Аёл қанчалик билимли ва салоҳиятли бўлса, у тарбиялаган авлод ҳам келажак учун шундай етук шахс бўлиб вояга етади. Бугун сизлар билан манашундай аёл ҳақида ҳикоя қиламиз.
Туманимиздаги 18- умумий ўрта таьлим мактаби директори Гулбаҳор Алланова ҳам юқоридаги таърифларимизнинг яққол мисоли.
У Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида туғилган. Ёшлигиданоқ илм олишга чанқоқлиги боис, мактабдаги тенгдошларидан ажралиб турарди. Адабиётга бўлган иштиёқ уни Қорақалпоғистон давлат университетининг филология факультетига етаклади.
199 5йилда Гулбаҳор ва турмуш ўртоғи йўлланма билан Учқудуққа ишлаш учун келишади. Аввалига тарбиячи, сўнгра мактабда ўқитувчи, ҳамда 10-умумий ўрта таълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлаган.
Анашу давргача бўлган фаолияти давомида кўпгина билим ва тажриба орттирган Гулбаҳор Алланова 2016 йилидан 2021 йилга қадар Учқудуқ туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида фаолият юритди.
Ўтган йили март ойидан бошлаб, 18-умумий ўрта таълим мактабида директор бўлиб ишлаб келаётган Гулбаҳорнинг қилаётган фидоийларча меҳнатлари ва жонкуярлиги бугун ўз мевасини берди десак муболаға бўлмайди. У 8 -март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ҳозирги кунда 850 нафар ўқувчига таълим-тарбия бериб келаётган 77 нафар педагог-ўқитувчилар Г.Алланова раҳбарлигида ҳамжиҳатликда меҳнат қилиб, “Замонавий мактаб” мақомига сазовор бўлишди.
Буларнинг барчаси жуда кўп меҳнат ва ҳаракат талаб этади. Айниқса, аёл киши учун иш ва оилани тенг олиб бориш осон эмас, албатта. Бу борада турмуш ўртоғи РустамТожимуратов уни доимо қўллаб-қувватлаб келаётганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Р.Тожимуротов ШКБ 3-сонли гидрометаллургия заводида бош инженер ўринбосари лавозимида фаолият юритади.
Ҳар томонлама ҳавас қилса аризигулик бу оилада 3 нафар ўғил-қиз вояга етди. Қиз узатиб, ўғил уйлантиришди.
Сизга ёзганларимиз бир аёлнинг иш фаолияти ва ҳаёт йўлидан кичик лавҳалар. Бу йўлларда қанча тўсиқлар ва машаққатлар борлиги барчамизга аён. Муҳими, яхши кунларнинг, ҳалол меҳнатнинг натижаси манашундай олқишларни олиб келганлиги. Ўйлаймизки, бу ютуқларнинг фақат бошланиши. Гулбаҳор Аллановага келгуси фаолиятларида ҳам муваффақиятлар тилаймиз.
Дилноза ТОШНИЁЗОВА.