LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

22 Nov 2020

Hurmatli ota-onalar!

Bolangizni bolalar bog'chasidagi navbatini aniqlash uchun quyidagi amallarni bajarsangiz kifoya.
1. Veb-saytga o'ting: http://search.mdo.uz/
2. Ariza raqamingizni katakchaga kiriting
(ariza raqami sizga DXA yoki YIDXP tomonidan beriladi)
3. Bajarildi! Ko'rsatilgan oynada natijani ko'rasiz.

Sayt O'zbekiston Respublikasi Maktabgacha ta'lim vazirligi huzuridagi "Axborot va pedagogika texnologiyalari innovatsion markazi" tomonidan ishlab chiqilgan.

saytga kirish bo'yicha video yo'riqnoma quyidagi manzilda.

https://fb.watch/1WfOnVdEE8/

21 Nov 2020

2020/21 ўқув йили бошланишидан олдин Халқ таълими вазирлиги Kundalik тизимига уланган мактаб ўқувчиларининг ота-оналарига қоғоз кундалик сотиб олмасликлари, унинг ўрнига электрон муқобилига обуна бўлиш лозимлигини маълум қилган эди.

 

Электрон Kundalik платформаси билан ишлаш учун ажратилган синов муддати тугагани муносабати билан, электрон кундалик платформасининг бошқа функцияларидан фойдаланиш учун обуна бўлиш лозим бўлади.

 

Қоғозли ўрнига электрон Кундалик

 

Электрон Kundalik платформасига обуна нархи қоғоз кундаликнинг ўртача нархига тенг — 9 200 сўм. Уч ва ундан ортиқ фарзанди бор оилалар учун 10 фоизлик чегирма мавжуд.

 

Ушбу миқдорни тўлаб, ота-она ва ўқувчининг истаган бошқа яқин қариндошлари бир календар йил давомида боланинг мактаб ҳаётини кузатиш имконига эга бўлади.

 

Электрон тўловнинг икки йўли мавжуд: пластик карта ҳамда CLICK тўлов тизими орқали. Электрон кундалик учун тўловни амалга ошириш йўриқномаси билан бу ерда танишиш мумкин.

 

Кундалик обунаси учун тўловни 30 ноябрдан эътиборан амалга ошириш мумкин.

 

Эслатиб ўтамиз, 23 ноябрдан синов муддатининг охирги 7 куни бошланади. Ота-оналарга ўзларининг профилларидан кириш ва барча фарзандларининг кундаликларини кўра олишларини текширишлари тавсия этилади.

 

Kundalik’да ота-онанинг битта аккаунтига ҳар бир фарзандини «боғлаш» мумкин. Бунинг учун фарзандингиз таълим олаётган муассасага мурожаат қилиш лозим.

 

Фойдали жиҳатини биласизми?

 

Электрон кундалик ёрдамида ота-оналар ишдан чалғимаган ҳолда масофадан туриб фарзандларини барча баҳоларидан, мактаб ҳаётидан хабардор бўлиши, синф раҳбари ва бошқа ўқитувчилар билан доимий алоқада бўлиб, болада ўқув жараёни билан боғлиқ қийинчиликларни ўз вақтида енгишга ёрдам бериши мумкин.

 

Ўқитувчининг вақти тежалади!

 

Аввалгидек, мактаблар учун бюджет маблағлари ҳисобига сотиб олинган қоғоз муқобилида бўлгани каби, ўқитувчилар учун электрон журналдан фойдаланиш бепул тақдим этилади. Кўп йиллар давомида электрон журнал ва кундалик қўлланилаётган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ўқитувчилар унинг ёрдами билан ҳар чоракда 20 соатдан ортиқ иш вақтини тежайди. Мазкур тежалган вақтни эса ўқитувчи болалар билан ижодий шуғулланишга ёки қўшимча ўқув материалларини ўзлаштиришга сарфлаши мумкин. 

 

Шахсий маълумотлар ишончли ҳимояда

 

Kundalik.com TAS-IX ҳудудида жойлашган бўлиб, платформа билан ишлашда уяли алоқа операторлари орқали фойдаланиладиган интернет-трафик сарфланмайди. Фойдаланувчилар тўғрисидаги барча маълумотлар «Ўзбектелеком» серверларида сақланади. Бу эса ўқув жараёнидаги барча иштирокчиларнинг шахсий маълумотлари ишончли ҳимояда эканлигини англатади.

 

Маълумот учун, бугунги кунга қадар 1557та мактаб электрон Kundalik тизимида рўйхатдан ўтган, шундан 1482 мактаб қоғоз журнал ва кундаликдан бутунлай воз кечган

21 Nov 2020

Бугун Учқудуқ туманидаги “КЕLAJAК”  ёшлар марказида  Навоий вилояти ҳокими  Қ.Турсуновнинг “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.

     Учрашувда вилоят ва тумандаги давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда  учқудуқлик ёшлар иштирок этишди.

    “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида вилоят ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқиб, вилоятимизда ўтган давр мобайнида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида олиб борилаётган ишлар амалга оширилаётган ислоҳатлар тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Таъкидландики, давлат ва жамият бошқарувида ҳам, бизнесни тараққий эттиришда ҳам, умуман, барча соҳа ривожида салоҳиятли ёшлар муҳим ўрин тутади. Сабаби улар жамият учун “янги қон” вазифасини ўтайди. Янгидан-янги ташаббус-ғояларни илгари суриш, замонавий иш юритиш услубларини жорий қилишда ана шу қатламнинг нуқтаи назари ва саъй-ҳаракатлари алоҳида аҳамият касб этади.

Шундан сўнг, вилоят ҳокими ёшлар билан очиқ мулоқотга киришди. Учқудуқ ёшлари ўзларининг саволлари, таклифлар ҳамда муаммолари билан вилоят ҳокимига мурожаат қилишди.

Жумладан, Учқудуқ касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Суҳроб Олимов, ижодга, журналистика соҳасига  қизиқиши боис, ижодкор ёшлар ўртасида кўпроқ танловлар ўтказиш таклифини билдирди. Бу каби таклифни “Қизилқум” маданият уйи “Парвоз” театри актёри, Болалар мусиқа ва санъат мактаби  ўқувчиси Мардон Саидов ҳам илгари сурди.

Шунингдек, юртимизда ахборот технологияларини ривожлантириш, IT парклар ташкил этиш орқали, ёшларимизни замон талабига мос кадрлар қилиб тарбиялаш мақсадида қатор ишлаб олиб борилаётир.

Навоий вилоят ҳокими ташаббуси билан Япониянинг Нагоя шаҳридаги Beeanz, Nakamura Jidousha, Gakko Place, Global Silk Road корпорациялари билан ҳамкорликда Зарафшон шаҳрида IT  академия ташкил этилганидан кўпчиликнинг хабари бор.

IT  академиянинг Зарафшон шаҳар раҳбари Буюк Ибодуллаев академиянинг Учқудуқ туманида филиалини ташкил  этиш  ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шу мақсадда “КЕLAJAК”  ёшлар маркази биносида 3 та хона ва зарурий жиҳозлар  ва компьютер воситалари билан таъминланишида амалий кўмак сўради.

Вилоят ҳокими Учқудуқ ёшлари билдирган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олиб, икки нафар ижодкор ёшнинг шеърий тўпламини чоп эттириш,  яқин кунларда “Шодлик” ёшлар  амфитеатри ҳудудида бепул Wi-Fi зона ташкил қилинишини таъкидлади.

Самимий мулоқотлар асосида бўлиб ўтган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида Учқудуқ туман ҳокимлиги ҳомийлигида нашр этилган “Сени куйлайман, Ватан!” тўпламининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Тўпламдан “Учқудуқ” газетаси қошида фаолият юритаётган адабиёт тўгараги иштирокчилари бўлган ижодкор ёшларнинг шеърлари жой олган.

Бундан ташқари, “Аёллар темир дафтари” га киритилган 5 нафар хотин-қизларга тикув машинаси ва пишириқлар пиширишга мўлжалланган печкалар тақдим этилди.

Ҳа, бугунги кунда юртимизда замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган, интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Шу маънода бугунги ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилиши билан  аҳамиятлидир.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

21 Nov 2020

Маълум қилинишича, 2019 йил ва 2020 йилнинг 9 ойи давомида 720та оғир, 207та ўта оғир турдаги жиноятлар фош этилмасдан қолган.

Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар «Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишди.

Мажлис давомида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Фарҳод Боқиев қонун мазмун-моҳияти ҳақида гапирди.

 

«2019 йил ва 2020 йилнинг 9 ойи давомида 720та оғир, 207та ўта оғир турдаги жиноятлар фош этилмасдан қолган. Бундан ташқари, биргина 2020 йилнинг 9 ойида 367та бедарак йўқолган фуқаролар топилмаган ва 224та номаълум мурдаларнинг шахси аниқланмаган», деди Фарҳод Боқиев.

У бу қонун 50га яқин мамлакатда мавжудлигини, ДНК базалари билан ишлайдиган давлатлар борлиги, мана шу давлатларда 60 миллиондан ортиқ шахсларнинг маълумотлар базалари сақланишини таъкидлаб ўтди.

«Геном ахборотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмларининг жорий этилиши нисбатан мураккаб, ўта оғир ва очилмаган жиноятларни очишга имкон яратиш билан бирга қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлайди. Бирор шахс жиноят қилиш учун қанчалик пухта режа қилмасин, содир бўлган жойда ўзи хоҳламаган ҳолатда биологик материални қолдиради. Бу соч толаси, қон доғи, тер доғи, сўлак бўлиши мумкин. Мана шу қолган биологик материалдан олинган геномга оид ахборот ўша жиноятнинг фош этилишига олиб келади», деди Фарҳод Боқиев.

Ҳозирда содир этилаётган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар тўлиқ фош этилиши ва жазо муқаррарлигини таъминлашни талаб этади. Бунда жиноятчилар томонидан ҳодиса жойларида ўз изларини қолдирмаслик мақсадида турли усуллардан фойдаланилмоқда.

Мазкур қонун қабул қилинишининг аҳамиятли томони шундаки, ушбу соҳага замонавий усул ва технологияларни жорий этиш алоҳида аҳамият касб этади. Ўз навбатида, чет эл тажрибаси жиноятчилик билан курашишда геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни фош этиш муҳим аҳамият касб этиб, юқори самара бераётганини кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунда жиноят содир этиш усуллари ҳам такомиллашиб бормоқда. Уларнинг асосий мақсади жиноят содир этилган жойда қолдириладиган изларни минималлаштиришдан иборат бўлиб, бу эса содир этилган жиноятларни очиш жараёнларини қийинлаштирмоқда. Геном ахборот маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмининг жорий этилиши нисбатан мураккаб, ўта оғир ва очилмаган жиноятларни очишга имкон яратиш билан бирга қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлайди. 

Қонун билан бир қатор янгиликлар киритилмоқда.

Хусусан, қонунда биологик материал, геном бўйича давлат рўйхатига олиш, геномга оид ахборот ва унга ишлов бериш, геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базаси, одам ДНКсининг суд-биологик экспертизаси шахснинг биологик қариндошлари каби тушунчаларига аниқлик киритилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қонунчиликка «Шахснинг биологик қариндошлари» деган янги тушунча ҳам кириб келди.

Геном бўйича давлат рўйхатига олиш доирасидаги ваколатли органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Геномга оид ахборотларнинг ягона маълумотлар базасини юритишни амалга оширувчи ваколатли давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳисобланади. Геномга оид ахборот инсонга тегишли бўлган ўта нозик ва муҳим бўлган конфеденциал ахборот бўлгани боис унинг бут сақланиши ва махфийлигини таъминлайди.

Бундан ташқари, қонунга мувофиқ Геном бўйича давлат рўйхатига олиш мажбурий ва ихтиёрий равишда амалга оширилади.

Мажбурий – оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида жалб қилинган, оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар, шунингдек, жинсий эркинликка қарши жиноятлар, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ва ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар.

Шунингдек, шахси аниқланмаган шахсларнинг терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнида олинган биологик материаллари, таниб олинмаган мурдалар (тана қолдиқлар, қисмлари) ҳам мажбурий равишда амалга оширилади.

Ихтиёрий – Геном бўйича давлат рўйхатига олиш Ўзбекистон фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ёзма аризаларига кўра пулли асосда амалга оширилади.

Бундан ташқари, бедарак йўқолган шахсларни қидиришга кўмаклашиш мақсадида уларнинг биологик қариндошлари бепул асосда геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олишдан ўтиши мумкин. 

Қонун билан Геномга оид ахборотни олиш, унга ишлов бериш ва уни муҳофаза қилишнинг асосий талаблари белгиланмоқда.

Шунингдек, Геном бўйича давлат рўйхатига олинган ахборотдан:

  • жиноятларнинг олдини олиш, уларни очиш ва тергов қилиш, шунингдек, уларни содир этган шахсларни фош этиш ва аниқлаш;
  • бедарак йўқолган шахсларни қидириш;
  • таниб олинмаган мурдаларнинг (тана қолдиқларининг, қисмларининг) шахсини аниқлаш;
  • биологик қариндошликни аниқлаш мақсадида фойдаланилади.

Бу эса халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла жавоб берадиган қонунийлик, инсонпарварлик, махфийлик принципларига амал қилинишини таъминлайди.

