LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

24 Nov 2020

 

Маълумки, Конституциямизнинг 36-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Банкка қўйилган омонатлар сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши кўрсатилган.

Ушбу мақола юзасидан биринчи Исломда мерос масаласига тўхталиб ўтсак: Мерос сўзи “Виросантун” сўзидан олинган бўлиб маънавий ёки молиявий ҳаққа эга бўлиш дегани. Яъни бирон нарсани бир шахсдан бошқасига ўтишлигидир. Шу маънога кўра “мерос” мол, бойлик, илм, улуғликни ўз ичига олади.

Фиқхий тушунча бўйича майитнинг ортида шаръий ворисга қолган мол ва ҳуқуқларга мерос дейилади. Азалдан ҳар бир халқ ва динларда вафот этган кишининг мол-мулкини мерос қилиб олиш қонун-қоидалари бўлган. Жумладан, динимизда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, оят, ҳадис ва ижмода ким қанча мерос олиши баён қилинган.

Собиқ иттифоқ даврида амалда бўлган қонунчиликда мерос мулки масаласида бир қатор нормалар мавжуд бўлсада, ўша давр жамиятининг иқтисодий негизини давлат мулки ташкил этган. Фуқаролар амалда арзирли хусусий мулкка эга бўлмаганлиги сабабли ушбу қонун нормаларига камдан-кам мурожаат қилинган.

Олиб борилган иқтисодий ислоҳотларнинг самараси оқибатида жамиятда мулкдорлар синфи вужудга келди, уларнинг сони ва сифати кун сайин ошиб бормоқда.

Жамиятимизда олиб борилган ислоҳотлар натижасида мулкдорлар синфи вужудга келиши билан бир вақтда мавжуд мулкни авлоддан-авлодга ўтишини ҳуқуқий тартибга солиш зарурияти туғилди.

Шу билан бир қаторда мулкни авлоддан-авлодга ўтишини ҳуқуқий тартибга солиш зарурияти туғилди ва 1997 йил 1 мартдан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг V бўлимида мулк эгасининг вафотидан кейин унинг барча мол-мулки унинг ворисларига ўтишига доир қонун нормалари мустаҳамланди.

Ворислик ҳуқуқи билан боғлиқ қонун нормаларининг судлар томонидан амалда тўғри ва бир хил қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан мерос ҳуқуқига оид қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги 5-сонли қарори қабул қилиниб, тегишли тушунтиришлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасида мулкдорнинг ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни эркин тасарруф қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Албатта, мулкдор бу ҳуқуқларидан ҳаётлик чоғида бевосита фойдаланади.

Мерос тақсимлашнинг иккита тури бўлиб, биринчиси мол-мулк эгаси қолдирган васиятнома асосида мерос бўлинади.

Бунда мулк эгаси вафотидан олдин кимга нима мерос қолдириш борасидаги васиятномани нотариал идорасидан тасдиқлатади. Васият қилувчи ўзининг хоҳишига кўра мол-мулкни исталган шахс, ҳатто қариндоши бўлмаган кишига ҳам васият қилишга ҳақлидир.

Васиятнома йўқ бўлган ҳолатларда меросҳўрлар қонун бўйича аниқланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига кўра, мерос қолдирувчининг болалари (уларнинг қайси никоҳдан эканлиги муҳим эмас) эр-хотин ва ота-она қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалар ҳам биринчи навбатдаги ворис ҳисобланади. Уларнинг барчаси меросдан тенг улуш олиш ҳуқуқига эга.

Мерос қолдирувчининг ака – укалари ва опа-сингиллари, шунингдек, ҳам ота, ҳам она тарафдан бобоси ва бувиси иккинчи навбатдаги ворислар ҳисобланади.

