Йил сўнгида ўтган йилни сарҳисоб қилиш одатимиз. Кириб келаётган янги йил билан ҳам дўстларни табриклаш ҳам одатимиз. Янги йилдан кутиладиган орзулар, тилакларни ҳам айтиш одатимиз.
Саҳифамизда турли соҳа вакиллари тумандошларимизга ўз тилакларини изҳор қилади.
ЎТГАН КУНЛАРНИ УНУТМАЙЛИК!
Сабримизни аямай синовдан ўтказган 2020 йил ниҳоятда оғир келди. 2020 йилнинг баҳори! Бизнинг қонимизни ичди ҳисоб. Коронавирус пандемияси! Йўқотишлар, жудоликлар йили бўлди. Беморгарчилик, кайфиятсизлик йили бўлди.
Афсуски, кўпчилигимиз яқинларимиз, таниш-билишларимиз билан видолашдик.
Жудоликдан ҳам ҳикмат туядиган олижаноб халқмиз. Юрт бошига мусибат тушганда халқ ўзининг қудратини, жипслигини яна бир марта намоён қилди.
Халқ кучи, қудрати 1май куни яна бир карра намоён бўлди. Сардоба фожиаси бизга халқимизнинг офат қаршисида бемисл даражада ҳамжиҳат эканини кўрсатди. Мамлакатнинг ҳар бир ҳудудидан Сирдарёга техникалар ва минглаб тонна инсонпарварлик ёрдами оқиб келди. Бугун Сардоба таниб бўлмас даражада ўзгарди, янгиланган турар-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари қисқа фурсатларда қурилиб, аҳоли эҳтиёжига берилди.
Сезяпсизми, азиз юртдошлар! Юртимизда кўтаринки бир руҳ ҳукмрон, элда эзгу кайфият устувор. Халқимиз яна янги-янги довонларни забт этиш ҳисси билан меҳнат қилмоқда.
Барчамизга ана шу яратувчанлик муборак бўлсин! Яратишга, янгиланишга бўлган ишонч – орзуларга қанот беради.
Янги йил – орзулар, умидлар йили муборак бўлсин!
Нафиса НАЖМИДДИНОВА,
Учқудуқ саноат техникуми директори,
Халқ депутатлари туман кенгаши ЎзМТДП депутати.