LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

31 Oct 2024

 

    Шимолий кон бошқармаси Автомобил транспорти бошқармаси “Шарқий” ва “Даугизтау” конларида таркибида қимматбаҳо маъданли бойликлар бўлган кон жинсларини ташиш вазифасини олган.
Экскаваторларнинг юклаш майдони ковжаларидан катта ҳажмдаги кон маъданлари кон автоағдаргичлари билан каръерлардан ташиб чиқишдан тортиб темир йўл думпкарларига юклаб, 3-сонли Гидрометаллургия заводига етказиб беришгача бўлган вазифаларда бу корхона техникалари муҳим саналади. Кончилик техникалари салобати каби уни бошқариб, ўз измига солишнинг ҳам катта матонати бор. Шу учун уларни бошқараётган ҳайдовчилар меҳнатининг ҳаққи кунлик ҳисоб - китоб қилинади. Бундай ҳалол юмушни эса деспетчерлик хизмати ходимлари соатлардаги сонияларга адашмай ҳисоблаб боришади. Ўшалардан бири Автомобил транспорти бошқармаси эксплуатация қилиш бўлими диспетчери “Шуҳрат” медали соҳиби Шодиёр Умаров.
Шодиёр Умаровнинг бизга берган уй манзили - Учқудуқ шаҳар Навоий маҳалласидаги 5 - қаватли уйнинг 5-қавати... Соғ одамни ҳам чиққунча чарчатадиган зинапоялар... Аммо бу 50 га яқин зиналардан ҳар кун бир оёқ билан чиқиб-тушиш Шодиёр ака учун ўзининг ҳаётидан ўтқазганлари олдида учиб юришдек осон эканлигини кейинроқ англадик...
    Шодиёр асли Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидан. Ўз қишлоғининг аълочи ўқувчиси бўлган. Оддий оилада 5 фарзанд. Ортидан тўрт укасининг эргашишига ишониб олий маълумотли бўлишга интилди. Яхши ўқисам албатта ўқишга ҳам яхши ишга ҳам кираман деди ўзини ишонтириб. Аслида шундай ҳам бўлди. 2000 йил Тошкент давлат техника университетини битириб ёш мутахассис сифатида НКМК Шимолий кон бошқармасига ишга жўнатилди.
Ўшанда курсдошларининг кўпи кимларнидир ўртага қўйиб йўл узоқлиги сабаб-ми, янаям Қизилқумнинг қоқ маркази бўлган –Учқудуққа келишга унчалик шошилишмади. Талабалик йиллари ҳам ота-онамга ёрдам дея, гоҳ бир хонадон лойшувоғини, гоҳ бир тадбиркорнинг юзлаб қопини кўтариб, арзимаган чойчақа олган йигит учун НКМКдай корхонада ишлаш йўлланмаси катта бахт бўлганини ўшанда бироз тушунди-ю... лекин бугун катта бахтлигини ҳис этади.
НКМК ҳақида унинг қишлоқдагилари билмасада аммо “олтин завод” борлиги ўз ишчиларига пул қолмаса тилла беради, деган миш-мишларга ишонган ҳамқишлоқлари ҳавас қилишди. Ҳаттоки, бировлари Шодиёрингиз мени боламни ҳам ўша ерларга ишга олиб кетсин, ўзи илмли меҳнаткаш бола, дейдиганлари ҳам топилди.
      Бутун умр трактор ҳайдаб боласининг боши олий маълумотли бўлганидан қувонган отаси Умар ака, туман шифохонасида фаррошлик қилиб, ҳамма дуо қилганида ўғлини отини қўштирган, ўғлининг катта одам бўлишига ишонган онаси – Меҳринисо опанинг қувончи минг қувончга уланди ўша кунлар...
Аммо Шодиёр Учқудуқда иш бошлаганининг биринчи қишидаёқ оёқ ва қўлларини совуққа олдирди. Қанча муложаалар, илтижолар кор қилмади. У бир оёғидан, иккинчи оёғининг панжаларидан ажралиб қолди. Кейинчалик бармоқларни кесиб ташлашга тўғри келди...
       ЎЗИНИНГ ҲИКОЯСИ: Бахтсиз ходиса ҳаётимни ўзгартириб юборган...
      Катта фарзанд билан катта орзуларнинг чил-парчин бўлишини ҳаммадан кўра мен билардим, деб эслайди Шодиёр. - Отам доим ўқи, биздай қора мойга ботиб юрмайсан, дерди. Отам колхозда тракторчилик қиларди шу тракторни нонини еб, катта бўлдик. Уни бемалол ҳайдаб, ремонтга келса отамга кўмаклашиб, укаларим билан бўлт-гайкасини бураб юрганмиз. Аммо ўзим иқтисод соҳасини яхши кўрсам ҳам барибир тақдир мени техникалар билан ошно қилди... Энди ишлайман ота-онамга ўзимдан кейинги укаларимга ёрдам бераман деган пайтимда мен ногирон бўлиб қолдим.
Энди қандай яшайман?

    2001 йилда эса бутун ҳаётимни ўзгартириб юборган бахтсиз воқеа юз берди. Шунда мен жуда тушкун ҳолатдаман. Дўхтирлар қани эди яшамайди, деган гапни айтса, дейман. Аммо яна мен билан Навоий Тошкентга югурган онамни отамни кўзим қиймайди. Бир куни ногиронлик аравачасида касалхона ҳовлисида ўтирсам бир ёши катта одам билан гаплашиб қолдим. У менга шундай мотивация бердики шу сўзлар мени яшашга бўлган иштиёқимни қайтарди. Ўлим ҳам сендан юз ўгираётган экан у томонга шошиб нима қиласан. Битта оёқ, иккита қўл билан яшашинг учун имкониятинг борку..
Бир нарсага ҳайрон қоламан. Кўчага чиққанимда нафақат соғлом одамлар, балки мен каби имконияти чекланган шахсларни ҳам кўраман. Уларда кўчага чиқсам ҳамма менга қарайди, деган тушунча бор. Шу сабабли ҳам доимий тушкун ҳолатда қолиб кетишади. Тўғри, бундай ҳолатдан чиқиб кетиш қийин, аммо ижтимоий ҳаётга қўшилиб кетишни уддаласа, меҳнат қилиб ҳалол пул топса бўлади. Бунинг учун юрагида яшашга бўлган интилиш кучли бўлиши шарт экан.
    Комбинатим мени ҳаётга қайтарди
    Даставвал хаёлимга ҳаммаси тугади, деган фикр келарди. Лекин ғурурим бировнинг қўлига қараб ўтиришга йўл қўймасди. Шундай пайтларда ўзимга ўзим уйда ўтириб қолмасдан эркак киши оиласини боқиши керак, деб турли касб-ҳунарларга қизиқиб кўрардим. Аммо қўлимдаги дипломимга қараб йиғлаб ўтирган кунларим бўлди. НКМ комбинатидай мен ишлаган корхона бир кун бўлсада, мени ёлғизлатмади. Ногиронлигимга қарамай яна корхона раҳбарлари мени ишга олишди. 20 йилдан ошиқ шу корхонанинг фахрли ишчисиман, бугунда Автомобил транспорти бошқармаси эксплуатация қилиш бўлимида диспетчер бўлиб ишлаяпман. Ижтимоий ҳимоям яхшилиги учун баъзида тўғриси ногиронлигим ҳам эсимдан чиқади. 5 нафар фарзандим бор. Уларни бахти камоли учун эр –хотин меҳнат қиламиз. Катта ўғлим ҳарбийликни орзу қилади. Бир қизим математик, бирида адабиётга қизиқиш бор. Ҳар куни ишга борсам у ердаги ҳамкакасбларим ҳам ҳаётларидаги қайсидир бир янгиликни мен билан баҳам кўрмоқчи бўлишади. Шунда ҳаёт ҳамма нарсадан устунлигини ҳис этаман.
      Медал олганимни эшитганимда ишонмаганман
      Ҳалол ишлаб, ҳаракат қилса Аллоҳ ҳам ҳар томондан берар экан. Меҳнат қилсанг роҳатини кўрасан, деб шунга айтишади, шекилли. Тўғриси, ўша пайтда ҳеч нарсага тушунмадим. Кутилмаган хабарни эшитиб, ҳайрон қолдим. Бир-икки кун ишонмасдан юрдим. Чунки медал тугул, туманда бирорта мукофот олиш ҳам хаёлимга келмаган. Оддий ишчи бўлсам, нима қилган ишимга медал беришади, деганман. Лекин тасдиқлангач эътибор ва эътирофдан жуда хурсанд бўлдим. Ўша даврдаги ҳаяжонни ҳозир тасвирлай олмайман. Ўшанда ҳам ҳар қандай ҳолатда ҳам ортга чекинмаслик кераклигини англаганман.
Маълумот учун: Шодиёр Умаров 2023 йил «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
    Шукур қилишни ўргандим
Йилда бир маротаба реабилитация марказига даволаниш учун бориб тураман. Шу ерда имконияти чекланган турли даражадаги инсонларни кўраман. Уларнинг аксарияти ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки бошқа кимларгадир қарам бўлиб қолганини кўраман. Улар ҳам ҳаракат қилса, ишласа бўлади-ку, деб умрини зое кетказаётганига ачинаман. Чунки ораларида бирорта ҳунарни ўрганиб, ўзи тирикчилигини қилиб кетса бўладиганлари жуда кўп. Кимгадир қарам бўлишни нима кераги бор? Берсанг ейман, деб ётавериш ҳам жуда нотўғри иш. Ногирон дегани уйда қамалиб ўтириш керак, дегани эмас. Аллоҳ берган ҳар бир имкониятдан тўғри фойдаланиш лозим. Негаки имконияти чекланган шахсларнинг ҳаракати, фикрлаши соғлом одамларникидан кўра яхшироқ бўлади. Фақат ўз олдига бирор мақсад қўйиб, ҳаракат қилса интилса бўлди.
Шимолий кон бошқармаси Автомобил транспорти бошқармаси эксплуатация қилиш бўлими диспетчери “Шуҳрат” медали соҳиби Шодиёр Умаровнинг ҳаётий ҳикоясини бекорга газета саҳифаларига олиб чиқмадик. Унинг умр йўллари ҳаётда синиб, ўрнини тополмай қолаётган имконияти чекланган инсонлар учун ибрат намунаси. Бировга муҳтож бўлиб қолмаслик учун қилган барча саъй-ҳаракатларини олқишлаб, инсон иродаси чегара билмайди, деган хулосага келдик!. Зеро, Маҳатма Ганди: "Оғир синовлар орқали ўтган инсонлар улкан жасорат эгаларидир. Улар қийинчиликлар уларни синдирмаслигини ва аксинча, уларни янада мустаҳкам қилганини исботлайди", деганида юз бора ҳақ эди.


Лайло КАРИМОВА,
ШКБ ахборот хизмати.

31 Oct 2024

     Ўз даврида қатор йиллар ҳайдовчилик касбида самарали меҳнат қилган Нуриддин ака Ашуров оила даврасида ўғилларига кўп уқтирар эди: - Ота касбини улуғлаган, асло кам бўлмайди. Шунинг учун сизларни ҳам менинг изимдан боришга ундайман.
       Бу гапларни оилада ўсган 4 нафар ўғил фарзанднинг ҳаммаси ҳам эшитар ва тингларди. Лекин ота изидан боришни ҳаммаси ҳам хоҳлашмади. Тўғри, 4 ўғилу, 1 қизнинг барчаси турли ўқув даргоҳларида таълим олди, давримизга хос ва мос бўлган кадрлар бўлиб етишдилар. Бироқ, биргина Зафаржон ота изидан борди.
-Ўшанда отамнинг гапини онгу-шууримга сингдириб олган эканман, - дейди Зафаржон суҳбатимизда. - Оталар билиб гапиришади, демак ота касбини эгаллаб кам бўлмаслиги аниқ, дея кўп мулоҳазалар қилдим.
Зафар Усмонов 1985 йилда Хатирчи туманида туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, ҳайдовчилар тайёрлаш билим даргоҳида ўқиган. 2008 йилдан Шимолий кон бошқармаси 1-сонли автокорхонада ҳайдовчи бўлиб иш бошлаган қаҳрамонимиз тез орада жамоада ҳурмат-эътибор қозонди. Ёшлигидан отаси бошқарган автоуловларни бураб-тузатиб кўмаклашган эмас-ми, у ўзи бошқараётган ҳар қандай техника “тили”ни яхши тушунади.
Бугунги кунда “Навоийуран” ДК “Учқудуқ” ИЧМ геотехнологик конида хавфли юк ташувчи машина ҳайдовчиси бўлиб ишлаб келмоқда.
-Зафар Усмонов бригадир вазифасида ўз ишига масъулият билан ёндошади. У ҳар бир машинани эҳтиётлаб бошқаради. Қолаверса, техниканинг хизмат қилиш даврини узайтиришга бўлган ҳаракати билан ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқда, - деди “Учқудуқ” ИЧМ транспорт бўлими бошлиғи Улуғбек Муртазоев.
       Дарвоқе, Зафаржон Усмоновни оиласи маҳалладаги ибратли оилалардан бири. “Яхши эр-хотинда қалб иккита бўлсада, истак битта”, деган эди Испан ёзувчиси Мигель де Сервантес. Бу ибора айнан Зафаржон ва унинг турмуш ўртоғи Дилдорахонга айтилгандек, гўё!. Дилдора Усмонова туманимиздаги 18 - мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, ўғиллари Фирдавс Нуриддинов 18-мактабнинг 5-синфида ўқийди. Жасурбек эса болалар боғчаси тарбияланувчиси.
Ота-боболаримиз бежизга “Уйида тинчи бўлсин, йигитнинг”, дейишмаган. Ахир, самарали иш кунидан сўнг оила бағрига қайтган Зафаржонни оқилаю пазанда Дилдорахон ва шириндан-шакар фарзандлари Фирдавс ва Жасурбеклар кулиб қаршилайди. Шунинг ўзи бахт эмас-ми!.

 

 

Page 4 of 281

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: