Ёзда Учқудуқ қумига тухум кўмсангиз пишади. Буни синаб кўрганмиз. Фақат ёзда бу ерга келсангиз бу гапга ишонасиз. Учқудуқнинг қиши ҳам шундай аёвсиз.
Шунга қарамай бир пайтлар йўлсиз йўлда уч кунлаб йўл босиб, Учқудуқ томон йўл очган биринчи ҳайдовчилар жасорати доимо эсланади, қадрланади. Уларнинг сафларида меҳнат қилиш Иноят ака Эшмуродовга ҳам насиб этган.
У 1966 йилда Қизилтепа туманида туғилган. Ўқитувчилар оиласида икки ўғилнинг кенжаси бўлиб вояга етган Иноят ака ёшлигидан техникага меҳр қўйди. Мактабда яхши ўқиди. Йигитлик бурчини тугатиб келгандан сўнг, 1986 йилда Учқудуқдаги саноат техникумига ўқишга кирди.
1990 йилда техникумни тамомлаб, Шимолий кон бошқармаси 1-сонли Автобазасида ҳайдовчи бўлиб ишлай бошлади. Унинг босиб ўтган меҳнат йўлига назар солсангиз, 1998-2004 йилларда 2-колонна, 2004 йилдан эксплуатация бўлими, 2010 йилдан 4-сонли участка бошлиғи лавозимларида ишлаган.
Ҳозирда назорат - техник пунктида катта уста вазифасида фаолият олиб бораётган Иноят ака Эшмуродов ҳайдовчилик касби ҳам машаққатли, ҳам шарафли касблардан эканлиги, инсон танлаган касбига қизиқса, меҳр қўйса, қийинчиликлардан чўчимасагина ўз соҳасида ютуқларга эришишини таъкидлайди.
Ишдан бўш вақтларида уйда ҳам турмуш ўртоғи Шарқий кони ходими Маҳбуба Ярашова билан оила тинчлиги, мустаҳкамлиги, фарзандлар бахту камолини кўзлаб яшаётган Иноят ака Эшмуродов маҳаллада обрў-эътиборли кишилардан. 33 йилдан буён бахтли-саодатли ҳаёт кечириб келинаётган бу оилада уч нафар ўғил-қиз вояга етган.
Бугун фарзандлар набиралар қуршовида файзли умр гаштини суриб яшаётган Иноят Хўжамовичга ҳаёт йўлида ва кейинги фаолиятларида зафарлар тилаймиз.
Дилноза ТОШНИЁЗОВА