“Ёшлар форуми-2020” таассуротлари
Куни кеча ўтказилган “Ёшлар форуми” да ҳурматли Президентимиз маърузасини эзгу – умидлар ва катта қизиқиш билан тингладим.
Давлатимиз раҳбари биз ёшларга жуда катта ишонч билдириб, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлишини таъкидладилар. Мамлакатимизнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон яшаши ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ эканлигини қайта-қайта такрорладилар.
Юртбошимиз ғамхўрлиги ва оталарча меҳрини ҳис қилиб улғаяётган мамлакатимиз ёшлари айниқса, Учқудуқ ёшлари ҳам замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаб, мустақил фикр юритадиган авлод бўлиб улғаймоқда. Санъатга қизиққан иқтидорли Учқудуқ болаларига таълим-тарбия бериб келаётган 10 йиллик фаолиятимда бунга амин бўлмоқдаман.
Юртимизда ёшларга берилаётган имкониятлар, яратилаётган шарт-шароитлардан фойдаланиб, “Саҳро” оркестри ёшлари ҳам танловларда иштирок этиб, катта-кичик ютуқларни қўлга киритмоқда.
Бугунги пандемия даврида Россия, Лондон, Беларусияда ўтказилган онлайн танловларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритдик. Яқинда яна бир онлайн танловда гран-при соҳиби бўлиб, Италияда ўтказиладиган танловда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдик.
Эътиборлиси, “Ёшлар форуми”да давлатимиз раҳбари вилоят ҳокимлари туман ва шаҳардан 5 нафаргача ёшларни маданият ва санъат олийгоҳларида маҳаллий бюджет ҳисобидан ўқитиш, келгусида уларни ўз ҳудудида уй-жой ва мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш чораларини кўриш вазифасини белгилаб бердилар. Бу маданият ва санъат соҳасининг энг чекка ҳудудларда ҳам тараққий топишига туртки бўлади. Шу билан бирга санъат йўлини танлаган ёшларга берилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг бир кўринишидир.
Шахсан, менга ҳурматли Президентимиз маърузаси мотивация берди. Бугун ўз олимга катта довонларни қўймоқдаман. Негаки, мен раҳбарлик қилаётган оркестрда санъатни чин дилдан севган, истеъдодли ёшлар талайгина. Ана шу иқтидор эгалари бўлган – ёшларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаб, истеъдодларига қанот бўлиш менинг – бурчим, энг катта орзуим!
Шаҳбоз Муқимов,
10-сонли Болалар мусиқа ва санъат
мактаби “САХРО” оркестри раҳбари.