Амалдаги қонунларга кўра, агар меросҳўр меросни олишдан аввал вафот этган бўлса, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтади. Бунда улуш меросҳўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома, ворислик васият ёки қонун бўйича эканлигидан қатъий назар, мерос очилган кундан бошлаб олти ой ўтгандан сўнг мерос очилган жойдаги нотариус томонидан берилади. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани олиш меросхўрнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи бўлганлиги сабабли, қонунда меросхўр бундай гувоҳнома бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши шарт бўлган муддат белгиланмаган. Нотариуснинг меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома беришни рад этиши устидан меросхўр томонидан судга шикоят берилиши мумкин бўлиб, у Фуқаролик процессуал кодексининг 28-боби қоидаларига биноан кўриб чиқилади. Агар нотариус томонидан рад этилиши бошқа шахсга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилганлиги ёки мерос мулки ФК 1157-моддасига асосан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки давлатга ўтказилганлиги билан боғлиқ бўлса, ариза даъво иши юритиш тартибида кўрилади. Қонунда мерос очилгандан кейин бундай ариза билан мурожаат қилиш мумкин бўлган вақт чегараланмаган. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 

1114-моддасига кўра, Умумий биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкни мерос қилиб олиш кўрсатилган бўлиб унда умумий биргаликдаги мулк иштирокчисининг ўлими умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқдаги унинг улушини аниқлаш ва ушбу Кодекснинг 226-моддасида белгиланган тартибда умумий мол-мулкни тақсимлаш ёхуд ундан вафот этган иштирокчининг улушини ажратиш учун асос бўлади. Бу ҳолда мерос вафот этган иштирокчининг улушига тўғри келадиган умумий мол-мулкка нисбатан очилади, мол-мулкни натура ҳолида тақсимлашнинг имкони бўлмаганида эса — бундай улушнинг қийматига нисбатан очилади.

Умумий биргаликдаги мулк иштирокчиси умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқдаги ўз улушини васият қилишга ҳақлидир, бу улуш унинг вафотидан кейин ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ аниқланади.

 

 

Фуқаролик ишлари бўйича 

Учқудуқ туман суди девонхона мудири М.Х.Бердибеков

 

24 Nov 2020

Эр-хотин орасида жанжал чиқди. Жаҳлдан ақлини йўқотиб, тилини тиёлмаган эр хотинига:

— Сендан ажраламан! Ва сени фақат бахтсиз, нурсиз ва омадсиз бир кунда никоҳимга оламан!- деб бақирди.

Аёл кўз ёши қилиб ота уйига кетди. Эр эса жаҳлдан тушиб, тинчлангач қилган иши, айтган гапидан пушаймон бўлди. Қишлоқ имомининг олдига бориб унга ҳамма гапни гапириб берган эди, имом:

— Мен бунга фатво беролмайман, бундай кунни қаердан топамиз? Сен шаҳар муфтийсига бор, у бирор ечим топар,- деди.

Эртаси куни йигит шаҳарга тушиб, муфтийга учрашди. Муфтий ҳам қишлоқ имомидан орттириб бир нарса демади.

— Унақа кунни қаердан топамиз?- деди елкасини қисиб.

Йигит муфтиятдан умидсиз алфозда чиқиб, бир дўкон ёнида узоқ ўтирди. Дўкон эгаси йигитни гапга солиб, дардини сўради. Қайғуси қалбига сиғмаган йигит дўкондорга ҳамма гапни айтиб берди. Дўкон эгаси йигитни эшитиб бўлгач, шундай деди:

— Ҳу, анави юпун кийинган, сочлари пахмоқ, афт-ангори бир аҳволдаги одамдан дардингнинг давосини сўрагин, ундан бир гап чиқади...

Йигит чиқмаган жондан умид,-дея бориб фақирга қайғусини сўзлаб берди. Фақир киши ўйчан тинглаб турдида, сўради:

— Бомдод намозини ўқидингми?

— Йўқ,- деди йигит. – Ухлаб қолибман, улгурмадим...

— Бугун ота-онангдан ҳол-аҳвол сўрадингми? Ёки уларни дуо қилдингми?

— Шаҳарга келишим керак эди, шунинг учун улар билан учрашгани вақтим бўлмади.

— Йигит ҳайрон тикилди сўровчига. Фақир киши яна сўради:

— Бугун Қуръон ўқидингми?

— Вақтим бўлмади, ўқий олмадим - деди йигит.

Фақир киши таассуф билан бош чайқади:

— Бор, рафиқангни никоҳлаб ол. Бомдод намози ўқилмаган, ота-онадан ҳол-аҳвол сўралмаган, уларнинг ҳақига дуо қилинмаган ва Қуръон ўқилмаган кундан бахтсиз, нурсиз ва омадсиз кун бўлмайди!..

24 Nov 2020

Ишлаб чиқилаётган «йўл харитаси»га кўра, халқаро ташкилотлардан олинаётган қарзлар сарфининг ошкоралигини таъминлаш учун очиқ маълумотлар базасини яратиш ҳам кўзда тутилмоқда.

21 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг 2-йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Аксилкоррупция агентлиги хабар қилди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда мансабдор шахс томонидан ноқонуний тарзда бойлик орттирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши кутилмоқда.

Бу – коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасига киритилган.

Бундан ташқари, лойиҳада қуйидагилар ҳам кўзда тутилмоқда:

  • халқаро ташкилотлар томонидан ажратилган қарзлар ва молиявий ёрдамлар сарфининг ошкоралигини таъминлаш учун очиқ маълумотлар базасини шакллантириш;
  • коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг фаолият соҳалари ва лавозимлари рўйхатини тузиш;
  • хорижий давлат мансабдор шахсларига ва халқаро ташкилотларининг вакилларига пора берганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш;
  • коррупция ҳолатлари тўғрисида аноним хабар йўллаш ва уларни кўриб чиқиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Йиғилишда коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021–2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқишни тезлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шунингдек, марказлаштирилган манбалар ҳисобига амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини мажбурий равишда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартибини тезроқ жорий қилиш кераклиги қайд этилган.

24 Nov 2020

Британия локдаунни 2 декабрдан кейин узайтирмайди, Россияда илк марта кунлик ҳолатлар сони 25 мингдан ошди, АҚШда Дональд Трампни даволашда қўлланган антитаналардан тайёрланган «коктейль» маъқулланди, Билл Гейтс эса бўлажак пандемия ҳақида яна бир бор огоҳлантирди.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, бутун дунёда Covid-19’дан касалланганлар сони 58,2 млн кишидан ошди. 1,38 млн бемор вафот этган. Ҳамон АҚШ, Ҳиндистон, Бразилия, Франция ва Россия касалланиш ҳолатлари сони юқорилиги бўйича кучли бешликни тўлдириб турибди.

Россияда янги антирекорд

Россия кунлик касалланиш ҳолатлари бўйича янги антирекордни қайд этди. Сўнгги бир кунда Covid-19 билан зарарланиш бўйича кунлик ҳолатлар сони илк марта 25 мингдан ошди - коронавирусга қарши кураш бўйича оператив штат яна 25 минг 173 кишида вирус аниқлангани ҳақида маълум қилган. Штаб шанба куни 24 822, якшанба куни 24 581 касалланиш ҳолати ҳақида маълум қилганди. Ўтган ҳафтанинг пайшанба кунида илк марта 23 минглик нуқтадан, жума куни эса 24 минглик нуқтадан ўтилганди.

Россияда сўнгги бир кунда 361 киши коронавирус қурбони бўлиб, жами қурбонлар сони 36 минг 540тага етди. Жами касалланиш ҳолатлари сони 2 114 502тани ташкил этмоқда, шундан 1 611 445 киши тузалган.

«Роспотребнадзор» маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирусни аниқлаш бўйича сўнгги 24 соат ичида 520 мингта, умумий ҳисобда эса 72,9 миллионтадан ортиқ тест ўтказилган.

Якшанба куни Россия хорижлик спортчилар, мураббийлар, ҳакамлар ва жисмоний тарбия соҳасидаги бошқа мутахассисларнинг оила аъзоларига мамлакатга кириш учун рухсат берди.

Август ойида ҳукумат хорижлик спортчилар ва мураббийларнинг Россияга кириши бўйича ўрнатилган тақиқни бекор қилганди. Бу орқали хорижликлар мамлакат биринчиликларига тайёрланиш учун Россияга кириш имконига эга бўлишганди.

2009-2018 йилларда Хакасия республикасини бошқарган Виктор Михайлович Зимин 58 ёшида оламдан ўтди.

Зимин август ойи охирида коронавирусга чалингани тўғрисида хабар берганди. У 2018 йил сентябрида иккинчи тур сайловларидан номзодини қайтариб олган, ўшанда Кремль томонидан қўллаб-қувватлансада, лавозимга қайта сайлана олмаган тўрт губернатордан бири бўлган, унинг ўрнига коммунистлар партияси вакили Валентин Коновалов келганди.

2020 йил июнида Чувашиянинг собиқ раҳбари Михаил Игнатьев ҳам коронавирус оқибатида вафот этганди. Пандемия даврида Россияда амалдаги губернаторлардан 20 нафардан ортиғи коронавирусга чалинди.

Британия чекловларни юмшатмоқда

Британияда маҳаллий ҳукумат Рождествогача карантин чораларини юмшатишга ва турли манзилларда яшовчи одамлар бир том остида йиғилишига рухсат берилишига эришмоқчи.

Бундан мақсад, турли жойларда яшовчи қариндошлар байрамни бир уйда нишонлашини таъминлаш ҳисобланади.

Ҳозирда амал қилаётган карантин муддати 2 декабрда ниҳоясига етади. Дам олиш кунларида ҳукумат карантинни узайтирмасликка қарор қилгани маълум бўлди. Бунинг ўрнига уч босқичли чекловлар тизими кучга киради.

Даражаларга таснифлаш қуйидагича: ўртача, юқори ва энг юқори даражали хавфли. Чеклов чоралар мамлакатнинг турли ҳудудларидаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб белгиланади.

Бундай тизим мамлакатда октябрь ойи ўрталаридан буён амал қилмоқда, аммо энди жорий қилинадиган чеклов чоралари қатъийроқ бўлади, учинчи даражага кўпроқ ҳудудлар киради.

Бош вазир Борис Жонсон душанба куни ўз режасини тақдим этиши кутилмоқда, унда қариндошлар янги йил байрами кунлари ўзаро учрашишига рухсат берилиши шартлари белгиланган.

«Ковид учун қишки режа» номини олган бу концепция тафсилотлари ҳозирча маълум эмас, аммо тахминларга кўра, паблар ва ресторанлар соат 10дан кейин буюртмалар қабул қилмайди ва соат 11да ёпилади - унгача келган мижозлар учун бир соат вақт ажратилади.

Билл Гейтс яна башорат қилмоқда

Америкалик миллиардер Билл Гейтс инсониятни яқин келажакда янги пандемия кутиши мумкинлиги ҳақида гапирди: энг яхши ҳолатда 20 йилдан кейин, ёмон ҳолатда эса - яқин уч йилда. У бу ҳақда актриса Рашида Жонс билан бирга ўтказилган Bill Gates and Rashida Jones Ask Big Questions номли янги подкастида гапирган.

«У [янги пандемия] ҳозиргига қараганда хавфлироқ бўлмаслигининг асосий сабаби шундаки, биз тажрибага эга бўлдик. Ўша пайт ҳарбий машғулотларга ўхшаш «пандемия ўйинлари»ни ўтказамиз ва деярли ҳар бир давлат ўз муносабатини билдиради. Бунда барча Жанубий Корея ёки Австралия қилган ишни амалга оширади - аҳоли тез тестдан ўтказилади, одамлар изоляция қилинади. Тест ўтказиш ускуналаримиз ҳам яхшиланади. Иккинчи марта бу қадар кўп аҳмоқлик қилмаймиз», деган у.

Дастурда АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича бош мутахассиси Энтони Фаучи ҳам иштирок этди. 

Билл Гейтснинг эмлашдан кейин оммавий тадбирларни ўтказишни бошлаш ва одатий ҳаёт тарзига қайтиш қанчалик хавфсиз экани ҳақидаги саволига жавобан Фаучи инсоният вакциналар ва ўртача чеклов чоралари билан уйғун тарзда нормал ҳаётга аста-секин қайтиши ҳақида айтиб ўтган. 

«Агар 99 фоиз самарадорликка эга вакцина бўлганида ва уни 99 фоиз одам олганида, унда ҳаммаси яхши бўлар эди. Аммо бу содир бўлмайди... Масалан, биз 75 фоиз самарадорликка эга вакцинани олиб, уни 69 фоиз аҳолига берсак, вирус тарқатиши мумкин бўлган одамлар барибир жуда кўп бўлади», дея изоҳлайди Фаучи. 

Шунингдек, у ҳозирги пандемия ўз-ўзидан тугамаслигини айтди: «Биз бу ҳақиқатни англаб етишимиз керак». 

Фаучи одамлар карантин чораларига амал қилишдан чарчаганини тан олиб, уларни таслим бўлмасликка ва эҳтиёткорликни давом эттиришга, яъни ниқоб тақиш, тез-тез қўлларни ювиш ва одам кўп тўпланган жойлардан четроқ бўлишга чақирган.

Pfizer вакцинаси икки укол орқали қабул қилинади / EPA/BIONTECH

Америкаликларни декабрдаёқ коронавирусга қарши эмлаш бошланади
Америкаликларни коронавирусга қарши эмлаш кампанияси 11 декабрда бошланиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ президентининг вакцина ишлаб чиқиш бўйича маслаҳатчиси Монсеф Слауи маълум қилди.

У CNN’га берган интервьюсида дори маъқулланганидан кейинги 24 соат ичида вакциналар партияларини эмлаш пунктларига етказишни бошлаш режалаштирилганини маълум қилди.

Гап Америкадаги Pfizer фармацевтика компанияси ва BioNTech ҳамкорлигида тайёрланган вакцина ҳақида кетмоқда.

Pfizer компанияси Озиқ-овқатлар ва дорилар сифати устидан санитар назорат бошқармасида (FDA) учинчи босқич синовларида 94 фоизлик самарадорлик кўрсатган вакцинасидан фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтказишга ариза берган. Шу масала юзасидан йиғилиш 10 декабрга белгиланган.

Pfizer шу йил охиригача 50 млн доза вакцина ишлаб чиқаришни, кейинги йилга бу миқдор 1,3 млрд дозага етказилишини мўлжалламоқда. Ҳар бир кишига икки доза - бошланғич ва кучайтирувчи дозалар берилади.

АҚШда антитаналардан қилинган коктейль маъқулланди. Ундан Трампни даволашда фойдаланишган

АҚШ Озиқ-овқатлар ва дорилар сифати устидан санитар назорат бошқармаси (FDA) Regeneron Pharmaceuticals компанияси томонидан коронавирусни даволаш учун тайёрланган препарат (REGN-COV2 антитаначалар коктейли)дан фавқулодда ҳолатларда фойдаланишга рухсат берди.

АҚШ президенти Дональд Трамп касалликдан соғайишига айнан шу препарат сабаб бўлганини айтганди. Коктейлга қўшилган ҳужайралар абортдан кейинги эмбрион тўқималаридан олинган. Ўз навбатида, АҚШ президенти ҳам, Оқ уй ҳам бу борадаги тадқиқотлар ўтказишни тақиқлашга уринганди.

Препарат Covid-19’нинг енгил ёки ўрта даражаси билан касалланган, лекин касаллик асоратланиши хавфи юқори бўлган беморларни даволаш учун тасдиқланган. Октябрь ойи охирида Regeneron компанияси «хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар» туфайли коктейль сунъий нафас олдириш аппаратларига уланган оғир аҳволдаги беморлар учун қўлланмаслигини маълум қилганди.

Калифорнияда комендантлик соати
Калифорнияда коронавирус тарқалишини чеклаш учун шанба кунидан комендантлик соати амал қила бошлади (кечқурунги соат 22:00дан эрталабки соат 5 гача).

Los Angeles Times хабарига кўар, штатда ҳозирда вазият август ойидагидан ҳам кўра ёмонроқ.

АҚШда сўнгги бир кунда 2 мингдан ортиқ бемор вафот этган - бу май ойидан буён энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Жонс Ҳопкинс маълумотларига кўра, мамлакатда шу вақтгача 12 миллиондан ортиқ киши коронавирусга чалинган, 255 мингдан ортиқ бемор вафот этган.

Ўтган ҳафтанинг жума кунида 187 минг янги ҳолат ҳақида эълон қилинганди - бу кунлик ўсиш бўйича энг юқори кўрсаткич бўлиб турибди.

Бир неча штатларда ниқоб тақиш мажбурийлиги жорий этилган, вирус тарқалишини камайтириш учун бошқа қўшимча чоралар ҳам киритилган. Техасда миллий гвардия ўликхоналарга ёрдам учун Эль-Пасога қўшимча ёрдам юборишига тўғри келди.

 
24 Nov 2020

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори
(704-сон, 10.11.2020 й.) билан тасдиқланган мазкур регламент туғилган боланинг ота-онаси ёки васийси (ҳомийси), тутинган ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки уларнинг яқин қариндошларига ёхуд ота-онасидан бири ваколат берган бошқа шахсларга  туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома олиш, туғилганликни қайд этиш, поликлиникага ҳисобга қўйиш, бир марталик нафақа пулини олиш, болани отаси ёки онаси ёҳуд васийси, тутинган ота-онаси доимий рўйхатда турган манзили бўйича рўйхатга қўйиш ҳамда болани давлат мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш бўйича комплекс давлат хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди.