Яна бир жиҳат. Биологик материал ва Геномга оид ахборотни сақлаш муддатлари ва йўқ қилиб ташлашнинг тартиблари белгиланмоқда.

Агар шахс ўзининг барча биометрик маълумотлари қонунийлик асосида давлат рўйхатига олинганлигини ҳис этса ва ҳар қандай жиноий қилмиши фош этилишини олдиндан англаб етса, аксарият вазиятларда бу жиноят қилишдан қайтаради.

Мажлисда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор-қидирув фаолиятида қонунийлик асосида шакллантирилган фуқароларнинг биометрик маълумотлари ҳақидаги маълумотлар базаси мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Сенаторлар томонидан «Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди. Қонун 2023 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

20 Nov 2020

Закотни турли томон турлича изоҳлаши мумкин, бунда уни тўловчининг изоҳи, уни олувчиникидан, иқтисодчининг изоҳи, ҳуқуқшунос олимникидан фарқ қилади ва закот шуниси билан ҳам ажойибдир. Мана шундай изоҳларнинг баъзилари:

  1. Закот исломнинг бешта устунидан биридир;
  1. Закот – молиявий ибодатдир;
  1. Закот – бойлар учун синовдир;
  1. Закот – қалбларни бахиллик ва хасисликдан тозаловчидир;
  1. Закот – мулкдорларнинг йўқсиллар олдидаги қарзидир;
  1. Закот – мусулмонлар ўртасидаги биродарлик муносабатларини яхшиловчидир;
  1. Закот – уни тўлашга қодир бўлган мусулмоннинг бир йилда бир тўлайдиган мажбурий тўловидир;
  1. Закот – бир мусулмоннинг нисобга етган ва закот тўланадиган (яъни хожати аслиядан ташқари бўлган) мол-мулкини бор-йўғи 2.5% дир;
  1. Закот – ҳар бир қийналган камбағалга энг зарур (бошланғич) таъминот ва оғир молиявий ҳолатдан чиқиб олишини кафолатловчи моддий ёрдамдир;
  1. Закот – жамиятдаги бойликларнинг бир қисмини (аниқроғи қирқдан бирини) бойлардан (уларнинг ўз қўллари билан) камбағалларга ўтишини ва шу орқали ҳудуд иқтисодиётининг яхшиланишига хизмат қилувчи ажойиб иқтисодий воситадир;
  1. Закот – мол-мулкни сақловчи ва баракотли қилувчидир.
20 Nov 2020

Янги турдаги коронавирус бошқа хасталикларнинг хусусиятларини ўзида жамлаган.

Бу ҳақда биология фанлари доктори, Новосибирск давлат университети табиий фанлар факультетининг биотехнология ва вирусология лабораторияси мудири Сергей Нетесов маълум қилди.

Зеро, мутахассиснинг сўзларига кўра, цитокин бўрони — организмда коронавирус ҳужумидан кейин пайдо бўладиган реакция, бошқа хавфли касалликлар, масалан, эбола билан ҳам содир бўлади. Бундан ташқари, коронавирусга хос бўлган энг кенг тарқалган қон ивиши синдроми ҳам Қрим-Конго геморрагик иситмаси, Денге иситмаси, шунингдек, буйрак синдроми билан кечувчи геморрагик иситмада ҳам учрайди.

Шунинг билан биргаликда, Нетесовнинг таъкидлашича, ҳид йўқотиш нафақат коронавирус инфекциясининг аломати ҳисобланади, балки камида 20 та фанга маълум бўлган вируслар ҳам худди шундай хусусиятга эга.

 

20 Nov 2020

Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ташаббуси билан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ўртасида меморандум имзоланди.

Меморандум асосида мактабгача таълим муассасалари замонавий беговел (болалар учун педалсиз велосипед)лар билан таъминланади.

Шунингдек, Ўзбекистонда биринчи болалар велопойгаси ўтказилади.

Келишувни имзолаш тадбирида Ўзбекистон Велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Норбоева, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Жон Макгрегор иштирок этди.

Спорт вазирлиги хабарига кўра, меморандумдан кўзланган асосий мақсад – барча ҳудудлардаги боғчаларни босқичма-босқич беговеллар билан таъминлаш ва томонлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш орқали болаларнинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишига шароит яратишдир.

19 Nov 2020

Учқудуқ тумани ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг 2020 йилнинг 1 ноябрь ҳолатида  асосий кўрсаткичлар

2020 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига туманда 112.3 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан саноат ишлаб чиқаришнинг физик ҳажм индекси 103.7 фоизни ташкил этди, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳажми 95.9 млрд. сўмни  (102,6 %),жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 44,7 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажарилган бўлиб, 2019 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига  нисбатан 103,9 фоизни ташкил этди, чакана савдо ҳажми 237,7 млрд. сўмни (100,6 %), жами хизматлар ҳажми 166.7 млрд. сўмни (103 %) ташкил этди.

Туман аҳолиси жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 37.6 минг кишини ташкил этади.

 

Учқудуқ туман статистика бўлими.

18 Nov 2020

Ҳурматли тумандошлар!

Бепоён Қизилқум саҳросида жойлашган жонажон туманимиз ўзининг бетакрор табиати, чўл ва саҳролари, тоғу даштлари, жозибадор флора ва фаунаси билан асрлар давомида аждодларимизни доимо ўзига мафтун этиб келган.

Сахий заминимиз ўзининг ер ости ва ер усти бойликлари билан нафақат туманимиз балки бутун республикамиз манфаатига беминнат хизмат қилиб келмоқда.

Жумладан, ер майдонлари ва конлар ўзлаштирилмоқда, янгидан – янги замонавий инфратузилмалар  яратилмоқда. Албатта, бундай шараф барчамизга чексиз фахру ифтихор бағишлайди.

Аммо халқимизда “олмоқнинг бермоғи бор” деган нақл бежизга айтилмаган. Зеро, асрлар давомида она табиатнинг бизга бериб келаётган беминнат ва беғараз сахийликларидан самарали фойдаланиш, уни келажак авлодларга ҳам бекаму кўст етказиш мажбурияти ва бурчи борлигини ҳам унутмаслигимиз лозим!

Ҳолбуки, бутун дунёда бўлгани каби бизнинг туманимизда ҳам экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммолар йил сайин ортиб бораётгани аксарият ҳолларда жиддий ва ташвишли қиёфа касб этаётгани ҳам афсуски айни ҳақиқат!

Бугун Сиз қадрли учқудуқликларга, азиз юртдошларимга мурожаат қилиб яна бир бор таъкидлашни истардим:

Она табиатимизнинг ҳар бир неъматини асраб-авайлайлик, боридан унумли ва мақсадли фойдаланиб, фақат бугунги кунни эмас, эртамиз эгалари бўлган, жондан азиз фарзандларимизнинг ҳам ана шундай буюк неъматлардан бебаҳра бўлиб қолмасликлари учун масъул эканлигимизни унутмайлик!

Қадрли юртдошлар!

Сир эмаски, аксарият ҳолларда сиз ва бизнинг ёнимизда юрган айрим инсонларнинг кўр – кўрона хатти – ҳаракати билан она табиатимиз мувозанатига, ҳудудимиз экологиясига, атмосфера, ўсимлик ва ҳайвонат дунёсига жиддий зиён етказилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида туманимиз бўйича 136 тадан ортиқ қонунбузарлик ҳолатлари аниқлангани, афсуски, бунинг яққол исботидир. Узоққа бормайлик, овулларимизнинг бундан бир неча ўн йил олдинги ҳолати, юзлаб қуш ва ҳайвонларга макон бўлганини кўпчилик яхши эслайди.

Жумладан, Мингбулоқ овулидан 30 километр узоқликда жойлашган «Жирақудуқ» дарасидаги бундан 95-100 миллион йил аввал мавжуд бўлган «Тош ўрмон», деб аталувчи ноёб геологик, полеонтологик объект дунё олимларини ҳамон ўзига жалб қилмоқда. Бу ноёб  геологик мўъжизани  асраш, келажак авлодга мерос қолдириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири саналади.

Афсуски, йиллар давомида она табиатга эътиборсизлик, бошқа ҳудудда учрамайдиган ноёб тарихий ва табиий объект – “Тош ўрмон”  га нотўғри муносабатда бўлиш, уни талон-тарож қилиш,  шунингдек, набобат ва ҳайвонот оламига - бутун бир экологияга салбий таъсир ўтказмай қолмади.

Албатта, иқтисодиётимизни саноат тараққиётисиз тасаввур эта олмаймиз. Учқудуқ тумани ҳам саноати ривожланган ва жадал суратда юксалиб бораётган ҳудуд ҳисобланиб, янги ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш ҳисобига кенгайиб бормоқда. Ва бу атмосферага кўплаб ифлослантирувчи чиқиндиларнинг чиқарилишига сабаб бўлмоқда.

Яна бир оғриқли нуқталаримиздан бири – бу инсоният томонидан ўсимлик дунёсига етказилаётган зарар ва эътиборсизликдир.

