Самарқанд вилояти Қурилиш бош бошқармаси Самарқанд шаҳридаги 9 қаватли турар жой биносининг 8—9-қаватлари бузилаётгани тўғрисида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги Фирдавсий кўчаси 84-манзилда қурилган янги кўп қаватли уйда қурилиш-таъмирлаш ишларида камчиликлар борлиги, аҳоли бинога кўчиб ўтганига кўп бўлмаган бўлса-да, аллақачон бузила бошлагани, аксарият фуқаролар қурилган уйни ўзлари қайтадан таъмирдан чиқаргани тўғрисида хабарлар тарқалди.
Маълум қилинишича, Фирдавсий кўчаси 84-манзилда жойлашган кўп қаватли бино «Пастдарғом қурилиш моллари» МЧЖ томонидан қурилган. 104 нафар фуқаронинг якка тартибдаги уй-жойлари сотиб олиниб, ўрнига пишиқ ғиштдан 9 қаватли уй-жой қурилган. Бинода 534 та хонадон мавжуд бўлиб, 392 таси сотилган.
Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарорига асосан кўп қаватли бино қурилиш ишлари олиб борилган. «ТошкентбошпланЛИТИ» томонидан кўп қаватли турар жой биноси учун хулоса берилган, архитектура режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилган. 2017 йилнинг 22 августдаги 4-сонли Архитектура шаҳарсозлик кенгашининг баёнида кўп қаватли турар жой биноси қурилиши маъқулланган. 2017 йилнинг 24 августида давлат экспертизанинг 1019—2017-сонли кўп қаватли турар жой биносини қуриш бўйича тегишли хулосаси олинган. Қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш учун Қурилиш назорат инспекциясидан 2017 йилнинг 4 сентябрида 794/17-сонли рухсатнома олинган.
Қурилиш-монтаж ишлари Самарқанд вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан 2017 йилнинг 4 сентябридан 794/17-сон билан рўйхатга олинган ва назорат ишлари олиб борилган. Объект қурилиши Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилган ҳамда объект Самарқанд шаҳри тарихий марказининг муҳофаза ҳудудида жойлашганлиги сабабли турар жой биносининг 7-қаватдан юқори қисми (8—9-қаватлари) бузилиши белгиланган.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан 2019 йил 13 мартдаги шаҳар иқтисодий судига бинонинг 7 қаватдан юқорисини, яъни 8—9-қаватларини бузиш тўғрисида даъво ариза киритилган. Суднинг 2019 йил 8 майдаги ажрими билан иш юритиш тугатилган. Маданият вазирлиги ҳамда «ТошкентбошпланЛИТИ» ДУК билан биргаликда бино баландлиги ҳамда шаҳарсозлик нормаси бўйича хулоса берилган. Бинони бузиш бўйича буюртмачи томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда мулк эгаси томонидан бузилиши белгиланган.
«Бугунги кунда мазкур объект Самарқанд шаҳри тарихий марказининг муҳофаза ҳудудида жойлашганлиги сабабли қурилишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, яъни Маданий меърос бошқармаси талабларига мувофиқ объектнинг баландлик масаласи кўриб чиқилмоқда», — дейилади Қурилиш вазирлиги хабарида.