Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан “Шохимардон” тантаналар саройида ўтказилган “БУ АЗИЗ ЮРТДА ҲЕЧ КИМ МЕҲР ВА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАС!” мавзусида ўтказилган тадбирда сўзлаган нутқи
Ассалому алайкум ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Қадрли болажонлар!
“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрда қабул қилинган қарорига асосан ҳар йили “3 декабр - Халқаро ногиронлар куни” сифатида республикамизда кенг нишонланиши ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг яққол исботидир.
“Халқаро ногиронлар куни”га бағишлаб ўтказиладиган бугунги тадбирлар ҳам ногиронларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда ўз ўринларини эгаллашларига имкониятлар яратиш борасида муҳтарам Президентимиз томонидан ногиронларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, кенг жамоатчиликнинг ҳам бу савобли ишларда фаол иштирокининг ёрқин намунасидир.
Ҳозир Ўзбекистонда ногиронлиги бор 700 мингдан ортиқ шахс, шу жумладан, 100 мингдан зиёд 16 ёшгача бўлган болалар ҳаёт кечирмоқда. Мамлакатимизда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоялаш, ижтимоий-иқтисодий томондан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Учқудуқ туманида ҳам ногиронлиги бўлган - 529 нафар шахс, 113 нафар - 16 ёшгача бўлган болалар ҳаёт кечирмоқда.
“Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжатга кўра, I ва II гуруҳ ногиронлари мол-мулк, ер, ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича даромад солиғидан озод қилинган.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашга оид нормалар ҳам мавжуд.
Унга кўра ходимлар сони йигирма кишидан ортиқ бўлган корхоналар ва ташкилотларда ходимлар сонининг камида уч фоизи миқдорида иш жойларининг энг кам сони ҳокимлик қарорига асосан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун захирада ушлаб турилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар билан бепул таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган имтиёзли шахслар рўйхатига киритилган.
Муҳтож ногиронлар реабилитация техник воситаларини ўз маблағлари ҳисобига сотиб олган тақдирда, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда компенсация тўланади.
Бундан ташқари, аксарият корхона ва ташкилотлар, жамоат жойларига ногиронларга кириб-чиқиш имконияти яратилган яъни пандус йўлакчалари ташкил этилган.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Халқимизга ҳос инсонийлик, саховатпешалик ва бағрикенглик 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан туманимиз бўйлаб уюштирилаётган тадбирларда ўз аксини топмоқда.
Инсон учун бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир.
Доно халқимиз: “Соғлик – туман бойлик” дея бежизга айтмаган.
Барчангизга мустаҳкам ирода, сиҳат - саломатлик тилайман!
Эътиборингиз учун рахмат!!