Учқудуқ туманида тиббиёт ходимлари куни муносабати билан муҳташам “Оқ сарой” тўйхонасида тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда тиббиёт ходимлари, соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарлари, фахрийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Мамлакатимизда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкам қарор топтириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар бир фуқаронинг соғлиғини асраб-авайлаш, уларни малакали тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олишга катта эътибор қаратилмоқда. Бундай ишларда соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг меҳнати беқиёс. Байрам тадбирида бу эътироф этилди.
Инсон саломатлигини асрашдек эзгу ва савобли ишга ўзини бағишлаган туман тиббиёт ходимларини байрам билан қутлаш учун сўз олган туман ҳокими Соли Хамроев тиббиёт соҳаси ва шифокорларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти нақадар муҳим эканлигига алоҳида эътибор қаратди.
Туманимиздаги муҳташам “Оқ сарой” да тиббиёт ходимлари куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали байрам тадбирида ҳам давлатимизнинг тиббиёт ходимларига кўрсатилаётган улкан эътибори ва эҳтироми намоён бўлди.
Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар Учқудуқ туманида ҳам бўй кўрсатмоқда. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, биргина жорий йилда 1 млрд. 500 млн. сўм маблағ соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилган бўлиб, март ойида 4 млрд. сўм маблағ эвазига Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмасининг 80 ўринди стационар бўлимида капитал таъмирлаш ва қурилиш - реконструкция ишлари олиб борилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан 100 млн. сўм маблағ аажратилиб, гемолитик анализатор ва мониторли микроскоп сингари лаборатория жиҳозлари сотиб олинди. 1 млрд. сўм маблағ эвазига “Бузайбай”, “Контай” овуллари ҳамда “Геолог”лар қўрғонида зарурий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган тиббиёт контейнерлари барпо этилди. Тиббий бригадаларга глюкомер аппаратлари, электрон поликлиника учун 20 та замонавий компьютер ва YUPESS принтер харид қилинган. Яқин кунларда патанатомия бўлими фойдаланишга топширилади.
Шунингдек, олис овуллардаги оилавий шифокорлик пунктларида тиббий хизмат сифатини яхшилашга катта эътибор қаратилмоқда.
Ҳа, саломатлик инсон учун улуғ неъмат. Шу сабабли ҳам шифокорлик касблар ичра энг шарафлиси дея, эътироф этилади. Байрам муносабати билан ўтказилган туман тадбирида инсон ҳаётига дахлдор бўлган ўта маъсулиятли касбни зиммаси олган, бу йўлда фидойилик билан меҳнат қилиб келаётган ҳар бир тиббиёт ходими эъзозга муносиблиги хусусида сўз юритилди.
Бу йилги байрам Учқудуқ тумани тиббиёт ходимлари учун қувончли бўлди. Эътиборлиси, ҳурматли Президентимизнинг фармонлари билан Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли поликлиникаси дерматовенеролог врачи Бўстонова Гулшода Аширалиевна II даражали «Саломатлик» ордени билан мукофотланган.
Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида, эндиликда тиббий хизматнинг асосий вазифаси касалликларни даволаш эмас, балки уларнинг олдини олишга, аҳолининг саломатлик кўрсаткичларини яхшилашга, узоқ умр кўришига ҳисса қўшишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.
Тадбирда инсон саломатлиги учун масъул, ҳаётимиз мазмунли ва бардавом бўлиши учун жон куйдираётган, ўзини қўйиб, бошқаларга ҳаёт бахшида қилишга қасам ичган ва фидойи 16 нафар тиббиёт ходимлари Учқудуқ туман ҳокимлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Бундан ташқари, “НКМК жамғармаси” ДМ Учқудуқ ҳудудий бошқармаси тасарруфидаги № 2 тиббий-санитария қисми болалар поликлиникаси мудири Шодиева Гулбаҳор Худайбердиевна "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аьлочиси" кўкрак нишони, № 2 тиббий-санитария қисми врачи Ҳотамов Ёрқул Тешаевич III даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Байрам тадбирида ижро этилган куй-қўшиқ ва рақслар даврага кўтаринки кайфият улашди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.