LOTIN-КИРИЛЛ
O'zbekiston

O'zbekiston (127)

O'zbekiston yangiliklari


          Мактабгача таълим муассасалари педагог ходимларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, илғор педагогик тажрибаларни оммалаштириш, таълим-тарбия жараёнига «Илк қадам» мактабгача таълим муассасалари ёшидаги болаларни ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари асосида янги педагогик технологияларни жорий этиш ва фаолият юритаётган ижодкор педагогларни рағбатлантириш мақсадида «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
10-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган тадбирда 15 та мактабгача таълим ташкилотидан 53 нафар тарбиячи «Энг яхши методист тарбиячи», «Энг яхши ижодкор тарбиячи», «Инновацион ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши тарбиячи» номинациялари бўйича беллашдилар.
Танлов иштирокчилари барча шартлар бўйича босқичма-босқич ўз маҳоратлари ва ижодкорликларини намоён этдилар.
Ғолибларга туман мактабгача таълим бўлими маъмурияти томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

        Маълумот ўрнида: Танловнинг Республика босқичига ғолиблари фахрий дипломлар билан мукофотланадилар ва улар 1-ўрин учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача, 2-ўрин учун энг кам ойлик иш ҳақининг 30 бараваригача, 3-ўрин учун энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваригача миқдорда моддий рағбатлантириладилар.
Республика босқичининг барча иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлигининг мақтов ёрлиғи ва совғалари билан тақдирланадилар.
     Ҳар бир номинация бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлган Танловнинг республика босқичи ғолиблари Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг “Мактабгача таълим” йўналишига ўқишга киришда имтиёзга эга бўладилар.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

     Шу йилнинг 8 июнида Президентимиз “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини қабул қилди.

     Мазкур фармон мазмун-моҳияти билан яқиндан танишиш мақсадида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги бошқарма бошлиғи Мурод Файзуллаев билан суҳбатлашди.

    – Суҳбатимиз аввалида ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш бўйича бурунги амалиёт ҳақида сўз юритсак?

– Илгари айрим туман (шаҳар) ҳокимлари якка тартибда уй-жой қуриш учун фуқароларга тўғридан-тўғри ер ажратиш, ёшлар учун “ёшлар марказлари қуриш” деб амалда эса савдо дўконлари, маҳалла гузарлари ва шунга ўхшаш бошқа қурилишларга ер участкалари ажратиб берган.

 

Энг ачинарлиси, фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш учун ижара асосида берилган ерлар айрим ҳолатларда талон-торож қилиниб, фуқароларга уй-жой қуриш учун тарқатиб юборилган. Бунинг натижасида суғориладиган ерлар майдони камайиб кетган.

 

Ер қонунчилигида ерга бўлган ҳуқуқ тури 6 та – фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш, деҳқон хўжалиги, жамоа боғдорчилиги ва узумчилик хўжалигини юритиш, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда берилган ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлган.

 

Шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун фойдаланишнинг муайян муддати белгилаб берилган ер участкаларидан муддатли (вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқи, юридик ва жисмоний шахс, шу жумладан, хорижий юридик ва жисмоний шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хусусийлаштирилган ёки сотиб олинган ер участкаларига мулк ҳуқуқи, юридик ва жисмоний шахсга ижарага берилган ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқлари мавжуд бўлган.

 

Ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни назорат қилиш маҳаллий давлат ҳокимликлари ваколатига кирган, лекин улар деярли ҳеч қандай назорат олиб бормаган.

 

Мисол учун, фермер хўжаликлари ёки фуқаролар томонидан қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадсиз фойдаланиш, ўзбошимча эгаллаб олиб турли қурилишларни амалга ошириш ва бошқа ҳолатлар ер назоратчилари томонидан аниқланиб, уларни бартараф этиш, тегишли чора кўриш мақсадида маҳаллий ҳокимликларга тегишли ҳужжатлар тақдим этилган бўлса-да, лекин ҳокимликлар айби билан бартараф этилмай қолиб кетган.

 

Бундан ташқари, юридик ёки жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқи расмийлаштирилиб, улар эгаллаган ер участкасига бўлган ҳуқуқ эса фақат туман (шаҳар)ҳокимининг қарори асосида рўйхатга олинган.

–Мазкур фармон асосида қандай ўзгаришлар рўй беради?

-–Эътиборли жиҳати шундан иборатки, мазкур фармондан сўнг фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларидан фойдаланиш, унга бўлган ҳуқуқлари тўлиқ давлат ҳимоясига олинади.

 

Ушбу фармон давлатимиз раҳбарининг ер соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, ер ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф тартибини жорий этиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича топшириқлари ижросига қаратилган.

 

Янги тартибга кўра, жорий йилнинг 1 августидан туман(шаҳар) ҳокимларининг ер участкалари бериш, уларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш ва ерлар назоратини олиб бориш ваколати бекор қилинади.

 

Ерга бўлган ҳуқуқ турлари 6 тадан 3 тага қисқартирилмоқда, яъни хусусий сектор учун–мулк ва ижара ҳуқуқи, давлат ташкилотлари учун – доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади. Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари бекор қилинади.

 

Юридик ва жисмоний шахслар, фуқаролар энди барча турдаги (турар жой ва нотурар жой мақсадлари) қурилишлар учун фақат онлайн аукционда ер сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Қишлоқ хўжалиги ерларига ижара ҳуқуқини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қарори билан очиқ электрон танлов асосида бериш амалиёти йўлга қўйилади.

 

Ер участкалари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таклифига асосан давлат илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига, ер норматив қийматининг 2 бараварига тенг маблағ депозитга қўйилганда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги таклифига асосан йирик агросаноат кластерларига, яхши таклифни танлаш (“swiss challenge”) орқали аниқланган инвестиция лойиҳаси ташаббускорига – лойиҳа қиймати камида 10 миллион доллар (ер майдонига мос равишда ошиб боради) бўлганда ва олдиндан камида 10 фоизи депозитга қўйилганда танловсиз берилади.

 

Яна бир афзаллик жиҳати шундан иборатки, ушбу фармон асосида ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишда назорат кучайтирилмоқда. Ҳокимнинг ер муносабатлари бўйича қарорлари “Е-қарор” ахборот тизимида, ернинг жойлашув харитаси Кадастр ахборот тизимида шакллантирилади.

 

Фойдаланишдаги ерларни ноқонуний сотишни расмийлаштиришга йўл қўймаслик мақсадида айни бир ҳужжат билан бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш ва бошқа шахсга ажратиш тақиқланади.

 

Бунда фойдаланишда бўлган ер дастлаб захирага қайтарилади, ҳокимлик номига кадастр рўйхатидан ўтказилади, шундан кейин уни танлов ёки аукцион орқали бошқа талабгорга ажратиш мумкин бўлади. Ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ҳужжатларни тўплаш ва кўриб чиқиш жараёни “Е-ер назорат” ахборот тизими орқали юритилади. Ер тоифасидан қатъий назар, барча турдаги ер ва бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлаш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймаслик чораларини кўриш, ердан мақсадли фойдаланиш устидан давлат назорати Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилади.

Кадастр органларига ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ҳамда ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмоқда.

 

Юридик ва жисмоний шахсларга тегишли турар ва нотурар бино, иншоотлар жойлашган ер участкаларига хусусий мулк ҳуқуқи сифатида хусусийлаштиришни амалга ошириш кафолати таъминланади ва ер участкаларини фуқаролик муомаласига киритиш учун шароит яратилади.

 

Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ҳимояси кучайтирилади. Белгиланган норма талабларидаги қарама-қаршиликлар бартараф этилади.

 

Ер участкалари айланмаси ва улардан фойдаланишнинг замонавий бозор механизмини амалга ошириш, шунингдек, ер ресурсларини бозор айланмасига киритиш ва уларни бозор муносабатларининг объекти, воситасига айлантириш механизми жорий этилади. Ерлардан оқилона ва самарали фойдаланишни рағбатлантириш тизими яратилади. Пировардида, ер соҳасида коррупция ҳолатларига барҳам берилади

    Давлат органлари ва ташкилотлари 33 тоифадаги маълумотларни очиқ эълон қилиши шартлиги белгиланди. Харидлар, автомобиллар, хизмат сафарлари учун харажатлар ҳам шулар жумласидан. Депутат ва сенаторлар қарор ва қонунларга қандай овоз бергани очиқланади, сессиялар тўғридан тўғри эфирга узатилади.

    «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони имзоланди.

    Фармон билан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқландиРўйхатга маълумотларнинг 33 хил тоифаси киритилган.

    33 тоифадаги маълумотларнинг очиқланиши жамоатчиликда мустақил суриштирувлар олиб бориш имкониятини оширади.

Ҳужжат талаблари барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарига тааллуқли.

    Фармонга асосан, 2021 йил 1 июлдан бошлаб қуйидаги маълумотлар расмий интернет манбаларида очиқлаб борилади ва ҳар чоракда янгиланади:

  •     давлат харидлари, шу жумладан, тўғридан тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар);
  • мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар, бундан давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар мустасно);
  • солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари (якуний манфаатдор жисмоний шахслари), улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари;
  • Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва назорат қилувчи органларнинг тафтиш ва текширувлари тўғрисидаги маълумотлар (давлат сири бўлган маълумотларнинг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг муҳофаза қилинишини таъминлаган ҳолда);
  • устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар (кейинги ўринларда – давлат иштирокидаги корхоналар) ҳамда давлат унитар корхоналари рўйхати (давлат номидан акциядор (иштирокчи, мулкдор) функцияларини амалга ошираётган ташкилот, корхона ҳудуди, СТИР, давлат улуши тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда);
  • устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли юридик шахслар рўйхати;
  • давлат иштирокидаги корхоналарнинг ижроия органи (директор, бошқарув раиси, бошқарув аъзолари) ва кузатув кенгаши аъзоларининг исми ва фамилияси тўғрисидаги маълумотлар;
  • давлат иштирокидаги корхоналар томонидан йил (чорак) якуни бўйича тўланган дивидендлар тўғрисидаги маълумотлар;
  • давлат иштирокидаги корхоналарга сарфланган давлат бюджети маблағлари, хориждан жалб этилган маблағлар;
  • давлат ташқи қарзи суммалари ва уларнинг сарфланиши тўғрисидаги маълумотлар;
  • давлат харидларини амалга оширувчи комиссия аъзолари рўйхати;
  • давлат муассасалари рўйхати (ташкил топган санаси, юқори турувчи орган) ҳамда хусусийлаштирилган объектлар тўғрисидаги маълумотлар (давлат сирини ташкил этувчи махфий вазифа юклатилган давлат корхоналари ва муассасалари бундан мустасно);
  • давлат органлари ва ташкилотлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари аъзолари рўйхати, уларнинг телефон рақамлари, почта ва электрон манзиллари;
  • жамоатчилик кенгашларининг йиғилишлари ва кун тартибидаги масалалар.

    Олий Мажлис палаталарига ўз расмий веб-сайтларида қуйидаги маълумотларни жойлаштириш тавсия этилди:

  • Қонунчилик палатасида депутатнинг ҳар бир қонун (қарор) лойиҳасини қабул қилиш ёки рад этишдаги, сенаторнинг ҳар бир қонунни (қарорни) маъқуллаш ёки рад этишдаги иштироки тўғрисидаги маълумотлар;
  • сенаторлар ва барча даражадаги депутатларнинг сайлов округлари ҳамда уларнинг электрон почта манзиллари;
  • парламент назорати объектларининг ҳисоботларини эшитиш натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар.

    2021 йил 1 декабрдан бошлаб, қуйидагилар телевидение ва интернетда жонли эфирда намойиш этила бошланади:

  • Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлислари ҳамда ҳудудий кенгашлар сессиялари (ёпиқ мажлислар бундан мустасно);
  • тарафларнинг розилиги билан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамоат тартибига тажовуз қилувчи, аҳоли соғлиғини сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги, шу жумладан, давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар, шунингдек, айрим оилавий низоларга оид фуқаролик ишлари бўйича суд мажлислари (ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно).

    Қуйидаги имтиҳонлар интернетда жонли эфирга узатилади:

  • бакалавриат ва магистратура (клиник ординатура)га кириш учун тест ва ижодий (касбий) имтиҳонлар;
  • ўқишни кўчириш истагини билдирган талабалардан олинадиган имтиҳонлар;
  • хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олишда талабгорлардан олинадиган тест синовлари.

Бунинг учун imtihon.uz платформаси ишлаб чиқилади. Имтиҳонларни интернетда жонли эфирга узатиш бўйича техник талаблар (ўрнатиладиган видеокамералар ва тасвир сифати, жойлашиш схемаси ва бошқалар) ишлаб чиқилади.

Мазкур фармонда кўрсатилган қоида ва тартибларнинг бузилиши давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчилик бузилиши сифатида баҳоланади.

    Фармонга асосан:

  • 2021 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар портали давлат харидлари портали билан интеграция қилинади;
  • 2021 йил 1 октябрга қадар давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш методикаси ишлаб чиқилади;
  • 2021 йил 1 декабрдан бошлаб, методика асосида давлат органлари ва ташкилотларининг Очиқлик индекси аниқланади;
  • Давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари ҳамда мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаларига мазкур органларда очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилишини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш вазифаси юклатилди;
  • Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик даражасини ошириш бўйича йўл харитаси тасдиқланди.

    «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида» ва «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунларнинг янги таҳрирдаги лойиҳалари ишлаб чиқилади. Давлат сирларига оид қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилади:

  • чеклаб қўйилган ахборотлар рўйхатига кирмайдиган маълумотларни махфийлаштиришни тақиқлаш;
  • чеклаб қўйилиши фуқароларнинг шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган ахборотларнинг давлат сирларига киритилишини ман этиш;
  • фуқаролар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг давлат хизматчилари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар билан ишда фойдаланишга ижозатни расмийлаштириш шартлари ва тартиблари;
  • ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши ва илғор тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда давлат сирларини сақлашнинг замонавий механизмларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш.

    Давлат органлари ва ташкилотлари:

  • ҳар йили 1 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно) расмий веб-сайтларига жойлаштириб, 10 мартга қадар уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар беради;
  • ҳар йили 1 апрелга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказади.

    Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилмасида Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бошқармаси ташкил этилади. Агентликка қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

  • давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, шу жумладан, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган маълумотларни интернет тармоғига жойлаштириш (эълон қилиш) бўйича мажбуриятлари ҳисобини юритиш;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларидан келиб чиқувчи давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигига оид долзарб масалаларни «Mening fikrim» веб-портали орқали умумхалқ муҳокамасига чиқариш;
  • очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини узлуксиз тўлдириш, такомиллаштириб бориш ва янгилаб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишга кўмаклашиш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан ОАВ орқали самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича чораларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишига кўмаклашиш;
  • очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган талабларни мунтазам равишда бузаётган айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб бориш;
  • ҳар йили фаолият йўналиши бўйича эришган асосий ютуқлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида учраётган камчиликлар юзасидан президентга ахборот тайёрлаш ва ўз расмий веб-сайтида эълон қилиб бориш;
  • «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонун амалга оширилиши устидан назоратни, шунингдек, Жаҳон одил судлов лойиҳасининг «Ҳукуматнинг очиқлиги» индикатори бўйича Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга оид комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.

    «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 36-моддасида кўрсатилган маълумотлардан ташқари, қуйидагилар ҳам очиқлаб борилади:

  • ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатнома берилган барча шахслар, рухсатномадаги маълумотлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари;
  • Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитдан ажратиб олишга доир берилган барча рухсатномалар ва улардаги маълумотлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари;
  • ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги барча шартномалар;
  • овчилик хўжалигини юритиш ҳуқуқи тугатилган ҳолатлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари;
  • ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатнома берилган барча шахслар ва рухсатномадаги маълумотлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари;
  • Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ўрмон-овчилик хўжаликлари томонидан берилган овчилик йўлланмалари (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкаси) ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                          

      Мигрантларнинг Россияда вақтинча бўлиш муддати узайтирилди. Бу ҳақда Россия президенти матбуот хизмати хабар берди.

     Маълум қилинишича, Россия президенти Владимир Путин «Коронавирус тарқалиши даврида Россия Федерациясида чет элликларнинг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солиш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолаган. 

     Янги фармонга кўра, мигрантларнинг Россияда санкцияларсиз вақтинча бўлиш муддати 2021 йил 30 сентябргача узайтирилган.

    «Россия президенти Путин ‘Коронавирус тарқалиши даврида Россия Федерациясида чет элликларнинг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солиш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида’ги фармонни имзолади», дейилади баёнотда.

    Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.

    Таъкидланишича, амалиётда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши бўйича белгиланган қоидалар ва чекловларга риоя этиш даражаси пастлигини кўрсатмоқда. Сабаби амалдаги қонун ҳужжатларида ташкилий-ҳуқуқий механизмларнинг кучсизлиги ва уларда ваколатли органларнинг назорат қилиш соҳасидаги вазифалари, жамоат жойларида тамакисиз муҳит яратиш учун масъул бўлган шахсларнинг мажбуриятлари белгиланмаган. Шунингдек, замонавий тамаки маҳсулотининг айланмасини тартибга солиш масалалари ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топмаган.

     Мазкур лойиҳани ишлаб чиқишга яна бир зарурат – бу амалдаги қонун ҳужжатларида тамаки маҳсулотини реализация қилиш юридик шахслар томонидан амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, кундалик ҳаётда бундай маҳсулотнинг чакана савдоси билан аксарият ҳолатларда якка тартибдаги тадбиркорлар ноқонуний шуғулланишига сабаб бўлмоқда.

     Шу сабабли алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ҳамда тамаки ва никотин истеъмол қилиш учун мосламаларни реализация қилишга доир чекловлар кенгайтирилмоқда. Жумладан, бундай маҳсулот ва мосламаларни 21 ёшга тўлмаган шахсларга сотиш ва 21 ёшга тўлмаган шахслар томонидан савдо ва реализация қилишни тақиқлаш кўзда тутилмоқда.

     Шу билан бирга, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш мумкин бўлмаган жамоат жойларнинг аниқ рўйхати кўрсатилиб, чекиш учун ажратилган махсус жойларга минимал талаблар белгиланяпти ҳамда белгиланган қоидаларнинг ижро этилишини таъминлаш учун масъул шахслар мажбуриятлари аниқланмоқда.

     «Лойиҳанинг қабул қилиниши фуқароларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, шу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитлари яратилишига эришилади», — дейилади хабарда.

     Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун (ЎРҚ-696, 14.06.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

      Қонунга “идентификацияловчи ID-картаси” тушунчаси киритилди.

     Ўзгартиришга кўра, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.

    Шунингдек, ота-онасидан бири (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон фуқароси деб тан олинган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва Ўзбекистонда яшаб келаётган бола хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.

     Қонунга кўра, эндиликда Ўзбекистон фуқароси деб тан олиш учун фактларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ариза берувчи ушбу фактларни суд тартибида аниқлаши мумкин.

     Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида туғилган ва яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон фуқаролигини олиш мақсадида илтимоснома билан мурожаат қилган кунга қадар 5 йил давомида (фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси олинган кундан эътиборан) узлуксиз яшаш шарти бекор қилиниши белгиланди.

     Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Учқудуқ туман адлия бўлими 

    Россиялик олимлар кўрилган тушни қайта тиклай оладиган мосламани ишлаб чиқди. Бу ҳақда Миллий технологиялар бўйича ташаббус платформасига асосланиб, «МИР24» хабар берди.

    Маълум қилинишича, ихтиро нейрогарнитура кўринишида бўлиб, Москва физика-техника институтининг нейроробототехника лабораторияси тадқиқотчилари томонидан ишлаб чиқилган.

    Қайд этилишича, инсон бошига кийдириладиган ушбу қурилма иш жараёнида кечаси кўрилган тушни «мия-компьютер» интерфейсига жўнатади. Унинг ёзиб олиниши эса электроэнцефалография ва нейрон тармоқ ёрдамида амалга оширилади.

    Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ҳозиргача тўлиқ бўлмаса-да, бир қанча инсонларнинг туши ёзиб олинган. Мавжуд тасвирлар асосида тушнинг моҳиятини билиш имконияти мавжуд. 

     Олимларнинг айтишича, тизимни синовдан ўтказиш икки йил олдин бошланган бўлиб, кейинги беш йил ичида унинг ёрдамида тушни бемалол ёзиб олса бўлади.

     Ҳиндистон Ўзбекистонга телемедицина соҳасида қиймати 400 минг доллар сармояли тайёр лойиҳаси бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди. Бу ҳақда Инвестициялар ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

    Маълум қилинишича, 10 июнь куни Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси кўмагида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси томонидан Ҳиндистон билан янги технологияларни Ўзбекистонга трансфер қилиш ва маҳаллийлаштириш масалалари бўйича онлайн учрашув бўлиб ўтди.

   Унда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида инновациялар, янги технологиялар трансфери, технологияларни тижоратлаштириш каби масалалар бўйича муҳокамалар олиб борилди.

    Миллий офис вакиллари Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Миллий офис фаолияти билан ҳамкорларни таништириб ўтди. Ҳиндистон томон эса онлайн телемедицина платформаси тақдимотини қилди. Улар телемедицина соҳасида қиймати 400 минг доллар сармояли тайёр лойиҳаси бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини билдирди.

    Шунингдек, келгусида стартапларни қўллаб-қувватлаш, янги технологиялар бўйича вебинарлар, мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашиши ва дастурлар соҳасида алоқаларни кенгайтиришга катта қизиқиш билдирилган.

    Қайд этилишича, тақдим этилган лойиҳа Ўзбекистондаги фуқароларга мамлакат ҳудудини тарк этмаган ҳолда маҳаллий ва энг кучли хорижий мутахассисларнинг керакли маслаҳатларини олиш имкониятини бериб, беморларнинг вақти, маблағларини тежашга ёрдам беради.

    Ҳозирда Ҳиндистонда ушбу платформадан, асосан, хусусий секторда кенг фойдаланилади. Бундан ташқари, Испания, Мексика, Сингапур ва Непал каби давлатларда ҳам ушбу платформа жорий этилиб, ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги таъкидланган.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида янги технологиялар трансферини ривожлантириш ҳамда мазкур телемедицина лойиҳаси бўйича тегишли мутахассис ва экспертлар билан ўрганиб чиққан ҳолда учрашув ташкил этишга келишиб олинди.

        АОКАда 14 июнь, душанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда халқ таълими малака ошириш тизимида электрон платформа жорий этилиб, ундан март ойи учун тест режимида фойдаланилгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

        Таъкидланишича, 2021 йилнинг 1 мартидан бошлаб халқ таълими тизими раҳбар ва педагог ходимлари учун «Ҳаёт давомида ўқиш» тамойили асосидаги малака ошириш таълим кредит-модуль шаклида ташкил этилган. Мазкур муддатдан бошлаб туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан ходимларнинг малака ошириш эҳтиёжлари ўрганилиб, Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти томонидан «Узлуксиз касбий таълим» махсус электрон платформа орқали уларнинг касбий компетенцияларини аниқлаш бўйича диагностика қилиш ҳамда индивидуал ривожланиш траекториясини шакллантириш механизми ишлаб чиқилган.

