LOTIN-КИРИЛЛ

Сенаторлар «Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги қонунни маъқуллашди.

Маълум қилинишича, 2019 йил ва 2020 йилнинг 9 ойи давомида 720та оғир, 207та ўта оғир турдаги жиноятлар фош этилмасдан қолган.

Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар «Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишди.

Мажлис давомида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Фарҳод Боқиев қонун мазмун-моҳияти ҳақида гапирди.

 

«2019 йил ва 2020 йилнинг 9 ойи давомида 720та оғир, 207та ўта оғир турдаги жиноятлар фош этилмасдан қолган. Бундан ташқари, биргина 2020 йилнинг 9 ойида 367та бедарак йўқолган фуқаролар топилмаган ва 224та номаълум мурдаларнинг шахси аниқланмаган», деди Фарҳод Боқиев.

У бу қонун 50га яқин мамлакатда мавжудлигини, ДНК базалари билан ишлайдиган давлатлар борлиги, мана шу давлатларда 60 миллиондан ортиқ шахсларнинг маълумотлар базалари сақланишини таъкидлаб ўтди.

«Геном ахборотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмларининг жорий этилиши нисбатан мураккаб, ўта оғир ва очилмаган жиноятларни очишга имкон яратиш билан бирга қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлайди. Бирор шахс жиноят қилиш учун қанчалик пухта режа қилмасин, содир бўлган жойда ўзи хоҳламаган ҳолатда биологик материални қолдиради. Бу соч толаси, қон доғи, тер доғи, сўлак бўлиши мумкин. Мана шу қолган биологик материалдан олинган геномга оид ахборот ўша жиноятнинг фош этилишига олиб келади», деди Фарҳод Боқиев.

Ҳозирда содир этилаётган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар тўлиқ фош этилиши ва жазо муқаррарлигини таъминлашни талаб этади. Бунда жиноятчилар томонидан ҳодиса жойларида ўз изларини қолдирмаслик мақсадида турли усуллардан фойдаланилмоқда.

Мазкур қонун қабул қилинишининг аҳамиятли томони шундаки, ушбу соҳага замонавий усул ва технологияларни жорий этиш алоҳида аҳамият касб этади. Ўз навбатида, чет эл тажрибаси жиноятчилик билан курашишда геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни фош этиш муҳим аҳамият касб этиб, юқори самара бераётганини кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунда жиноят содир этиш усуллари ҳам такомиллашиб бормоқда. Уларнинг асосий мақсади жиноят содир этилган жойда қолдириладиган изларни минималлаштиришдан иборат бўлиб, бу эса содир этилган жиноятларни очиш жараёнларини қийинлаштирмоқда. Геном ахборот маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмининг жорий этилиши нисбатан мураккаб, ўта оғир ва очилмаган жиноятларни очишга имкон яратиш билан бирга қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлайди. 

Қонун билан бир қатор янгиликлар киритилмоқда.

Хусусан, қонунда биологик материал, геном бўйича давлат рўйхатига олиш, геномга оид ахборот ва унга ишлов бериш, геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базаси, одам ДНКсининг суд-биологик экспертизаси шахснинг биологик қариндошлари каби тушунчаларига аниқлик киритилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қонунчиликка «Шахснинг биологик қариндошлари» деган янги тушунча ҳам кириб келди.

Геном бўйича давлат рўйхатига олиш доирасидаги ваколатли органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Геномга оид ахборотларнинг ягона маълумотлар базасини юритишни амалга оширувчи ваколатли давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳисобланади. Геномга оид ахборот инсонга тегишли бўлган ўта нозик ва муҳим бўлган конфеденциал ахборот бўлгани боис унинг бут сақланиши ва махфийлигини таъминлайди.

Бундан ташқари, қонунга мувофиқ Геном бўйича давлат рўйхатига олиш мажбурий ва ихтиёрий равишда амалга оширилади.

Мажбурий – оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида жалб қилинган, оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар, шунингдек, жинсий эркинликка қарши жиноятлар, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ва ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар.

Шунингдек, шахси аниқланмаган шахсларнинг терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнида олинган биологик материаллари, таниб олинмаган мурдалар (тана қолдиқлар, қисмлари) ҳам мажбурий равишда амалга оширилади.

Ихтиёрий – Геном бўйича давлат рўйхатига олиш Ўзбекистон фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ёзма аризаларига кўра пулли асосда амалга оширилади.

Бундан ташқари, бедарак йўқолган шахсларни қидиришга кўмаклашиш мақсадида уларнинг биологик қариндошлари бепул асосда геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олишдан ўтиши мумкин. 

Қонун билан Геномга оид ахборотни олиш, унга ишлов бериш ва уни муҳофаза қилишнинг асосий талаблари белгиланмоқда.

Шунингдек, Геном бўйича давлат рўйхатига олинган ахборотдан:

  • жиноятларнинг олдини олиш, уларни очиш ва тергов қилиш, шунингдек, уларни содир этган шахсларни фош этиш ва аниқлаш;
  • бедарак йўқолган шахсларни қидириш;
  • таниб олинмаган мурдаларнинг (тана қолдиқларининг, қисмларининг) шахсини аниқлаш;
  • биологик қариндошликни аниқлаш мақсадида фойдаланилади.

Бу эса халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла жавоб берадиган қонунийлик, инсонпарварлик, махфийлик принципларига амал қилинишини таъминлайди.

Яна бир жиҳат. Биологик материал ва Геномга оид ахборотни сақлаш муддатлари ва йўқ қилиб ташлашнинг тартиблари белгиланмоқда.

Агар шахс ўзининг барча биометрик маълумотлари қонунийлик асосида давлат рўйхатига олинганлигини ҳис этса ва ҳар қандай жиноий қилмиши фош этилишини олдиндан англаб етса, аксарият вазиятларда бу жиноят қилишдан қайтаради.

Мажлисда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор-қидирув фаолиятида қонунийлик асосида шакллантирилган фуқароларнинг биометрик маълумотлари ҳақидаги маълумотлар базаси мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Сенаторлар томонидан «Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди. Қонун 2023 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

O'qilgan: 747 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: