жумладан, АҚШ, Россия, Қозоғистон, Польша ва бошқа мамлакатларда bluetooth орқали, телефон орқали мулоқот қилишга рухсат берилган.

  • автомобиль салонининг олд қисмига монитор (дисплей) ўрнатганлик учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинмоқда;
  • ҳайдовчиларга, агарда уларнинг Ўзбекистон Республикасида берилган биометрик паспорти ёки ИД-картаси ёнида бўлса, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни, тех. паспорт, суғурта полисини ёнида олиб юрмасдан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи берилмоқда;

   Бунда, ушбу ҳужжатлар мавжудлиги ДЙҲХХ ходими томонидан электрон тизим орқали транспорт воситаси тўхтатилган жойда мустақил текширилади. Мазкур янгиликни амалиётга жорий қилиш мақсадида Ички ишлар вазирлигига керакли интеграция ишларини 2021 йил 1 декабрга қадар якунлаш вазифаси юклатилмоқда.

  • ҳаракат тезлигини ўлчашда тезликни ўлчайдиган махсус қурилмалар томонидан қайд этилган тезлик кўрсаткичларидан қурилмалар томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган соатига 5 километрлик нуқсонни айириб ташлаш бўйича қоида жорий этилмоқда.
09 Aug 2021

  Олимпиада аксарият атлетлар учун – Кевин Дюрант, Наоми Осака каби юқори маош ишлаб топадиган спортчилардан ташқари – бу элита даражасидаги молиявий рақобат курашларидир.

    Спорт анжомлари учун харажатлар, мураббийлар учун маошлар, машғулотларга сарфланадиган маблағлар ва тиббий харажатлар – буларнинг бари катта сумма талаб этадиган юқори харажатлардир. Спорт – жуда қиммат соҳа, айниқса, профессионал спорт. Олимпиадада совриндор бўлиш учун эса, албатта, ҳаваскор даражадаги тайёргарлик камлик қилади. Ўз навбатида, мамлакатлар учун атлетларини шоҳсупадан жой олиши катта ифтихор, ғурур ҳамдир. Ғолиблар эса турли давлатларда ҳар хил эътироф этилади: кимдир катта миқдорда пул берса, кимдир бепул тиббий суғурта, яна кимдир бир умрлик ойлик нафақа тайин қилади, дея ёзади Форбес.

Масалан, АҚШ Токио Олимпиадасида совриндор бўлган ҳар бир атлетни – олтин 37,500 доллар, кумуш учун 22,500 доллар ва бронза учун 15,000 доллар ҳамда бепул тиббий суғурта каби бир қатор имтиёзлар билан рағбатлантиради. Бу кўрсаткич Рио Олимпиадаси билан анча фарқланган: олтин учун 25,000 доллар, кумуш учун 15,000 доллар, бронза учун 10,000 доллар.

    Мезбон мамлакат Япония ҳам Олимпиада ғолибларига деярли худди шундай мукофот пуллари топширади: олтин учун тахминан 45,000 доллар, кумуш учун 18,000 доллар ва бронза учун 9000 доллар – бейсболдан ташқари, чунки Япония Олимпия қўмитаси мамлакат бейсбол терма жамоаси агар Олимпиадада ғалаба қозонса, ҳар бир спортчига қўшимча 45,000 доллар миқдорида мукофот пули берилишини ваъда қилган. (Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкент вақти билан 15:00дан бейсбол бўйича Япония термаси финал баҳсида АҚШ терма жамоасига қарши кураш олиб бормоқда. Ҳисоб японлар фойдасига: 1 0).

    Ҳамма давлатлар ҳам Олимпиадада зафар қучган спортчиларни рағбатлантирмайди. Масалан, Буюк Британия, Янги Зеландия, Норвегия ва Швеция каби давлатлар медаллар учун мукофот пуллари беришмайди. Аммо кўплаб мамлакатлар ўз қаҳрамонларини яхши миқдордаги мукофот пуллари билан сийлайдилар. Австралия, Бразилия, Канада, Финляндия, Португалия, Сербия ва Швейцария каби давлатларда медаллар учун топшириладиган мукофот пуллари 15,000 - 70,000 доллар оралиғида саналади. Бироқ шундай мамлакатлар ҳам борки, улар Олимпиадада совриндор бўлган атлетлар учун жуда катта миқдордаги мукофот пуллари таклиф этишади.

