LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

17 Nov 2020

Бугун халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги ўн саккизинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда депутатлар, туман ҳокими ўринбосарлари, масалага алоқадор корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари бошлиқлари иштирок этди.

Мажлисни туман ҳокими кенгаш раиси С.Хамроев бошқариб борди.

Сессия кун тартибида туман жиноят ва   фуқаролик ишлари, иқтисодий ва маъмурий судлар томонидан жорий йил учинчи чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборотлари тингланди.

Таъкидландики,  таҳлиллар ўтган йилнинг  мос даврига нисбатан ҳудудда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, қўшмачилик ёки фоҳишахона сақлаш, меҳнат муҳофазасини бузиш билан боғлиқ жиноятлар кўпайганлигини кўрсатмоқда.

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан жами 387 та иш кўрилган. Ишларни мазмунан кўришда судда мавжуд видеоконференция алоқа тизими имкониятларидан кенг фойдаланилган. 280 та ҳолатда ҳал қилув қарори чиқарилган, 23 таси иш юритувидан тугатилган, 84 та иш қолдирилган. Тарафлар фойдасига  1 млрд. 326 409 199 сўм  моддий зарар, иш ҳақи ва бошқа қарздорликлар ундирилган. 42 млн. 100 минг сўм миқдорида маънавий зарар қоплаб берилган.

Кўриб чиқилган иш юритувидан давлат фойдасига дастлаб даъво ариза билан мурожаат қилишда 58  млн. 883 644 сўм, суднинг қарори билан 106 млн. 210 минг 931 сўм давлат божи ундирилган.

Бундан ташқари, никоҳдан ажратиш ҳақида 48 та иш кўрилган бўлиб, бу ўтган 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 26 тага кўпайган. Суд томонидан 7 та оила ярашганлиги сабабидан иш юритуви тўхтатилган. 13 та ҳолатда никоҳдан ажратиш учун асослар мавжуд эмаслиги сабабли рад этилган бўлса 25 та ҳолатда даъволар қаноатлантирилган.

Фуқаролик суди томонидан ҳисобот даврида энг кўп 39 та кўрилган иш тоифаларидан бири меҳнат низолари ҳисобланади.   Уларнинг 26 таси қаноатлантирилган, 11 та даъво ариза рад этилган. 6 та ҳолатда ходимнинг асоссиз равишда меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги сабабли ўз вазифасига тикланган. Тарафлар фойдасига  113 млн. 183 минг 39 сўм  моддий, 24 млн. 100 минг сўм маънавий  зарар ундириб берилган.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида фуқаролик суди томонидан кўп кўрилган ва амалиётда кўп учрайдиган низолардан бири қарзни ундириш билан боғлиқ ишлар ҳисобланади. 27 та қарз ундириш билан боғлиқ ишлар кўрилиб, қарздор ҳисобланган жавобгарлардан  94 млн. 362 минг 188 сўм қарздорлик ундирилган.

Туман иқтисодий судига 25 та даъво ариза киритилган, 22 таси мазмунан кўриб чиқилган. Маҳсулот етказиб беришга доир низолар 2 тани, пудрат шартномасига доир низолар 8 тани, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасидан келиб чиққан низолар 1 тани, ижара шартномасидан келиб чиққан низолар 2 тани, олди-сотди шартномасидан келиб чиққан низолар 4 тани, қарздорликни ундиришга доир низолар 5 тани ташкил қилади.

Депуталар мажлис кун  тартибида туман маҳаллий бюджетини орттириб бажарилган қисмидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли муаммоларини бартараф этишга сарфланиши тўғрисидаги масалани ҳам муҳокама қилдилар.

Сессия кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.

 

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

16 Nov 2020

Янгича тизимдаги ўрта махсус таълимнинг илк йилида, Ўзбекистондаги 201 та коллеж ва 185 та техникумга жами 154 765 та квота ажратилган. Бу ўринлар учун талабгорлар сони 260 021 нафар. Бир ўрин учун конкурс 1,7га тенг. Ўқишга қабул қилинганларнинг 86 фоизи тўлов-контракт асосида ўқийди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Азиз Мелибоев жорий ўқув йилидан фаолияти йўлга қўйилаётган 725 та янги профессионал таълим муассасаларига қабул масаласида маълумот берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Касб-ҳунар мактаблари

Мелибоевга кўра, 2020/21 ўқув йили учун жами 339 та касб-ҳунар мактабларига 81 464 нафар 9-синфни тамомлаган мактаб битирувчилари қабул қилинган. Бу – жами битирувчиларнинг 16,7 фоизи демакдир.

«Уларнинг 5 275 нафари (6,5 %)ни эса ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оила фарзандларини ташкил қилади. Бугунги кунда Касб-ҳунар мактабларининг 311 тасида анъанавий, 28 тасида онлайн шаклда таълим жараёнлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, таълим жараёни онлайн шаклдан анънавий шаклга босқичма-босқич ўтказилмоқда. Ўқувчилар умумтаълим фанларидан ижара тизими асосида дарсликлар билан таъминланмоқда», – деди вазирлик вакили 16 ноябрь кунги матбуот анжуманида.

Коллежлар

Азиз Мелибоевга кўра, жорий ўқув йили учун 26 та вазирлик ва идоралар тизимидаги 201 та коллежга жами 81 325 нафар ўқувчини (шундан 12 762 нафари давлат гранти, 68 563 нафари тўлов-контракт асосида) қабул қилиш белгиланган. Жами 106 981 нафар абитуриентдан ариза келиб тушган.

«Тушган ҳужжатлар сонининг билим соҳалари кесимида улуши: «Таълим»да – 41,4 фоиз, «Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминотда»да – 40,6 фоиз, «Муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш тармоқлари»да – 7,4 фоиз, «Хизматлар»да – 5,6 фоиз, «Ижтимоий фанлар, бизнес ва ҳуқуқ»да – 3,0 фоиз, «Қишлоқ хўжалиги»да – 1,8 фоиз, «Гуманитар фанлар ва санъат»да – 0,2 фоиз, «Фан»да – 0,03 фоиз», – деди у.

Техникумлар

Бошқарма бошлиғининг айтишича, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан жорий ўқув йилида 62 та ОТМ ҳузуридаги 185 та техникумга (шундан 47 таси тиббиёт йўналишидаги техникумлар) жами 73 440 нафар ўқувчини (шундан 9 199 нафари давлат гранти, 64 241 нафари тўлов-контракт асосида) қабул қилиш белгиланган. Жами 153 040 талабгордан онлайн тарзда ариза қабул қилинган.

«Жами тушган ҳужжатлар сонининг билим соҳалари кесимидаги улуши қуйидагича кўриниш олди: «Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминотда»да – 67,2 фоиз, «Муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш тармоқлари»да – 15,4 фоиз, «Ижтимоий фанлар, бизнес ва ҳуқуқ»да – 7,5 фоиз, «Қишлоқ хўжалиги»да – 5,1 фоиз, «Хизматлар»да – 4,1 фоиз, «Таълим»да – 0,7 фоиз», – деди Мелибоев.

Бу йил коллеж ва техникумларга саралаш имтиҳонлари 20 ноябрдан 30 ноябрга (30 ноябрь куни ҳам) қадар ўтказилади. Тест синовларини ўтказиш манзили ва графиги ҳали эълон қилинганича йўқ.

Эслатиб ўтамиз, коллеж ва техникумларда контракт нархи 3,9 – 4,2 миллион сўм оралиғида.

09 Nov 2020

“Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш” ғояси остида ўтказиладиган маънавий-маърифий, маданий тадбирлар юртимиздаги ҳар бир маҳалла, ҳар бир оилага кириб бориши муҳимлиги белгиланди. Жумладан, Учқудуқ туманида ҳам ишчи гуруҳи ташкил этилиб, унинг таркибий аъзолари шакллантирилган.

Бугун, 9 ноябрь куни туман ҳокими С.Хамроев раислигида ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди. Ташкилий қўмита йиғилишида сўзга чиққанлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш ишларини маҳаллаларда ташкил этиш бўйича тузилган ишчи гуруҳлари фаолиятига тўхталиб, тарғибот тадбирларида аҳолининг барча қатламини тўла қамраб олиш муҳим масала эканлигини қайд этдилар. 

Шунингдек, аҳолининг кайфиятини кўтариш, уларда ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш, меҳр-оқибат, шукроналик, ўзаро ёрдам каби миллий ва умуминсоний қадриятларни янада кучайтиришга қаратилган маданий-маърифий тадбирларни ўтказишда, ҳар бир шаҳар-туманнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳоли кенг қатламига етказилишини таъминлашга қаратилган тадбирларни самарали ташкил этиш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Тадбирда карантин қоидаларини инобатга олиб, маҳалла ва туман миқёсида ўтказиладиган икки босқичли оммавий спорт тадбирларини пухта тайёргарлик билан ташкил этиш, нуроний, ёшлар ва хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасида ҳам тўхталиб ўтилди.

Шуннингдек, ишчи гуруҳлари фаолиятда нималарга аҳамият бериш лозимлиги, аҳолини юртимизда ва дунёда бўлаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазиятдан тўлақонли хабардор қилиш, юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жамоатчиликка таъсирчан усулларда етказиш борасида муҳим тавсиялар берилди.

Учқудуқ туман  ҳокимлиги ахборот хизмати.

05 Nov 2020

Аввал хабар берганимиздек, 2017 йилдан буён  туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ҳоким ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Марат Шамуратов Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди. Унинг ўрнига  Учқудуқ туман ҳокимининг 2020 йил 4 ноябрдаги 11- ҚК сонли қарорига асосан, Муратов Нурладин Мустафаевич тайинланди.

Н. Муратов 1975 йилда Учқудуқ туман Мингбулоқ овулида туғилган. 1997 йилда Навоий давлат педагогика институтини тугатган. Мингбулоқ овулидаги 11-сонли умумий ўрта таълим мактабида математика ва информатика фани ўқитувчиси, мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ва  мактаб директори вазифларида ишлаган.

2010 йилдан бошлаб  Учқудуқ туман ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари, 9-умумий ўрта таълим мактаби директори сингари масъулиятли лавозимларда фаолият юритган. 2018 йилдан Учқудуқ туман халқ таълими бўлими мудири вазифасида ишлаб келмоқда.

У ўзининг раҳбарлик фаолияти давомида долзарб масалаларни мустақил ҳал этиши шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни чуқур идрок этиб, ҳаётга тадбиқ этишда ташаббускорлиги билан ажралиб туради.

Н.Муратов соҳада тўплаган бой тажрибаси, жонкуярлиги, юксак раҳбарлик қобилияти билан  нафақат туманда, вилоятда жамоатчилиги орасида ҳурмат қозонган.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

04 Nov 2020

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 3 ноябрдаги 507-сонли буйруғига асосан, Учқудуқ туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Марат Шамуратов Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

М.Шамуратов 1972 йилда Конимех туманида туғилган, миллати қорақалпоқ, маълумоти олий, 1997 йилда Қорақалпоқ давлат университетини тамомлаган.

У 2017 йилдан буён Учқудуқ тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

04 Nov 2020

Хабарингиз бор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг «Навоий вилояти Нурота тумани Ғозғон шаҳарчасини Ғозғон шаҳри этиб ўзгартириш, Ғозғон шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш ҳамда Навоий вилояти Нурота тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида» 2019 йил 2 майдаги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Навоий вилояти Нурота тумани Ғозғон шаҳарчасини Ғозғон шаҳри этиб ўзгартириш, Ғозғон шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш ҳамда Навоий вилояти Нурота тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида» 2019 йил 3 майдаги қарорига мувофиқ Навоий вилояти бўйсунувидаги Ғозғон шаҳри ташкил этилиб, Республика Вазирлар Маҳкамасининг «Навоий вилояти таркибида Ғозғон шаҳар ҳокимлигини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.

Бугун халқ депутатлари Ғозғон шаҳар Кенгаши иккинчи сессияси бўлиб, унда  Учқудуқ туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Азим Бозоров Ғозғон шаҳар ҳокими этиб тасдиқланди.

А. Бозоров 1975 йил Навоий шаҳрида туғилган. Мутахассислиги бўйича муҳандис, иқтисодчи. Навоий давлат Кончилик институти ва Банк академиясини тугаллаб, 2018 йилдан буён Учқудуқ туман ҳокими ўринбосари вазифасида ишлаб келган.

Учқудуқ туман ҳокими ахборот хизмати.

 

03 Nov 2020

Яқин бир неча ойда дунёда COVID-19 коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият жуда оғирлашади.

 “Дунё миқёсида биз пандемиянинг инқироз босқичидамиз, айниқса, Шимолий яримшарда», — деган у.

Вуйновичнинг таъкидлашича, янги аниқланаётган COVID-19 ҳолатлари сони ортиб бораётган бир пайтда касалликдан ўлимлар сони «сўнгги вақтларда нисбатан барқарор бўлиб қолмоқда».

Шу билан бирга, ЖССТ вакилининг огоҳлантиришича, ҳатто COVID-19’га қарши вакцина ва касалликни даволаш воситалари пайдо бўлганидан кейин ҳам бир қатор шартлар бажарилган тақдирдагина инфекцияни енгиш мумкин бўлади.

«Ҳаётни сақлаб қолувчи ушбу воситалар нисбатан заифроқларга тенг даражада ва бир вақтнинг ўзида барча мамлакатларда мавжуд бўлсагина ҳақиқатан ҳам самарали бўлади», — деган Вуйнович.

2 ноябрь куни COVID-19 билан боғлиқ инқирозли вазият ҳақида ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус ҳам маълум қилган.

«Ҳаракат қилиш учун кескин вазият етиб келди. Одамлар бир мақсад сари бирлашиши лозим бўлган мушкул вазият. Кеч бўлмасидан фурсатдан фойдаланиш лозим», — деган ЖССТ раҳбари.

ЖССТ маълумотларига кўра, сўнгги 24 соат ичида дунёда 440,5 минг кишида COVID-19 аниқланган ва касалланганларнинг умумий сони 46 миллион нафардан ошган. Пандемия бошланганидан буён дунёда қарийб 1,2 миллион киши, шу жумладан сўнгги суткада 5,7 минг киши вафот этган.

Жонс Ҳопкинс маълумотларида эса, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 47 миллион кишига яқинлашгани, касалликдан вафот этганлар сони эса 1,2 миллион кишидан ошгани қайд этилган.

02 Nov 2020

Айни пайтда аҳолининг муаммоларини жойида, туман, вилоят ва республика даражасида ҳал этишни таъминлашга қаратилган яхлит тизим яратилди.

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида йўлга қўйилган секторлар фаолияти давлат органларини аҳоли билан янада яқинлаштириш, халқ билан тизимли мулоқотни йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда.

Жумладан, Учқудуқ туманида ҳам ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари бошчилик қилаётган секторлар ўз ҳудудларида барча ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни ҳал этиш билан бир қаторда, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Иккинчи секторда қарор ижроси доирасида олиб борилаётган ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, давлат раҳбарининг 4102 – сонли қарори асосида сектордаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида 27 нафар ходим ва мутахассис жалб қилинди.

Тузилган гуруҳ томонидан ҳудуддаги 3868 та хонадонга кириб борилди. Уйма-уй юриш асносида 248 та оила «Темир дафтар»га киритилди.  193 тасининг оила аъзолари ишга жойлаштирилганлиги, имтиёзли кредитлар ажратилганлиги ва кўрсатилган бошқа амалий ёрдамлар натижасида Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгашининг 46-сонли қарорига кўра, “Темир дафтар”дан чиқарилди.

Пандемия даврида мазкур 55 та оилага ҳар ойда бир маротаба 975 минг сўмлик 16 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Хусусан, ҳар бир оилага  ойида бир маротаба коммунал қарзлари тўлаб берилиб, зарур дори-дармонлар етказилди.

Қайта ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, яна 22 та оила “Темир дафтар”га киритилиб, иккинчи секторда жами 77 та оила ҳисобга олинди.

Эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқаришнинг бирдан-бир йўли доимий иш билан таъминлаш. Лекин, 77 та оиланинг иш излаётган аъзолари таҳлил қилинганда, асосий қатламни ўрта ёки ўрта махсус маълумотга эга, меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган фуқароларни ташкил қилиши аниқланди.

Шундай бўлса-да, уларни доимий иш билан таъминлаш чоралари кўрилди. Уларнинг  3 нафарига  оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурига мувофиқ, йиллик 15 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан уч йил муддатга имтиёзли кредит  ажратилди. 9 нафари  ўзини-ўзи банд қилиш қарорига биноан, бандлиги таъминланди. 10 нафар ҳунарманд давлат солиқ инспекциясидан ҳунарманд сифатида рўйхатдан ўтказилди.

Туман  аҳолисини уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида марказда 20 та кўп қаватли уйлар қурилмоқда. 20 нафари қурилиш ишларини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига қурувчи, уста ва бошқа махсус мутахассислик талаб қилинмайдиган ишларга жалб қилинди.

Шунингдек, туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнат органларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисида ва мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳақида”ги Низом талаблари ижроси тумандаги бюджет ташкилотларида ўрганилганда, иш берувчилар томонидан туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига ҳар ойда тақдим қилинадиган маълумотлар нотўғри эканлиги, яъни улар томонидан бўш иш ўринлари яшириб келинаётганлиги аниқланиб, “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 25 нафари ишга жойлаштирилди.

Шу билан бир қаторда, камбағал оилалар рўйхатига киритилган оилаларга 99,9 млн. сўмлик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, 5 тасига 3,5 млн. сўмлик нақд пул,  3 тасига йирик шохли қорамол,
5 тасига майда шохли моллар, 2 тасига дори-дармон воситалари етказиб берилди, 2 та оилаларнинг коммунал тўловлари тўлаб берилди, 5 тасига эса қуён  сотиб олиб  берилди.

Амалга оширилган ишлар натижасига кўра, 2-сектордаги “Темир дафтар”га киритилган пандемия шароитида даромадини йўқотган 77 нафар оиланинг 30 нафари навбатдаги Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгашига камбағаллар сафидан чиқариш бўйича таклиф киритилди.

Шунингдек, 2020-2021 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича инвестиция дастурини шакллантиришда сектор ҳудудида асосан саноат соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор  қаратилган. 2-сектор ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури доирасида умумий қиймати
139,6 млрд. сўмлик  56 та  инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши эвазига 424 нафар янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Хулоса сифатида таъкидлаш керакки, Президентимизнинг секторлар фаолиятига оид янги қарори асосида секторлар фаолиятини ташкил этиш бўйича янги – адолатли ва таъсирчан тизим жорий этилгани бу тизим фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш ҳамда секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Рашид РАХМАТОВ,

Учқудуқ туман прокурори. 

01 Nov 2020

Хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) давлат харидларидаги иштирокини вақтинчалик тақиқлаш ва чегаралаш механизми киритилади

«Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорига асосан:

  •      устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, устав фондининг (капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахсларнинг умумий қиймати БҲМнинг 50 минг бараваридан юқори бўлган импорт товарлари (ишлар, хизматлар) харидларининг мақсадга мувофиқлиги ҳар чоракда кузатув кенгашлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади;
  •      хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) давлат харидларидаги иштирокини вақтинчалик тақиқлаш ва чегаралаш механизми киритилади;
  •      давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чегараланган, хорижда ишлаб чиқарилган товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) рўйхатига киритилмаган маҳсулотлар бўйича тендер (танлов) иштирокчилари таклифларини баҳолашда халқаро тажрибага мувофиқ маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан импорт товарларининг CIP (Ўзбекистон) нархидан 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда преференция берилади;
  •      ҳудудий бюджет буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган давлат харидлари бўйича харид комиссиялари таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчилари мажбурий тартибда киритилади.

Солиқ кодекси билан берилган айрим имтиёзлар бекор қилинади

«Ер ресурслари ва давлат мулки объектларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонига мувофиқ солиқ кодекси билан берилган қуйидаги имтиёзлар бекор қилинади:

а) ер солиғи бўйича қуйидагилар томонидан эгалланган ер участкалари:

соғломлаштириш ҳамда дам олиш жойлари, хусусан, дам олиш уйлари;

аҳолининг оммавий дам олиши ва туризм учун жойлар, агар улар тадбиркорлик фаолияти учун ажратилган бўлса;

санаторий-курорт объектлари, агар улар туристик зоналарда жойлашган бўлса;

б) мол-мулк солиғи бўйича санаторий-курорт хизматлари кўрсатиш учун фойдаланиладиган кўчмас мулк объектлари, агар улар туристик зоналарда жойлашган бўлса.

Шунингдек, фойдаланилмаётган майдонларга нисбатан ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш бўйича белгиланган тартиб юқорида кўрсатилган ер участкаларига татбиқ этила бошлайди.

Бадиий академия марказий аппарати ходимларининг лавозим маошига ойлик устамалар белгиланади

«Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига мувофиқ Ўзбекистон Бадиий академияси марказий аппарати ходимларининг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 100 фоиз миқдорида ойлик устамалар белгиланади.

ДТМ бошқарув ходимлари лавозим маошларини аниқлашда тариф коэффициентлари бир ярим баравар миқдорида қўлланади

Вазирлар Маҳкамасининг «Тест тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра ДТМ бошқарув ходимлари лавозим маошларини аниқлашда тариф коэффициентлари бир ярим баравар миқдорида қўлланади ҳамда бу билан боғлиқ қўшимча харажатлар Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати ва ҳудудий бошқарув органлари ходимларига кўп йиллик ишлаганлик учун ҳар ойлик устама тўланади

«Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати ва соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқарув органлари ходимларига давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорда кўп йиллик ишлаганлик учун ҳар ойлик устама тўланади:

1 йилдан 3 йилгача — 0,3;
3 йилдан 5 йилгача — 0,6;
5 йилдан 10 йилгача — 0,8;
10 йилдан 15 йилгача — 1,0;
15 йилдан 20 йилгача — 1,2;
20 йилдан юқори — 1,5 (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда кўрсатилган).

Бунда кўп йиллик ишлаганлик учун устама олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи ССВ томонидан тасдиқланадиган тартиб асосида амалга оширилади.

Божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунгача қисқартирилади

«Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент фармонига кўра 1 ноябрдан:

божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунгача қисқартирилади;

божхона назоратининг муқобил турларини қўллашни кенгайтириш орқали товарларни божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш ҳолатлари қисқартирилади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизими автомобиль чегара божхона постларида жорий этилади;

транспорт воситаларини вақтинчалик олиб киришда ташувчига реал вақт режимида электрон шаклда қайта олиб чиқиш муддати тугашидан олдин вақтинчалик олиб кириш муддатини узайтириш ва тегишли йиғимни тўлашни амалга ошириш имконияти тақдим этилади;

«божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимида қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини идентификациялаш ва баҳолаш услубияти тадбиркорлик субъектининг ўзи томонидан ишлаб чиқилади.

Хорижий давлат фуқароларининг карантин сабаб узайтирилган виза муддатлари тугайди

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган хорижий мамлакатлар фуқароларининг виза муддати Коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 июлидаги қарорига асосан автоматик равишда шу йилнинг 1 ноябрь кунига қадар узайтирилганди

26 Oct 2020

Фуқаролари Умра ибодатини адо этишига рухсат бериладиган мамлакатлар рўйхати ҳозирча эълон қилинмади.

Саудия Арабистонида салкам 8 ойлик танаффусдан сўнг хориж фуқароларининг Умра ибодатларини адо этишига рухсат берилмоқда. Шу кунларда қирол Абдулазиз номидаги Жидда халқаро аэропорти Ҳаж ва Умра учун мўлжалланган терминалини қайта ишга туширишга тайёрламоқда.

Okaz газетаси хабарига кўра, аэропортнинг махсус терминалида коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича эҳтиёт чоралари кўрилмоқда.

Терминал ҳудудида қарши томонга кетаётган одамлар юзма-юз келмаслигини таъминлаш учун бир томонлама ҳаракатланиш ташкил этиляпти, ижтимоий масофа сақлашни таъминлашга қаратилган ишлар бажариляпти.

Хориж фуқаролари Умра мақсадида 1 ноябрдан бошлаб Саудия Арабистонига кириши мумкин бўлади. Айнан қайси мамлакат фуқароларига рухсат берилиши ҳали номаълум, расмийлар бу ҳақда тез орада маълумот тақдим этилишини билдирган.

Умра зиёратларини қайта йўлга қўйиш уч босқичда амалга оширилмоқда. 4 октябрдан бошланган биринчи босқичда кунига 6 минг нафаргача маҳаллий фуқаролар ва резидентларга ибодат амалларини адо этишга рухсат берилганди. 18 октябрдан бошлаб бу кунлик чеклов 15 мингга оширилди. Биринчи ноябрдан эътиборан амал қиладиган 3-босқичда кунига 20 минг зиёратчи муқаддас амалларни бажариши мумкин бўлади.

Ислом дунёсининг бош масжиди – Макка шаҳридаги Масжидул-ҳаром октябрь ойи ўрталарида карантиндан сўнг қайта очилди. 1 ноябрдан унга кунига 60 минг нафаргача мусулмон кириши мумкин бўлади.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: