Хитойда 13 январь, чоршанба куни сўнгги 8 ой ичида биринчи бор коронавирус ташхиси қўйилган бемор вафот этди. Бу ҳақда Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясига таяниб «РБК» хабар берди.
Маълумотларга кўра, бемор Хэбэй провинциясида, вирус оқибатида юзага келган асоратлар сабаб вафот этган.
Бундан ташқари, ўтган бир сутка ичида яна 138 кишида коронавирус тасдиқланган. Уларнинг 14 нафари хориждан кириб келган. Хусусан, саккизта ҳолат — Шанхайда, учтаси — Гуандун провинциясида, Пекин, Хэнань провинцияси ва Гуанси-Чжуан автоном туманида — биттадан. Яна 124 та ҳолат ички ҳисобланади: уларнинг 81 таси Хэбэй провинциясида, 43 таши — Хэйлунцзян провинциясида.
Хитойда пандемия бошланганидан буён мамлакатга хориждан келган фуқароларнинг 4465 нафарида коронавирус аниқланган. Уларнинг 4181 нафари соғайган, ҳозирда 284 киши даволанмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев «Суд қарорларини қайта кўриш институтининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни имзолади.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Киритилган ўзгартиришларга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар эндиликда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилади.
Эндиликда фуқаролар ўз ҳисобидан маъмурий баённоманинг кўчирма нусхасини, шунингдек, суд мажлисининг аудио ёки видеоёзувини олишга ҳақли.
Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор устидан маъмурий баённомани тузган орган томонидан ҳам шикоят берилиши мумкин.
Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни назорат тартибида кўриш бекор қилиниб, апелляция инстанцияси жорий этилди.
Суд ҳужжатининг ноқонунийлиги, асослантирилмаганлиги билан бир қаторда уларнинг адолатсизлиги ҳам суд ҳужжатини кассация тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлиши белгиланди.
Шу билан бирга, кассация инстанцияси суди маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни Олий суд раиси, бош прокурор ёки уларнинг ўринбосарлари киритган протестга кўра кассация тартибида такроран кўради.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари Фарҳодбек Ашматов ва Козим Тожиев томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг айрим моддаларига ўзгартиришлар киритиш таклифи берилди. «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси Алишер Қодировнинг маълум қилишича, ташаббус биринчи ўқишда маъқулланган.
Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазолар енгиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритилиши кутилаётганини маълум қилганди.
Ўзгаришлар қуйидагилар:
- Кодекснинг 54-моддасида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун белгиланадиган жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 30 бараваридан (6,69 миллион сўм) 20 бараваригача (4,46 миллион сўм) пасайтирилмоқда;
- 128-моддага 6-қўшимчада транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини биринчи марта бузганлик учун кўзда тутилган БҲМнинг 3 баравари (669 минг сўм), йил давомида иккинчи марта содир этса 5 баравари (1 миллион 115 минг сўм), такрор содир этса 10 баравари (2 миллион 230 минг сўм), кейингилари 15 бараваридан (3 миллион 345 минг сўм) жарималар занжири бекор қилиниб, битта жаримага, яъни БҲМнинг 2 баравари (446 минг сўм) миқдоридаги жаримага ўзгартирилмоқда;
- Кодекснинг 137-моддасида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолганлик учун БҲМнинг 30 баравари (6 миллион 690 минг сўм) миқдорида жарима ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 2 йил муддатга маҳрум этиш ёхуд 15 суткагача қамоқ жазоси кўзда тутилган эди. Янги нормада жарима ҳуқуқбузарлик даражасидан келиб чиқиб учта тоифага ажратилади, яъни жиддий оқибатлар билан боғлиқ қоидабузарлик жойидан кетиб қолиш учун жарималар шу миқдорда сақланиб қолинади, нисбатан енгил оқибатлар билан боғлиқ бўлса БҲМнинг 15 баравари миқдорида жарима ва 1 йил муддатга транспортни бошқариш хуқуқидан маҳрум қилинади, жиддий бўлмаган қоидабузарлик жойидан кетиб қолганлик учун БҲМнинг 3 баравари (669 минг сўм) миқдорида жарима белгиланиши таклиф қилинмоқда;
- 141-моддада корхона ва ташкилотларга тегишли транспортдан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланганлик учун жарима БҲМнинг 5 бараваридан (1 миллион 115 минг сўм) 2 бараваригача (446 минг сўм) камайтирилмоқда;
- 147-моддада йўллар, йўл иншоотлари, йўл ҳаракатини тартибга солувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори БҲМнинг 3 бараваридан (669 минг сўм) 1 бараваригача (223 минг сўм) камайтирилмоқда.
« ‘Миллий тикланиш’ демократик партияси жарималар фуқароларнинг даромадлари ва йўлларда яратилган шароитларга мутаносиб даражада белгиланиши тарафдори. Лекин энг тўғриси қоидаларга амал қилиш орқали эҳтимолий жарималардан сақланиш, маблағларни оиламиз даромадларини орттиришга йўналтиришдир», — деб ёзади Алишер Қодиров.
Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ ушбу байрам бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланди.
Фармойишга кўра, 2020 йил 15 декабрдан 2021 йил 15 январга қадар эълон қилинган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида жойларда, Учқудуқ туманининг чекка овулларида “Ҳарбий-ватанпарварлик карвони” ташрифи уюштирилди. Умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим муассасаларининг тайёрлов гуруҳларида “Мен ҳам Ватанимга хизмат қиламан!” мавзусида спорт, ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари, иншолар танлови ва очиқ дарс машғулотлари бўлиб ўтди.
Мазкур ойлик доирасида ўтказилган тадбирларнинг якунловчи қисми “Учқудуқ” маданият уйида бўлиб ўтди. “Юрт ҳимояси – муқаддас бурч!” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда 99818-сонли ҳарбий қисм аскар ва зобитлари, ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутасаддилари, Шимолий кон бошқармаси ҳарбийлаштирилган идоравий - қўриқлаш отряди ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда туман ҳокими С.Хамроев, ШКБ директори Я.Шакаровлар сўзга чиқиб, сана муносабати билан туман аҳлига табрик йўллади.
Бир гуруҳ соҳа вакиллари, ҳарбийлар туман ҳокими ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари билан мукофоланди. Шунингдек, ШКБ маъмурияти томонидан 99818-сонли ҳарбий қисмга қимматбаҳо совға телевизор берилди.
Бу каби эътибор ва эътироф масъулиятли касб эгаларининг Ватан олдидаги хизматчиларини муносиб баҳоланишини намоён этиб, уларнинг келгусидаги фаолиятига ҳам куч-қувват, шижоат ва албатта садоқат бағишлайди.
“Учқудуқ” маданият уйи, 10-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби бадиий жамоалари томонидан тайёрланган куй-қўшиқ ва рақслар даврага кўтаринки кайфият улашди. Айниқса, “Саҳро” оркестр жамоасининг жонли ижродаги куй-қўшиқлари, 99818-сонли ҳарбий қисм подполковниги Ғ.Оразбаев ижросидаги “Қарақалпағим” қўшиғини тадбир иштирокчилари катта олқишлар билан кутиб олдилар ва рақсга тушдилар.
Бундан ташқари, дастурдан ўрин олган қувноқлар ва зукколар жамоаси йигитларининг чиқишлари, ичакузди ҳангомалари ва саҳна кўринишлари барчага бирдек манзур бўлди. ҚВЗ ни қувноқ жамоаси ШКБ 3-сонли гидрометаллургия заводи ва 99818-сонли ҳарбий қисм йигитларидан ташкил топган.
Ҳа, тинчлик бор жойга байрамлар ярашади, шунинг учун жаннатмакон диёримизда тинчлик-осойишталикни таъминлаб келаётган ҳарбий хизматчиларни ушбу байрам билан муборакбод этамиз!.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги
Ассалому алайкум, ҳурматли офицерлар, аскар ва сержантлар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, ички ишлар, давлат хавфсизлик хизмати ва фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари!
Қадрли юртдошлар!
Ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган сиз, азизларни, бутун туманимиз аҳлини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қутлуғ айёмда мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз хавфсизлиги йўлида куч-ғайрати ва салоҳиятини, бутун умрини бағишлаган азму-шижоатли ҳарбийларимизга чуқур миннатдорчилигимни билдираман!
Барчангизга яхши маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида ҳарбий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Куни-кеча давлатимиз раҳбари Жиззах вилоятидаги Марказий ҳарбий округида ва “Фориш” тоғ полигонида бўлиб, қўшинлар ихтиёридаги замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни кўздан кечирди. Ҳарбий округда хизмат қилаётган аскар ва зобитларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлиги билан танишди.
Дарҳақиқат, бугун ҳарбийларимизнинг мардона хизматлари туфайли юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, давлатимиз чегаралари дахлсиз, болаларимиз, мўътабар оналаримиз, кексаларимиз хотиржам умргузаронлик қилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, ана шундай ботир ва жонкуяр фарзандларни тарбиялаб вояга етказган ҳурматли ота-оналарга, ҳарбий хизматчиларимизга ўз муқаддас бурчини адо этишда ҳамиша тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига чуқур миннатдорчилик билдираман.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч, эркин ва фаровон ҳаётининг мустаҳкам кафолати бўлган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ўтган 29 йилда ғоят мураккаб ва айни пайтда шонли шаклланиш йўлини босиб ўтди.
Айниқса, кейинги йилларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланиб бормоқда.
Ҳозирги кунда оналар ўз фарзандларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, дея юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда.
Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси бутун Ўзбекистон халқида, айниқса, ёшларимизда миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини, Ватан ҳимоячисидек шарафли касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини уйғотмоқда.
Азиз юртдошлар!
Ҳурматли Президентимиз 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида: “Қуролли Кучларимиз қудратини, қўшинларнинг профессионал ва жисмоний, маънавий-интуллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига алоҳида эътибор қаратамиз”, деб таъкидлаб ўтдилар. Яъни, Қуролли Кучларимизнинг турли ностандарт вазифаларга тайёр туриши, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ривожлантириш бўйича ислоҳотларни изчил давом эттириш лозимлиги билдирилган.
Шу маънода мутафаккир шоир Алишер Навоий бобомизнинг: “...бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқадас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир”, деган ўгитлари асосида сўнгги вақтларда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ бирлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам бутунлай янги сифат босқичига кўтарилди.
Айтиш жоизки, ҳарбийларимиз коронавирус пандемияси мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросини жиддий ташвишга солган 2020 йилнинг март ойидан бошлаб, бу офатга қарши курашнинг олдинги сафларида бўлдилар. Ўз ҳаётини, ўз соғлигини хатарга қўйиб, хизмат постида туну-кун содиқ турдилар.
Улар ана шундай синовли кунларда тиббиёт ходимларига энг яқин кўмакчи бўлиб, аҳоли орасида касаллик тарқалишининг олдини олишда, карантин қоидаларига риоя қилинишида фидоийлик намуналарини кўрсатдилар.
Униб-ўсиб келаётган ёш авлод қалбида мустаҳкам ҳаётий позиция ва Ватанимиз тақдири учун юксак масъулият туйғусини шакллантириш борасида ноёб тизим яратилиб, унинг доирасига мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламлари қамраб олинди. Айни кунларда “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” шиори остида республикамиз бўйлаб ўтказилаётган ватанпарварлик ойлиги тадбирларида юртимиз аҳолиси ва ёшларимизга армиянинг ўрни ва аҳамияти яққол намоён этилмоқда.
Ватанпарварлик ойлигига бағишланган туман ҳокимлигининг ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режаси қабул қилинди. Унга кўра, “Мен ҳам ҳарбий бўламан”, “Ҳарбий қисмда бир куним”, “Мард, жасур ва садоқатли ватанпарварликни тарбиялаш - мактабдан бошланади” мавзуларида спорт, ҳарбий ватанпарварлик ва маънавий-маърифий тадбирлар туманнинг энг чекка овулларида ҳам бўлиб ўтди.
Ойлик доирасида ўтказилган тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг яратилиш ва ривожланиш тарихи билан таништириш мақсадида қурол - аслаҳа ва ҳарбий техникалар намойиши ўтказилди. 99818-сонли ҳарбий қисмда ўқувчи ёшлар учун очиқ эшиклар куни ташкил этилиб, ўқув муассасаларида очиқ дарс соатлари бўлиб ўтди.
Мана шу байрам кунларида барчамиз Ватан, халқ ва армия бири-бирига нақадар яқин ва муштарак эканини ҳар қачонгидан ҳам теран ҳис этмоқдамиз. Ана шундай ислоҳотлар туфайли “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради.
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Қуролли Кучларни янада ривожлантириш, унинг жанговар тайёргарлиги, шайлиги ва қобилиятини ошириш, миллий армиямизни халқаро нуфузини юксалтириш масалалари давлатимизнинг доимий эътибор марказида бўлмоқда.
Бу борада 99818-сонли ҳарбий қисмда ҳам талайгина ишлар амалга оширилмоқда. Куни-кеча бу ерда автомобил техникаларини сақлашга мўлжалланган сарой, аскарлар ошхонаси ва ҳаммоми капитал таъмирдан чиқарилиб, янгидан жиҳозланиб, фойдаланишга берилгани фикримизнинг ёрқин далилидир. Шунингдек, Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги томонидан 99818 - ҳарбий қисмга хизматда фойдаланиш учун NEXIA-3 русумли автомашинаси берилди.
Бир сўз билан айтганда, ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган 84 нафар аскар ва зобитлар шунингдек ҳарбий хизматчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Қадрли Ватанимиз ҳимоячилари !
Айни вақтда миллий, минтақавий ва глобал хавфсизликка қарши таҳдидлар кучайиб бораётгани, халқаро терроризм, экстремизм, наркотажовузкорлик, киберхуружлар хавфининг тобора ортиб бораётгани, дунёнинг айрим минтақаларида қуролли низолар ва зиддиятлар сони кўпайиши, таҳликали вазият сақланиб қолаётгани, албатта Марказий Осиё минтақасининг ва Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига таҳдид солмасдан қолмайди. Буларнинг барчаси жонажон Ватанимиз хавфсизлигини, эл-юртимизнинг осойишта ҳаётини таъминлаш мақсадида олдимизда пайдо бўлаётган таҳдид ва хатарларга муносиб зарба беришга доимо тайёр бўлишни талаб этади.
Ватан ҳимоясидек муқаддас ва шарафли бурчни бажаришда мана шу қутлуғ айёмда Сизларни бугунги байрам билан чин дилдан самимий муборакбод этаман.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик, хизматларингизда муваффақиятлар тилайман.
Чегараларимиз дахлсиз, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Яна бир бор байрамингиз билан, азиз Ватан ҳимоячилари!
Тошкентнинг Учтепа туманида масофа сақламаслик оқибатида учта Matiz, Damas ва Nexia иштирокида йирик ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизмати хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа 13 январь куни соат 11:00 ларда, Фозилтепа кўчасидаги «Боғишамол» истироҳат боғи рўпарасида юз берган.
Matiz’ни ҳайдаб кетаётган 21 ёшли ҳайдовчи И.Ф. оралиқ масофани сақламагани оқибатида светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган 29 ёшли Х.Р. бошқарувидаги Damas’га урилган. Зарб оқибатида Damas ўзидан олдинда тўхтаб турган А.А. бошқарувидаги Matiz’га, у эса зарб оқибатида ўзидан олдинда тўхтаб турган Ш.Я. бошқарувидаги яна бир Matiz’га, ушбу Matiz эса ундан олдинда тўхтаб турган Ш.И. бошқарувидаги Nexia’нинг орқа томонига урилган.
ЙТҲ оқибатида масофа сақламаган Matiz ҳайдовчиси 22 ёшли И.Ф. ва Damas русумли автомобиль ҳайдовчиси 29 ёшли Х.Р.га биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2020 йилда бюджет интизомига риоя этилиши ва бюджет маблағларнинг мақсадли фойдаланиши юзасидан 4 729та назорат тадбирларида 246 млрд сўм миқдорида бюджет интизоми бузиш, пул ва товар-моддий бойликлар камомади ва асоссиз харажатлар аниқланди.
Молия вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, вазирликлар ва идоралар бўйича қонунбузилиш ҳолатлари, бошқа хато-камчиликлар қуйидагиларни ташкил этди:
Халқ таълими вазирлиги тизимида ўтказилган 709та назорат тадбирларининг 573тасида 96,6 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилга (29,8 млрд сўм) нисбатан 3,2 мартага ошган;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ўтказилган 723та назорат тадбирларининг 523тасида 40 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилга (13,8 млрд сўм) нисбатан 2,9 мартага ошган;
Мактабгача таълим вазирлиги тизимида ўтказилган 327та назорат тадбирларининг 270тасида 16,7 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилга (8,3 млрд сўм) нисбатан 2 мартага ошган;
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ўтказилган 124та назорат тадбирларининг 106тасида 9,4 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилга (1,1 млрд сўм) нисбатан 8,5 мартага ошган.
Шунингдек, Маданият вазирлиги (6,8 млрд сўм), Сув хўжалиги вазирлиги (5,6 млрд сўм), Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги (5 млрд сўм), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (4,1 млрд сўм), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (3,1 млрд сўм) ва улар тизимидаги бюджет ташкилотларида ҳам йирик миқдорда молиявий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
“Ўзбеккино” миллий агентлигида ўтказилган назорат тадбирларида 17,9 млрд сўм миқдорида молиявий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, ҳокимликлар (3,5 млрд сўм), ҳокимликларнинг ободонлаштириш бошқармалари (7,8 млрд сўм), ҳокимликлар ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари (8,4 млрд сўм)да ўтказилган назорат тадбирларида ҳам молиявий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.
Маҳаллий бюджетлар маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида жами 175,3 млрд сўм миқдорида, жумладан Қашқадарё (26,1 млрд сўм), Андижон (19,8 млрд сўм), Сурхондарё (16,5 млрд сўм), Фарғона (14,4 млрд сўм), Тошкент (13,2 млрд сўм), Жиззах (13 млрд сўм), Самарқанд (13 млрд сўм), Сирдарё (12,9 млрд сўм), Наманган (12 млрд сўм), Хоразм (6 млрд сўм), Бухоро (3,6 млрд сўм), Навоий (2,4 млрд сўм) вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида (13,8 млрд сўм) ва Қорақалпоғистон Республикасида (8,1 млрд сўм) қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар аниқланган.
2020 йилда бюджет муассасаларида ўтказилган назорат тадбирларида 54,5 млрд сўм миқдорида нақд пул маблағларини ўзлаштириш (банкдан олинган нақд пулни ташкилот ғазнасига кирим қилинмаслиги, ишламаган шахсларга иш ҳақи ҳисобланиб, тўланиши ва бошқалар) ҳолатлари аниқланган бўлиб, ушбу қонунбузилиш ҳолатлари ўтган йил (2019 йилда 7,2 млрд сўм)га нисбатан 7,5 мартага кўпайган.
Бюджет қонунчилигини бузганлиги учун бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларнинг 48 нафар раҳбар ва бошқа мансабдор шахсларига ўрнатилган тартибда жарималар қўлланилди.
Шунингдек, 3 033та назорат тадбирларида аниқланган 239,5 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари қонуний чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
бу ҳақда сессияда маълум қилинди
Бугун халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги 22-сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибига 10 та масала киритилган бўлиб, туман ҳокими ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, тегишли корхона, ташкилот ва муассасалар бошлиқлари, сиёсий партиялар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Мажлисни туман ҳокими, кенгаш раиси С.Хамроев бошқариб борди.
Мамлакатда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш, аҳоли билан мулоқот тизимини йўлга қўйиш, аҳоли турмуш даражаси ва бандлигини ошириш, ҳудудларни жадал ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ҳар йили рейтинг баҳолаш тизими жорий этилди.
Иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик кўрсаткичлари йўналиши бўйича рейтинг баҳолаш тизимида умумий балл 6, 25 баллни ташкил этиши лозим бўлган бир пайтда 2020 йил якуни билан Учқудуқ тумани бу кўрсаткич бўйича 1,53 баллни ташкил этмоқда. Жорий йил якунига қадар “ўрта” тоифада баҳоланган Учқудуқ туманини “яхши” тоифадаги ҳудуд таркибига киритилиши бўйича зарурий чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан, сектордаги муаммоларни ҳал этиш кўрсаткичлари нисбатан паст бўлган секторларга кўмаклашиш чораларини кўриш, кичик саноат зонасини ташкил қилиш, ёшлар ва хотин-қизлар ташаббусларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, “темир дафтар” га киритилган оилаларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш, банклар томонидан маблағ ажратилган, лекин хомашё, энергия ресурси ва бошқа сабабларга кўра тўхтаб қолган лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига Учқудуқ “яхши” ҳудуд таркибига ўтказилади.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини тарғиб этиш ҳамда белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан 135- банддан иборат дастур ҳамда мониторинг гуруҳи таркибини тасдиқладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги “Жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролни ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси” юзасидан видеоселектор йиғилишига асосан туманда ҳар бир маҳалла кесимида “Темир дафтар” дан алоҳида тарзда дастлабки “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” шакллантирилиб, уларга киритиладиган ёшлар ва хотин-қизлар билан доимий ишлаш тизимининг жорий этилиши белгилаб берилди.
“Аёллар дафтари”га - 30 ёшдан юқори бўлган хотин-қизлар яъни ижтимоий-ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, шунингдек билим ва касб-ҳунарларни ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ҳамда ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилиши белгиланган.
“Аёллар дафтари” бўйича туманда хатлов 22 октябрь куни бошланиб, 10 декабрь куни якунланди. Ҳудудларда штаблар фаолиятининг тўлақонли фаолият юритишлари учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, туман, ҳокимлиги, сектор раҳбарлари ва ҳудудий бўлинма бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари шахсан масъул этиб белгиланди.
Учқудуқ тумани 30 ёшдан юқори ёшдаги хотин-қизлар сони 8591 нафарни ташкил этиб, шундан, 7193 нафари (100%) хатловдан ўтказилди. Хатловдан ўтказилмаган хотин-қизлар сони 1522 нафарни ташкил этиб, умумий сонга нисбатан 1,5 фоизни ташкил этди. Хатловдан ўтказилмаган хотин-қизларнинг 412 нафари узоқ муддатга хорижга, 982 нафари туман ҳудудидан чиқиб кетган, 5 нафари соғлиғи туфайли даволанаётган, 2 нафари жазо муддатини ўтаётганлиги аниқланди.
Хотин-қизларнинг 6 минг 360 нафари ўз уйида, 481 нафари ижарада, 206 нафари ётоқхонада, 144 нафари қариндошларининг уйида яшайди.
Хатловдан ўтган хотин-қизларнинг 1 минг 248 нафари олий маълумотли, 2 минг 764 нафари ўрта махсус маълумотли ва 20 минг 513 нафари ўрта маълумотли, шундан, 3 минг 123 нафари яъни, 1062 нафарининг номида автотранспорти бор эканлиги қайд этилди.
Ўрганилган хотин-қизларнинг оилавий ҳолати таҳлил этилганда, 6 минг 652 нафари оилали, 47 нафари оилали қурмаган, 82 нафари боқувчисини йўқотган, яъни оилада ягона боқувчи, 6809 нафари қаромоғида вояга етмаган фарзандлари бўлган аёллар, 124 нафари ажрашган, 29 нафари ёлғиз онадир.
Аёллар дафтарига киритилган хотин-қизларнинг 105 нафари “Темир дафтар”га киритилган.
Хатлов жараёнида 389 нафар хотин-қизларнинг муаммолари борлиги аниқланди, жумладан, 148 нафар хотин-қизлар тадбиркорлик учун кредит олиш истаги борлигини, 149 нафари ишсизлигини, 55 нафари тиббий,
61 нафари моддий ва ижтимоий ёрдамлар кераклигини, 2 нафари уй-жойга тўлов қобилиятига эга бўлмаганлиги сабабли, 2 нафари касбга қайта ўқитишга, 8 нафари уй-жойни таъмирлашни сўраган.
Ишсиз бўлган 149 нафар хотин-қизларни қўйидаги тартибда иш билан банд этиш кўзда тутилган, яъни уларнинг 63 нафарини ўзини ўзи банд қилиш, 112 нафарини янги ташкил этиладиган корхоналарга, 65 нафарини қайта касбга ўқитиш, 36 нафарини ҳунармандчилик ва “Усто-шогирд” йўналишида иш билан таъминланади.
Мажлис кун тартибида депутатлар оилавий ажримларни олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар келгусидаги вазифалар тўғрисидаги масалани ҳам муҳокама қилдилар.
Учқудуқ туманида ҳозирги кунга қадар, 215 нафар оилалар турли сабабларга кўра, ажрашиш учун мурожаат қилган бўлиб, олиб борилган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида 181 нафар оилаларни сақлаб қолишга эришилди. 34 нафар оилаларни эса яраштиришнинг имкони бўлмади. Шундан, 4 нафар оилалар фарзандсизлик сабабли ФҲДЁ бўлими томонидан, 30 нафари эса ўзаро оилавий келишмовчиликлар натижасида эр-хотиннинг тузилган никоҳ шарномалари Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан бекор қилинди. Оилавий ажримлар сони ўтган 2020 йилнинг шу вақтида 47 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунга қадар оилавий ажримлар сони 13 нафарга камайтиришга эришилди.
Никоҳланувчи ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик кенгашлари фаолияти тўғрисида низом ҳамда 11 нафар аъзодан иборат “Жамоатчилик кенгаши” таркиби тасдиқланди.
“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасига ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибияти тўғрисидаги намунавий Низомнинг 2-бўлимига мувофиқ, Ғаффоров Анвар Абдиқодирович халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгаши котибияти бош мутахассиси вазифасига тасдиқланди.
Шунингдек, сессияда халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгашининг ҳамда доимий комиссяиларнинг 2021 йилга мўлжалланган иш режаси ҳам депутатлар томонидан тасдиқланди.
Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги йигирма иккинчи сессияси кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан Хотин-қизлар муаммоларини «аёллар дафтари»ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ватинчалик тартиб тасдиқланди.
Унга кўра, ҳар бир сектор кесимида маҳаллабай «Аёллар дафтари»га 30 ёшдан ошган қуйидаги тоифадаги хотин-қизлар киритилади:
- ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар;
- боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
- ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;
- уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;
- нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жойи мавжуд бўлмаган хотин-қизлар;
- қарамоғида бир ёки ундан ортиқ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёллар;
- тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар (ўзи ва биргаликда яшовчи оила аъзолари оғир ижтимоий вазиятда бўлган, сурункали ёки оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган, ногиронлик гуруҳи белгиланмаган, етарли дамромад манбайига эга бўлмаганлар);
- ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизлар;
- психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар).
Хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари ҳар ярим йил биринчи ойининг дастлабки 15 кунида уйма-уй юриб ўрганилади. Хотин-қизларнинг муаммолари анкета-сўровнома орқали аниқланиб, аниқланган муаммолар 3 кундан ошмаган муддатда хотин-қизларнинг шахсий индивидуал анкеталарига киритилади. Шунга кўра, 1 кун муддатда индивидуал анкеталар кўриб чиқилади.
Шундан кейин 3 кундан ошмаган муддатда анкета маълумотлари идора ва ташкилотларнинг маълумотлари билан солиштирилади ҳамда аёлларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси (тоифаси) аниқланади. «Аёллар дафтари»га киритиладиган хотин-қизларнинг рўйхатлари ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган «Йўл харитаси» лойиҳаси 7 кундан ошмаган муддатда Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашига киритилади.
Тасдиқланган рўйхатлар 3 кундан ошмаган муддатда Маҳалла ягона ахборот тизими дастурига киритилиб, шу асосда вақтинчалик тартибда белгиланган хизматлар кўрсатилади.
«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга тадбиркорлик билан шуғулланиши учун кредитлар ажратилади
Қарорга кўра, «аёллар дафтари»га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга БҲМнинг 150 бараваригача (33 миллион 450 минг сўм) миқдорда кредитлар ажратилади. Кредитларнинг фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасида белгиланади.
Кредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатда «Халқ банки»нинг туман (шаҳар) филиаллари томонидан «аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг фамилия, исми, отасининг исми бўйича алифбо тартибида шакллантирилган қатъий навбат асосида ажратилади.
Шунингдек, Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгаши томонидан тасдиқланган рўйхатлар асосида «аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга БҲМнинг икки бараваридан тўрт бараваригача (446 минг сўмдан 892 минг сўмгача) миқдорда бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкин.
Бир марталик ёрдам олган хотин-қизлар «аёллар дафтари»дан чиқарилмаган ёки бир йил ичида қайта киритилган ҳолларда бир марталик моддий ёрдам бир календарь йили давомида бир маротаба берилади.
Бундан ташқари, секторлар раҳбарлари ҳамда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг хулосаси асосида «аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга турар жой ижара компенсацияси тўлаб берилади.
Турар жой ижараси тўғрисидаги шартнома 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган муддатга тузилиб, тўловлар ижарага берувчига тўғридан-тўғри тўланади. «Аёллар дафтари»га икки ва ундан ортиқ масалаларини ҳал этиш учун киритилган хотин-қизларнинг барча масалалари тўлиқ ҳал этилгач, дафтардан чиқарилади.
Дафтардан чиқарилган хотин-қизлар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан 5 кун ичида бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилинади.
Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалоловнинг «Дарё»га хабар беришича, Бухоро шаҳридаги хонадонларнинг биридан 200 минг долларга тенг тилла тақинчоқларни ўғирлаган уч нафар шахс қўлга олинган.
Таъкидланишича, Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига Бухоро шаҳрида яшовчи 47 ёшли фуқаро З.С.дан мурожаат келиб тушган. Мурожаатда айтилишича, 2020 йилнинг 25 декабрь куни соат 16:30 дан 21:30 қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс унинг яшаш хонадонига том орқали кирган ва уйининг ётоқхонасидаги сейфдан 99 дона турли хилдаги тилла тақинчоқларини ўғирлаган.
Суриштирув бўйича хонадон эгаларига тегишли 6 дона бриллиант тақинчоқ, 3 дона тилла соат, 70 минг рубль ва 600 евро, фуқаролик паспорти ҳамда уйнинг кадастр ҳужжатлари ўғирланиб, жабрланувчига жами 200 минг долларлик моддий зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сон Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-модда 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида жабрланувчининг ҳовлиси яқинидан оқиб ўтувчи, атрофи қум-тупроқли ариқ ёнлари кузатилган. Кузатувларга кўра, айнан З.С.нинг хонадонигача етиб келган шубҳалантирувчи оёқ излари топилган.
Тезкор гуруҳ ходимларининг саъй-ҳаракати билан ушбу жиноят 1991 йилда туғилган самарқандлик Ш.Б., Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаролар — А.К. ҳамда К.Б. томонидан содир этилгани аниқланган. Улардан 70 дона турли тилла тақинчоқ ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Айни пайтда уч нафар шахсга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳолат бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари ҳамда уларнинг бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлиги ўрганилмоқда.
More...
Перуда Чинча ва Писко провинциялари апелляция суди Microsoft асосчиси Билл Гейтсни, инвестициячи банкир Жорж Соросни, шунингдек, миллиардер Рокфеллерлар оиласи аъзоларини коронавирус пандемиясини «яратганликда» айблади. Бу ҳақда маҳаллий ОАВлар томонидан эълон қилинган суд қарорида айтилади, деб ёзади Meduza.
Қарорни судьялар Тито Гальегос, Луис Легия ва Тони Чангарай 21 декабрь куни чиқарган. У зўравонликда айбланувчига нисбатан ҳибс муддатини узайтириш ҳақидаги апелляцияга тегишли. Унда пандемия «янги дунё тузуми муаллифлари» ва «дунёга ҳукмронлик қилувчи жиноий элиталар» томонидан яратилганлиги ҳақидаги фитна назарияси келтирилади.
«На бирорта дунё ҳукумати, на бирор жисмоний ёки юридик шахс, на судланувчининг ҳимояси бу пандемия ‘олдиндан айтиш мумкин бўлган’ хусусиятга эга эканлигини тасдиқлай олади, уни яратган янги дунё тузуми муаллифлари, шу жумладан, Билл Гейтс, Сорос, Рокфеллер ва бошқалардан ташқари…» — дейилади қарорда.
Перуда суд ҳокимияти устидан назорат учун жавоб берувчи давлат муассасаси — OCMA қарорни чиқарган судьяларга қарши текширув бошлади.
Коронавирус пандемияси бошланганидан кейин инфекциянинг сунъий равишда келтириб чиқарилгани ҳақида кўплаб фитна назариялари тарқалди. Уни яратишда Билл Гейтсни, Марказий разведка бошқармасини, Хитой ҳукуматини айблашди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса вирус лабораторияларда яратилган ёки ўзгартирилгани эмас, балки одамларга кўршапалаклардан юққани ҳақидаги фикрга қўшилади.
Шунингдек, пандемия даврида Билл Гейтс сайёра аҳолиси сонини назорат қилиш учун COVID-19’га қарши эмлаш ниқоби остида одамларга чип ўрнатмоқчи эканлиги ҳақидаги фитна назарияси ҳам оммалашиб кетди. Гейтс бундай фикрни рад этиши қийин эканлигини, «чунки бунинг ўзи жуда аҳмоқона ёки ғалати» эканлигини айтганди.
Бухорода таниши билан саломлашиш учун машинасини йўлнинг ўртасида тўхтатган Nexia-3 ҳайдовчиси жаримага тортилди, деб хабар беради ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.
Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳрида тасвирга туширилган видеолавҳа тарқалди. Унда ҳайдовчи таниши билан саломлашиш учун машинани йўлнинг ўртасида тўхтатгани акс этган.
ИИВ ЙҲХББ Бухоро шаҳридаги кўчалардан бирида Nexia-3 русумли автомобиль ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини четлаб ўтиб, йўлнинг қатнов қисмида тўхтагани ва бу қоидабузарлиги билан бошқа ҳаракат қатнашчиларининг эркин ҳаракатига халақит берган ҳолати акс этган видеолавҳани ўрганиб чиққан.
«Мазкур видеолавҳадаги ҳолат Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан ўрганилди ва қоидабузар ҳайдовчига белгиланган тартибда чора кўрилди», — дейилади маълумотда.
ЙҲХББ барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга амал қилишини сўраб, қоидабузарларга ўрнатилган тартиб асосида чора кўрилишини эслатиб ўтган.
Миллат генофондини сақлашни ва жамиятни тараққий этишини истаган ҳар қандай давлат гиёҳвандликка қарши аёвсиз кураш олиб бориши шарт.
Ана шу боисдан мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши кураш борасидаги ишлар бир зум ҳам сусайтирилмайди ва тўхтатилмайди. Ҳар йили икки босқичда “Қорадори” тезкор-профилактик тадбири ўтказилиб, қанчадан-қанча инсонларнинг умрига зомин бўлиши мумкин бўлган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишини олди олинмоқда.
Айни кунларда “Қорадори” тезкор-профилактик тадбири расман тугаган бўлсада, гиёҳвандлик ва гиёҳфурушликка қарши кураш узлуксиз давом этмоқда.
Учқудуқ тумани ички ишлар бўлими томонидан олиб борилган тезкор профилактик чора-тадбирлар натижасида учқудуқлик икки нафар фуқаро “Дўстлик” маҳалласидаги истироҳат боғида заҳри қотил савдоси билан шуғулланаётган вақтида қўлга олинди. Иккита гугурт қутисига жойланган “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 1 500 000 сўмга сотишга уринган “оғуфуруш ҳамтовоқ”лардан 7,023 грамм “марихуна” гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.
Гиёҳфурушликка қўл урган С.Р. ва Ч.В ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси 3 - “б” қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Азиз юртдошлар! Гиёҳвандлик бу иллатдир, уни кундалик ҳаётингизга кириб келишига асло йўл қўйманг.
Акмал ЭРГАШОВ,
Учқудуқ тумани ИИБ бошлиғининг
ҲПМ бўйича ўринбосари капитан.
Камбағаллик – бу ҳаёт учун муҳим бўлган, энг зарур минимал эҳтиёжларни қондира олмайдиган, ишга лаёқатли бўлиб, ўзи хоҳлаган ишларни давом эттириши мумкин бўлмаган шахс ёки ижтимоий гуруҳни иқтисодий ҳолатининг ўзига хос хусусиятидир.
Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт дастури билан биргаликда дастур ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Уни амалга ошириш учун 700 миллион доллар маблағ йўналтирилади.
Муҳтарам Президентимизнинг шахсан раислигида ўтказилиб келинаётган видеоселектор йиғилишларида тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.
«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Республикамиз бўйича 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолимиз камбағал. Бу уларнинг бир кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмаяпти, дегани. Ёки бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми? Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўлаяпти, деган савол ҳар куни қийнайди», – деганди ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев.
Учқудуқ туманида жами аҳоли сони 37 579 нафар, эҳтиёжманд аҳоли сони 4 400 нафарни ташкил этади. Жами хонадонлар сони 11 589 тани ташкил этиб, шундан 1 099 таси камбағал хонадонлар сифатида рўйхатга олинган. Таҳлил қилинганда, улардан эҳтиёжманд хонадонлар аъзолари сони 4400 нафар, шундан боқувчисини йўқотганлар сони 329 тани, ёлғиз қариялар сони 21 нафар, ногиронлар сони 679 нафар, вояга етмаганлар сони 2212 нафар, меҳнатга лаёқатли ишсизлар сони 1159 нафар, жами нафақа олувчи хонадонлар сони 23 та, шундан уларда яшовчи аҳоли сони 73 нафар, шундан
2 ёшгача бола парвариши бўйича хонадонлар сони 7 та, уларда яшовчи аҳоли сони 22 нафар, 14 ёшгача болали оилалар бўйича хонадонлар сони 9 та, шундан уларда яшовчи аҳоли сони 28 нафар, моддий ёрдам олувчи хонадонлар сони 7 та, шундан уларда яшовчи аҳоли сони 23 нафарни ташкил этган бўлса, нафақа олмайдиган хонадонлар сони 1076 та, шундан уларда яшовчи аҳоли сони 4323 нафарни ташкил этади.
Тумандаги камбағал, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила аъзоларининг 95 нафарига чорвачилик билан шуғулланишлари учун 2315,0 млн. сўм, 18 нафарига паррандачилик йўналишида 62,0 млн. сўм, 1 нафарига иссиқхона ташкил қилиш учун 20,0 млн. сўм, 6 нафарига тикувчилик йўналишида 60,0 млн. сўмлик, 11 нафарига ҳунармандчилик йўналишида 371,0 млн. сўм, 10 нафарига эса тадбиркорликнинг бошқа турлари билан шуғулланишлари учун 316,0 млн.сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
«Saxovat.argos.uz» ахборот тизими маълумотига кўра, 1099 та оилалар ҳолидан хабар олиниб, 1 млрд 822,9 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 9,5 млн. сўмлик бошқа моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий 29 июлидаги ПФ-346 қарорига асосан Қурбон ҳайити байрами муносабати 205 та камбағал ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди. Уларга 138,0 млн. сўмлик бир марталик моддий ёрдам пуллари тарқатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги ПФ-6038 қарорига асосан 143 та камбағал ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди. Улардаги 554 нафар кишилар ҳолидан хабар олиниб 121,9 млн. сўмлик бир марталик моддий ёрдам пуллари тарқатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 августдаги ПҚ-4815 сонли фармонига асосан камбағал ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 172 та оилаларнинг 311 нафар 16 ёшга тўлмаган болалари учун 155,5 млн. сўмлик бир марталик моддий ёрдам пуллари тарқатилди. 182 нафар камбағал фуқароларга 136,7 млн. сўм иш ҳаққи йўналтирилиб, жамоат ишларига жалб этилди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига 289 нафар, йўл инфратузилмаси объектларига 457 нафар, ободонлаштиришга 32 нафар, бошқа турдаги йўналишларга 360 нафар ҳамда якка ёлғиз фуқароларга кўмаклашишга 21 нафар фуқаро жалб этилиб, иш ўринлари банд этилди.
Мухтасар айтганда, муҳтож одамларга тўғридан-тўғри молиявий ёки табиий ёрдам кўрсатиш орқали қашшоқлик муаммосини ҳал қилишда жиддий ижобий натижага эришиш мумкин эмаслиги аён бўлади. Албатта, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш зарур, аммо камбағалликнинг турли хил сабабларини ҳисобга олган ҳолда, унга қарши курашда ҳар қандай муҳим ютуқларга одамлар ўзларининг моддий муаммоларини мустақил ҳал эта оладиган ва ўзларини зарур даромадлари билан таъминлайдиган шароитлар яратилгандагина эришиш мумкин.
Феруз ШОКИРОВ,
иқтисодий тараққиёт
ва камбағалликни қисқартириш туман
бўлими бошлиғи ўринбосари.