LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

29 Mar 2022

    Орзигул опа бу йил ҳам сумалак қўяётган экан. Мактабдан қайтаётиб синфдошим Нодирдан бу хабарни эшитдим-да, майдалаб ёғаётган ёмғирдан сумкамни бошимга соябон қилганча уйга қараб чопдим. Шу топда кўз ўнгимда бемор ётган отам намоён бўлди.

    ...Эндигина 56 ёшни қаршилаётган отам йиллаб давом этган оғир хасталик туфайли тўшакка михланиб қолганди. Отам сим кароватда ётган кўйи бизга ҳаёт синовларидан ҳикоятлар сўзлар, биз ака-укалар, опа-сингиллар эса ҳар бир сўзига маҳтал ўтирардик.

   Оиламизда ҳеч биримизнинг кўнглимизга қувонч сиғмас, ҳеч кимнинг юзи кулмас, эрталаб ҳамма иш-ишига ўқишига кетгани билан уйдан чиқишдан олдин отамнинг ёнида дастурхон бошида нонуштамизни аранг ютардик. Суянган тоғимизнинг сўлиб бораётган юзига, нур қочган кўзларига сўзсиз тикилиб қолардик. 

    Ҳаммадан уйимизнинг кенжаси менга қийин эди. (Ҳарҳолда мен шундай ўйлардим). Отамнинг хасталиги туфайли бирдан улғайиб қолгандек, эдим.

    -Қизим, мен яхшиман. Дарсингга боравер. Яхши ўқи, бу йил битирувчисан. Имтиҳонларга яхшилаб тайёрлан, ўқишга киришинг керак...

   Отам бу гапларни айтардию, баъзан оғриқ титиб ташлаган вужудидан келаётган ғуссани яширолмай, юзига кўрпани босарди.

   Эрталабки кайфиятингиз кунингизни белгилайди. Мен ҳар тонг шу тарзда уйдан чиқардим.

-Яхши ўқиб келдингми, болам?! – дерди отам дарддан чалғиш учунми, оиланинг кичиги мендан хавотир олибми.

   -Ҳа... – нима десам отамни хурсанд қилишни ўйлардим, аммо тилимга бир сўз келмасди. Бироқ, орзуларга берилиб, отамга дил изҳорларимни, ниятларимни айтгим келарди. Меҳрибоним ҳам худди дилимдагини сезгандек маъюс жилмайганича яна сўрарди.

-Она қизим, мактабни тугатиб, қайси ўқишга кирасан?!

   Деворга суяниб ўтирган жойимдан силжиб, отамнинг ёнига борардим ва иссиқ қўлларини ушлаб олардим.

-Мед. институтга ўқишга кираман. Сизни ўзим даволайман. Ҳовлимизда сумалак пиширамиз. Сиз онамга сумалак қайнатиш учун ўтин ёриб берасиз.

   Мен гапиравераман, онам из-из йиғлайверади. Кўзларини юмиб олган отам: - Энди менинг бўларим, шу... , дейди қийналиб. –Журналист бўламан, дегандинг танлаган йўлингдан чекинма! Китоб ёзсанг, мени ҳам китобингга қўшиб ёз. Ишонаман менинг умрим сен билан узун бўлади. 

Ҳа, менинг орзуларим кўп эди ...

   Акам ва онам отамни вилоят марказидаги касалхонага олиб кетишди. Яна отам билан кечқурун қайтиб келишди.

-Ака отам касалхонада қолмади-ми, - сўрайман онамнинг киртайган кўзларига қараб.

   Акам саволимга жавоб беришнинг ўрнига отамни суяб жойига ётқизди-да, ўша кароватга ҳолсиз суяниб ўтирди. Ҳаммамиз акамнинг оғзига тикилдик, у киши лом-мим демай кўзларини бир нуқтага тикканча жим ўтирарди. Гўё, тилдан қолгандек эди. Бу сукунатни охири, онам бузди.

-Болажонларим хавотир олманглар, уйда даволансалар ҳам бўларкан. Дўхтир шундай деди.

   Ана шунда акам бошларини кўтариб, онамга тикилиб қаради-да, сўнг ташқарига чиқиб кетди.

   Ўша кундан кейин акам бутунлай ўзгарди. Ишига ҳам номигагина бориб-келар, туну кун отамнинг ёнидан жилмасди. Лекин биз укалар ва онам отамнинг ёнига йиғилишимиз билан ташқарига чиқиб кетардилар. Худди уйга киришга юраги дов бермаётгандек, ҳовлида айланиб юрарди. Бундай пайтда отам мени ёнига чақириб бағрига босарди.

-Болам, илоҳим бошларинг тошдан бўлсин... Шу йилги сумалакка етсайдим, армоним йўқ эди.

...Бугун қўшнимиз Орзигул опанинг қозонга сумалак солаётганини эшитибоқ, югуриб келганимнинг боиси ҳам шу эди. Сумкамни даҳлизга қўйганча отамнинг ёнига отилиб кирдим.

-Отажон, акажон! – дедим ҳовлиққанча Орзигул опа яна сумалак солаётган экан. Пишиб тайёр бўлиши билан биринчи бўлиб отажон сизга илинаман, дея ният қилганман. Ниятим амалга ошадиган бўлди.

   Акам сўзларимни эшитгач, негадир кўзларини олиб қочди. Юзини қўллари билан яширди. Мен энди жавдираган-ча, онамга қарадим. Во, ажаб! Онамнинг кўзлари жиққа ёш эди.

... Эрта тонгданоқ, биринчилардан бўлиб сумалак олишга боргандим. Орзигул опанинг сумалаги пишган тонг маҳал акамнинг йиғиси қишлоқ осмонини ларзага келтирди. Мен эса қўлимдаги косани ўчоқ бошига улоқтирганча уйга қараб чопдим. 

Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.


 

28 Mar 2022

 

    Табиат уйғониб, жонажон диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам ўзининг қутлуғ ва серёғин қадамлари билан ташриф буюрди.

    Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ улашмоқда.

    Туманимизнинг жонкуяр, фидойи, меҳнатсевар фуқаролари Наврўз айёмини кўтаринки кайфият меҳнатда эса катта ютуқлар билан қаршиламоқдалар.

   Жумладан, Учқудуқ туманидаги “Шалхар” овули ҳам бу йилги янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўзни ўзгача шоду-хуррамлик билан кутиб олишди. Овулдаги Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” мавзусида маданий тадбир ўтказилди.

   Муассасадаги мусиқа зали ўзига хос байрамона ва баҳорий тарзда безатилди. Байрам тадбирида кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар ҳамда боғча жамоаси иштирок этди.

   Баҳорий таомлар, миллий ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, жажжи болажонларнинг чиқишлари байрам тантанасига ўзгача файз киритди.

– Тобора юксалиб, обод бўлиб бораётган юртимизга фақат байрамлар ярашади, – дейди “Шалхар” ОФЙ раиси Кенес Нарчаев.– Бугунги байрам тадбирига овулимиз нуронийлари ва фахрийлари билан биргаликда ташриф буюрдик. Таълим муассасаси жамоасининг театрлаштирилган чиқишлари, тарбияланувчи болажонлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқларни тинглаб, мириқиб дам олдик. Тинч ва фаровон ҳаётимизга асло кўз тегмасин.

    Шу куни байрам тадбирида 6-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси жамоаси томонидан азалий қадрият ва урф-одатлар саҳна кўринишлари орқали намойиш этилди. Муассаса тарбияланувчилари ижросида куй-қўшиқлар ижро қилиниб, баҳор, Наврўз ва бахтли болалик мавзусида шеърлар ёд айтилди.

    Aйниқса, таълим муассасасининг педагогик жамоаси қозоқ халқининг “Бешикка белаш”, “Алла айтиш” сингари ўлмас қадриятларини маромига етказиб ижро этиб, йиғилганларнинг олқишига сазовор бўлди.

    Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деб номланган маданий тадбирда туман МТБ мудири Нигора Амонова иштирок этиб, барчани янгиланиш ва яшариш айёми Наврўзи олам билан муборакбод этди.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

 

28 Mar 2022

     Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлашга доир қарорлари доирасида аҳоли турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилашнинг самарали механизми йўлга қўйилди.

    Хусусан, Учқудуқ туманида ҳам ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизматининг ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилигидаги тўртта сектор фаолият кўрсатмоқда.

     Туман прокуратурасига бириктирилган 2-сектор ҳудуди Кокаяз, Боздун, Кокпатас, Навоий, Абай маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида жами 3 765 та хонадонда 14 428 аҳоли яшайди. Ҳозирда уйма-уй юриш орқали 2 379 та хонадоннинг аҳволи тўлиқ ўрганиб чиқилди. Ушбу хонадонларда 124 та муаммо аниқланган бўлиб, 117 таси ижобий ечимини топган.

    Сектор ишчи гуруҳи аъзолари томонидан аниқланган муаммо ва таклифлар юзасидан 7 та туман ташкилот ва муассаса раҳбарларига топшириқ хатлари жўнатилиб, ижроси назоратга олинган. 32 та газ баллон масаласида, 19 та электр энергияси бўйича, 3 та ҳолатда ичимлик суви муаммоси, соғлигини тиклаш бўйича 5 та, иш сўраб 37 та фуқаро, кадастр ҳужжатлари ва моддий ёрдамга оид мурожаатлар 1 тани ташкил қилади.

    Билдирилган ҳар бир мурожаат асосида олиб борилган амалий ишлар натижасида мавжуд муаммоларнинг аксарияти ечимини топган.

    Хусусан, Кокпатас оилавий шифокорлик пунктида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси педиатр, эндокринолог, офтальмолог, гинеколог сингари ўндан ортиқ малакали мутахассислар маҳалла фуқароларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.

    Вилоятнинг етакчи мутахассислари қолаверса, Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари иштирокидаги тиббий кўрикда жами 256 нафар аҳоли қатлами қамраб олинди. Уларнинг 86 нафарига тегишли кўрсатмалар берилди. 

     Шунингдек, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 4 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга бепул дори-дармонлар берилган. 5 нафар ётоқдаги беморнинг ҳолидан хабар олиниб, яна 4 нафар беморга даволаниш учун тегишли тиббиёт муассасаларига йўлланмалар берилган.

   И Ўтказилган ушбу тиббий кўрик тадбирлари инсон қадрини улуғлаш, юртимизда ҳар бир соҳада рўй бераётган ўзгаришлар, аввало инсон учун яратилаётган қулайликларнинг ёрқин ифодасидир.

     Бундан ташқари, сектор ташаббуси билан "Абай", "Навоий", "Кокпатас", "Боздун" маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, айниқса ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида спорт мусобақалари ташкиллаштирилмоқда.

     Куни-кеча "Спорт - соғлик гарови" шиори остида "Прокурор кубоги" спорт тадбирларига старт берилди. Дастлабки беллашувлар спортнинг футбол туридан ўтказилиб, ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Рашид РАХМАТОВ,

Учқудуқ туман прокурори, адлия катта маслаҳатчиси.


 

28 Mar 2022

    Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида эътироф этилганидек, 2021 йилдан эътиборан “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида  иш ташкил этиш вазифаси юклатилган эди. Бу борада Учқудуқ туман давлат солиқ инспекцияси томонидан бир қатор амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

   Хусусан, туман давлат солиқ инспекцияси томонидан “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида иш ташкил этилмоқда. Бунда асосий эътибор, тадбиркорлик субъектларига берилган кредитлардан тўғри фойдаланиш, кичик бизнес вакиллари фаолиятида учраётган муаммоларни ўз вақтида тезкорлик билан ҳал этишга қаратилмоқда.  

    Биргина жорий йилнинг февраль ойида тадбиркорлик субъектларини ортиқча харажатлар ва қонун бузилишларидан сақлаш мақсадида, 14  тасига ҳисоботларини тўлдириш ва топширишга кўмаклашилди.

    Янгидан фаолияти йўлга қўйилган тадбиркорлик субъектларининг 4  тасига фаолият туридан келиб чиқиб, оптимал солиқ режими танлаб берилди. Солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини кенг тарғиб қилиш орқали мавжуд имтиёзлардан фойдаланиш тартиби юзасидан 6  тасига тушунтириш берилди. Айланма маблағга муҳтож бўлган тадбиркорлик субъектларига кредит йўналишлари ҳақида тушунчалар берилди.

    Мухтасар айтганда, тадбиркорларга кўрсатилаётган кўмак натижасида тадбиркор ҳамда солиқчи ўртасида ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда.

Учқудуқ туман давлат солиқ инспекцияси

тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш шўъбаси.

 

27 Mar 2022

     Сир эмас ҳар йили баҳор ойида ниҳол экиш оммалашади. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам дарахт бўлиб бўй чўзмайди. Баъзида топшириқ бажарилдими бўлди, деган бепарволигимиз бизни баҳорда экилиб ёзга бормай чўпга айланадиган ниҳолларимиз уволига қолдиради. 

    “Учқудуқ экологиясини яхшилайман десанг ўз касбинг билан ёрдам қил!” шиори остида ишлаётган ёшлардан бири ШКБ ахборот коммуникацион технологиялари маркази дастурчиси Азиз Солиев бўлади. Ёш дастурчи томонидан “Яшил макон-2022” дастури яратилди. 

    Бу дастур орқали Шимолий кон бошқармаси бўлинмаларидаги ҳар бир дарахтнинг электрон ҳисоботи олиб борилади. Дастурининг афзаллиги шундаки, ҳар бир бўлинма учун алоҳида очилган саҳифада унинг ҳудудидаги мавжуд дарахтлар жойлашувига қараб рақамлаштирилади. Янгилари эса қўшимча равишда киритилиб борилади. Бу дастур бир вақтнинг ўзида раҳбарият томонидан назорат қилинади. 

    Демак-ки, ҳар бир дарахт учун ўша жойда ўз-ўзидан масъуллар тайинланиб, экологияга ҳурмат кучаяди. Ҳеч ким ўзбошимчалик билан яшил табиатга қирон келтиролмайди. Дастурни ”огоҳлантирмай” дарахт кесолмайди. 

   Бугунги кунда яшил оламни сақлаш ва кўпайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Экологик муҳитни яхшилаш мақсадида бошланган “Яшил макон”лойиҳа доирасида НКМК АЖ Шимолий кон бошқармаси бўлинмаларида 12 мингдан зиёд туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали чўл ҳудудидаги яшил майдонларни 4 гектарга кўпайтириш режа қилинган.

  Ушбу лойиҳа доирасида шу кунгача Шимолий кон бошқармаси томонидан куз фаслидаёқ 7 минг 700 туп манзарали дарахт, 280 та мевали, 250 та турли бута кўчатлари экилди. Дарахтларнинг 120 таси ҳомийлик асосида олиб келинди. 

    Жорий йил 1 мартдан бошланган “Яшил йиллик» умуммиллий тадбирида ШКБ ва шаҳар ҳудудида ишчи-ходимлар томонидан 3 минг 100 та чўл ҳудудига чидамли қайрағоч, тут, жийда, ясень, гужум ва қоратол каби дарахтлар экилмоқда. Экилган ва экилаётган ҳар бир дарахт Азиз яратган дастурга киритилиб борилади ва шу орқали улар асраб қолинади.

Лайло КАРИМОВА, ШКБ ахборот хизмати раҳбари.

 

26 Mar 2022

    Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддаси, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси, «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8 ва 12-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2022-йил 16-мартдаги «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги КҚ-320  IV-сонли қарорига мувофиқ, шунингдек фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколат муддати 2022-йилнинг май ойида тугаши муносабати билан халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.          Барчамизга маълумки, фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколат муддати тугаши муносабати билан жорий йилнинг май ойида мамлакатимизда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови ўтказилади.

    Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2022 йил 16 март куни ўтказилган мажлисида бу ҳақда қарор қабул қилиниб, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси тузилди. Шунингдек, сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар режаси ҳамда сайлов бюллетени намунаси тасдиқланди. Айни пайтда ҳудудларда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар тузилмоқда. 

    Туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиясининг йиғилиши ўтказилди.

    Унда туман ҳокими ва туман комиссиясининг аъзолари иштирок этдилар. 

   Туманда мавжуд 14та маҳалла фуқаролар йиғинларида сайловни юксак савияда ташкил этиш ҳамда фаол ва фидойи, элу юрт ичида ўз нуфузига эга шахсларни сайлаш зарурлиги қайд этилди.

    Йиғилишда Сайловолди чора-тадбирлар режаси ва вазифалар тақсимоти белгилаб олинди.  

Учқудуқ  тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.

 

 

 

 

25 Mar 2022

 

    Президент фармойиши (Ф–33-сон, 24.03.2022 й.) билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “очиқ мулоқоти”да белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир “йўл харитаси” тасдиқланди.

    Йўл харитаси 7 та йўналишдан иборат бўлиб, унда, жумладан қуйидагилар белгиланган:

    2022 йилда 136 та ва 2023 йилда яна 140 та янги поликлиника фаолиятини йўлга қўйиш;

   2023 йилдан жойлардаги поликлиника филиаллари негизида оилавий шифокор пунктларини ташкил этиш;

   Оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда кундузги стационар иш вақтини соат 20:00 гача узайтириш. Уларда ишлайдиган шифокор ва ҳамширалар иш ҳақига қўшимча устама тўлашни йўлга қўйиш.

   2022 йил 1 майдан:

барча туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида болалар бўлимини ташкил этиш;

тиббиёт бригадаларига 2022–2023 йилларда қўшимча 8 500 та ҳамшира ва доя штат бирликларини бериш;

18 ёшгача бўлган болаларни педиатр, стоматолог, эндокринолог, ортопед каби энг зарур мутахассислар томонидан манзилли кўрикдан ўтказиш тизимини жорий қилиш.

Тажрибали шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишига рухсат бериш;

3-15 ёшдаги болаларни 2022 йил 1 июлдан йод препарати билан бепул таъминлаш;

Янгидан ташкил этилаётган 46 та туманлараро перинатал марказларда чақалоқлар реанимацияси бўлими фаолиятини йўлга қўйиш.

    2022 йил 1 июндан:

соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг ойлик маошини малака тоифасига қараб қўшимча 15 фоизгача ошириш;

юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга қўшимча 25 фоиз миқдорида устама тўлашни жорий этиш.

   2022 йил 1 майдан:. 

барча тиббиёт ходимлари учун дастлабки ва даврий касбийтиббий кўрикни бепул ўтказиш;

қон билан бевосита ишлаётган тиббиёт ходимларини гепатит “В” касаллигига қарши бепул эмлаш.

   2022/2023 ўқув йилидан:. 

ҳудудларда шифокорларга бўлган ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб, тиббиёт ОТМда давлат грантлари асосида қабул квоталари мақсадли ошириб бориш;

фтизиатрия, гематология, нефрология, пульмонология, психиатрия, шошилинч тиббий ёрдам, лаборатория иши, юқумли касалликлар каби 15 та тор соҳадаги мутахассислик бўйича магистратурага давлат грантларини 4 бараварга ошириш.

   Олис ва чекка ҳудудлар оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларининг шифокорлари ойлик иш ҳақига қўшимча 2 млн сўм ҳар ойлик устама белгилаш.

“Қишлоқ шифокори” дастури доирасида жалб қилинган шифокорларга ипотека асосида уй-жой сотиб олиш харажатларининг 50 фоизигача қисмини маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш.  

   Олис ва чекка ҳудудларда узлуксиз 3 йил ишлаган шифокорларни клиник ординатурага тест синовларисиз қабул қилиш.

   Ўз маҳалласида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилган, шахсий намуна кўрсатган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакиллариучун “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишонини таъсис этиш.

 

25 Mar 2022

    Икки йиллик чекловлар сўнг, қатор давлатлар томонидан поезд йўловчилари учун давлат чегараларини босқичма-босқич очиш борасида саъйи-ҳаракатлар амалга оширилиши бошлаган.

    Биринчи халқаро йўловчи поезди жорий йил 1 апрель кунидан бошлаб Нукус – Бейнеу – Нукус йўналиши бўйича қатнай бошлайди.

   «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ва «Қазақстан темир жолы» МК» АЖ билан келишилган ҳолда жорий йилда Қозоғистон Республикасига яна бир йўловчи поезд ҳаракати ташкил этилмоқда.  

    2022 йил 2 майдан бошлаб ҳафтада уч маротаба Олма-ота-2 – Тошкент – Олма-ота-2 йўналишида 1/2-сонли поезд қатнови йўлга қўйилади. Ушбу поезд «Тошкент-Марказий» вокзалидан ҳар сешанба, пайшанба ва якшанба кунлари жадвал асосида Қозоғистонга жўнаб кетади. Ўзбекистон томон эса, «Олма-ота-2» темир йўл вокзалидан ҳар душанба, чоршанба ва шанба кунлари қатнайди. 

    Бошқа қўшни давлатлар билан темир йўл йўналишларининг қайта тикланиши томонларнинг келишувига асосан босқичма босқич очилиши кутилмоқда. 

    Чипталарни электрон тарзда ҳамда темир йўл кассала сотиб олиш мумкин.

    ИЗОҲ: Қўшимча маълумотларни Тошкент шаҳридаги 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюро билиб олиш мумкин.

 

24 Mar 2022

      “Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–168-сон, 18.03.2022 й.) қабул қилинди

     Қарорга кўра, 2022 йил 1 апрелдан маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари томонидан бўш турган давлат объекти ёки ерлар аниқланиб:

    2 000 квадрат метргача объектлар – ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукционга чиқарилади;

    қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар – “Yerelektron” тизими орқали юборилган онлайн-буюртманома 3 кунда тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилади ва ижобий хулоса бўлганда, 2 ҳафтада онлайн-аукционга чиқарилади;

    Вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг, 3 ойдан кўп фойдаланилмасдан бўш турган объектлар уларнинг розилигисиз ижарага бериш ёки сотиш учун савдога чиқарилади.

    2023 йил 1 апрелгага “Universal Mobile Systems” МЧЖни хусусийлаштириш чоралари кўрилади.

     “Ўздонмаҳсулот” АКнинг 25 та дон корхонаси 2022 йил 1 июлгача, қолганлари эса жорий йил якунигача босқичма-босқич савдога чиқарилади. 

     2022 йил якунигача “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва “Асакабанк” АТБнинг давлат улушлари савдога чиқарилади.

     2023 йил 1 июлгача АТ “Халқ банки”, “Микрокредитбанк” АТБ, АТ “Алоқабанк”, “Агро банк” АТБ, “Ўзмиллийбанк” АЖларнинг акциялари фонд биржаси орқали оммавий жойлаштирилади.

     Хусусийлаштиришда бошланғич нархни эълон қилмасдан талабгорларни музокараларга оммавий таклиф қилиш йўли билан сотиш услуби жорий этилади. 

     Қарор билан оммавий савдолар орқали сотиладиган 1501 та кўчмас мулк объектлари рўйхати тасдиқланди.

    Рўйхатга “Tashkent City” боғи ҳам киритилган.

 

24 Mar 2022

    ОВҚАТДАН ЗАҲАРЛАНИШ

     Озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланмаган ёки унга дуч келмаган одамнинг ўзи бўлмаса керак дунёда. Айниқса бу нохуш ҳолат, аксарият саёҳатчилар, сафарда юрганларда кўпроқ учрайди. Бунга сабаб – уларнинг ҳар доим ҳам гигиена талабларига риоя қила олмасликларидир. Бундай ҳолларда бактериал интоксикация келиб чиқиши тайин. Шунинг баробарида, тропик давлатларда дам олиш маҳали танаввул қилинадиган нотаниш ва организм ўрганмаган таомларни айтиш мумкин. Илиқ ва нам иқлим шароитида турли касаллик чақирувчи микроорганизмлар “гуркираб” ривожланади. Умуман айтганда, заҳарланишга нима сабаб бўлишидан қатъи назар, у қоринда қаттиқ оғриқ ва умумий ҳолсизланиш сингари аломатлари билан ҳар қандай гўзал саёҳатни ҳам чиппакка чиқариши ҳамда жиддий асоратлар келтириб чиқариши мумкин. 

    ОВҚАТДАН ЗАҲАРЛАНИШ НИМА?

    Овқатдан заҳарланиш – озиқ-овқат маҳсулотлари ёки ичимликлар билан ошқозон-ичак тизимига зарарли моддаларнинг тушиши оқибатида ички органлар фаолиятининг бузилишидир. Агрессив кимёвий моддалар ёки бактериялар сақловчи маҳсулот танаввул қилингандан сўнг, токсинлар секин-аста қон томирларига сўрилиб, интоксикация аломатларини намоён этади.

ОВҚАТДАН ЗАҲАРЛАНИШ АЛОМАТЛАРИ    

   Одатда оватдан заҳарланиш жараёни жуда тез содир бўлади. Масалан, қисқа вақт оралиғида организмнинг нормал ҳолати қуйидагича ўзгариши мумкин:

- кўнгил айниши ва қайт қилиш;

- диарея;

- ошқозон ёки ичакларда оғриқ;

- умумий ҳолсизланиш,

- дармонсизлик;

- бош оғриғи ва ҳ.к. 

   Вақтида чора кўрилиб, даволаш бошланмаса, аломатлар кучаяди. Токсинлар тури ва уларнинг миқдорига кўра, буйрак, марказий асаб тизими ва юрак-қон тизими фаолияти бузилиши мумкин. Айниқса интоксикация болалар, кексалар ёки яқинда касалланган кишиларда ўта жиддий ўтади. 

ОВҚАТДАН ЗАҲАРЛАНИШ САБАБЛАРИ 

   Аксарият ҳолларда заҳарланиш муддати ўтган маҳсулот, бактериялар ва улар ишлаб чиқарган маҳсулотлар, шунингдек, кимёвий воситалар таъсирида зарарланган озиқ-овқатни истеъмол қилиш оқибатида юзага келади. Аксарият ҳолларда, муддати ўтган ва гигиеник талабларга тўла жавоб бермайдиган тартибда овқатланиш ҳам сабаб бўлиши мимкин.

    Биз юртдошларимиздан, аввало, ўз саломатликларига бефарқ бўлмай, тоза ва сифатли овқатланишга эътибор беришларини сўраб қолардик.

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: