Бугун Учқудуқ туманидаги “КЕLAJAК” ёшлар марказида Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсуновнинг “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда вилоят ва тумандаги давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда учқудуқлик ёшлар иштирок этишди.
“Ҳоким ва ёшлар” учрашувида вилоят ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқиб, вилоятимизда ўтган давр мобайнида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида олиб борилаётган ишлар амалга оширилаётган ислоҳатлар тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Таъкидландики, давлат ва жамият бошқарувида ҳам, бизнесни тараққий эттиришда ҳам, умуман, барча соҳа ривожида салоҳиятли ёшлар муҳим ўрин тутади. Сабаби улар жамият учун “янги қон” вазифасини ўтайди. Янгидан-янги ташаббус-ғояларни илгари суриш, замонавий иш юритиш услубларини жорий қилишда ана шу қатламнинг нуқтаи назари ва саъй-ҳаракатлари алоҳида аҳамият касб этади.
Шундан сўнг, вилоят ҳокими ёшлар билан очиқ мулоқотга киришди. Учқудуқ ёшлари ўзларининг саволлари, таклифлар ҳамда муаммолари билан вилоят ҳокимига мурожаат қилишди.
Жумладан, Учқудуқ касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Суҳроб Олимов, ижодга, журналистика соҳасига қизиқиши боис, ижодкор ёшлар ўртасида кўпроқ танловлар ўтказиш таклифини билдирди. Бу каби таклифни “Қизилқум” маданият уйи “Парвоз” театри актёри, Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Мардон Саидов ҳам илгари сурди.
Шунингдек, юртимизда ахборот технологияларини ривожлантириш, IT парклар ташкил этиш орқали, ёшларимизни замон талабига мос кадрлар қилиб тарбиялаш мақсадида қатор ишлаб олиб борилаётир.
Навоий вилоят ҳокими ташаббуси билан Япониянинг Нагоя шаҳридаги Beeanz, Nakamura Jidousha, Gakko Place, Global Silk Road корпорациялари билан ҳамкорликда Зарафшон шаҳрида IT академия ташкил этилганидан кўпчиликнинг хабари бор.
IT академиянинг Зарафшон шаҳар раҳбари Буюк Ибодуллаев академиянинг Учқудуқ туманида филиалини ташкил этиш ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шу мақсадда “КЕLAJAК” ёшлар маркази биносида 3 та хона ва зарурий жиҳозлар ва компьютер воситалари билан таъминланишида амалий кўмак сўради.
Вилоят ҳокими Учқудуқ ёшлари билдирган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олиб, икки нафар ижодкор ёшнинг шеърий тўпламини чоп эттириш, яқин кунларда “Шодлик” ёшлар амфитеатри ҳудудида бепул Wi-Fi зона ташкил қилинишини таъкидлади.
Самимий мулоқотлар асосида бўлиб ўтган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида Учқудуқ туман ҳокимлиги ҳомийлигида нашр этилган “Сени куйлайман, Ватан!” тўпламининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Тўпламдан “Учқудуқ” газетаси қошида фаолият юритаётган адабиёт тўгараги иштирокчилари бўлган ижодкор ёшларнинг шеърлари жой олган.
Бундан ташқари, “Аёллар темир дафтари” га киритилган 5 нафар хотин-қизларга тикув машинаси ва пишириқлар пиширишга мўлжалланган печкалар тақдим этилди.
Ҳа, бугунги кунда юртимизда замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган, интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода бугунги ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.