O'zbekiston (127)
O'zbekiston yangiliklari
Бу тоифадаги кишилар одамларни ишонтиришнинг уддасидан чиқишади. Фириб тўрини шу қадар усталик билан тўқишадики, тушган одам жойида ўралашиб қолади. Мақсадларига етиш учун осмондаги ойни олиб бергудай ваъда беришади. “Ўлжа”ларини ҳам осонгина топиб олишади...
Бахшилло Исроилов (исми-шарифи ўзгартирилган) 1997 йилда Қизилтепа туманида туғилган. 21 ёшга кирган “уддабурон” бу йигит 3 марта жиноят содир этишга улгурган. Қилмишидан пушаймон бўлиш ўрнига яна ва яна жиноятга қўл уравериши кишини ажаблантиради. Гўё, фирибгарликни ўзига “касб” қилган-ми, дейсиз беихтиёр!
Ж.Темиров (исми-шарифи ўзгартирилган) ни туман марказидан нотурар ер жойларидан бирини олиш истагида юрганидан хабар топган Бахшилло:
-Ҳокимликдаги танишим катта лавозимда ишлайди, нотурар ер участкасини арзон нархда олиб беришим мумкин, - дея катта кетди у.
“Гаплашиб бериш” , аукцион орқали “ютиб олиш” нархини 24 млн. 108 минг сўмга баҳолади.
Яна бошқа бир фуқаро Ш.Исмоилов (исми-шарифи ўзгартирилган) ни ҳам автошоҳбекат қаршисида жойлашган нотурар ер-жойлардан бирини аукцион савдоси орқали сотиб олиш истаги борлигидан хабар топган Бахшилло Исроилов фириб тўрини янада кенгроқ ёйди. Сўзамол эмас-ми, “ўлжа”си олдида ёлғон-яшиқ гапларни қалаштириб ташлади.
“Ҳокимликда катта лавозимда ишлайдиган танишлари борлигига” чиппа-чин ишонтирган бу фуқародан ҳам 16 млн. 400 минг сўм миқдоридаги пулни қуртдай санаб олди.
Фирибгарнинг Учқудуқдаги омадли “юриш”лари бу билан тугамади. Ҳар гал соддадил одамлар қаршисида пайдо бўлаверди, Б.Исроилов эса буларни барини “омад” га йўйди.
Бу сафар Н.Ҳақназаров (исми-шарифи ўзгартирилган). У ШКБ кадрлар бўлими олдидаги дўконни сотиб олганию, уни қайта қуриш ҳақидаги режалари билан Бахшилло Исроиловга “маслаҳат” солган бўлди.
“Ҳожатбарор қаҳрамон” дўконнинг чизма ва лойиҳаларини бир ҳафта муддатда тайёрлатиб беришини ваъда қилиб, Н.Ҳақназаровдан 5 млн. сўм миқдорида нақд пулларни “ундирди”.
Б.Исроиловни фириб тўрига илинган учқудуқликлар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Уларнинг бири Н. Ҳамроев. Телефон савдоси билан шуғулланадиган тадбиркорга “ИМЕИ” қайддан ўтказилган телефон аппаратларини 10 кун ичида олиб келиб беришни ваъда қилган. Натижада унинг ҳам 32 млн. сўм пули фирибгар томонидан “туя” қилинган.
Б.Бозоров (исми-шарифи ўзгартирилган)ни ўғлига ҳайдовчилик гувоҳномаси олишда кўмаклашиши мумкинлигини билдириб, унинг ҳам 4 млн. сўм миқдоридаги пулини олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Ҳозирги кунда Бахшилло Исроиловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Акмал ЭРГАШОВ,
Учқудуқ туман ИИБ бошлиғининг ҲПМ бўйича ўринбосари, капитан.
Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити муносабати билан 100 нафар маҳкумни афв этди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, aфв этилганларнинг 12 нафарини чет эл фуқаролари, 4 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 6 нафарини аёл ҳамда 52 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Президент Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолаган.
Фармонга мувофиқ, Конституциянинг 93-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 100 нафар фуқаролар афв этилган.
Афв этилган шахсларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 43 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 10 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 44 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилган.
Афв этилганларнинг 12 нафарини чет эл фуқаролари, 4 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 6 нафарини аёл ҳамда 52 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
Азиз тумандошлар!
Халқимиз азал-азалдан Рамазонни интиқиб кутади. Бу ой учун ҳам руҳан, ҳам маънан катта тадориклар кўрамиз. Шукроналик ойида дуолар, эзгу ниятлар, тилаклар, катта режалар қилиб, ишларимизга ривож тилаймиз.
Дарҳақиқат, Рамазон ойи сабр-бардош, саховат, ибодат, меҳр-оқибат, эзгулик ойи бўлиб, бу кунлардаги умумбашарий ва миллий қадриятларимиз даражасига кўтарилган муносабатлар йил ўн икки ойда ўз аксини бериб туради.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни жонажон юртимиздаги улуғ айём – Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бу қутлуғ байрамда барчамиз аввало шундай файзли ва барокатли кунларга етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз.
Ҳурматли Президентимизнинг “Рамазони шариф эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи сифатида эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида азал-азалдан алоҳида ўрин эгаллаб келади”, деган пурмаъно сўзлари муқаддас айёмга берилган энг юксак баҳодир.
Гўзал диёримизда муборак Рамазон шукуҳи кезиб юрган шу кунларда байрам кайфияти чекка ҳудудларга кириб бориши, бу айёмни янада мазмунли ўтказиш учун шароит яратиш мақсадида 13-16 май кунлари мамлакатимизда 4 кунлик дам олиш куни эълон қилинди.
Айни қутлуғ кунларда Рамазон ҳайити муносабати билан буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг қадамжоларини обод этишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.
Хусусан, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, туманимизда ҳам фазилатли айём муносабати билан кўчалар, маҳалла гузарлари, зиёратгоҳлар, қабристон ва масжидларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Буюк бобомиз Имом Бухорийнинг ҳадисларида: “Чинакам мусулмон ўзига раво кўрган барча яхшиликларни бошқа инсонларга ҳам раво кўради”, дея эътироф этилган.
Шундан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, шу кунларда халқимизга хос бўлган саховатпешалик, инсонийлик, шукроналик фазилатлари яна бир бор ёрқин намоён бўлмоқда.
Ҳурматли учқудуқликлар!
Юртимиз – илм-фаннинг ўчоғи, алломалар Ватанидир. Илму маърифатга бўлган иштиёқ азалдан халқимизнинг қонига сингиб кетган. Буюк бобокалонларимиз ўзларининг юксак ақл салоҳиятлари билан дунё тамаддунига ўз ҳиссаларини қўшганлар.
Буюк тасаввуф, тариқат илмининг асосчилари Абдуҳолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Фағнавий, Бобо Саммосий, Саид Миркулол, Баҳоуддин Нақшбандийдек зотлар: “Дилба ёру – дастба кор!” яъни “Қўлинг меҳнатда – қалбинг Аллоҳни зикрида” машғул бўлсин дея таъкидлаганлар.
Бундан ташқари, муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёт йўллари илм олиш учун узоқ масофалар аҳамиятсизлигидан дарак беради. Имом Термизийдек даҳонинг қат-қат тўпламлари билим олишда арзимас нарсанинг ўзи йўқлигини кўрсатади. Ибн Сино сингари қомусий олимнинг асарлари эса илм сарҳадсиз уммон эканлигини, унда бетиним сузмоқ мумкинлигини ўргатади.
Бугунги ёшларимизга ана шу илмлар уммонида сузиб, ундан керагича олиб, касб-ҳунар эгаллашлари тараққиёт сари одимлашлари ўз қўлларида эканликларини уқтирайлик. Биз бўлиб, сиз бўлиб ёшларга ҳар томонлама намуна бўлайлик!
Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир муслим учун фарздир», дея марҳамат қилганлар. Бешикдан то қабргача илм эгаллашга интилиш мўмин кишининг ҳаёт тарзи бўлиши керак.
Шунинг бир бир қаторда инсон камолотида ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида у эгаллаган касб ёки ҳунарнинг ўрни, чиндан ҳам беқиёс. Ҳунар нафақат яхши даромад, тўкин ҳаёт беради, балки ҳунарли одам ён-атрофидагиларнинг мушкулини осон қилиш билан уларга ёрдами тегиб савобга дохил бўлади.
Бежизга доно халқимиз: “Ҳунар, ҳунардан унар!” дейишмаган. Ён-атрофга назар солсангиз, ҳунарли, касбу-корли кишининг тўкин, фаровон турмуш кечираётганига гувоҳ бўласиз. Дипломли бир кунда ойлик маош олиб, бир ой эҳтиёжига сарфласа, ҳунарманд ўттиз кун бирдай даромад кўради.
Шундай экан ёшларимизни, фарзандларимизни, набираларимизни илм олиш билан бирга бирор бир ҳунарни ўрганишларига ҳам эътиборли бўлайлик!
Қадрли тумандошлар!
Сизларни муқаддас айём Рамазон ҳайити билан самимий қутлаган ҳолда барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, тинчлик ва хотиржамлик тилайман!
Муқаддас ойда қилинган ибодатлар ижобат бўлсин. Ҳар бир хонадондан аҳиллик файзу-барака аримасин! Жонажон Ватанимизни Яратган ҳамиша ўз паноҳида асрасин!
Барчангизга муқаддас айём – Рамазон ҳайити муборак бўлсин!
Юзга айтганни заҳри йўқ, дейдилар. Дангал айтаверинг, сарлавҳани ўқибоқ: “Лаънат! Бундай онага!” деяётганингиз турган гап.
Дарҳақиқат, фарзанд уйнинг шамчироғи, ҳаётимиз давомчиси эканлигини биз жуда ҳам яхши биламиз.
Афсус, минг-минг надоматлар бўлсинким, айни пайтда бир оилани гул-гул яшнатиб, оналик вазифасини аъло даражада бажариш ўрнига, яъни турмуш ташвишларидан безган оналарнинг арзимас пулга ўз норасидасини сотаётганини ҳеч бир мезонга сиғдириб бўлмайди.
Ўзбек бутун умирини болаларига, уларнинг ширин-шакар турмуш кечиришига бахшида қилади. Қолаверса, мамлакат сиёсатининг бош мақсади ҳам ёшлар тарбиясига, уларни тақдирига биринчи галдаги энг муҳим вазифа сифатида ёндошилмоқда.
Лекин ана шундай бир пайтда Кармана тумани “Нарпай” ҚФЙ да истиоқмат қилаётган Дилором Бозорова (исм фамилялар ўзгартирилган) моддий манфаат топишни ўйлаб 3 ёшли Фарида исмли қизалоғини тирикчилик қурбонига айлантириб сотиб юборса.
Дилором 2017 йилда Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги қишлоқларнинг бирида яшовчи И.Абдуллаев билан шаръий никоҳда яшайди. Орадан бир йил ўтиб, қизалоқ фарзандни дунёга келтиради. “Фарида” исмини берган фарзандига йиллар давомида расмий туғилганлик гувоҳномаси олмасдан келган.
Шу орада шаръий никоҳ устига қурилган оила барбод бўлиб, Дилором қизини олиб Учқудуққа келади. 300 км. олисдаги шаҳарга келишдаги муддаоси эса енгил ҳаёт, осон пул топиш илинжи эди аслида.
Узундан-узоқ орзулар, “енгилтаклик”... Дилором меҳнат қилиб, пешона тери эвазига пул топишни ўйламас, аксинча “чакки” қадам босишлари “мўмайгина” даромад келтира бошлаганди. Энди бу йўлда қизи Фарида “халақит” бераётганди гўё...
“Сотиб юбораман” деган фикр хаёлидан кечиши билан, барча муаммолари ҳал бўлиб қолгандек, туюлди унга. Дилором боласи йўқларни излай кетди ва бунинг уддасидан чиқди.
Қизалоқни “Дўстлик” маҳалласидаги “Аслон бобо” чойхонасида 60 млн. сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан департаметнинг Учқудуқ туман бўлими, туман ИИБ ҳамда ДХХ туман бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир вақтида қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Учқудуқ туман бўлими томонидан фуқаро Д.Бозоровага нисбатан 27.04.2021 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-м “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Одам савдоси драмасининг бу машъум пардаси ёпилди. 3 ёшли Фарида эса болалар меҳрибонлик уйига топширилди.
Она учун фарзандини зебу зарга, молу дунёга алмаштирадиган бирорта асос, бирорта сабаб, бирорта баҳона йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас! Оналар жар ёқасида ҳам, ўлим тўшагида ҳам сўнгги нафасигача болам деб яшайдиган зот эмасми?
Онани йўқчилик эмас, тўқчилик, бағритошлик, шафқатсизлик, ўз тинчини ўйлаш, “енгил” ҳаёт, ношукурлик, нонкўрлик, Оллоҳ берган улуғ неъматни сотишга мажбур қилиши мумкин.
Лола ЎРОҚОВА,
Учкудук тумани ИИБ ХПБ ХҚМБ
катта инспектори.
Вазирлик доимий равишда нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини жалб қилиб, аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, тадбиркорлик асослари ва хорижий тилларга ўқитишни ташкил этсин. Бунда, хусусий сектор имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадида:
а) нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини ташкил этаётган хусусий инвесторларга қуйидагилар давлат ёрдами сифатида кўрсатилади:
нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини ташкил этиш учун Вазирликнинг «Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг, касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларининг бинолари ёки уларнинг бир қисми ҳамда маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига кўра бошқа бўш турган бинолар ёки уларнинг бир қисми оператив бошқарувга ёки узоқ муддатли имтиёзли ижарага берилади;
ўқув дастури ва ўқитувчиларни мустақил танлаш ҳуқуқи берилади;
касб-ҳунарга ўқитиш марказлари бинолари бир қисми берилган тақдирда мазкур марказларнинг ўқув жиҳозлари ва анжомлари имтиёзли равишда фойдаланишга топширилади;
нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ўқитиш учун давлат буюртмасининг кафолатланган энг кам даражасини белгилаш;
б) нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари олинаётган давлат ёрдами эвазига қуйидагиларни таъминлайди:
касб-ҳунарга ўқитиш ва кўникмаларни баҳолаш сифатининг ташқи ва миллий меҳнат бозори талабларига мослигини;
ишсиз, камбағал фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш харажатларини Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан тўланаётган давлат буюртмасининг миқдоридан оширмасликни;
касбий кўникмалари баҳоланаётган фуқаролар тўғрисида маълумотларни Вазирликнинг Тасдиқланган малакага эга шахслар Миллий реестрига қўшиш учун тақдим этишни;
в) нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида таълим олган ҳамда WorldSkills ва бошқа халқаро стандартлар даражасида касбий малака сертификатини (Skills паспорти) олган битирувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги имтиёзлар берилади:
касб-ҳунарга ўқиш ва малака имтиҳонини топшириш харажатларини қоплаш; тадбиркорликка жалб этиш ва ўзини ўзи банд қилганлик учун рағбатлантириш субсидияларини ажратиш;
ўз бизнесини бошлаши учун имтиёзли кредит ажратишга йўлланма бериш.
Белгилансинки, мазкур қарорнинг 1 ва 2-бандларига мувофиқ ўқитиш харажатлари қуйидаги манбалар ҳисобидан қопланади: меҳнат органлари йўлланмаси билан юборилган ишсиз фуқароларни ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари;
бошқа фуқаролар учун – фуқароларнинг ўз маблағлари ёки ўз ишчиларини касбий малакасини ошириш учун (касбий ўқитиш, қайта ўқитишга) юборган иш берувчилар ёки янги ишчиларни касбга тайёрлаш учун буюртма берган ташкилотлар маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Вазирлик 2021 йил 1 январдан бошлаб “Ишга марҳамат” мономарказлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари битирувчиларининг касбий малакасини WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш, шунингдек баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакатимизда ва хорижий давлатларда тан олинадиган Skills паспорти берилишини йўлга қўйсин ва касбий малакаси тасдиқланган битирувчиларнинг Ягона реестрини шакллантирсин. “Ишга марҳамат” мономарказлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари томонидан битирувчиларга берилган ўқишни тамомлаганликни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда Skills паспорти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилиб, эгаллаган билимларни меҳнат фаолиятида амалга ошириш ҳуқуқини беради, бироқ, таълимнинг кейинги турини давом эттириш учун асос ҳисобланмаслиги белгилансин
Ўзбекистондаги мактабларда таълим тили ўзга тилда бўлган синфларда давлат тили — ўзбек тили чет тили каби ўргатилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази матбуот хизмати хабар берди.
Бунда:
Нутқий компетенциялар:
- актив — гапириш, ёзиш;
- пассив — ўқиб тушуниш, тинглаб тушуниш.
Лексик компетенциялар:
- грамматика;
- лексика — А1, А2, B1, B2 кўринишида синфлар кесимида тақсимланган.
Қайд этилишича, айни пайтда яратилган дарсликда ўз даври учун муҳим бўлган яна бир қанча қулайликлар мавжуд. Хусусан, ўқув дарслиги асосида ўқитувчи китоби ва ўқувчи машқ дафтари жорий этилди. Илгари иккинчи тил китобларидаги луғат-таржималар, одатда, икки тилда ҳавола қилинган бўлса, эндиликда улар кенг аудиторияни ҳисобга олиб қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, туркман, тожик, рус ва инглиз тилларига ҳам таржима қилинган. Ўқувчининг психологик, ёш хусусиятлари ҳам ҳисобга олиниб, расмлар 70 фоиз, матнлар 30 фоиз ўрин эгаллаган. Фанлараро интеграция (STEAM) тўла таъминланган. Улар ҳам ўқувчида тил ўрганиш кўникмасини фаоллаштиради.
ЎзАнинг ёзишича, янги яратилаётган дарсликлардаги бу каби ўзгаришлар, такомиллашувлар ўқувчиларни дарсдан безиб қолмасликка, дарс жараёнига қизиқиши ва ўзбек тилига ҳурмат-эътиборини шакллантиришга хизмат қилади.
“Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2021-2023 йилларда Ўзбекистонда хизматлар соҳасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб, жумладан, қуйидагилар белгиланди:
2023 йилга қадар хизматлар ҳажмини икки бараварга ошириш;
аҳолини касбга ўқитишдан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишгача бўлган босқичларни қамраб олувчи “комплекс хизматлар” кўрсатишни ташкил этиш.
2021 йил 1 июлдан республика ҳудудларида хизматлар соҳасининг ривожланганлиги рейтинги жорий этилиб, “BUSINESS INDICATOR” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимида эълон қилинади.
Бунда ҳар ярим йилда тегишли ташкилотлар раҳбарлари, ҳокимларнинг фаолияти баҳоланиб, натижалари бўйича ижобий кўрсаткичга эга бўлганлари – рағбатлантирилади, қониқарсиз кўрсаткичга эгалари – интизомий жавобгарликка тортилади.
2021 йил 1 сентябрга қадар йирик шаҳарларда, вилоят ва туман марказларида ташаббускор тадбиркорлар билан ҳамкорликда савдо ва кўнгилочар кўчалар ташкил этилади. Уларда:
кўчма савдо объектлари учун жойлар тадбиркорларга электрон онлайн-аукцион асосида сотилади;
барча тадбиркорларга жамоат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритиш ҳуқуқи берилади.
Янги ташкил этиладиган деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштироки бекор қилинади.
Шунингдек, божхона постлари ҳудудидаги бўш ер участкалари ҳамда тегишли йўл-патруль хизмати постлари ҳудудидаги ер участкалари тадбиркорларга савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун ажратилади.
2021 йил 1 сентябрдан масофавий (онлайн) таълимга асосланган нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш учун мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида биноларнинг мавжуд бўлиши ҳақида талаб бекор қилинади.
Учқудуқ туман адлия бўлими
Учқудуқ туманида “Бошқарув органлари, Фавқулотда вазиятлар давлат тизими ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлари” мавзусида қўмондонлик-штаб ўқув машқи ўтказилмоқда.
Туман алоқа ва марказлаштирилган хабар бериш тизимининг ишончли ва барқарор ишлашини текшириш, ФВДТ бошқарув органлари, куч ва воситаларининг фавқулодда вазиятлар содир бўлганда ўз функционал вазифаларини бажариш даражасини аниқлаш, фавқулодда вазиятлар содир бўлган ҳудуддан жабрланган аҳолини эвакуация қилиш, уларга ҳаёт маромини таъминловчи зарурий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни олиб боришда моддий-техник таъминот масалаларини кўриб чиқш ҳамада юзага келиши мумкин бўлган табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда ФВДТ ҳудудий қуйи тизимларининг ҳамкорликдаги ҳаракатларини такомиллаш-тириш ҳамда мувофиқлаштириш ўқув машқининг асосий мақсади этиб белгиланди.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан барча ҳаракатлар мувофиқлаштирилиб ва баҳо бериб борилмоқда.
янгидан ташкил этиладиган кулолчилик марказларидаги турар ва нотурар жойлар учун мол-мулк ва ер солиғи уч йил давомида 50 фоиз миқдорида ўрнатилади;
“Ҳунарманд” уюшмасининг аъзолари ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган миқдорларда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади;
қишлоқ жойларда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган ижтимоий солиқнинг 50 фоизини тўлайди.
Учқудуқ туманидаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси жорий йилнинг ўтган даврида қабулхонага 153 та мурожаатлар (шундан 161 та масалалар) келиб тушган ва ижрога олинган. Мурожаатларнинг 129 таси (80,1%) ижобий ҳал қилинди, 32 тасига (19,9%) тушунтириш берилган, 100% барча мурожаатларкўриб чиқилган бўлиб Тадбиркорлар мурожаатлари Бош вазир қабулхонасининг “business.gov.uz” порталига киритилиб, тегишлилиги бўйича масъул корхона ва ташкилотларга юборилиб, қаноатлантириш чоралари кўрилди.
Тумандаги Бош вазир қабулхонаси томонидан 2021 йил утган даврида “Ўз Дом Строй” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Келдиёров Умиджоннинг мурожаатидан сўнг “Абай” маҳалласи ҳудудидан қурилаётган кўп қаватли турар жой комплексини иссиқлик манбайига улаб берилди. "UCHQUDUQ DUNYO TRADE" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Маҳмудов Жавлоннинг мурожаатидан сўнг Савдо хизматларини ташкил этиш ва жихозлаш учун сўралган 600 млн сўм кредит маблағи ажратилишига эришилди. Шунингдек, “UCHQUDUQ RAVON YO’L” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қосимов Азизнинг мурожаатидан сўнг хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида “Автотранспот воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошишриш бўйича лозим бўлган ускуналарни сотиб олиш учун 370 млн сўмлик имтиёзли кредит маблағи ажратиб берилиши таъминланди.
Ҳозирда мурожаатларнинг 89%ни сайёр қабулда қабул қилинган мурожаатлар ташкил қилади, бу мурожаатларнинг аксаряти “Ҳар бир оила - тадбиркор” давлат дастури дирасидаги имтиёзли кредитлар, ер, кадастр, архитектура ва қурилиш, инфратузулма масалалари, солиқ масалалари бўлиб, тумандаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан кўриб чиқилган мурожаатларнидаражаси бўйича туман, вилоят вареспулика даражасидаги масалалар ижобий хал қилинишида амалий ёрдамлар бериб келмоқда,
Ҳурматли, тадбиркорлар, тадбиркорлик қилиш истаги бор фуқаролар ва чет эл инвесторлар туман Бош вазир қабулхонаси тадбиркорлик фаолиятини бошлашингизда тўсиқ ва муоммоларингизни ечишда ва ўз бизнесингизни бошлаш учун тавсия ва масалаларга ечимлар топиш учун мурожаат қилишингиз мумкин.
Мурожаатлар учун Манзилимиз: Давлатхизматларимарказибиносидажойлашган. Тел: 79 593-51-39
Қабулхона мудири Ҳайдаров Иномжон Нўмонқулович
More...
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 май куни 2021 йил учун ишланмайдиган кунларни тасдиқлаш кўзда тутилган фармонни имзолади. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар қилди.
Қўшимча ишланмайдиган кунлар сифатида қуйидагилар белгиланди:
- 14 май — жума;
- 2 сентябрь — пайшанба;
- 3 сентябрь — жума;
- 31 декабрь — жума».
Кўчирилаётган дам олиш кунлари (Қурбон ҳайити байрами муносабати билан):
- 17 июль — шанба кунидан 21 июль — чоршанба кунига;
- 24 июль — шанба кунидан 22 июль — пайшанба кунига.
Барча ишчилар учун ишланмайдиган кунлар (иш ҳафтаси туридан қатъи назар):
- 15 май — шанба;
- 21 июль — чоршанба;
- 22 июль — пайшанба;
- 4 сентябрь — шанба.
Ўзбекистонда айрим тоифадаги фуқароларга белгиланган муддатдан олдинроқ нафақага чиқишга рухсат берилди, деб хабар берди Norma.
Бу бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг тегишли қарори билан белгиланди. Қарор 4 майдан кучга кирди.
Ҳужжат қуйидаги асослар бўйича меҳнат шартномаси бекор қилингани муносабати билан ишдан бўшатилган ходимларга пенсияларни муддатидан олдин тайинлаш тартибини тартибга солади:
- технология ўзгариши, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этиш, иш ҳажмининг камайиши сабабли ходимлар сонининг (штатининг) ўзгариши ёки иш характерининг ўзгариши ёки корхонанинг тугатилиши.
Шунингдек, юқоридаги шахсларга, агар улар расмий равишда ишсиз деб топилса ва керакли иш стажига эга бўлса, эрта пенсия олиш ҳуқуқи берилади (умумий асосда пенсия тайинлашнинг қонуний муддатидан икки йил олдин). Бунда:
- эркаклар — 58 ёшга тўлганида ва иш стажи камида 25 йил бўлса;
- аёллар — 53 ёшга тўлганида ва камида 20 йиллик иш стажига эга бўлса.
Учқудуқ туман адлия бўлими
2021 йил 1 апрелдан бошлаб: аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредит олиш учун аризалари Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси орқали қабул қилинади;
кредит олувчи танлаган маҳсулот етказиб берувчи (иш бажарувчи) ташкилот (кейинги ўринларда — таъминотчи) томонидан маҳсулотлар етказиб берилгандан (иш бажарилганидан) сўнг, кредит маблағлари таъминотчига ажратиб берилади;
ўзини ўзи банд қиладиган фуқароларга айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш (касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хом ашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш) мақсадида 5 млн сўмгача миқдорида кредит маблағлари нақд пулда берилиши мумкин;
“Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган фуқароларга ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилишини мониторинг қилиш масъулияти тижорат банклари билан бирга мос равишда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда сектор раҳбарлари, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини раислари зиммасига юклатилади.
Ҳукумат қарори (285-сон, 06.05.2021 й.) билан “Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилди
Мазкур кўкрак нишони билан мамлакатимиз ўрмон хўжалиги соҳасини ривожлантириш, ўрмонларни муҳофаза қилиш, сақлаш ва кўпайтириш, улардан оқилона фойдаланиш борасида салмоқли натижаларни қўлга киритаётган фуқаролар тақдирланади.
Кўкрак нишони билан Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.
Кўкрак нишони билан тақдирлаш учун номзодлар бўйича таклифлар (маълумотнома, сўнгги уч йил давомида ўрмончилик соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома билан бирга) Ўрмон хўжалиги қўмитасига ҳар йили 1 февралга қадар тақдим этилади.
Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия ҳар йили 1 мартга қадар номзодлар ҳақидаги тегишли ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва якуний хулосани қабул қилади.
Кўкрак нишони ҳар йили 21 март – Халқаро ўрмончилар куни арафасида тантанали тарзда топширилади.
Тақдирларганларга БҲМнинг 4 баравари (980 минг сўм) миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти ёки эсдалик совғалари берилади.
Учқудуқ туман адлия бўлими