Биламизки, саксовул ва барханлар Қизилқум саҳроси безаги. Қумларни бир жойда сақлаб турувчи ҳимоя тўсини ва таянчи ҳисобланади. Аммо, чўл ҳудудларида яшовчи маҳаллий аҳоли, ҳаттоки, қўшни вилоятлар фуқаролари томонидан саксовуллар аёвсиз кесиб, ташиб кетилиши оқибатида нафақат, табиат мувозанати, бевосита инсонлар саломатлигига ҳам жиддий салбий  таъсир кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида туманимиз фуқароларининг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида 23 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, жисмоний шахсларга 87 548 050 сўмга яқин жарима қўлланилди. Аммо энг ачинарлиси тўланган моддий жарималар эвазига бир неча ўн йиллик ўсимлик дунёсини, бузилган экологияни тиклаб бўлмайди.

Бугун дунё жамоатчилигини ташвишга солаётган муаммолардан яна бири бу маиший чиқиндилар эканлигини яхши биламиз.

Зеро, халқимиз ҳам азал-азалдан ўз уйи, кўчаси, маҳалласини тоза-озода тутишни ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи деб билган. Аммо, сўнгги пайтларда аҳоли томонидан турли маиший чиқиндиларни дуч келган манзилларга ташлаб, оддий эътиборсизлик оқибатида айрим ҳудудларда сунъий равишда антисанитария ҳолатларини юзага келтиришмоқда.

Биринчи галда ўзбекона маданият, инсонийлик бурчи ташаббускорлик ва ҳар бир амалимиз ўзимиз учун эканлигини чуқур англашимиз лозим бўлади.

Бундан ташқари, сўнгги пайтларда кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда, қурилиш хом ашёси ва материалларига эҳтиёж ошмоқда.

Аҳоли ва баъзи тадбиркорлар томонидан тоғли ҳудудларда ҳеч қандай рухсатсиз ноқонуний каръерлар ташкил этиб, тош ва қум – шағалларни қазиб олиш ишларига қўл урилмоқда.

Бу ғайриқонуний ҳаракатлари билан улар атроф-муҳитга салбий зиён етказишмоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бу каби қонунбузилишлар ва уларнинг олдини олиш ишлари эса доимий равишда тегишли ваколатли назорат органлари эътиборида бўлиши керак.

Айни пайтда ўлкамизда  куз фасли кезмоқда. Туман иқлимига мос манзарали кўчатларни экиш мавсуми ҳадемай бошланади.

Бу палла аҳоли учун яшаб турган ҳовли, кўча, маҳаллаларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларини амалга ошириш учун қулай фурсатдир. Чунки, тозалик ва озодалик бор жойда қут-барака, хосият мўл бўлади.

Айниқса, дарахт кўчатларини экишда атмосферага кислород ажратиб берувчи кенг баргли, яъни тол, терак, павлония, липа, акация, айлант, арча ва бошқа дарахт кўчатларини экишга алоҳида эътибор беришни ва кўпайтиришни тавсия этган бўлардик.

Туманимизнинг ҳудудий жиҳатдан кенглиги ов қилиш учун қулай ҳудуд бўлгани учун нафақат туманимиз, балки бошқа вилоятлар овчиларининг ҳам сафи кенгайишига сабаб бўлмоқда. Аммо бу имкониятлардан нотўғри фойдаланиш, фауна ва флора оламига ваҳшийларча муносабатда бўлиш Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби” га киритилган ўсимлик ва ҳайвонат дунёсига жиддий зарар  етказиш афсуски, авж олмоқда.

Туман бўйича жорий вақтгача ноқонуний ов билан шуғулланган бир нафар овчи “Қизил китоби” га киритилган бир дона жайрон (кийик) ни ноқонуний овлагани учун табиатга 33 450 000 сўм зарар етказган.

Минг афсуски, ноқонуний ов билан шуғулланаётганлар орасида раҳбар ходимлар, тадбиркорлар ва бошқа соҳа вакиллари ҳам учраб турибди.

Она табиат яратганнинг бебаҳо неъмати, қолаверса давлат мулкидир. Уларга зиён етказишга ҳеч кимнинг асло ҳаққи йўқ. Шундай экан, табиатга шафқатсизларча муносабатда бўлаётганларни тартибга чақириш, ўрни келганда жазо муқаррарлигини таъминлаш, бир сўз билан айтганда бу каби ноқонуний фаолиятини жиловлаш фурсати келди, деб ҳисоблайман.

Азиз ҳамюртлар!

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлатимиз ва ҳукуматимиз эътиборидаги устувор йўналишлардан биридир.

Ҳозирги вақтда миллий қонунчилигимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича фаолиятини тартибга солувчи 30 дан ортиқ қонунлар ва 140 тадан ортиқ норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани бунинг яққол исботидир.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда Юртбошимиз раҳбарлигида она табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўсимлик ва ҳайвонат дунёсини асраб-авайлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Юртбошимизнинг 2019 йил 30 октябрдаги “ 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг шу йил Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномасида “Экология кодекси қабул қилиш тўғрисида”ги таклифи соҳа равнақи ва келажаги учун тарихий воқелик бўлди.

Ҳозирги давр экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир амалдаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, соҳада туб силоҳотлар ўтказишни талаб этмоқда. Чунки, амалдаги қонунчилик талабларида қонунбузарларга нисбатан жазо тариқасида фақатгина маъмурий жавобгарлик белгиланган, холос.

Ҳолбуки, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида махсус қонунчилик асосида амалий чора-тадбирлар кўрилмаса, уларнинг табиатда йўқ бўлиб кетиши хавфини йўқотиб бўлмайди.  Чунки, табиат мўъжизаларининг ҳар бир тури такрорланмас, ягона, ўзига хос ўринига ва муҳим аҳамиятга эга бўлган инъомдир.

Шундай экан, бизнинг фаол депутатларимиз табиатга етказилган ҳар қандай зарар ва йўқотишларга кўриладиган жазо чораларини янада кучайтириш юзасидан ўзларининг асосли таклифларини ишлаб чиқадилар, деган умиддаман.

Ҳурматли туман сектор раҳбарлари!

Ўз ҳудудингизда экологик вазият  барқарорлигини таъминлаш, табиатни асраб-авайлаш борасида ташкилотчилик, ташаббускорликни намоён этиш ҳамда она табиатни талон-тарож қилишга йўл қўймаслик борасида фаоллик кўрсатишингиз талаб этилади. Экологик вазият барқарорлигида сизнинг эътиборингиз ва кўмагингиз жуда ҳам муҳимдир.

Қадрли халқ вакили – депутатлар, жамоатчилигимиз вакиллари!

Жойларда экологик ва тарбия маданиятини қарор топтиришда депутатларимиз ва жамоатчилигимиз, маҳалла фаолларимиз кўмагига таянамиз!

Чунки, сизлар ҳамиша халқ орасида бўлиб, бу борада тарғибот – ташвиқот ишларини олиб боришда жонбозлик кўрсатасизлар. Сизларнинг бу эзгу ва хайрли ташаббусларингиз экоолам барқарорлигида етакчи ўрин тутади. Шу боис, айни кунларда бу борада янада фаол бўлишингизни, халқимизни ортингиздан эргаштиришингизни сўраб қоламан.

Бу муқаддас замин – барчамизники. Жонажон мамлакатимиз экологияси, бебаҳо табиати, ҳар бир гиёҳи, сув ресурслари, ер усти ва ер ости бойликларидан самарали фойдаланиш, асраш, уларни келажак авлодларга бус-бутун етказиш бугун ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Олдимизда кечиктириб бўлмас муҳим вазифалар турибди. Бугун бу борада чуқур қайғурмасак, эртага унинг асоратидан ўзимиз, ўсиб келаётган фарзандларимиз қаттиқ азият чекиши турган гап. Бунинг учун эса ҳаммамиз уйғонишимиз ва лоқайдлик ва бефарқлик кайфиятидан халос бўлишимиз лозим.

Албатта бу борада кечиктириб бўлмас тадбирларни амалга ошириш, аҳоли ўртасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда кенг жамоатчилик, нуронийлар, депутатлар, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий-ахборот воситалари вакиллари кўмагига таянамиз.

Қадрдли ҳамюртлдар!

Бир сўз билан айтганда, Яратганнинг бебаҳо инъоми бўлган муқаддас она табиатга зиён етказиш асло кечирилмас хатодир.

Зеро, буюк бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний таъкидлаганларидек, “Агар инсонлар табиатга нисбатан беписанд муносабатда бўлиб, унинг қонуниятларини бузсалар, табиат бир кун келиб шундай ўч оладики, уни ҳеч қандай куч қайтаролмайди”.

Шундай экан, туманимиз экологияси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда барча туманимиз аҳлини, давлат ва жамоатчилигимиз вакилларини яқин ҳамкорликка, фаолликка даъват этаман!    

18 Nov 2020

Учқудуқ  туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар ишлари агентлигининг Учқудуқ туман бўлими ва нуроний фахрийларнинг “Ўзбекистон Республикаси  давлат мустақиллигининги 30 йиллигига 30  дона кўчат менинг туҳфам” шиори остида жорий йил куз ва 2021 йил баҳор мавсумларида кўкаламзорлаштириш манзарали, мевали ва бута  кўчатларини экиш бўйича туман аҳолисига

М У Р О Ж А А Т И

 

Азиз учқудуқликлар!

Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими ҳамда нуроний фахрийлар “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига 30 дона кўчат менинг туҳфам” эзгу ғоя остида Сиз азиз учқудуқликларга мурожаат қилишни лозим топдик.

Бугун юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимизнинг юксалиб бораётган турмуш даражаси, шаҳар ва қишлоқларимизнинг кўркам қиёфаси, одамлар онгу-тафаккуридаги ўзгаришлар, умуман, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида тараққиёт юртдошларимизнинг Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларга, жонажон Ватанимизнинг келажагига бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.

Шуни унутмайликки, осуда ва фаровон турмуш тарзини четдан  келиб бизга ҳеч ким яратиб бермайди. Уни ўзимиз, ўз меҳнатимиз натижасида бунёд этсак, аниқроқ айтганда, ҳар биримиз ўз маҳалламиз, кўча ва хонадонларимизнинг саранжом ва файзли бўлиши учун ҳиссамизни қўшсак, бу гўшалар чинаккам обод масканларга айланади.

Эрта саҳарда туриб, кўча-ҳовлиларимизни супуриб-сидириш, ён-атрофга сув сепиш, турли гуллар экиш қайси хонадонга чирой бағишламайди, дейсиз.

Бу борада хонадон соҳибларига маслаҳатлар бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш, яратувчанлик ғояларига ундаш биз – маҳалла фаоллари, кўпни кўрган, нуроний оқсоқоларнинг энг муҳим вазифамиздир.

Унутмаслигимиз лозимки, ободлик бор жойда қут-барака, доимий ривожланиш ва келажакка ишонч руҳи бўлади.

Биз ёшлар, фахрийлар Сиз азизларга мурожаат қилиб, туман маркази, овулларимизда имконият ва шароитлар етарли бўлишига қарамасдан кўчатлар экиш, уларни парваришлаш масалаларига бефарқ муносабатда бўлаётганимиз, айниқса, кўп қаватли уйлар атрофлари, хиёбонларимиз, дам олиш жойлари ўта аянчли аҳволга келиб қолганлиги аччиқ ҳақиқат эканлигини тан олишга мажбурмиз. Бу эса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг дунёқарашига, атроф-муҳитга, кўкаламзорлаштиришга бўлган муносабатига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди, албатта.

Айниқса, экилган кўчатларни парваришлаш, уни асраб-авайлаш ишларини ташкил этишга аҳолининг барча қатламлари бирдек масъул бўлиши лозим.

Бинобарин, ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган азалий урф-одатлар, ўлмас қадрият ва анъаналар, оиланинг ҳар бир аъзоси бажариши лозим бўлган муқаддас бурч, айниқса, катта ҳаёт остонасида турган ёшларимизга ибратли тушунтириш, ўйлаймизки, оилаларни бутун жамиятимизни янада мустаҳкамлайди.

Осмони мусаффо, жонажон Ўзбекистонимизга фақат ва фақат обод масканлар – кўркам ва гўзал кўчалар, файзли хонадонлар, дилга қувонч бағишловчи обод маҳаллалар ярашади.

Шундай экан, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига 30 дона кўчат менинг туҳфам” акцияси орқали туманимиз аҳолисининг ислоҳотларга, шаҳримиз кўркига, тоза ҳавосига бефарқ эмаслигига ишониб, Сиз азизларни 30 донадан кўчат экиш акциясида фаол иштирок этишга чақирамиз. Ҳар бир экилган кўчатга ўз меҳрингизни беришга, уни асраб-авайлашингизга, албатта, ишонамиз.

Ваҳоланки, ободлик кўнгилдан бошланади. Кўнгли обод халқнинг йўли ҳам очиқ, келажаги буюк бўлади.

Азиз учқудуқликлар!

 

“Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига 30 дона кўчат менинг туҳфам” шиори остида жорий йил куз ва 2021 йил баҳор мавсумларида туман маркази, маҳалла, аҳоли яшаш пунктлари, кўп қаватли бинолар, хиёбонларга кўрк берувчи манзарали дарахтлар ва бута кўчатларини экиш ишларида фаол иштирок этайлик!.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: