Учқудуқ туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар ишлари агентлигининг Учқудуқ туман бўлими ва нуроний фахрийларнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининги 30 йиллигига 30 дона кўчат менинг туҳфам” шиори остида жорий йил куз ва 2021 йил баҳор мавсумларида кўкаламзорлаштириш манзарали, мевали ва бута кўчатларини экиш бўйича туман аҳолисига
М У Р О Ж А А Т И
Азиз учқудуқликлар!
Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими ҳамда нуроний фахрийлар “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига 30 дона кўчат менинг туҳфам” эзгу ғоя остида Сиз азиз учқудуқликларга мурожаат қилишни лозим топдик.
Бугун юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимизнинг юксалиб бораётган турмуш даражаси, шаҳар ва қишлоқларимизнинг кўркам қиёфаси, одамлар онгу-тафаккуридаги ўзгаришлар, умуман, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида тараққиёт юртдошларимизнинг Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларга, жонажон Ватанимизнинг келажагига бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Шуни унутмайликки, осуда ва фаровон турмуш тарзини четдан келиб бизга ҳеч ким яратиб бермайди. Уни ўзимиз, ўз меҳнатимиз натижасида бунёд этсак, аниқроқ айтганда, ҳар биримиз ўз маҳалламиз, кўча ва хонадонларимизнинг саранжом ва файзли бўлиши учун ҳиссамизни қўшсак, бу гўшалар чинаккам обод масканларга айланади.
Эрта саҳарда туриб, кўча-ҳовлиларимизни супуриб-сидириш, ён-атрофга сув сепиш, турли гуллар экиш қайси хонадонга чирой бағишламайди, дейсиз.
Бу борада хонадон соҳибларига маслаҳатлар бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш, яратувчанлик ғояларига ундаш биз – маҳалла фаоллари, кўпни кўрган, нуроний оқсоқоларнинг энг муҳим вазифамиздир.
Унутмаслигимиз лозимки, ободлик бор жойда қут-барака, доимий ривожланиш ва келажакка ишонч руҳи бўлади.
Биз ёшлар, фахрийлар Сиз азизларга мурожаат қилиб, туман маркази, овулларимизда имконият ва шароитлар етарли бўлишига қарамасдан кўчатлар экиш, уларни парваришлаш масалаларига бефарқ муносабатда бўлаётганимиз, айниқса, кўп қаватли уйлар атрофлари, хиёбонларимиз, дам олиш жойлари ўта аянчли аҳволга келиб қолганлиги аччиқ ҳақиқат эканлигини тан олишга мажбурмиз. Бу эса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг дунёқарашига, атроф-муҳитга, кўкаламзорлаштиришга бўлган муносабатига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди, албатта.
Айниқса, экилган кўчатларни парваришлаш, уни асраб-авайлаш ишларини ташкил этишга аҳолининг барча қатламлари бирдек масъул бўлиши лозим.
Бинобарин, ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган азалий урф-одатлар, ўлмас қадрият ва анъаналар, оиланинг ҳар бир аъзоси бажариши лозим бўлган муқаддас бурч, айниқса, катта ҳаёт остонасида турган ёшларимизга ибратли тушунтириш, ўйлаймизки, оилаларни бутун жамиятимизни янада мустаҳкамлайди.
Осмони мусаффо, жонажон Ўзбекистонимизга фақат ва фақат обод масканлар – кўркам ва гўзал кўчалар, файзли хонадонлар, дилга қувонч бағишловчи обод маҳаллалар ярашади.
Шундай экан, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига 30 дона кўчат менинг туҳфам” акцияси орқали туманимиз аҳолисининг ислоҳотларга, шаҳримиз кўркига, тоза ҳавосига бефарқ эмаслигига ишониб, Сиз азизларни 30 донадан кўчат экиш акциясида фаол иштирок этишга чақирамиз. Ҳар бир экилган кўчатга ўз меҳрингизни беришга, уни асраб-авайлашингизга, албатта, ишонамиз.
Ваҳоланки, ободлик кўнгилдан бошланади. Кўнгли обод халқнинг йўли ҳам очиқ, келажаги буюк бўлади.
Азиз учқудуқликлар!
“Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига 30 дона кўчат менинг туҳфам” шиори остида жорий йил куз ва 2021 йил баҳор мавсумларида туман маркази, маҳалла, аҳоли яшаш пунктлари, кўп қаватли бинолар, хиёбонларга кўрк берувчи манзарали дарахтлар ва бута кўчатларини экиш ишларида фаол иштирок этайлик!.