Маҳаллалар жамиятнинг кичик бўғини сифатида барча инсоний фазилатларни шакллантириш, оилаларда тинчлик-тотувликни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Учқудуқ туманида амалга оширилаётган эзгу ташаббуслардан бири, ўз биносига эга бўлмаган маҳалла фуқаролар йиғинларига янги биноларни қуриб, фойдаланишга топширилишидир.
Бугун маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларига янада қулайликлар яратиш мақсадида Учқудуқ тумани “Мустақиллик” ва “Абай” МФЙ биноси янгидан қурилиб, фойдаланишга берилди. Маҳалла биносининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Соли Хамроев, Навоий вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси мутасаддилари Дилшод Очилов, Насулла Турсуновлар ҳамда мутасадди ташкилот раҳбарлари, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари ва ёшлар иштирок этдилар.
Мазкур маҳалла фуқаролар йиғинлари биноси давлат-хусусий шерикчилик асосида тадбиркорлар Ҳусниддин Нормуродов ва Фарид Муродовлар томонидан барпо этилган бўлиб, бу ерда ходимларнинг самарали фаолият юритишлари учун барча қулайликлар яратилган.
-Оила - халқимизнинг асрий урф-одатлари ва қадриятларини ўзида мужассам этган маскан бўлиб, барча эзгуликлар ундан бошланади, ундан маҳалла ва жамиятга кўчади, - дейди Инобат опа Баҳронова. –“Абай” маҳалласи оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси аъзосиман. Маҳалламиздаги ёш оилалар билан ўтказилаётган учрашувларда оилани мустаҳкамлашга хонадоннинг ҳар бир аъзоси масъул эканлигини тушунтирамиз.
-“Мустақиллик” маҳалласи 1993 йилда ташкил этилган. Шу йиллар мобайнида маҳалланинг ўз биноси йўқ эди. Шу пайтгача ижара асосида фаолият кўрсатиб келган маҳалламиз учун барча қулайликларга эга замонавий бино қурилиб фойдаланишга топширилди. Бу бино нафақат маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари учун балки маҳаллада истиқомат қилаётган 5 000 нафардан ортиқ фуқароларимизга бўлган эътиборнинг бир кўриниши десак, тўғри бўлади. Бизга яратиб берилган шарт-шароитлардан руҳланиб, бутун куч-ғайратимизни ёшларни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, маҳалламиз тинчлиги ҳамда осойишталигини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга қаратилган эзгу ишларни амалга оширамиз, -дейди биз билан суҳбатда “Мустақиллик” МФЙ раиси Комил ака Турдиев.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.