Унга кўра, бола туғилган жойдаги тиббиёт муассасаси ходими бола туғилганидан сўнг 1 кун ичида бола ва ота-онаси ҳақидаги маълумотларни “Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш” ахборот алмашинуви тизимига киритади.

Маълумотлар автоматик равишда "ФҲДЁ ягона электрон архиви" ахборот тизимига юборилади.

ФҲДЁ бўлими маълумотларни қабул қилиб олганидан сўнг 3 иш соати ичида кўриб чиқади ва болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштиради.

Маълумотлар комплекс тартибда бошқа хизматларни кўрсатиш учун автоматик равишда Ички ишлар, Мактабгача таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ахборот тизимларига юборилади. 

Шунга кўра:

Туман (шаҳар) ички ишлар бўлими – болани 1 кун ичида тегишли манзил бўйича доимий рўйхатга қўяди;

Мактабгача таълим вазирлиги – мактабгача таълимни бошқаришнинг ахборот тизимида сўровда кўрсатилган боғчага болани автоматик равишда навбатга қўяди;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги – 1 иш куни ичида она рўйхатда турган поликлиникага (рўйхатда турмаган тақдирда доимий ёки вақтинча рўйхатда турган яшаш манзилидаги поликлиникага) болани рўйхатга қўяди;

Пенсия жамғармаси бўлими – фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини автоматик равишда расмийлаштиради.  

Боланинг отаси ёки онаси бола туғилгандан бошлаб 6 ой муддат ичида бир марталик нафақа пулини олиш учун Халқ банкининг исталган филиалига мурожаат қилиши мумкин (6 ойдан кейин мурожаат қилинса, бир марталик нафақани тўлаш рад этилади).

Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматлари Тошкент ва Нукус шаҳарларида, 2021 йил 1 февралдан барча вилоят марказларида, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб бутун республика ҳудудида кўрсатилади.

Учқудуқ туман адлия бўлими бошлиғи Эрмаматов Йигитали Шералиевич

23 Nov 2020

 

 Навоий вилоятида халқ таълими сифатини ўрганиб чиқиш ва баҳолаш, ўқитувчи мавқеини ошириш, уларни тизимли равишда рағбатлантириш мезонлари яратилмоқда. Бу борада вилоят халқ таълими бошқармаси таълим сифатини баҳолаш тизимини ўрганиб чиқди. Ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, шу пайтгача таълим тизими сифати ва ягона ёндашувга асосланган реал ҳолатни баҳоловчи тизим бўлмаган. 

Шу боис таълим сифатини аниқлаш учун бир неча ташқи манбалар маълумоти ўрганилиб, халқаро тажрибалар амалиётга жорий этилган ҳолда шаффоф ҳамда объектив баҳолаш мезонлари яратилмоқда.

 Навоий вилояти 2020 ўқув йилида битирувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсаткичлари бўйича рейтинг натижаларига кўра республикада 1-ўринга эришди. Натижаларни таҳлил қилиш давомида мактаб битирувчиларининг 2020 йилда олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра 26 та мактабнинг биронта ўқувчиси олий ўқув юртига кира олмаганлиги аниқланди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш, ўқитиш самарадорлиги, таълим сифатини ошириш юзасидан қуйидаги комплекс ишларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди. 

 Вилоят ҳокими К.Турсунов умумтаълим муассасалари раҳбар ва ўқитувчиларини натижаларига кўра рағбатлантириш бўйича ўзига хос йўл тутди. Олий таълим муассасаларига битирувчиларнинг кириш кўрсаткичлари ҳисобга олиниб, Навоий шаҳрида 18 та, Хатирчи туманида 15 та, Зарафшон шаҳрида 13 та, Конимех туманида 11 та, Қизилтепа туманида 11 та, Нурота туманида 9 та, Учқудуқ туманида 9 та, Навбаҳор туманида 8 та, Томди ва Кармана туманларида   6 тадан умумтаълим мактабларининг директорларига 10 млн.сўмлик сертификатлар тақдим этилди. Сертификатларнинг умумий суммаси 1 млрд. 60 млн. сўмни ташкил этади. Таълимда сифат ва самарадорликка эришиш мақсадида қуйидаги аниқ мақсадли чоралар белгиланди.

 1) олий таълим муассасалари билан умумий ўрта таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни изчил йўлга қўйиш орқали педагог кадрлар тажрибаси, салоҳиятини ошириш;

 2) вилоятдаги умумий ўрта таълим муассасаларини тўлиқ юқори малакали олий маълумотли педагог кадрлар билан таъминлаш;

 3) олий таълим муассасаларидаги чет тили кафедраларининг профессор ўқитувчиларини мактабларга бириктириш орқали мактабларда фаолият кўрсатаётган инглиз тили ўқитувчиларининг барчасини C1-CEFR даражасига олиб чиқиш;

 4) умумий ўрта таълим муассасаларида босқичма-босқич ёшларнинг ахборот коммуникация технологиялари соҳаси бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган “IT-мактаб” лойиҳаси доирасида 2020 йилда 1 та, 2021 йилда 4 та, 2022 йилда 3 та, 2023 йилда 3 та “IT-мактаб”ларни ташкил этиш;

 5) ўқувчиларда фундаментал билимларни амалий тажрибалар асосида мустаҳкамлашга, уларни илмий ижодкорлик ва мустақил тадқиқотларга йўналтиришга қаратилган STEAM лаборатория марказларини ташкил этиш;

 6) умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларининг халқаро баҳолаш тадқиқотларига (PISA, PIRLS, TIMSS) тайёрлаш ишларини янада кучайтириш;

 7) умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини халқаро фан олимпиадалари ва мусобақаларига тайёрлашда ихтисослаштирилган умумтаълим мактаблар масъулиятини ошириш.

Таълим масаласи устувор аҳамият касб этаётгани муносабати билан вилоят ҳокими маҳаллий ҳокимликларнинг мактаб инфратузилмасини яхшилаш, коммунал хизматларнинг узлуксизлигини таъминлаш, ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш каби масалаларга масъуллигини белгилаб қўйган.

 Жорий йилнинг ноябрь ойи 17-18 саналарида Халқ таълими вазири Ш.Шерматов вилоятда сафарда бўлиб, Навоий вилоятида таълим сифатини баҳолаш ва вилоятни таълим сифати бўйича намунали ҳудудга айлантириш бўйича амалий ишларни бошлаб берди. Битирувчилари олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи юқори ва паст умумтаълим муассасаларига ташриф буюриб, ўз тавсия ва таклифларини берди. Навоий тажрибасини оммалаштириш юзасидан вилоят ҳокимлиги билан доимий ҳамкорлик қилиш йўлга қўйилди. 

 

 

 

23 Nov 2020

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги “Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, маҳсулотларнинг айрим турларини идентификация воситалари ёрдамида мажбурий рақамли маркировкалаш тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда.

23 Nov 2020

АҚШда чоп этилувчи нуфузли Time журнали ўз талқинига кўра 2020 йилнинг энг яхши ихтироларини маълум қилди. Якунланаётган йилнинг энг яхши ихтироси учун бош мукофотни кўкрак саратонини ташхислаш учун мўлжалланган ихчам қурилма лойиҳаси олди.

Time ниҳоялаб бораётган 2020 йилга якун ясашни бошлади. Нашр жорий йилда пайдо бўлган энг яхши 100та ихтиро рўйхатини тузди. Рўйхат 21 ноябрда нашр сайтида эълон қилинди.

Рўйхатни тузишда журналнинг бутун дунёдаги муҳаррирлари ва журналистлари иштирок этган. Танловда иштирок этиш учун аризалар онлайн шаклда қабул қилинган, сўнгра ҳар бир номзод бир қатор кўрсаткичлар, жумладан ўзига хослик, самарадорлик, саноатга таъсири бўйича баҳоланган.

Нашр сайтида ихтиролар экология, саломатлик, гажетлар ва шу каби йўналишлар бўйича сараланган. Ихтиролар орасида кўплаб антиқа ихтироларни учратиш мумкин.

Рўйхатга киритилган эътиборни тортувчи ихтиролар сифатида ёлғиз кишилар учун мўлжалланган робот-ит, жисмоний машғулотлар учун виртуал реаллик кўзойнаклари, уй планетарийси, смартфон учун дезинфектор функциясига эга қувватлаш док-станцияси, тиш пастаси учун экологик қадоқ, ақлли асалари уясини айтиш мумкин.

Нашр тузган рўйхатда оддий одамлар ҳаётда тўқнаш келиши даргумон бўлган ихтиролар ҳам талайгина, бироқ улар орасида кўплаб оммалашган гаджетлар ҳам бор.

2020 йил ихтиролари орасида вирус ва бактериялардан ҳимояловчи мис куртка, 90 даража бурчакка буриш мумкин бўлган Samsung The Sero телевизори, электр болалар аравачаси, қурувчиларга гаплашишга, видео ёзишга имкон берувчи ва атрофдаги хавфли материаллардан огоҳлантирувчи “ақлли” каска, 88 км/соат тезлик билан юра оладиган ва стандарт автомобил қўйиш жойининг бор-йўғи чорак қисмини эгалловчи кичик ўлчамли City Transformer электромобили бор.

Шунингдек, рўйхатда ноутбукка айланувчи Microsoft Surface Duo смартфони, сувни ултрабинафша нурлар билан 60 сонияда вирус ва бактериялардан тозаловчи қурилма, инсон фикрларини ўқий олувчи Lab AlterEgo қурилмаси, бор-йўғи 2 см қалинликка эга LG телевизори, ювиш мумкин бўлган ва зарарли моддалардан 99,6 фоизга ҳимояловчи юз ниқоби, юрак қисқаришлари частотаси, уйқу сифати ва тана ҳароратини ўлчовчи “ақлли” узук каби ихтироларни ҳам учратиш мумкин.

23 Nov 2020

Навоий вилоятида ички ишлар органлари ходимлари талабини бажармаган ва маст ҳолда машина бошқарган ҳайдовчи дарахтга бориб урилди. Бу ҳақда ЙҲХББ ахборот хизмат хабар берган.

Спиртли ичимликлар таъсирида бўлган Malibu ҳайдовчисига жароҳат етмaган. Аммо у воқеа жойига етиб келган ЙҲХБ ходимларининг талабини бажармаган ва узоқ вақт давомида машинаси ичида қулфланиб ўтирган.

Ҳайдовчининг нимани ўйлагани, қандай мақсадда Malibu ичида қулфланиб ўтиргани ҳақида бошқарма эълон қилган видеода аниқ маълумот берилмаган.

Ҳайдовчи муайян вақт ўтгач, машинадан тушган ва ЙҲХБ ходимлари билан биргаликда тиббий экспертиза текширувидан ўтиш учун йўл олган. Malibu эса эвакуаторда жарима майдонига олиб кетилган.

22 Nov 2020

Агар сиз: “Бахтсизман!” десангиз, нима сабабдан бахтсизлигингиз ҳақида ўйланг. Балки турмуш ўртоғингиз билан жанжаллашиб қолгандирсиз. Куюнманг. Оқшом битта табассум қилсангиз кифоя. Ёки ундан эртароқ битта қўнғироқ, узр сўраш, икки оғиз ширин сўз. Мана сизга бахт!
Ёки фарзандларингизни ўйлаб дилингиз ғашми? Ахир, улар эмасми оиланинг энг ширин мевалари. Шундай экан, бу неъмат берилмаган инсонлар ҳақида ўйланг. Ҳисобсиз сарфланган пуллар, шифохона эшигида изтиробли кутишлар билан ўтган вақт эвазига эшитилган “Умид йўқ” каби сўзлар... Улар ўрнида сиз бўлишингиз мумкин эди. Шукрки, фарзандларингиз бор. Бахтлиман, дейиш учун энг яхши сабаб.
Ёхуд моддий етишмовчиликни бахтсизликка йўясизми? Ахир, бизни яратган Аллоҳ ризқ берувчидир. Аслида банданинг ризқи оёқ остида. Аммо биз янаям кўпроғини истаймиз. Кўп бўлгач, исроф қилиш бошланади...
Агар касалликдан ёки жисмоний камчиликдан ўзингизни бахтсиз сезаётган бўлсангиз, шуни билинг, ҳеч бир дард давосиз эмас.
Бир қўлингиз йўқми? Иккала қўлидан айрилганлар ҳам бор.
Бир оёғингиз йўқми? Икки оёғи йўқ, кун бўйи шифтга термулиб ётадиганлар ҳақида ўйланг.
Бир кўзингиз кўрмайдими? Икки кўзи ожиз кишилар йўқ дейсизми?..
Демак, бизга берилган неъматлар борасида ўзимиздан юқоридагиларга эмас, пастдагиларга қарайлик. Шунда шукр неъматидан баҳраманд бўламиз, бахтли эканимизни ҳис қиламиз.

"Бахтли ҳаёт сари" китобидан.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: