LOTIN-КИРИЛЛ

УЧҚУДУҚНИНГ “ПОЛВОН” АЁЛИ

      Башорат опа Турсунова ёшлигидан ўғил болаларга хос феъли билан ҳаммадан ажралиб турар эди. У велосипед миниб, молларга ўт-ўлан териб катта бўлди. Сўлим Самарқанднинг Пастдарғом туманида вояга етган Башоратхонни тақдир шамоллари Қизилқум кенгликларига учирма қилди. Турмуш ўртоғи Ўктам ака Тўлаев билан бағри ҳам саҳросидай кенг Қизилқум чўлининг мўъжизаси -Учқудуқни  ўзларига макон, ватан деб билдилар.

   Бундан 30  йил аввал Шимолий кон бошқармаси Шарқий конида оддий ишчиликдан фаолиятини бошлаган қаҳрамонимиз ШКБ кадрлар тайёрлаш бўлими томонидан ташкил этилган ўқув курсида касб сирларини ўрганди, малака оширди. Унинг эгаллагани юк кўтаргич (крановщик) мутахассислиги гарчи аёллар учун бир мунча ноодатий касб бўлса-да, феълидаги мардлиги, ўғил болаларга хос абжирлиги устун келиб, шу мутахассисликни пухта ўзлаштирди.

    Мана 23 йилдирки, Башоратхон Турсунова Шкб “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конининг “Занжирли кон экскаваторлари ҳамда бурғулаш ускуналарини таъмирлаш ва  йиғиш бўлинмаси”да кран машинист  бўлиб ишлаб келмоқда. Башорат опа 35 метр баландликдаги кранининг кабинасида туриб  5 тоннадан 50 тоннагача бўлган юкларни бир деганда, "даст кўтаради”.

Ҳар тонгни шукр билан оттириб ишига келар экан, келин уйидай ясатиб қўйган крани кабинасига меҳр билан қарайди.  Башорат опа учун иш хонаси бўлган –ана шу кран кабинасида унинг юзлаб кунлари сергакликда, юзлаб тунлари бедорликда ўтган.

    -Қишда кабинам иссиқ, ёзда совуққина,- дейди.  Бу ишини севган аёлнинг бизга тўқиган ёлғонлари.  Иссиқлар унга ғамини унутишга,  совуқлар унга одамзод синов учун яратилганини эслатиб туради.(Бундан бир неча йил олдин Башорат опа автоҳалокат туфайли икки фарзандидан айрилган). У ҳамма-ҳамма  сирларини билган, дардларини эшитган крани кабинасини шу учун яхши кўради. Унинг йўқотишларини қайсидир маънода унутишга ёрдам берган жамоасини ҳурмат қилади.

    Башорат Турсунова ҳақида бугун яна бир сирни очиш вақти келди. Унинг Башорат исми фақат ҳужжатда юритилади, опанинг асл исмини ёдларидан чиқаришган. Турли миллат вакиллари ишлаётган   жамоадошлари уни Света опа деб чақиришади.

   Бу йилги 8-март арафасида эса Башорат опанинг ўз исми яна тикланди. Давлатимиз раҳбарининг Фармонига кўра  "Навоий кон-металлургия комбинати" акциядорлик жамияти Шимолий кон бошқармаси кран машинисти Башорат Турсунова “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди.

   Бу баҳо 23 йилдан буён ҳар бир  кўтарганда 50 тоннагача юкни “улоқтираётган” Учқудуқнинг полвон аёлига берилган муносиб баҳодир.

Лайло КАРИМОВА,

ШКБ ахборот хизмати.

O'qilgan: 521 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: