Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.
Янги таҳрирдаги Қонун билан нормаларни қўллашда ноаниқликларга олиб келган айрим тушунчаларга аниқлик киритилиб, янги тушунчалар киритилмоқда. Масалан, «реклама объекти», «номақбул реклама», «ахлоқсиз реклама», «яширин реклама», «ҳомийлик» каби янги тушунчалар билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникация тармоқларида реклама жойлаштириш тартиби такомиллаштирилмоқда. Жумладан, телеканалларда давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, дори воситаларини реклама қилишда қуйидагилар тақиқланмоқда:
- таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши;
- олимларнинг, тиббиёт ходимларининг тавсияларидан, худди шунингдек алоҳида шахсларнинг миннатдорчилигидан, тавсияларидан ва реклама қилинаётган дори воситаларининг таъсири ҳақидаги ҳикояларидан иборат бўлган тавсиялардан фойдаланиш.
Шунингдек, айрим турдаги реклама воситалари орқали реклама тарқатишнинг ўзига хос хусусиятлари, жумладан, телевидение, радио, босма ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ва интернетда тарқатиладиган рекламага қўйиладиган талаблар батафсил кўриб чиқилди.