Ҳурматли тумандошлар!
Бепоён Қизилқум саҳросида жойлашган жонажон туманимиз ўзининг бетакрор табиати, чўл ва саҳролари, тоғу даштлари, жозибадор флора ва фаунаси билан асрлар давомида аждодларимизни доимо ўзига мафтун этиб келган.
Сахий заминимиз ўзининг ер ости ва ер усти бойликлари билан нафақат туманимиз балки бутун республикамиз манфаатига беминнат хизмат қилиб келмоқда.
Жумладан, ер майдонлари ва конлар ўзлаштирилмоқда, янгидан – янги замонавий инфратузилмалар яратилмоқда. Албатта, бундай шараф барчамизга чексиз фахру ифтихор бағишлайди.
Аммо халқимизда “олмоқнинг бермоғи бор” деган нақл бежизга айтилмаган. Зеро, асрлар давомида она табиатнинг бизга бериб келаётган беминнат ва беғараз сахийликларидан самарали фойдаланиш, уни келажак авлодларга ҳам бекаму кўст етказиш мажбурияти ва бурчи борлигини ҳам унутмаслигимиз лозим!
Ҳолбуки, бутун дунёда бўлгани каби бизнинг туманимизда ҳам экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммолар йил сайин ортиб бораётгани аксарият ҳолларда жиддий ва ташвишли қиёфа касб этаётгани ҳам афсуски айни ҳақиқат!
Бугун Сиз қадрли учқудуқликларга, азиз юртдошларимга мурожаат қилиб яна бир бор таъкидлашни истардим:
Она табиатимизнинг ҳар бир неъматини асраб-авайлайлик, боридан унумли ва мақсадли фойдаланиб, фақат бугунги кунни эмас, эртамиз эгалари бўлган, жондан азиз фарзандларимизнинг ҳам ана шундай буюк неъматлардан бебаҳра бўлиб қолмасликлари учун масъул эканлигимизни унутмайлик!
Қадрли юртдошлар!
Сир эмаски, аксарият ҳолларда сиз ва бизнинг ёнимизда юрган айрим инсонларнинг кўр – кўрона хатти – ҳаракати билан она табиатимиз мувозанатига, ҳудудимиз экологиясига, атмосфера, ўсимлик ва ҳайвонат дунёсига жиддий зиён етказилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида туманимиз бўйича 136 тадан ортиқ қонунбузарлик ҳолатлари аниқлангани, афсуски, бунинг яққол исботидир. Узоққа бормайлик, овулларимизнинг бундан бир неча ўн йил олдинги ҳолати, юзлаб қуш ва ҳайвонларга макон бўлганини кўпчилик яхши эслайди.
Жумладан, Мингбулоқ овулидан 30 километр узоқликда жойлашган «Жирақудуқ» дарасидаги бундан 95-100 миллион йил аввал мавжуд бўлган «Тош ўрмон», деб аталувчи ноёб геологик, полеонтологик объект дунё олимларини ҳамон ўзига жалб қилмоқда. Бу ноёб геологик мўъжизани асраш, келажак авлодга мерос қолдириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири саналади.
Афсуски, йиллар давомида она табиатга эътиборсизлик, бошқа ҳудудда учрамайдиган ноёб тарихий ва табиий объект – “Тош ўрмон” га нотўғри муносабатда бўлиш, уни талон-тарож қилиш, шунингдек, набобат ва ҳайвонот оламига - бутун бир экологияга салбий таъсир ўтказмай қолмади.
Албатта, иқтисодиётимизни саноат тараққиётисиз тасаввур эта олмаймиз. Учқудуқ тумани ҳам саноати ривожланган ва жадал суратда юксалиб бораётган ҳудуд ҳисобланиб, янги ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш ҳисобига кенгайиб бормоқда. Ва бу атмосферага кўплаб ифлослантирувчи чиқиндиларнинг чиқарилишига сабаб бўлмоқда.
Яна бир оғриқли нуқталаримиздан бири – бу инсоният томонидан ўсимлик дунёсига етказилаётган зарар ва эътиборсизликдир.
Биламизки, саксовул ва барханлар Қизилқум саҳроси безаги. Қумларни бир жойда сақлаб турувчи ҳимоя тўсини ва таянчи ҳисобланади. Аммо, чўл ҳудудларида яшовчи маҳаллий аҳоли, ҳаттоки, қўшни вилоятлар фуқаролари томонидан саксовуллар аёвсиз кесиб, ташиб кетилиши оқибатида нафақат, табиат мувозанати, бевосита инсонлар саломатлигига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида туманимиз фуқароларининг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида 23 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, жисмоний шахсларга 87 548 050 сўмга яқин жарима қўлланилди. Аммо энг ачинарлиси тўланган моддий жарималар эвазига бир неча ўн йиллик ўсимлик дунёсини, бузилган экологияни тиклаб бўлмайди.
Бугун дунё жамоатчилигини ташвишга солаётган муаммолардан яна бири бу маиший чиқиндилар эканлигини яхши биламиз.
Зеро, халқимиз ҳам азал-азалдан ўз уйи, кўчаси, маҳалласини тоза-озода тутишни ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи деб билган. Аммо, сўнгги пайтларда аҳоли томонидан турли маиший чиқиндиларни дуч келган манзилларга ташлаб, оддий эътиборсизлик оқибатида айрим ҳудудларда сунъий равишда антисанитария ҳолатларини юзага келтиришмоқда.
Биринчи галда ўзбекона маданият, инсонийлик бурчи ташаббускорлик ва ҳар бир амалимиз ўзимиз учун эканлигини чуқур англашимиз лозим бўлади.
Бундан ташқари, сўнгги пайтларда кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда, қурилиш хом ашёси ва материалларига эҳтиёж ошмоқда.
Аҳоли ва баъзи тадбиркорлар томонидан тоғли ҳудудларда ҳеч қандай рухсатсиз ноқонуний каръерлар ташкил этиб, тош ва қум – шағалларни қазиб олиш ишларига қўл урилмоқда.
Бу ғайриқонуний ҳаракатлари билан улар атроф-муҳитга салбий зиён етказишмоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бу каби қонунбузилишлар ва уларнинг олдини олиш ишлари эса доимий равишда тегишли ваколатли назорат органлари эътиборида бўлиши керак.
Айни пайтда ўлкамизда куз фасли кезмоқда. Туман иқлимига мос манзарали кўчатларни экиш мавсуми ҳадемай бошланади.
Бу палла аҳоли учун яшаб турган ҳовли, кўча, маҳаллаларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларини амалга ошириш учун қулай фурсатдир. Чунки, тозалик ва озодалик бор жойда қут-барака, хосият мўл бўлади.
Айниқса, дарахт кўчатларини экишда атмосферага кислород ажратиб берувчи кенг баргли, яъни тол, терак, павлония, липа, акация, айлант, арча ва бошқа дарахт кўчатларини экишга алоҳида эътибор беришни ва кўпайтиришни тавсия этган бўлардик.
Туманимизнинг ҳудудий жиҳатдан кенглиги ов қилиш учун қулай ҳудуд бўлгани учун нафақат туманимиз, балки бошқа вилоятлар овчиларининг ҳам сафи кенгайишига сабаб бўлмоқда. Аммо бу имкониятлардан нотўғри фойдаланиш, фауна ва флора оламига ваҳшийларча муносабатда бўлиш Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби” га киритилган ўсимлик ва ҳайвонат дунёсига жиддий зарар етказиш афсуски, авж олмоқда.
Туман бўйича жорий вақтгача ноқонуний ов билан шуғулланган бир нафар овчи “Қизил китоби” га киритилган бир дона жайрон (кийик) ни ноқонуний овлагани учун табиатга 33 450 000 сўм зарар етказган.
Минг афсуски, ноқонуний ов билан шуғулланаётганлар орасида раҳбар ходимлар, тадбиркорлар ва бошқа соҳа вакиллари ҳам учраб турибди.
Она табиат яратганнинг бебаҳо неъмати, қолаверса давлат мулкидир. Уларга зиён етказишга ҳеч кимнинг асло ҳаққи йўқ. Шундай экан, табиатга шафқатсизларча муносабатда бўлаётганларни тартибга чақириш, ўрни келганда жазо муқаррарлигини таъминлаш, бир сўз билан айтганда бу каби ноқонуний фаолиятини жиловлаш фурсати келди, деб ҳисоблайман.
Азиз ҳамюртлар!
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлатимиз ва ҳукуматимиз эътиборидаги устувор йўналишлардан биридир.
Ҳозирги вақтда миллий қонунчилигимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича фаолиятини тартибга солувчи 30 дан ортиқ қонунлар ва 140 тадан ортиқ норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани бунинг яққол исботидир.
Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда Юртбошимиз раҳбарлигида она табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўсимлик ва ҳайвонат дунёсини асраб-авайлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Юртбошимизнинг 2019 йил 30 октябрдаги “ 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг шу йил Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномасида “Экология кодекси қабул қилиш тўғрисида”ги таклифи соҳа равнақи ва келажаги учун тарихий воқелик бўлди.
Ҳозирги давр экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир амалдаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, соҳада туб силоҳотлар ўтказишни талаб этмоқда. Чунки, амалдаги қонунчилик талабларида қонунбузарларга нисбатан жазо тариқасида фақатгина маъмурий жавобгарлик белгиланган, холос.
Ҳолбуки, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида махсус қонунчилик асосида амалий чора-тадбирлар кўрилмаса, уларнинг табиатда йўқ бўлиб кетиши хавфини йўқотиб бўлмайди. Чунки, табиат мўъжизаларининг ҳар бир тури такрорланмас, ягона, ўзига хос ўринига ва муҳим аҳамиятга эга бўлган инъомдир.
Шундай экан, бизнинг фаол депутатларимиз табиатга етказилган ҳар қандай зарар ва йўқотишларга кўриладиган жазо чораларини янада кучайтириш юзасидан ўзларининг асосли таклифларини ишлаб чиқадилар, деган умиддаман.
Ҳурматли туман сектор раҳбарлари!
Ўз ҳудудингизда экологик вазият барқарорлигини таъминлаш, табиатни асраб-авайлаш борасида ташкилотчилик, ташаббускорликни намоён этиш ҳамда она табиатни талон-тарож қилишга йўл қўймаслик борасида фаоллик кўрсатишингиз талаб этилади. Экологик вазият барқарорлигида сизнинг эътиборингиз ва кўмагингиз жуда ҳам муҳимдир.
Қадрли халқ вакили – депутатлар, жамоатчилигимиз вакиллари!
Жойларда экологик ва тарбия маданиятини қарор топтиришда депутатларимиз ва жамоатчилигимиз, маҳалла фаолларимиз кўмагига таянамиз!
Чунки, сизлар ҳамиша халқ орасида бўлиб, бу борада тарғибот – ташвиқот ишларини олиб боришда жонбозлик кўрсатасизлар. Сизларнинг бу эзгу ва хайрли ташаббусларингиз экоолам барқарорлигида етакчи ўрин тутади. Шу боис, айни кунларда бу борада янада фаол бўлишингизни, халқимизни ортингиздан эргаштиришингизни сўраб қоламан.
Бу муқаддас замин – барчамизники. Жонажон мамлакатимиз экологияси, бебаҳо табиати, ҳар бир гиёҳи, сув ресурслари, ер усти ва ер ости бойликларидан самарали фойдаланиш, асраш, уларни келажак авлодларга бус-бутун етказиш бугун ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Олдимизда кечиктириб бўлмас муҳим вазифалар турибди. Бугун бу борада чуқур қайғурмасак, эртага унинг асоратидан ўзимиз, ўсиб келаётган фарзандларимиз қаттиқ азият чекиши турган гап. Бунинг учун эса ҳаммамиз уйғонишимиз ва лоқайдлик ва бефарқлик кайфиятидан халос бўлишимиз лозим.
Албатта бу борада кечиктириб бўлмас тадбирларни амалга ошириш, аҳоли ўртасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда кенг жамоатчилик, нуронийлар, депутатлар, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий-ахборот воситалари вакиллари кўмагига таянамиз.
Қадрдли ҳамюртлдар!
Бир сўз билан айтганда, Яратганнинг бебаҳо инъоми бўлган муқаддас она табиатга зиён етказиш асло кечирилмас хатодир.
Зеро, буюк бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний таъкидлаганларидек, “Агар инсонлар табиатга нисбатан беписанд муносабатда бўлиб, унинг қонуниятларини бузсалар, табиат бир кун келиб шундай ўч оладики, уни ҳеч қандай куч қайтаролмайди”.
Шундай экан, туманимиз экологияси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда барча туманимиз аҳлини, давлат ва жамоатчилигимиз вакилларини яқин ҳамкорликка, фаолликка даъват этаман!