Мамлакатимизда ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитини тубдан яхшилаш ва ҳаёт даражасини юксалтиришга устувор аҳамият берилмоқда. Уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб муаммоларни бартараф этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий этилди. Яъни, туман ва шаҳарлардаги сектор раҳбарлари ҳафтада бир марта сайёр қабул ўтказиши белгилаб қўйилган.
Буни Учқудуқ тумани иккинчи сектор мисолида кўрадиган бўлсак, штаб аъзолари томонидан доимий равишда 2-сектор ҳудудида яшовчи фуқароларнинг муаммоларини аниқлаш, уларга муносиб турмуш шароитларини яратиш, уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида хонадонбай ўрганиш ишлари йўлга қўйилган бўлиб, бу борада шу кунга қадар бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Сектор ҳудудидаги мавжуд 5 та маҳаллада ўтказилган хонадонбай ўрганишлар натижасида 271 та эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилиб, “Темир дафтар”га киритилди ҳамда ушбу оилаларнинг 144 нафар аъзоси доимий ишга жойлаштирилиб, 119 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 17 нафар оилага ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун 138,5 млн. сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши таъминланди.
Шунингдек, 2-сектор томонидан “Темир дафтар”га киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида
169 млн 715 минг сўм миқдорида турли моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Жумладан, 154 нафар оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, 20 нафарига дори-дармон воситалари тарқатилиб, 40 нафарига нақд пул тарзида ёрдам, 15 та оиланинг коммунал қарздорлиги тўлаб берилди ҳамда 14 нафар оилага чорва ва 1 нафар оилага парранда берилиб, 2 тасига ижарага ер, 14 та оилага бошқа ёрдамлар кўрсатилди.
Шунингдек, сектор ҳудудида ишсиз ва бошқа муаммолари мавжуд 164 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 117 нафар ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланди. Уларнинг 73 нафари доимий ишга жойлаштириш орқали, 14 нафари ҳар бир тадбиркор ёшларга мададкор тамойили асосида, 5 нафари устоз-шогирд, 2 нафари ўзини-ўзи банд қилиш, 12 нафари жамоат ишларига жалб қилиш, 11 нафари касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда 18 нафар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларга кредитлар ажратиш ҳамда 29 нафарига бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатиш орқали ҳалқ депутатлари кенгашининг қарорига асосан ижтимоий ҳимояга мухтож ёшлар тоифасидан чиқарилиши таъминланиб келинмоқда.
Бундан ташқари, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этилиши, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, уларга манзилли тарзда ёрдам кўрсатилиши алоҳида назоратга олинган.
Хусусан, сектор ҳудудида 173 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, 54 нафар хотин-қизларга бандлигини таъминлашда, 5 нафарига касб-ҳунар ўрганишида, 9 нафарига тадбиркорлик учун кредит ажратилишида, 7 нафарига субсидияларажратилишида, 7 нафарининг уй-жойлари таъмирлаб берилишида,77 нафарига тиббий, 64 нафар ногиронлиги бўлган аёлларга психологик ва бошқа ёрдамлар кўрсатилиб, уларнинг барчаси “Аёллар дафтари”дан чиқарилиши таъминланди.
Шунингдек, сектор ҳудудида яшовчи 47 нафар хотин-қизларга жами 52 млн. 860 минг сўм моддий ёрдам берилди.
Шунингдек, ҳудудда тадбиркорлик ташаббусларини ҳимоя қилиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб, янги иш ўринлари яратилмоқда.
Хусусан, туман прокуратураси ва сектор штаби томонидан 92 нафар тадбиркорлик субъектларига турли амалий ёрдамлар кўрсатилиб, 183 та янги иш ўринлари яратилди. Шундан 34 нафарига 2 млрд 947 млн сўмлик кредит, 1 нафарига ер ажратилишида, 1 нафарига бино ажратишда, 29 нафарига коммуникация тармоқларига уланишида ва 27 нафарига бошқа ёрдамлар кўрсатилган.
Жумладан, 2-сектор ташаббуси билан ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Зулфия Учқудуқ” ишлаб чиқариш кооперативи ташкил этилди. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази маблағлари ҳисобидан 81 млн. сўм субсидия ва ҳомийлик ҳисобидан 200 млн сўм ажратилиб, тикув дастгоҳлари олиб келиб ўрнатилди. Бунинг натижасида 30 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.
Шунингдек, туманда ягона бўлган автомашиналарга газ балонлари ўрнатиш ва уларни техник кўрикдан ўтказиш лойиҳаси бўйича “Uchquduq Ravon yo’l ”МЧЖга 245 млн. сўм кредит маблағи ажратилиб, 4 нафар ижтимоий ҳимояга мухтож оила аъзоларининг бандлиги таъминланди.
Ҳозирда, сектор штаби томонидан аҳоли муаммоларини аниқлаш ва уларни тизимли ҳал қилиш борасида ишлар давом эттирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, сектор раҳбари ҳамда ишчи гуруҳи аъзоларининг ҳудуд аҳолисига ишончли маслакдош, муаммоларини ижобий ҳал қилишда яқин кўмакчига айланганидан барча хурсанд. Бу халқимизнинг давлатимиздан розилиги, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Тўхтамурод НАСУЛЛАЕВ,
Учқудуқ туман 2-сектор масъул котиби.