Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, ҳудудларда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини жадаллаштириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар Учқудуқ туманида ҳам қизғин давом эттирилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 мартдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида туманимизда 2022-2024 йилларда бир неча йўналишларда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинган.
Бунда жорий йилда 140 та хонадонга мўлжалланган 3 та беш қаватли уйлар қурилиб, ўз эгаларига топширилганлигига эътиборингизни қаратмоқчиман. 2023-2024 йилларда яна 28 та кўп қаватли уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилади. Натижада Учқудуқ туманида аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланади.
Бугунги кунда уй-жойлар қурилишининг бориши қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан назоратга олинган. Шу кеча-кундузда 28 та кўп қаватли уйлар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияларидан рўйхатдан ўтказилиб, қурилиш-монтаж ишлари режа-график асосида олиб борилмоқда.
Жумладан, “GARANT-UCHQUDUQ” МЧЖ томонидан 1 та тўққиз қаватли 180 хонадонли, “GRAND SHARQONA” ХК томонидан 5 та беш қаватли 150 хонадонли, “ISHONCH FERUZ” ХК томонидан 6 та беш қаватли 340 хонадонли, “AYGERIM ALMAGUL” XK томонидан 3 та беш қаватли 225 хонадонли, “UCHQUDUQ GRANT SERVIS” МЧЖ томонидан 1 та уч қаватли 40 хонадонли, “JAVOXIR TARAQIYOTI” МЧЖ томонидан 4 та беш қаватли 300 хонадонли, “UCHQUDUQ ULGURJI” МЧЖ томонидан 5 та беш қаватли 295 хонадонли, “Мироншох сити зар” МЧЖ томонидан 2 та беш қаватли 120 хонадонли, “Навоий сантехника монтаж” МЧЖ томонидан 2 та беш қаватли 120 хонадонли уйларнинг қурилиши жадал суръатларда давом эттирилмоқда.
Йил охиригача яна 170 та хонадонли 2 та беш қаватли уйларнинг қурилиши якунланиб, фойдаланишга топшириш учун тайёргалик кўрилмоқда.
Халқимизда, уйи борнинг ўйи бўлмайди, деган ҳикматли сўз бор! Буни айниқса, ўз уй-жойига эга бўлмаган, йиллар давомида шу орзу билан яшаган одамлар учун қанчалик бебаҳо сўз эканлигини уларчалик биз ҳис эта олмаймиз.
Албатта, буларнинг бари ҳурматли Президентимизнинг аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлари Учқудуқ туманида ҳам изчил давом эттирилаётганлиги, туман раҳбарларининг бу ишга катта масъулият билан ёндашаётганлиги замирида ҳар бир учқудуқликни ана шундай бахтли-саодатли кўриш, истаги мужассам!.
Отабек РАМАЗАНОВ,
туман ҳокими ўринбосари.