        Электрон платформа педагог ва раҳбар ходимларга хоҳлаган вақтда ва хоҳлаган жойда турли гаджетлар орқали уланиш, шунингдек, ўз касбий эҳтиёжларидан келиб чиқиб, узлуксиз малака ошириш имкониятини беради. Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти директори Аюбхон Ражиевга кўра, платформада раҳбар ва педагог ходимлар учун қуйидаги имкониятлар яратилган:

  •   махсус платформа «Tas-ix»да жойлаштирилгани ва персонал компьютер билан бирга мобил телефон орқали (android, ios) кириш имконияти;
  •   мустақил онлайн рўйхатдан ўтиш ва малака ошириш;
  •   ҳар бир тингловчининг шахсий кабинети;
  •   малака оширишни бошлашдан олдин касбий компетенциялар бўйича диагностикадан ўтиш;
  •   диагностика натижаларига асосан индивидуал касбий ривожланиш траекториясининг шаклланиши;
  •   индивидуал траекторияга асосан платформадан томонидан эҳтиёжга асосланган курсларнинг таклиф этилиши;
  •   ҳар бир курсдаги алоҳида мавзу бўйича видеодарс, тақдимот, адабиётлар мавжудлиги;
  •   ҳар бир мавзудан кейин ўзлаштириш даражасини аниқлаш имконияти (агарда тингловчи маълум мавзуни ўзлаштириши паст бўлса,  кейинги мавзулар очилмайди);
  •   раҳбар ва мутахассислар камида 30 соат (15 кредит), педагоглар 36 соат (18 кредит) малака оширишдан ўтгандан кейин малака   оширганлик тўғрисидаги электрон сертификат;
  •   ҳар бир тингловчининг натижаларидан келиб чиқиб шахсий портфолиоси шаклланиши;
  •   муқобил малака ошириш шаклларидан фойдаланиш ва учун муайян кредит тўплаш имконияти;
  •   малака ошириш даврида турли вебинарларда чекланмаган вақтда ва чекланмаган тингловчилар сони иштирок этиши (бунда   тингловчи онлайн вебинарда иштирок этмаса, вебинарнинг архивини кўриши мумкин);
  •   вебинарлар ўтказиш пайтида турли онлайн сўровномалар ўтказиш имконияти;
  •   яратилган курслар сифатини баҳолаш (5 балли тизимда);
  •   тингловчилар ва мураббийлар ўртасида ўзаро мулоқот қилиш ва файл алмашиш;
  •   тингловчилар томонидан ўзларининг муаллифлик курсларини жойлаштириш ва бошқа тингловчиларга ўртоқлашиш.

        Шунингдек, 2021 йил 1 мартдан фан методистлари мазкур платформа орқали кредит-модулга асосланган малака оширишни бошланган. 1 май ҳолатига 1647 нафар методист малакаси оширилиб, тегишли сертификатга эга бўлган. Бундан ташқари, методистлар учун эҳтиёжга асосланган 30 та видеокурс тайёрланиб, платформага жойлаштирилган.

        Шу билан бир қаторда, 1 июндан мактаб директорлари учун малака ошириш бошланган. Улар учун 8 та компетенция бўйича эҳтиёжга асосланган 192 та видеокурс тайёрланган. Мутасаддиларнинг маълум қилишича, ушбу платформадан фойдаланиш сентябрь ойидан умумий ишга туширилади. Малака ошириш таълим шаклини танлаш ихтиёрий тарзда амалга ошади.

Куни кеча “Учқудуқ” маданият уйида № 99818 - сонли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун  сайёр қабул ўтказилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимояланишида амалий ёрдам кўрсатиш, оилаларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб қилиш шунингдек, улар тафаккурини бойитиш, қабул қилинаётган қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳиятини етказишга қаратилди.

Айниқса, ҳарбий хизматчилар оилаларнинг мустаҳкамлиги, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳам тадбир ташкилотчиларининг диққат марказида бўлди.

Тадбир доирасида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун бериладиган тавсияномалар (квоталар) Учқудуқ туманида хизмат қилаётган подполковник Х.Асранқулов, Э.Рахимов ва сержант Т.Тангатаровларнинг фарзандларига тантанали равишда топширилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилган “Намунали ҳарбий хизматчи оила” кўрик танловида фахрли иккинчи ўринни эгаллаган подполковник Уразбаевлар оиласи  ташаккурнома  ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Шунингдек, Ғофур Уразбаев Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг “Намунали хизматлари учун 3 даражали” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилган  яна бир “Ватанпарвар қизлар” кўрик - танловида фахрли биринчи ўринни эгаллаган оддий аскар Нигора Файзуллаева ҳам эътироф этилиб, қимматбаҳо совға берилди.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: