Коррупция бу – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан биридир. Аксарият ҳолларда коррупция деганда, давлат хизматчилари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб бойлик орттириш мақсадида халқдан пора олиш, қонунга хилоф равишда пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади.
Этимологик жиҳатдан “коррупция” атамаси “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатадиган лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан. Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир.
Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, биз давлатнинг назорат функцияларини қанча кучайтирсак, назорат билан шуғулланувчи давлат тузилмалари ва органларини қанча кўпайтирсак, амалдорларнинг зўравонлиги ва коррупция шунча авж олаверади.
Бугунги кунда пенсия таъминоти соҳасида ҳам коррупцияга қарши муросасиз курашиш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб келинмоқда. Бунга мисол қилиб охирги йилларда соҳага оид қабул қилинаётган концептуал амалиётга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.
Президентимиз томонидан коррупция масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, жамиятни “ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш” зарурияти хақидаги фиклари бу борада айтилган энг тўғри фикр, деб тан олинганлигини эътироф этишимиз лозим.
Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тизимида коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Айнан шу вазифаларнинг амалга оширилишида ўз олдимизга коррупциявий хавф-ҳаракатларга кўмаклашувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш учун аниқ вазифаларни белгилаб олганмиз. Тизимда жорий йил 20 октябридан 20 ноябрига қадар “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” эълон қилиниб, бу бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Ҳар бир ходим амалдаги қонун ҳужжатлари мазмун- моҳиятини билмас экан, коррупцияга қарши курашишни ҳам билмаслиги аниқ. Шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик муқаррарлиги юзасидан ҳар бир ходим билан алоҳида суҳбат олиб бориш, бўлимга ташриф буюраётган фуқаролар билан этика, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилан ҳолда муомалада бўлиш, ҳар бир туманда ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўлими ва диний идоралар ходимлари билан бирга семинар-тренинглар ташкил этиш, ҳудудий бошқармалар томонидан барча туман Пенсия жамғармаларида “Сирли мурожаатчи” тадбирларини ташкил қилиш каби вазифалар белгилаб олинди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тизимда коррупцияга қарши қанчалик қаттиқ чора ва тадбирлар кўрилишига қарамай, жорий йилда ҳам соҳа вакиллари орасида шу каби нохуш ҳолатлар кузатилгани сир эмас. Мақсадимиз ушбу иллатга қарши кураш олиб боришни янада кучайтириш, барча ходимларга коррупция ҳалокатга етакловчи йўл эканлигини, ҳар бир ходим бу ишга қўл уришидан олдин оиласи, фарзандларини кўз олдига келтирмоғи кераклигини тушунтиришдан иборат. Зеро, бундай ишлар унинг барча яқинларига салбий таъсир этиши билан бирга, у фаолият юритаётган бўлимда ҳалол, пок ишлаб келаётган ҳамкасбларининг ҳам тинчини бузиб, ҳаловати йўқолишига сабаб бўлади.