    Қуйида, Олимпиада совриндорлари учун 6 хонали (АҚШ доллари) рақамларда мукофот пули тақдим этувчи мамлакатлар:

Сингапур

    Олтин медаль учун мукофот: 1 миллион Сингапур доллари (738,000 доллар)

  Жануби-шарқий осиёликлар якка тартибдаги олтин медаль соҳибига 1 миллион Сингапур доллари, кумуш медаль эгалари учун 500 минг, бронза медаллари учун эса 250 минг Сингапур доллари миқдорида мукофот пули ажратади. Умумжамоа ҳисобида иштирок этадиган спортчилар учун каттароқ суммада мукофот пули тақсимланади. Дарвоқе, бугун Токио Олимпиадасида иштирок этган охирги сингапурлик атлет ҳам Олимпия медалларидан бенасиб қолди. Ёдингизда бўлса, Рио Олимпиадасида афсонавий сузувчи Майкл Фелпсни ўзининг энг севимли услуби баттерфляй йўналишида доғда қолдирган Жозеф Скулинг Сингапурга Олимпиадалар тарихидаги илк олтинни тақдим этган эди.

Хитой Тайпейи (Тайвань)

   Олтин медаль учун мукофот: 20 миллион Янги Тайвань доллари (716,000 доллар)

   Токиодаги оғир атлетика беллашувларида тайпейлик атлет Куо Син-Чжунь -59 килограммгача бўлган аёллар баҳсида Олимпиада рекордини ўрнатиб, олтин медалга эга чиқди. Хитой Тайпейи бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, ҳаттоки 7 8 ўринларни қўлга киритган спортчилар учун ҳам 900,000 Янги Тайван доллари (32,000 доллар) миқдорида мукофот пули ажратади.

Индонезия

   Олтин медаль учун мукофот: 5 миллиард Индонезия рупияси (346,000 доллар)

Индонезиялик спортчилар учун ҳам мукофот пули яхшигина. Ўз навбатида, Рио Олимпиадасида олтин медални қўлга киритган бадминтончилар Тонтови Аҳмад ҳамда Лилияна Натсирлар 5 миллиард Индонезия рупияси миқдоридаги мукофот пули билан рағбатлантирилган эди. Индонезия ҳукумати эса Токио Олимпиадаси ғолибларига бунданда зиёдроқ мукофот пули берилишини ваъда қилган эди. Токиодаги беллашувларда бу сафар ҳам бадминтончилар мамлакат учун жамоавий баҳсларда олтин медаль олиб келди. Грейсия Полий ва Априяни Рахаю хитойлик рақибаларини мағлуб этиб, ғолибликни қўлга киритишди. Ўз навбатида, Индонезияда Олимпиада ғолибларига 1400 доллар миқдоридаги бир умрлик ойлик нафақа ҳам тўлаб борилади.

Бангладеш

   Олтин медаль учун мукофот: 300,000 доллар

Миллий олимпия қўмитаси расмийсига кўра, ҳали ҳеч бир спортчиси Олимпиада ғолиблигини қўлга киритмаган Бангладеш олтин медаль учун 300 минг доллар, кумуш учун 150 минг доллар ва бронза учун тахминан 100 минг доллар миқдорида мукофот пули берилиши ваъда қилинган.

Қозоғистон

   Олтин медаль учун мукофот: 250,000 доллар

Қозоғистон ҳукумати олтин медаль соҳибларига 250 минг доллар, кумуш медаль эгаларига 150 минг доллар ва бронза медаль соҳибларига 75 минг доллар миқдорида мукофот берилишини эълон қилган эди. Бугунгача қозоғистонлик атлетлар 7 та бронза медаль олишга улгуришди.

Малайзия

   Олтин медаль учун мукофот: 1 миллион Малайзия ринггити (237,000 доллар)

Индонезия сингари, Малайзия ҳукумати ҳам медаль соҳибларига бир марталик тўлов ва ойлик нафақа беради: олтинга тахминан 237 минг доллар, кумушга 71 минг доллар ва бронзага 24,000 доллар, ойига тахминан 1200, 700 ёки 470 доллар миқдорида нафақа тўлаб борилади. Ҳукуматнинг 2016 йилги қарорида белгиланишича, мамлакат паралимпия спортчилари ҳам худди шундай миқдорда мукофотланадилар.

Италия

   Олтин медаль учун мукофот: 180,000 евро (214,000 доллар)

Италия олтин медаль соҳибларига 180 минг евро - бу 2016 йилги Олимпиада мукофот пулидан 20 фоиз кўп - кумуш учун 90 минг евро, бронза учун эса 60 минг евро мукофот пули тўлайди. Ҳозирча европаликлар 10 та олтин, 10 та кумуш ҳамда 18 та бронза медаллари билан Токио Олимпиадаси рейтингида 8- поғонада боришмоқда.

Филиппин

   Олтин медаль учун мукофот: 10 миллион Филиппин песоси (200,000 доллар)

Оғир атлетикачи Ҳидилин Диас мамлакатига Олимпиадалар тарихидаги биринчи олтин медални тақдим этиш билан биргаликда Олимпия рекордини ҳам ўрнатди. Диас, шунингдек, 200 минг доллар миқдоридаги мукофот пулига ҳам эга чиқади ва Филиппин Олимпия комиссиясининг қўшимча 5 миллион песо (100 минг доллар)ига ҳам. Президент Родриго Дутерте Ҳидилин Диас туғилиб ўсган Замбоанга шаҳри ва атлетнинг у ерда машғулот ўташи учун ёрдам берган компанияларга умумий ҳисобда 48,5 миллион Филиппин песоини (970 минг доллар) ажратди. Шунингдек, Диасга уй, мамлакат бўйлаб бепул транспорт ва иккита авиакомпанияда чексиз рейслар ваъда қилинди.

Ўзбекистон

   Олтин медаль учун мукофот: 200,000 доллар

Президент қарори билан Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари олтин медаль учун – 200,000 доллар, кумуш медаль учун – 100,000 доллар, бронза медаль учун – 50,000 доллар миқдоридаги бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Венгрия

   Олтин медаль учун мукофот: 50 миллион венгер форинти (166 минг доллар)

Венгрия Олимпиада олтин медаль соҳиблари учун тахминан 166 минг доллар (солиқлар билан бирга), кумуш медаль эгалари учун 118 минг доллар ва бронза медаль совриндорлари учун 94 минг доллар ваъда қилмоқда, шунингдек, тўртинчи-саккизинчи ўрин соҳиблари ҳам пул мукофотига эга бўладилар. Бугунгача венгерлар ҳисобида 6 та олтин, 7 та кумуш ва 6 та бронза медаллари мавжуд. Умумжамоа ҳисобида эса 12- ўринда боришмоқда.

Косово

   Олтин медаль учун мукофот: 100,000 евро (119,000 доллар)

Косово ҳукумати Олимпиада чемпионларига 100 минг евро, кумуш медали соҳибларига, 60 минг евро ҳамда бронза медали эгаларига 40 минг евро миқдорида пул мукофоти тўлайди. Совриндор спортчилар мураббийлари эса ўзи тайёрлаган атлетлар мукофот пулларининг ярми миқдорида, мос равишда: 50, 30, 20 минг евро оладилар. Шунингдек, Косово Олимпия қўмитаси ҳам Олимпия совриндорлари учун ўз мукофотини тақдим этишни режалаштирмоқда, аммо ҳали аниқ суммаси маълум эмас.

Эстония

   Олтин медаль учун мукофот: йилига 4600 евро (5500 доллар)

Эстония Олимпиада совриндорлари учун бир марталик мукофот пули тақдим этмайди, аммо олтин медални қўлга киритган эстониялик спортчи ҳар йили давлатдан 4600 евро (5500 доллар) миқдорида нафақа олиб боради. Бу дегани, масалан, 29 ёшли Олимпия чемпиони 78 ёшга киргунича, 300 минг доллар миқдорида нафақа олган бўлади.

09 Aug 2021

       Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги 291-сонли Қарори билан тасдиқланган “Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисида“ги Низомга асосан чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидаги муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун танлаб олиш тадбирлари 2021 йилнинг 10 август кунидан 2022 йилнинг 10 февраль кунига қадар туманда ўтказилади. Ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликдан ўтиш ёки муддатли ҳарбий хизматни ўташ истагида бўлган чақирилувчилар яшаш жойидаги туман мудофаа ишлари бўлимига мурожаат қиладилар. Танловга чақириш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этиш ҳуқуқига эга бўлмаган, соғлигининг ҳолати бўйича ҳарбий хизматни ўташга яроқли бўлган чақирилувчилар жалб этилади. Танловда иштирок этишда чақирилувчиларнинг сони чекланмайди. Танлов чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш ва якка тартибда суҳбат ўтказиш мақсадида туман ва шаҳар ҳокимининг қарори билан тузиладиган Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш, улар билан касбий танлов ҳамда якка тартибда суҳбат ўтказиш бўйича танлов кенгаши томонидан ташкил этилади ва ўтказилади. Танловнинг шаффофлигини бевосита кузатиб бориш учун мазкур жараёнга чақирилувчиларнинг ота-оналари таклиф этилади.

   Умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашга ва якка тартибда суҳбатга чақирилувчилар рўйхат асосида фуқаролик паспорти билан киритилади.

  Умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашда чақирилувчилар куч, тезлик ва чидамлиликни аниқловчи нормативларни топширадилар.

   Якка тартибда суҳбат жараёнида чақирилувчиларнинг маҳалла ва жамиятда тутган ўрни, оилавий аҳволи, обрў-эътибори, юриш-туриши, қизиқишлари, Ўзбекистон тарихи, буюк саркардаларимиз ва аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятига доир билимлари аниқланади, шунингдек, умумжисмоний тайёргарлик ва касбий танлов бўйича ўтказилган синов натижалари асосида чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ёки уларнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташи юзасидан тавсия берилади ёки тавсия берилмайди. Чақирилувчилар танловда бир йилда фақат бир марта иштирок этадилар.

УЧҚУДУҚ ТУМАНИ МУДОФАА ИШЛАРИ

БЎЛИМИ БОШЛИҒИ ВВБ.  О.Рўзиев

07 Aug 2021

        Мухтарам Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномаларида “чин етимларга ҳаётда ўз ўрнини топишга ёрдам бериш, уй-жой билан таъминлаш – нафақат вазифамиз, аввало, инсоний бурчимиздир” деган фикрлари ҳар бир инсоннинг юрагигача етиб борди.

      Чин етимлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни “Меҳрибонлик” уйларига жойлаштириш энг сўнгги чора сифатида белгиланган, бундай болаларни оилалар тарбиясига бериш бирламчи вазифа эканлигига алоҳида эътибор қаратилган.

  “Ҳар бир бола оилавий муҳитда тарбияланишини таъминлаш мақсадида “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланаётган тарбияланувчиларнинг оила бағрида, яқинлари меҳри ва эътиборида ўсиб улғайиши бугунги кундаги долзарб масалалардан бири эканлигини инобатга олган ҳолда Учқудуқ туман ҳокими С.Ҳамроевнинг сайъи-ҳаракатлари натижасида, Томди туман “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчиларидан 2007 йил 14-январь куни Учқудуқ туманида туғилган, 7-синф ўқувчиси Шохназарова Малика Ботировна тоғаси фуқаро Шохназаров Азиз Ботирович васийлигига ҳамда 2018 йил 24 август куни туғилган Бекматова Феруза Илхом қизи отаси Абдувалиев Илхомжон Дунайевичларга яъни ўз оилалари бағрига қайтарилди. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Туман ҳокимлиги вояга етмаганлар

ишлари бўйича Идоралараро комиссияси

масъул котиби    Исломова Гулшода

06 Aug 2021

     Ёши улуғ инсонлар билан суҳбатлашар экансиз, улар тилидан тушмаётган шукроналик, эл-юртга тинчлик-омонлик, элга тўкин-сочинлик тилаб қилинаётган дуолардан кўнгилда ёруғ туйғулар уйғонади. Ҳаётнинг не-не сир-синоатлари-ю кутилган-кутилмаган қийинчиликларига дош бериб, ёруғ кунларга ишончларини сусайтирмай яшаган бундай инсонларнинг ибратли умр йўли нафақат уларнинг ўғил-қизларига, балки бугун катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган барча ёшларга сабоқ бўлишга арзийди.
     Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Қари билганни пари билмас” деган мақоллар бор. Улар замиридаги маъно шуки, кексалик умр дарахтининг ҳар жиҳатдан вояга етган, ҳосили пишиб етилган, биргина соясининг ўзи минг дардга даво, ҳар бир сўзи минг маънога эга фаслидир. Кексалари бор уйда қут-барака, тинчлик-тотувлик, аҳил-иноқлик бўлиши ҳам шундан. Умрини ҳалол меҳнат билан ўтказган, солиҳ фарзандлар тарбиялаб етиштирган, ўзидан ибратли амаллар қолдираётган бундай инсонлар билан мулоқот қилишнинг ўзи катта бахт.

     Бугун туманда Ўзбекистон  Республикаси Мустақиллигининг ўттиз йиллик байрами  муносабати билан кекса авлод вакиллари учун “Қариялар — хонадонларимизнинг файзу фариштаси” мавзусида  концерт дастури ташкиллаштирилди.

     Учқудуқ туман ҳокимлиги, туман маданият  бўлимига қарашли “Қизилқум” маданият маркази, “Учқудуқ” маданият саройи ижодий ходимлари билан хамкорликда муҳташам “Оқ сарой” тўйхонасида ташкил этилган байрам тадбирида Учқудуқ тумани маркази ва олис овулларида истиқомат қилаётган Ватанимиз тараққиёти, эл-юрт фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшиб, эндиликда кексалик гаштини сураётган нуронийлар билан учрашув ташкил қилиниб кекса авлод вакилларига эҳтиром, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш учун ажойиб имконият бўлди.  Туман ҳокими томонидан Туманда фаолият юритган ва юритиб келаётган фидоий нуронийлар ташаккурнома  ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар

05 Aug 2021


     Бугун Учқудуқ туманида вилоят прокурори Бахтиёр Аҳмедов ва туман ҳокими Соли Хамроев иштирокида сайёр қабул ўтказилди.
Қабул бошланишида сўзга чиққан вилоят прокурори Б.Аҳмедов ва туман ҳокими С.Хамроевлар қабулдан кўзланган мақсад аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммоларга ечим топиш эканлигини таъкидлашди.
    Ўтказилган юзма-юз учрашувда қабулга келган 37 нафар фуқаролардан 44 та мурожаатлар келиб тушди.
Сайёр қабул давомида Шимолий кон бошқармаси, туман соғлиқни сақлаш бўлими, мактабгача таълим ташкилоти, тижорат банклари, бандликка кўмаклашиш маркази туман бўлими ва бошқа ташкилотларга мурожаатнинг ижроси юзасидан муддатлар белгилаб берилди ва алоҳида назоратга олинди.
Жумладан, Умида Шарипова тиббиёт коллежини тугатган мутахассислиги бўйича ишлаш истагида. У “Деҳқон бозори” МЧЖ га дизенфектор вазифасига ишга юборилди.
    Мамлакат Сухарукова ўғли Александр Сухаруковни 2012 йилдан бери ЖИЭМ да жазони ўтаётганлиги, ёлғиз бошқа қаровчиси йўқ она сифатида ўғлини муддатидан олдин ЖИЭМ озод этишда кўмак сўраб мурожаат қилди. Ушбу мурожаат вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назорат олинди.
    Яна бир фуқаро Юлдуз Қаршиеванинг иш сўраб қилган мурожаати шу ерни ўзида ижобий ечимини топиб, “Йўлчилар” ОФЙ қошида жамоатчилик асосида ишга юборилди, 3-синфда ўқийдиган фарзандига мактаб формаси ва ўқув қуроллари олиш учун ҳомийлар кўмагида 500 000 сўм миқдорида пул маблағи ажратилди.
“Шалхар” овулидан сайёр қабулга ташриф буюрган Нурлан Кузенбаев кредит олиб, чорвачилик билан шуғулланиш истагини билдирди. Тижорат банк мутасаддиларига масалани ижобий ҳал этиш юзасидан тавсиялар берилди.
    Шунингдек, Н.Кузенбаевга уйини таъмирлашга моддий кўмак кўрсатилиб, “АRISTON” сув иситиш мосламаси ўрнатишда амалий ёрдам бериладиган бўлди.
    Бандлик масаласида мурожаат қилган Ахат Акрамов туман Ахборот кутубхона марказига электрик вазифасига ишга юборилди.

Таъкидлаш жоизки, мурожаатларни кўриб чиқишда узоқ вақтдан буён ечимини топмаётган муаммоларни ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқларини амалда тикланишига алоҳида эътибор қаратилди.

04 Aug 2021

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан ҳам рақамлаштириш, сув таъминоти ва канализация соҳасига замонавий инновацион тизимларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

     Бу ҳақда жамияти “Ўзсувтаъминот” ахборот хизмати маълум қилди.

     Мазкур стратегия доирасида 2020 йил транспорт, қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги ва бошқа соҳаларни рақамли трансформация қилиш бўйича устувор лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини рақамлаштириш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.

     Барчамизга маълумки, сув таъминоти тизимини рақамлаштириш катта эътибор талаб қилади. Бу борада инновацион ёндашув ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис “Ўзсувтаъминот” АЖ тизимини янгилаш ва янги инновацион технологияларни жорий этиш ишлари аллақачон бошлаб юборилди.

     Жумладан, “Ўзсувтаъминот” АЖ ва “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси билан биргаликда соҳага янги “биллинг” тизимини татбиқ этиш режалаштирилди.

     Биллинг тизимини амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад: сув таъминоти ва канализация соҳасида ягона ахборот ҳисоби тизимини яратиш, истеъмолчиларнинг шаффоф ва мақсадли ҳисобини таъминлаш, дебиторлик ва ҳисоб фактураларини ҳисобга олишни мақсад қилиб қўйиш, қарздорлик шаклланишининг олдини олишдир.

     Бундан ташқари:

  • сув истеъмоли ҳисоб-китобларининг шаффофлигини таъминлаш;
  • аҳоли ва сув таъминоти инспекторлари учун мобиль илова (шахсий кабинет, ичимлик суви учун тўлов, мурожаатларни тизим орқали юбориш);
  • ҳисоботларни керакли кўринишда олиш имконияти;
  • шахсий кабинетга кириш бўйича муаммоларни бартараф этиш;
  • абонентларга хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш ва бошқарув харажатларини камайтириш.
  • Янги “биллинг” тизими доирасида аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида қўшимча функциялар ишлаб чиқилди.

    Янги биллинг тизимининг нима афзалликлари бор?

  Мисол учун, аҳоли, юридик шахс ва инспекторлар учун мобиль илова ишлаб чиқилди. Ушбу илова орқали абонентлар ўзларининг жорий балансини билиб туришлари ва ичимлик суви ҳамда канализация хизматлари учун тўловларни электрон шаклда амалга оширишлари мумкин. Бундан ташқари, my.gov.uz дастурлари орқали келиб тушаётган мурожаатларни мақбуллаштириш имконияти ҳам мавжуд.

   Янги биллинг тизимининг техник топшириқларини ишлаб чиқиш жараёнида расмий ижтимоий тармоқларда, “Ўзсувтаъминот” АЖнинг uzsuv_chat расмий гуруҳида сув таъминотидаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш борасида аҳоли фикри ҳам ўрганилиб, ижтимоий сўровлар ўтказилди.

04 Aug 2021

     Учқудуқ туманида 3 7 ёшгача бўлган болаларнинг боғчага қамровини ошириш мақсадида мактабгача таълим муассасаларининг турли шакллари фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, оилавий уй-боғча очиш қулайлиги, хонадон аъзосининг иш билан таъминланиши ва бошқа имтиёзлари билан ҳам ҳар жиҳатдан фойдали.
     Эътиборли жиҳати, ҳозирда туманда 32 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 15 таси уй боғчалари ҳисобланади.
     Бугун яна бир ана шундай уй-боғча «Навоий» маҳалласида фойдаланишга берилди. «PARVINA» деб номланган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 30 нафар кичкинтойни ўз бағрига олди.
     Муассасанинг очилиш маросимида Навоий вилояти прокурори Бахтиёр Аҳмедов, Учқудуқ туман ҳокими Соли Хамроевлар иштирок этиб, ҳурматли Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, айниқса, чекка қишлоқ, овул ва туманларига бераётган эътибори, соҳани ривожлантиришга доир қабул қилинаётган ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида тўхталиб ўтдилар.
      -Бугун фаолияти йўлга қўйилаётган уй-боғча олтинчиси бўлиб, маҳалламиз болалари учун улкан совға бўлди, - дейди маҳалла фаоли Ойдин опа Собирова. - 4 нафар опа-сингилларимиз доимий иш ўрнига эга бўлишгани янада қувонарли.
Янги муассасада болаларни ҳар томонлама баркамол тарбиялаш, мактабга тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган. Муассасада инглиз, рус тиллари тўгараклари фаолият олиб боради.
     -Оилавий боғчаларнинг қулайлиги кўп, - дейди биз билан суҳбатда Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлими мудири Нигора Амонова. - Биринчидан, хонадонингизнинг бўш турган жойидан унумли фойдаланасиз, маҳалладошларингизнинг фарзандларига таълим-тарбия берасиз, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритасиз. Шунингдек, ота-оналар билан келишган ҳолда турли тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиб, қўшимча даромад ҳам олишингиз мумкин. Фақатгина бу соҳада етарли билим ва кўникмага эга бўлиб, баркамол авлод тарбиялашдаги масъулиятни ҳис қилсангиз, кифоя.
      Маълумот ўрнида Учқудуқ туманида 3-7 ёшли болалар 3721 нафарни ташкил қилади. Уларнинг 3669 нафари ёки бўлмаса 98,6 фоизи давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси 4,6 фоизга ўсди. Жорий йил охиригача яна 4 та оилавий уй-боғчаларни фойдаланишга топшириш ҳисобидан қамров 100 фоизга етказилади.
     — Ўғлим Нуржан шу боғчага қатнаяпти, — дейди ота-оналардан бири К.Алдамуратов. — Муассаса уйимизга яқин ҳудудда жойлашган, замонавий кўринишга эга, тарбиячилари малакали, ширинсўз. Энг муҳими, бу ердаги шароитлар — ўйин майдончаси, машғулотлар хонаси ва дам олиш хоналари талабларимизга мос. Буларнинг бари фарзандларимизнинг сифатли бошланғич билим олишлари, ҳар томонлама соғлом ўсиб-улғайишига хизмат қилади.


Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

04 Aug 2021

     Илк марта Ўзбекистон президентлиги сайловида иштирок этаётган Ўзбекистон Экологик партияси ўз номзодини биринчи бўлиб кўсатди.

     Бу ҳақда партия марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленумида маълум қилинди.

     Президент сайловида Экопартия томонидан партия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Нарзулла Обломуродов номзод сифатида қатнашади.

     Пленумда Экопартия сайловда ўз электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда муносиб иштирок этиши таъкидланди.             .        Шунингдек, Экопартиянинг сайловолди платформасидаги қуйидаги асосий йўналишлар маълум қилинди:

• экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш;

• атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитлар яратиш;

• иқлим ўзгаришларига мослашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини янада ривожлантириш;

• давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар самарадорлигини ошириш;

• соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-маърифий соҳаларни янада ривожлантириш;

• ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

03 Aug 2021

    “Хорижга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5205-сон, 30.07.2021 й.) қабул қилинди.

     Қарорга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб 2022 йил 1 сентябрга қадар “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган, касб-ҳунар ёки хорижий тилларга ўқиган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга:

➖ хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда – БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда (735 минг сўм);

➖ йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда (490 минг сўм);

➖ ривожланган давлатларда меҳнат фаолиятини амалга оширишга “ишчи виза”ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 5 бараваригача миқдорда (1 млн 225 минг сўмгача) компенсация тўланади.

     Бунда:

     меҳнат миграциясига кетаётган фуқаро “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуаси орқали масофавий тарзда ёки бевосита Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Бандликка кўмаклашиш марказларига ариза билан мурожаат қилади;

    ариза Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 1 иш куни ичида кўриб чиқилади.

     2021 йил 1 сентябргача:

    “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга компенсацияларни олиш имконини берувчи алоҳида саҳифа ташкил қилинади.

      2021 йил 1 августдан транспорт компанияларининг (заруратга қараб, тез тиббий ёрдамнинг кўчма бригадаларининг) меҳнат миграциясида бўлган даврида жароҳат олган, бахтсиз ҳодисага дуч келган, ўткир ёки оғир касалга чалинган фуқароларни, шу жумладан уларнинг вояга етмаган фарзандларини Ўзбекистонга олиб келиш билан боғлиқ харажатлари, шунингдек, ушбу фуқароларни тиббиёт ходими кузатуви остида қайтаришда тиббиёт ходимининг хизмат сафари харажатлари қоплаб берилади.

    2021 йилда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш учун Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасига 52 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ажратилади.

Учқудуқ туман адлия бўлими

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: