Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги
“2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сонли Фармони ҳамда Навоий вилояти ҳокимининг 2022 йил 10 февралдаги 30-5-0-Q/22-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳақида
Кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини амалга ошириш мақсадида,
ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сонли фармони ҳамда Навоий вилояти ҳокимининг 2022 йил 10 февралдаги 30-5-0-Q/22-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони билан “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан қуйидаги еттита устувор йўналишдан иборат 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси (кейинги ўринларда - Тараққиёт стратегияси) ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” да амалга оширишга оид давлат дастури (кейинги ўринларда – давлат дастури) тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;
мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;
миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;
адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;
маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш;
миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш;
мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш.
3. Қуйидагилар:
Учқудуқ туманида “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат Дастури” ижросини таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар Дастури (кейинги ўринларда - комплекс чора-тадбирлар дастури) 1-иловага;
Учқудуқ туманида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича туман ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда – ишчи гуруҳи) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман ишчи гуруҳига:
Тараққиёт стратегиясига киритилган тадбирлар тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш ва мониторинг қилиш, шунингдек, уни 2023-2026 йилларда амалга ошириш бўйича тегишли йиллик давлат дастурлари лойиҳаларининг тайёрланишини мувофиқлаштириш;
масъул корхона ва ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат дастури ҳамда комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, туманда ижро этилиши устидан тизимли назоратни таъминлаш топширилсин.
5. Туман ҳокими ўринбосарлари, масъул корхона ва ташкилотларга:
комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирлар, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини ошириш соҳасидаги тегишли тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш;
комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган устувор йўналишларнинг бажарилиши тўғрисидаги умумлаштирилган маълумотларни ҳар ойнинг 25 санасига қадар ишчи гуруҳига тақдим этиш, давлат дастури ҳамда комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини ҳар ойда халқ депутатлари туман Кенгаши йиғилишларида муҳокама қилиб борилишини ташкил этиш;
барча бўғиндаги давлат бошқаруви органларига келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиниши, ўзлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг ижро этилиши, ижтимоий сўровлар ва жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш натижаларидан келиб чиқиб, ўз тузилмаларининг фаолияти бўйича дастурлар ишлаб чиқилиб, ижро ҳолати юзасидан оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда мунтазам эълон қилиб борилишини таъминлаш топширилсин.
6. Туман ҳокимининг ўринбосарлари (Ф.Ғаффоров, Ф.Шокиров, Н.Муратов)ларга:
маҳаллаларда янги жорий қилинган тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ҳокими ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари фаолияти самарали йўлга қўйилишини таъминлаш;
маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ҳокими ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари томонидан доимий равишда маҳаллани ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасига кўра уларни ривожлантириш бўйича “йўл хариталари” ни ишлаб чиқилишини таъминлаш топширилсин.
7. Туман ҳокимининг ўринбосари Н.Муратовга халқ таълими бўлими (Ж.Халилов), аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази (Ҳ.Мирманов) билан биргаликда Тараққиёт стратегиясида таълим сифатини ошириш бўйича белгиланган вазифалар доирасида 2022 йилда янги ўқув ўринларини яратиш ва мактаб ўқувчиларини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича тизимли чоралар кўриб бориш топширилсин.
8. Туман ҳокимининг барча ўринбосарларига:
2022-2026 йилларга мўлжалланган ҳудудларни комплекс ижтимоий- иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлар асосида ҳар йили туманнинг муаммо ва имкониятларини чуқур ўрганган ҳолда тараққиёт дастурларини ишлаб чиқиш;
ҳар чорак якуни бўйича ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларидаги вазифаларнинг бажарилиши юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот бериб бориш;
ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилиш ва устувор тармоқларни ривожлантиришга йўналтирилган муҳим лойиҳалар туманнинг талаблари ва маҳаллий ташаббускорларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда маҳаллий жамоатчилик иштирокида кенг муҳокама қилинганидан кейин қабул қилинишини таъминлаш;
ҳар бир тармоқ ва йўналиш бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан масъулларнинг ҳисобот бериб боришини таъминлаш топширилсин.
9. Туман ҳокимининг ўринбосарлари давлат дастури ҳамда комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш борасида ўтказиладиган йиғилишларда бандма-банд таҳлил қилиб, амалга оширилаётган ишларни танқидий кўриб чиқсин.
10. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари – матбуот котиби (Р.Қодирова)га Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони мазмун-моҳиятини ҳамда давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
11. Мазкур қарор ижросининг назоратини ўз зиммамда қолдираман.
Туман ҳокими С.Хамроев.
14.02.2022 йил. 25-5-76-Q/22