LOTIN-КИРИЛЛ

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди.

Комиссия аъзолари ҳамда ходимлари иштирок этган мажлис кун тартибидан ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Миссиясининг Ўзбекистонда 2019 йил 22 декабрда ўтказилган сайловларни кузатиш юзасидан тавсиялари, МСКнинг 2020 йилнинг иккинчи ярмидаги фаолияти натижалари ва 2021 йилнинг биринчи ярми учун иш режасига оид ҳамда Комиссия фаолиятини янада такомиллаштиришга доир айрим низомлар лойиҳаларини тасдиқлаш билан боғлиқ масалалар жой олди.

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов бошқарган мажлисда пандемия билан боғлиқ мураккаб шароитга қарамасдан Марказий сайлов комиссияси ўтган йилги фаолиятини самарали давом эттиргани таъкидланди.

Жорий йилда мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа – президент сайловлари ўтказилади. Шу боис бўлажак сайловларни миллий қонунчилик ва умумъэтироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юқори даражада ташкил этишга ҳозирдан алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунда, ўтган сайловларда орттирилган миллий тажриба ҳамда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этиш ишлари муҳим ўрин тутади.

ЕХҲТ Бюросининг “Янги Ўзбекистон – Янги сайловлар” шиори остида ўтган парламент сайловларини кузатган тўлақонли миссиясининг Якуний ҳисоботида мамлакатимиз миллий сайлов тизимидаги бир қатор ижобий ўзгаришлар эътироф этилган. Жумладан, сайловлар такомиллашган қонунчилик асосида ўтказилгани ва мустақил, очиқ фикрларга нисбатан эркин қараш муҳитининг ошгани алоҳида таъкидланган. Бу борадаги ишларни собитқадамлик билан давом эттириш бўйича тавсиялар берилган.

МСК қарори билан якуний ҳисоботда билдирилган тавсияларни атрофлича ўрганиш ва мақбулларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди ҳамда тегишли вазифалар белгилаб олинди.

МСК котибияти ва Марказий сайлов комиссиясининг матбуот хизмати тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ матбуот хизмати Марказий сайлов комиссияси раисига бевосита бўйсунадиган алоҳида мустақил бўлим сифатида фаолият юритади. МСК томонидан ташкил этиладиган тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш, комиссия фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашда матбуот хизмати котибият билан яқиндан ҳамкорликни амалга оширади.

Мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ахборотномаси – Вестник Центральной избирательной комиссии Республики Узбекистан” журнали тўғрисидаги низом ҳамда унинг таҳрир ҳайъати таркиби тасдиқланди.

Тадбирда, шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг идоравий архивига оид, ҳужжатларнинг қийматини аниқлаш ва уларни доимий сақловга топшириш бўйича эксперт комиссиясига доир  низомлар ҳам тасдиқланди.

Мажлисда МСКнинг 2020 йилнинг иккинчи ярмидаги фаолияти натижалари батафсил таҳлил этилиб, 2021 йилнинг биринчи ярми учун иш режаси тасдиқланди.

2021 йилда Самарқанд ва Навоийда 2та янги қуёш фотоэлектр станцияси қурилади. Шунингдек, 2024 йилгача яна 3та ФЭС қурилиши белгиланган.

2021 йил октябрга қадар, Навоий вилояти Кармана туманида ва Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида давлат-хусусий шериклик асосида қуёш фотоэлектр станциялари қурилиши белгиланган. Ҳар иккала лойиҳанинг энергия ишлаб чиқариш қуввати 100 МВтга тенг ва жалб қилиниши кутилаётган умумий инвестиция миқдори 210 миллион доллар бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида маълумот берилган.

Таъкидланишича, қурилиши режалаштирилаётган фотоэлектр станцияларида 40та янги иш ўрни яратилади.

Инвестиция дастурига кўра, Нуробод туманидаги фотоэлектр станцияси қурилиши билан Франциянинг «Tota Eren SA» компанияси шуғулланади. Навоийдаги станция қурилишини эса Бирлашган Араб Амирликларининг «Abu Dhabi Future Energy Company PJSC – Masdar» компанияси бажаради. Ҳар икки лойиҳа ҳам хорижий сармоя орқали молиялаштирилиши таъкидланган.

Аввалроқ, 2019 йил 18 октябр куни «Scaling Solar 1» лойиҳаси доирасида Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган ФЭС қурилиши бўйича ўтказилган тендерда Masdar (БАА) компанияси ғолиб бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Бундан ташқари, «Республика иқтисодиётига тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида маълум қилинишича, 2021-2023 йилларда Сурхондарё вилояти Шеробод туманида қуввати 200 МВт бўлган, 2021-2024 йилларда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида қуввати 200 МВт бўлган, 2021-2024 йилларда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида  қуввати 200 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши режалаштирилган.

Маълумот учун, қуёш фотоэлектр станцияси – қуёш радиацияси (нури)ни ютиб, унинг энергиясини иссиқлик ёки электр энергиясига айлантирувчи техник иншоотдир. Бугунги кунда жаҳоннинг кўплаб ривожланган мамлакатларида ФЭС тикланмайдиган энергия ресурслари ўрнига муқобил вариант сифатида жорий қилинмоқда.

 

Ҳар қандай ота-она вояга етган фарзандлари ортидан фақат яхши сўзлар эшитишни исташади. Муқаддам опа ҳам ҳар кун дастурхон устида Учқудуқ туманида турли лавозимларда ишлаб шу юрт равнақи учун меҳнат қилаётган фарзандларини дуо қилиб, шу юртга тинчлик тилайди. Хонадонига келган миннатдорчилик номаси эса ана шу дуоларнинг ижобатидир.
Муқаддам опанинг ўғли – Наим Насимович Амонов узоқ йиллардан буён ШКБда меҳнат қилади. 2020 йил якунига кўра корхонанинг уран ва олтин ишлаб чиқариш давлат буюртма режаси муддатидан олдин бажарилди. Бунда ШКБ бош муҳандиси Наим Насимовичнинг ҳам меҳнатлари беқиёс. Ана шу меҳнатлар НКМК бош директори Қ. Санақулов томонидан эътироф этилиб, 2020 йил якунида уни тарбиялаган онасига ташаккурнома юборилди. “Бугунги кунда ўғлингиз – Наим Амонов комбинат жамоаси сафида рақобатбардош маҳсулот етказиб беришда бор куч ва билими, тажрибаси ва маҳоратини сафарбар этиб, янгиланаётган Ўзбекистонимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётганлигидан беҳад хурсандмиз” Ана шундай миннатдорчилик сўзларни эшитар экан Муқаддам опанинг кўзлари ёшланди. Аслида оналар шундай бўлади...

 

Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроевнинг Янги йил байрами билан туман аҳлига табриги

Ассалому алайкум азиз учқудуқликлар!
Қадрли юртдошлар!

Бетакрор диёримизга янги – 2021 йил кириб келмоқда. Сиз, муҳтарам отахон ва онахонлар, меҳрибон опа-сингилларимиз, навқирон ёшларимиз, бутун тумандошлармизни янги йил байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва қувонч тилайман.
Поёнига етаётган 2020 йилда юртимиз ҳаётида яхши кунлар, улкан ютуқ ва марралар кўп бўлди. Шу билан бирга, афсуски, бошимизга оғир ташвиш ва синовлар ҳам тушди.
Лекин бу синовлар эл-юртимизни янада бирлаштирди. Мард ва олийжаноб ватандошларимиз сабру матонати туфайли биз бу синовларни ҳам муносиб енгиб ўтмоқдамиз.

Азизларим, қадрдонларим!

Биз бугун вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бор гувоҳ бўлиб, янги йилга, умр йўлимиздаги янги бир довонга қадам қўймоқдамиз.
Айни шу лаҳзаларда бошдан кечирган, ён-атрофимизда бўлиб ўтган қувончли ва ташвишли воқеалар, амалга оширган ишларимиз беихтиёр ҳар биримизнинг кўз ўнгимиздан бир-бир ўтади. Мана шундай кунларга етказгани учун Яратганимизга шукроналар келтирамиз.
Жамиятимизда инсонпарварликка асосланган тартиб-қоидаларнинг устувор бўлиши, одамларнинг оғирини енгил қилиш, дардига малҳам бўлиш, ҳар бир фуқа-ронинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, қисқа қилиб айтганда, халқнинг давлатга эмас, давлатнинг халққа хизмат қилишини таъминлашдек эзгу ишлар бундан кейин ҳам бардавом бўлади.

Азиз ва муҳтарам дўстлар!

Ушбу ҳаяжонли дақиқаларда сиз, азизларга қалбимнинг тўрида бўлган энг самимий тилакларимни изҳор этаман.
Барчангизни кириб келаётган Янги йил билан яна бир бор муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, оилаларингизга тинчлик, омонлик тилайман. Муҳтарам фахрийларимизнинг умрлари узоқ бўлсин, мунис аёлларимизнинг чеҳрасидан табассум аримасин, дилбар қизларимиз янада гўзал ва чиройли, бахтли-саодатли бўлсин, ёшларимизнинг бахту иқболини берсин.

Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
Янги йил барчамизга муборак бўлсин, азизлар!

 

Грецияда мезбон хонадонига Янги йилда тўкинлик ва барака тилаш мақсадида меҳмон ўзи билан анор кўтариб боради. Кейин уни бор кучи билан мезбон уйининг остонасига уради. Айтишларича, мева қанча кўп тариқдай сочилиб кетса, хонадонга шунча кўп барака келармиш.

​​​​​​​

Кубаликлар Янги йил кириши олдидан уйдаги барча идишларни сувга тўлатиб қўйишади. Соат ўн иккига бонг уриши билан ғамлаб қўйилган сувни кўчада кетаётганлар устига сепишади. Шундай қилинса, эски барча омадсизликлару қайғулар «ювилиб» кетармиш.

Англияда Янги йил кириб келиши билан барча вазалар ширинликларга, ҳамёнлар эса танга-чақага тўлдирилади. Шундай қилинса, келаётган йил жуда даромадли ва «ширин» бўларкан.

Австрия аҳолисида жуда қадимда қолган бир одат бор: Янги йил кириши билан мўри тозаловчини қидириб қолишади. Агар уни кўриб, қўл теккизилса ва ўзига ҳам қоракуя тегса, бошланаётган йил даромадли, тўкин бўларкан.

Перу аҳолиси Янги йилда сариқ рангли кийим кийиб олишади. Шундай қилинса, келаётган йилда ҳам соғ-саломат юришлари, чўнтагидан пул, дастурхони ҳамиша тўкин бўлишига қаттиқ ишонишади. 

Хитойда эса Янги йил байрамида жуда кўп ёруғлик бўлиш керак. Айтишларича, бундай ёруғликдан турли ёвуз руҳлар ва омадсизликлар қочармиш. Байрамда жуда кўп мушакбозлик бўлади ва гулханлар ёқилади. Пақилдоқлар овози ҳам қора кучларни ҳайдармиш.

Эквадорда ҳар бир эквадорлик уйи олдида «похол-одам»га эски-туски кийим кийдириб, ёқиб юборишади. Тулум ёнаётган пайтда эса оила бошлиғи ўтаётган йилда оила қандай омадсизликлару ғамларга дучор бўлган бўлса, айтиб туради. Тулум ёниб бўлгач, у билан қўшилиб оиланинг барча омадсизликлари, ғам-андуҳлари ҳам ёниб битади, энди келаётган йил омад ва бахт олиб келади, деб ҳисоблашади.

Интернет материаллари асосида тайёрланди.

 

 


Арчалар шохида турар тилло зар,
Яшил чироқларда безанди шаҳар.
Мунглиғ дарчалардан боқдингиз саҳар,
Янги йил муборак бўлсин, онажон!

Ёғаётган қор каби кўнглингиз оқ-да,
Бу ерда ҳаммаси ёлғону сохта.
Чаккангиз четида очилган пахта,
Янги йил муборак бўлсин, онажон!

Мен йўқ, қурум босиб ётар мўрилар,
Анори сочилиб ётар сўрилар,
Болам, деб дарвоза ғамгин сурилар,
Янги йил муборак бўлсин, онажон!

“Кетдик” дер юрагим, сира кўнмади,
Тўрт фасл дилимда райҳон унмади.
Бу ерда бўронлар ҳали тинмади,
Янги йил муборак бўлсин, онажон!

Баҳорни соғиндим, кузни англадим,
Меҳрли, меҳрсиз юзни англадим.
Мусофир кунларда Сизни англадим,
Янги йил муборак бўлсин, онажон!

Дейсиз, сен келгунча сира ўлмайман,
Тангри дер, ҳар кимни ҳар кун қўллайман.
Сиз учун хайрли дуо йўллайман,
Янги йил муборак бўлсин, онажон!

Муслимбек МУСАЛЛАМОВ

“Ёшлар форуми-2020” таассуротлари 


Куни кеча ўтказилган “Ёшлар форуми” да ҳурматли Президентимиз маърузасини эзгу – умидлар ва катта қизиқиш билан тингладим.
Давлатимиз раҳбари биз ёшларга жуда катта ишонч билдириб, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлишини таъкидладилар. Мамлакатимизнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон яшаши ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ эканлигини қайта-қайта такрорладилар.
Юртбошимиз ғамхўрлиги ва оталарча меҳрини ҳис қилиб улғаяётган мамлакатимиз ёшлари айниқса, Учқудуқ ёшлари ҳам замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаб, мустақил фикр юритадиган авлод бўлиб улғаймоқда. Санъатга қизиққан иқтидорли Учқудуқ болаларига таълим-тарбия бериб келаётган 10 йиллик фаолиятимда бунга амин бўлмоқдаман.
Юртимизда ёшларга берилаётган имкониятлар, яратилаётган шарт-шароитлардан фойдаланиб, “Саҳро” оркестри ёшлари ҳам танловларда иштирок этиб, катта-кичик ютуқларни қўлга киритмоқда.
Бугунги пандемия даврида Россия, Лондон, Беларусияда ўтказилган онлайн танловларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритдик. Яқинда яна бир онлайн танловда гран-при соҳиби бўлиб, Италияда ўтказиладиган танловда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдик.

екееееееееееее
Эътиборлиси, “Ёшлар форуми”да давлатимиз раҳбари вилоят ҳокимлари туман ва шаҳардан 5 нафаргача ёшларни маданият ва санъат олийгоҳларида маҳаллий бюджет ҳисобидан ўқитиш, келгусида уларни ўз ҳудудида уй-жой ва мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш чораларини кўриш вазифасини белгилаб бердилар. Бу маданият ва санъат соҳасининг энг чекка ҳудудларда ҳам тараққий топишига туртки бўлади. Шу билан бирга санъат йўлини танлаган ёшларга берилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг бир кўринишидир.
Шахсан, менга ҳурматли Президентимиз маърузаси мотивация берди. Бугун ўз олимга катта довонларни қўймоқдаман. Негаки, мен раҳбарлик қилаётган оркестрда санъатни чин дилдан севган, истеъдодли ёшлар талайгина. Ана шу иқтидор эгалари бўлган – ёшларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаб, истеъдодларига қанот бўлиш менинг – бурчим, энг катта орзуим!


Шаҳбоз Муқимов,
10-сонли Болалар мусиқа ва санъат
мактаби “САХРО” оркестри раҳбари.

 

Умрингиз дафтаридан бир варағи йиртилди. Аммо бу йўқотиш сизга улғайиш, атрофдагиларни таниш, кимни қадрлаб, кимдан кечиш кераклигини англатди. Кўрдингизми бир йўқотиш ўрнини минглаб топишлар тўлдирмоқда.
Ҳаёт абадий эмас, буни биласиз инсон эса улғайган сари комилликка эришиб бораверади.
Аллоҳнинг хоҳиш иродаси билан яқин инсонларимиздан айриламиз. Бахт деб билганимиз сароб бўлиб чиқади. Бахтсизлик, фожиа деб билганимиз аслида биз учун тенгсиз неъмат бўлиб чиқади.
Турмуш ташвишларидан онасига нолиб келган қиз ҳақидаги ривоятни эсланг. Она қизига тухум, сабзи ва қаҳвани мисол қилади. Тухум сувда қайнаб, қотиб пишади ва егуликка айланади, қаҳва қайнаб мазали ичимликка айланади, сабзи эса юмшаб, тотли таъмга эга бўлади.
Инсон ҳам шундай. Ҳаёт синовларида қайнаб пишади етилади, ақлли бўлади. Омадга эришиб, бахт чўққиларини забт этади. Муаммоларни бахтсизлик деб билманг. Аксинча йўлингизда учраган тўсиқлар сизни янада кучли, ғайратли, омадли ва бахтли бўлишга ўргатсин. Сизга тош отсалар, тўпланг-да, юқорига кўтарилишингиз учун зинапоя ясашга ҳаракат қилинг. Ана шунда чин инсонлик даражасига етасиз.
Азиз тумандошлар! Фарзандларингиз бахту камолини кўринг, иқболидан бошингиз баланд бўлсин! Янги йилингиз қутлуғ бўлсин!


Озода ЭРГАШОВА,
ШКБ уй-жой коммунал хўжалик бўлими
бошлиғи ўринбосари, Халқ депутатлари туман кенгаши ЎзХДП депутати.

 

Йил сўнгида ўтган йилни сарҳисоб қилиш одатимиз. Кириб келаётган янги йил билан ҳам дўстларни табриклаш ҳам одатимиз. Янги йилдан кутиладиган орзулар, тилакларни ҳам айтиш одатимиз.
Саҳифамизда турли соҳа вакиллари тумандошларимизга ўз тилакларини изҳор қилади.
ЎТГАН КУНЛАРНИ УНУТМАЙЛИК!
Сабримизни аямай синовдан ўтказган 2020 йил ниҳоятда оғир келди. 2020 йилнинг баҳори! Бизнинг қонимизни ичди ҳисоб. Коронавирус пандемияси! Йўқотишлар, жудоликлар йили бўлди. Беморгарчилик, кайфиятсизлик йили бўлди.
Афсуски, кўпчилигимиз яқинларимиз, таниш-билишларимиз билан видолашдик.
Жудоликдан ҳам ҳикмат туядиган олижаноб халқмиз. Юрт бошига мусибат тушганда халқ ўзининг қудратини, жипслигини яна бир марта намоён қилди.
Халқ кучи, қудрати 1май куни яна бир карра намоён бўлди. Сардоба фожиаси бизга халқимизнинг офат қаршисида бемисл даражада ҳамжиҳат эканини кўрсатди. Мамлакатнинг ҳар бир ҳудудидан Сирдарёга техникалар ва минглаб тонна инсонпарварлик ёрдами оқиб келди. Бугун Сардоба таниб бўлмас даражада ўзгарди, янгиланган турар-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари қисқа фурсатларда қурилиб, аҳоли эҳтиёжига берилди.
Сезяпсизми, азиз юртдошлар! Юртимизда кўтаринки бир руҳ ҳукмрон, элда эзгу кайфият устувор. Халқимиз яна янги-янги довонларни забт этиш ҳисси билан меҳнат қилмоқда.
Барчамизга ана шу яратувчанлик муборак бўлсин! Яратишга, янгиланишга бўлган ишонч – орзуларга қанот беради.
Янги йил – орзулар, умидлар йили муборак бўлсин!

Нафиса НАЖМИДДИНОВА,
Учқудуқ саноат техникуми директори,
Халқ депутатлари туман кенгаши ЎзМТДП депутати.

 

       Навоий кон-металлургия комбинати бир бўғими бўлган Шимолий кон бошқармаси мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи драйверларидан ҳисобланади. Ушбу йирик саноат корхонасида ишлаб чиқарилаётган қимматбаҳо металлар ҳамда бошқа турдаги халқ истеъмоли маҳсулотлари мамлакатимиз қудратини янада ошишига хизмат қилмоқда. Айниқса, коронавирус пандемияси дунёнинг энг ривожланган давлатларининг иқтисодиётини ҳам таназзулга юз тутишига олиб келган йилда турли миллат вакиллари хизмат қилаётган Қизилқум бағридаги бу корхонанинг замонавий технологияларга асосланган барча бўлинмаю корхоналарида иш бир зум ҳам тўхтамади. Ишчи-ходимларнинг белгиланган тартибда муҳофазаси таъминланиб, фаолият белгиланган режа асосида кечаю кундуз бир маромда давом этди. Ана шу меҳнатнинг маҳсули сабаб энг қийинчиликлар билан якунланаётган бу йилда ШКБ жамоаси НКМК бўлинмалари орасида биринчилардан бўлиб олтин ва уран ишлаб чиқариш бўйича белгиланган давлат буюртмасини муддатидан олдин бажаришга эришишди.

 Таъриф этилганидек давлатимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларни бажариш йўлида куч ва ғайрати, билим ва тажрибасини сафарбар этган жамоа ишчи хизматчилари, муҳандис ва техник ходимларнинг заҳматкаш меҳнати таҳсинга лойиқдир. 

    Юртбошимиз томонидан қабул қилинган комбинатни ривожлантиришнинг 2017-2026 йилларгача бўлган даврга мўлжалланган дастурини муваффақиятли рўёбга чиқариш, Шимолий кон бошқармаси тизимида янги технологияларни ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш ва кенгайтириш асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш борасида узлуксиз ва тизимли бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

      Қизилқумнинг бепоён кенгликлари қаъридаги қимматбаҳо металларни қазиб олиб давлатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш ҳар бир учқудуқлик кончининг бугунги кундаги орзуси. Деҳқон эрта баҳорда умид билан ерга уруғ қадаганидек кончилик иши ҳам геологлар “кашф” этиб берган она замин инъомларни - маъданларни йиғишда бир жамоа бўлиб меҳнат қилишмоқда. Учқудуқ олтини қазиб олиниши ва ишланиши билан бошқа ҳудудларникидан фарқ қилибгина қолмай, катта меҳнатни талаб этади. Бироқ лавфзида содиқ турган бу юрт фарзандлари ҳар қандай шароитда ҳам ўзларига юкланган вазифани ортиғи билан адо этишмоқда. 

 “Шарқий” ва “Дауғистау” очиқ конларидан 2020 йилнинг ўзида 55 млн. м3 тоғ жинсларини қазиб олиш ва ташиб чиқарилиши бунинг исботидир. 

   Кон саноати учун энг катта кўмакчи техника ҳисобланади. Шимолий кон бошқармасига бугунги кунда мингдан ортиқ тоғ-кон машина ва механизмлари ишлаб турибди. Транспорт бўлинмаларида 55 тоннадан 136 тоннагача юк кўтара олиш қувватига эга транспорт воситалари хизмат кўрсатмоқда. 

Эътиборли жиҳати, жорий йилнинг шу кунига қадар Шимолий кон бошқармаси томонидан эски техникаларни янгилаш лойиҳаси асосида 97, 099,1 миллион доллардан ошиқ маблағга тоғ-кон жинсларини қазиб олишда кўмаклашувчи ва ёрдамчи техника ва ускуналар харид қилинди. Ушбу олиб борилган кенг кўламли ишлар натижасида Шимолий кон бошқармасида олтинни ишлаб чиқариш 103, 9 фоизга, уран ишлаб чиқариш 100,9 фоизга сульфат кислота ишлаб чиқариш 101,3 фоизга бажарилиши таъминланади.  

     Кузатаётган йилимизда ШКБ барча бўлинмаларида олтмиш йил муқаддам Учқудуқда бошланган бунёдкорлик ишларини нафақат давом эттириш, балки уни кенгайтириш, энг замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозлантиришдек ғоятда мураккаб вазифаларни қўйди. 

Ўтган йилларда фойдаланишга топширилган Энг йирик инвестицион лойиҳалардан бўлган Кокпатас” ва “Дауғистау” конларининг ишлаши қийин бўлган рудаларидан олтин ажратиб олиш технологиясини такомиллаштириш” лойиҳаси 3-гидрометаллургия заводида тўлиқ қувват билан ишлади. Бунинг натижасида хом ашёдан фойдаланиш самарадорлиги 9 фоизгача, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш 10 фоизга оширишга эришилди. 

Кон-металлургия саноатининг равнақи ва қудрати илғор технологияга эга бўлиши билангина эмас, балки уни муттасил такомиллаштириш ва кадрлар салоҳиятига ҳам боғлиқ бўлади. 

Бугунги тезкор давр ҳар бир соҳа инновацион ғоя ва технология асосида ривож топиши мумкинлигини, жаҳон фани ютуқларидан кенг фойдаланишни тақозо этмоқда. Бу – кучни эса корхонага янги ишга келаётган мутахассислар олиб киради. Кон бошқармаси томонидан 2020 йилда олий таълим даргоҳлари, шунингдек коллежларнинг 300 нафарга яқин битирувчи ёшлари янги ғоялар билан ишга қабул қилинди. 

Илм-фансиз, таълимсиз, маърифатсиз мамлакат тараққиётини тасаввур қилиш мушкулдир. Бобокалонимиз Юсуф Хос Хожиб ўзининг бир асарида “Билимсиз киши мевасиз дарахтдир, мевасиз дарахтни оч киши нима қилсин?!” деб, илм-маърифатни ўрни нақадар долзарб ва муҳимлигини кўрсатиб ўтган. Ана шу мақсадда ҳар бир берилаётган таклиф раҳбарият томонидан қўллаб қувватланмоқда. Шу сабаб ШКБ келажаги учун муҳим саналган олтин ва уран каби қимматбаҳо металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва экспорт маҳсулотлари ҳажмини кенгайтириш учун етарли шарт-шароит яратиш имконини берувчи 52 рационализаторлик таклифлари берилиб, шулардан 45 таси ишлаб чиқарилишга йўналтирилди. Ҳисоб-китобларга кўра, юқорида қайд этилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши қарийб 22 млрд. сўм иқтисодий самара беради. 

     Биргина 2020 йилнинг ШКБ ишчи –ходимлари томонидан 100 дан ортиқ рационализаторлик таклифлари ишлаб чиқилган бўлиб, шундан 46 та иннавацион ғоя НКМК ишлаб чиқариш жараёнларига тадбиқ этилган. Бунинг баробарида “шимоллик”лар ғоялари сабаб мамлакат иқтисодиётига 21 млрд. 610 млн сўмлик даромад олиб кирилди. Демак иқтисодиёт учун ғоялар, таклифлар муҳим. 

      Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 28-апрелдаги “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4699-сонли Қарори ижроси борасида ШКБ олиб борилган изчил ислоҳатлар боис IT технологияларидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилди. Рақамлаштириш эса иқтисодиёт тармоқларида тежамкорлик ва самарадорликни таъминлайди. Масалан, ШКБ АКТМ ходимлари томонидан карьерида машиналарнинг юк ҳажмини назорат қилиш тизими йўлга қўйилгани натижасида ойлик тушум 3 млрд. сўмдан 10 млрд. сўмга ошган. 

      3-сонли гидрометаллургия заводи ишлаб чиқариш кўлами жиҳатидан Навоий кон-металлургия комбинатида алоҳида ўрин эгаллайди. Заводдаги ишлаб чиқариш жараёнини автоматик бошқариш, юзага келган камчиликларни тезлик билан бартараф этиш ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари бўйича тезкор ахборот алмашувни ташкил этиш мақсадида АКТМ дастурчилари томонидан махсус ахборот тизими ишлаб чиқилди. Ушбу ахборот тизими заводдаги ҳар бир цех иш самарадорлиги, режанинг бажарилиши, ускуналарнинг созлиги тўғрисидаги тезкор маълумотларни онлайн режимда завод диспетчерлик хизматига, завод раҳбариятига, Шимолий кон бошқармаси диспетчерлик хизмати ва кон бошқармаси раҳбариятига етказишга мўлжалланган. Ахборот тизими жорий этилиши билан масъул ходимларнинг кўп вақт талаб этадиган журнал тўлдириш, телефон орқали маълумот етказиш каби қийинчиликлари бартараф этилди. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнидаги камчиликларни тезкорлик билан ҳал этилиши сабабли ишлаб чиқариш унумдорлиги сезиларли даражада ортди. 

Пандемия шароитида ШКБ ишчи-ходимларининг ижтимоий шароитларини яхшилаш борасида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. 

Учқудуқдан анча олисда жойлашган “Дауғизтау” кони ишчилари учун сунъий қопламали мини футбол майдончаси, 440 ўринли 4 та замонавий талабларга жавоб берадиган ётоқхоналар қурилиб, ишга туширилди.

Кон ҳудудида фаолият юритаётган 2-сонли ишчилар ошхонасида ҳам таъмирлаш ишлари амалга оширилиб ошхона майдони 80 кишилик ўринга кенгайтирилиб, мебеллари янгиланди. 

“Кончи” сиҳатгоҳида дам олиб, даволанувчи корхона ишчилари ва уларнинг оила аъзолари мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун тегишли шароитларини яратиш мақсадида сиҳатгоҳ ҳудудида сунъий қопламали мини футбол майдони қурилди.  

Бундан ташқари, жаҳонда, жумладан мамлакатимизда коронавирус инфекцияси COVID-19 олдини олиш мақсадида, яъни зарурий шарт-шароитлар яратиш, зудлик билан кескин чоралар кўриш максадида, жорий йил давомида НКМК ШКБ 2-ТСҚ учун олинган 44 та замонавий тиббий жиҳозлар бугунги кунда тўлиқ ўрнатилган. Фуқаролар томонидан келиб тушадиган мурожаатлар учун 2-сонли ТСҚда «Call center» ташкил этилган бўлиб, тез тиббий ёрдам бўлими учун 3 янги автотранспорт воситалари (2-та “Damas” ва 1 “Mersedes Bens”) ажратилган. 

2020 йилда Учқудуқ туманида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини коронавирус пандемияси даврида моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга амалий ёрдамлар кўрсатиш мақсадида ШКБ томонидан 500 дан ортиқ эҳтиёжманд ва кам таъминланган ҳар бир оилага 18 хил турдаги маҳсулотлар жамланмасидан иборат бир миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Ана шундай “Саховат ва кўмак” ҳаракати доирасида 3 мингдан зиёд ёшларимиз орасидан волонтёрлик истаги билан чиқиб, жонбозлик кўрсатган ёшларимизнинг кўплиги бизни қувонтиради. Аслида биз доимо ёрдамга муҳтож қатламга кўмак қўлини чўзган халқмиз. Биз бугунги ёшларимизни асл қадриятларимиз руҳида тарбиялаш баробарида уларни қўллаб-қувватлашимиз зарур. Бу истак Юртбошимиз-нинг ҳар бир яқишида ўз тасдиғини топмоқда. 

Йилимиз якунида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Олий Мажлиси ва халқига Мурожаатномасида катта умидлар билан 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиб, олдимизда турган қатор вазифаларни белгилаб берди.                                                  

    Меҳнаткашлар ҳақида ғамхўрлик – бизнинг маъмуриятимиз бош вазифаларидан ҳисобланади. Ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш баробарида янги ижтимоий объектлар қад ростлайверади. Аслида бугун Навоий кон-металлургия комбинатидек шуҳратли корхонада ишлаш ҳар биримиз учун юксак шарафдир. 

 

 

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: