Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Умумий ўрта таълим муассасаларида 2022-2023 ўқув йилини якунлаш ва “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар” ишлаб чиқилди.
Умумий ўрта таълим муассасаларида "Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари 25 май куни эрталаб соат 8:00 дан 9:00га қадар “Илмни қадрланг, илмга интилинг!” шиори остида ташкил этилади.
Тадбирни тартибли ўтказиш ва ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда ушбу тадбирга фақатгина 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилади.
Тадбир маҳалла қўмитаси, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказилади ҳамда мактаб ҳудудига техника воситалари ва бегона шахсларнинг киритилмаслиги таъминланади.
“Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестацияларини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул йиғимларига йўл қўйилмайди.
Мактаб ҳаётида фаол иштирок этаётган ўқувчиларнинг ота-оналарини маънавий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва иш билан банд қилиш мақсадида туман Камбағалликни қисқартиш ва Бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан Нурота туман “Ишга марҳамат “мономаркази ҳамда янги ташкил этилган “Мир Файз Азизбек” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Х. Хушназаровалар билан ҳамкорликда тўрт томонлама шартнома тузилиб, 20 нафар ишсиз хотин-қизларни қисқа муддатли 3 ойлик “Тикувчилик”йўналишига ўқув курсига ўқишга жалб қилинди. Ушбу 20 нафар ишсиз хотин-қизлар ўқув курсини битириб, “Мир Файз Азизбек” масъулияти чекланган жамиятига ишга қабул қилинадилар.
Туман КҚва БК Аҳолини касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича бош мутахассиси Н.Холиқулова
Учқудуқ тумани тиббиёт бирлашмасига 3 та замонавий “Hyundai” русумли тез тиббий ёрдам машинаси совға қилинди. Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Нурали Сафоев мазкур машиналарнинг калитини топширди.
Тез тиббий ёрдам машинасида барча зарурий тиббий асбоб-анжомлар мавжуд бўлиб, ҳаракат пайтида ҳам беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин. Берилган эътибор учун туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари номидан туман ҳокими Соли Хамроев миннатдорчилик билдирди.
—Бугунги тадбиримиз аҳолига тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш ва яқинлаштириш, шунингдек, Президентимизнинг «Тиббиётдаги ислоҳотлар — инсон қадри учун» мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилди, — дейди Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Нурали Сафоев — Энди аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам хизмат сифати ва кўламини янада оширишга эришилади.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
Жорий йилнинг 12 май куни Учқудуқ туман иқтисодий суди биносида Навоий вилоят суди судьяси Х.Турсунов, Учқудуқ туман иқтисодий ва фуқаролик судлари ҳамда Учқудуқ туман солиқ инспекцияси ходимлари иштирокида “Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги пленум қарори муҳокамасига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Ушбу семинардан мақсад солиқ органлари томонидан судларга тақдим этилаётган солиқ низоларининг ва ушбу низолар орқали юзага келаётган муаммоли вазиятларга ушбу пленум қарори ўрганиш жараёнида ечим топилиб келинаётганлиги, шунингдек, бу борадаги масалалар юзасидан айниқса амалиётда учраб келаётган баъзи бир ҳолатларни давра иштирокчилари ўртасида ташкил этилган эркин баҳсларда ойдинлик киритилди.
Шунингдек, солиқ кодекси амалга киритилгандан сўнг солиққа оид низоларни кўришда, судлар томонидан қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида солиққа оид низолар бўйича суд амалиёти тўғрисидаги пленум қарори қабул қилинганлиги тўғрисида тушунчалар берилди. Семинар қатнашчиларига ушбу пленум қарори ва амалиётда учраётган муаммоли вазиятлар тўғрисида етарли тавсиялар берилди.
Навоий вилоят суди судьяси Х.Турсунов
Арғы-бергі тарихта билердің ділмарлығын, шешендігін салыс¬тыру үшін, арагідік тарихи туындыларға үңілемін. Әнет баба, Соқыр Абыз, Майлы, Төле, Қазыбек секілді танымал билердің қатарындағы Әйтеке Байбекұлының шоқтығы биік. Әйтеке сөз алғанда өзге билер әңгімеге араласпайды екен. Ол, әрине, жасын, атағын сыйлағаннан ғана емес, Әйтекенің шешендігінен, әділ айтар өткірлігінен, айбарынан өзгенің ығып тұратынын аңдатса керек. Тіпті, Қаз дауысты Қазыбек, Төле, Әйтеке билер бір дауға байланысты жеке-жеке шешім қабылдағанда Әйтекенің сөзі оқтың міріндей шығады екен.
Жуырда Нұрата ауданындағы Әйтеке бейітінің жанында киіз үй салынып би атаның есімі одан әрі ардақталды. Би бабаның басында құран оқылып, мінәжат жасалды сонымен қоса халыққа ас берілді. Қазақстан Республикасы, Жамбыл облысы, Оңтүстік Қазақстан, Қызылорда облысынан келген жұрттан бөлек, Қазақстан Республикасының «Айғақ» теларнасы өкілдері сондай-ақ Өзбекстанның әр түкпірінен қонақтар жиналды. Ағылған көш, ақтарылған пейіл, көл-көсір қуаныш, бәрі-бәрі ұрпақтар сабақтастығының мәңгілік екенін танытып тұр.
Қазақстан Республикасынан Жалаңтөс қоры төрағасы, қоғам қайраткері Нажмадин Мусабаев сөзге шығып қос елге де тел ата болған Әйтекенің тарихтағы орнын айшықтап, бүгінгі күн қос ел арасындағы достықтың нығая түсуіне себепші болғанын атап өтті.
— «Өлі риза болмай, тірі байымайды» демекші, ата-баба рухына құран бағыштап, ағайындармен араласқанның кейінгі жастарға берер тәрбиелік мәні зор. Аллаға шүкір, балам Ернар Айдардың еңбегінің арқасында міне бүгін Нұрата ауданына киіз үй салынып, халыққа ас берейін деп жатырмыз. Екі елдің достығы мәңгілік болсын, еліміз тыныш, халқымыз аман болсын дейді, - Жаңабай Айдарұлы.
«Басың бірігіп ас ішпесең, басың бірігіп ел болмайсың» дегендей шараның жалғасы ас берілумен жалғасты. Осы шараны ұйымдастыруда атсалысқан азаматтарға сый-сыяпаттар мен алғыс хаттар берілді.
Өз тілшімізден.
Мактабгача таълим тизими узлуксиз таълимнинг бирламчи, энг асосий бўғини ҳисобланади. Мутахассис ва педагогларнинг илмий хулосаларига кўра, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 7 ёшгача бўлган даврда олади. Ана шу далилнинг ўзи болаларимизнинг етук ва баркамол шахс бўлиб вояга етишида боғча тарбияси қанчалик катта аҳамиятга эга эканини яққол кўрсатиб турибди.
Болаларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишда турли ривожлантирувчи машғулотларни ўзида жамлаган “Илк қадам” давлат дастури туманимиздаги мавжуд 35 та давлат-нодавлат мактабгача таълим муассасаларида кенг қўлланилиб келинмоқда. Яқинда 2-сонли ДМТТ да “Мактабгача таълим ташкилотида "Илк қадам" давлат ўқув дастурини таълим-тарбия жараёнларида тадбиқ этиш орқали ўқув методик ва дидактик материаллардан самарали фойдаланишни такомиллаштириш" мавзусида семинар ўтказилди.
Амалий семинарда элементар математика йўналишида тарбиячилар Ю.Эгамова томонидан "Бўғирсоқ" ўрта гуруҳида "Уйча қуриш", М.Шомуродова томонидан “Капалак” тайёрлов гуруҳида “Сеҳрли уйча”, муассаса психологи С.Комилова томонидан “Олмахон” катта гуруҳида “Болаларнинг билиш жараёнларини ўйин орқали ривожлантириш” мавзуларида очиқ машғулотлар олиб борилди.
Шунингдек, семинар иштирокчилари “Юлдузча” тайёрлов гуруҳида инглиз тили ўқитувчиси У.Ачилованинг “Мен ва менинг уйим” ноанъанавий дарс жараёнига гувоҳ бўлишди. Ўтказилган ноанъанавий очиқ дасрларда ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланилгани машғулотларнинг янада қизиқарли ўтишини таъминлади.
Тарбияланувчилар олган билимларини ривожлантирувчи марказларда ўтказилган қизиқарли машғулотларда янада мустаҳкамладилар. Фаол иштирокчилар рағбатлантирилди.
Амалий-семинар сўнгида тайёрлов гуруҳи тарбиячилари У.Жумаева, Д.Каримовалар раҳбарлигида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Аждодлар ёди мангу барҳаёт!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда кичкинтойлар томонидан Ватанни, тинчликни, истиқлолни мадҳ этувчи куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Суронли уруш йиллари ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Ой бориб, омон қайт!” деб номланган саҳна кўриниши маромига етказиб ижро этилганлиги учун барчага бирдек манзур бўлди.
Семинар ишида туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Жамшид Халилов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Дилрабо КАМОЛОВА,
2-сонли ДМТТ директори.
Шундай ривоят бор: Бир ўғри қанча вақт мобайнида тунлари яширин йўл (лаҳм) ковлаб, мамлакат хазинасини ўмармоқчи бўлибди. Не-не машаққат ва заҳматлар эвазига мақсадига эришиб, олтин-жавоҳирларини қопга жойлаб, орқалаб кетмоқчи бўлиб турганида, тун қоронғусида кўзига ярақлаб кўринган нарсани ялаб кўрса-ки, туз экан.
“Бу ердан туз тотдим, шу туз ҳаққи хазинани ўмариб кетолмайман!, дея ҳеч нарса олмасдан чиқиб кетган экан...
Ушбу ривоятни келтиришимиз боисини қуйидаги тафсилот билан танишгач, англаб етишингизга аминмиз.
Мавлуда Умарова ( мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) 2 нафар фарзанднинг онаси. У “она” деган улуғ номга аёллик шаънига доғ тушираётганлар тоифасидан. Оиласини фарзандларини қаровсиз қолдириб, ҳаётнинг ўнқир-чўнқир йўлларидан юришни афзал билди. У 23 ёшигача бир неча бор ўғирлик жиноятини содир қилгани учун бир неча бор судланишга “улгурган”.
Мавлуда ва унинг “ҳамтовоғи” Ёрқиной Эшмаматова Нафиса опанинг уйига кундалик уй юмушларини бажариш учун келган бўлса-да, кўзлари атрофга олазарак боқиб, “олма-кесак терарди”. Ризқ-насиба илинжида келган бу аёлларнинг фикру ҳаёли фурсат топиб, хонадонни шип-шийдам қилиш эканини эса табиийки, хонадон эгалари ҳаёлларига ҳам келтиришмасди.
Оласи ичида бўлган ўғригина аёллар буни айни муддао деб билдию, хонадон эгаларининг бозор нархи 2 млн. 500 минг сўм бўлган “Samsung А 51” уяли телефонини, бозор нархи 1 млн. сўм бўлган “Redmi 5” русумли қўл телефонини ҳамда 200 АҚШ доллари миқдорида валюта қимматликларини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинишган.
“Ови” бароридан келаётганидан ҳаволанган Мавлуда Умарова Зарафшон шаҳар 12-кичик туманида яшовчи Гулшода Тешаева хонадонига меҳмон бўлиб келади. Бу ерда бир неча кун истиқомат қилиб, уй-рўзғор юмушларини бажариб юрган. Хонадон соҳибаси ва ўғлининг тунги навбатчиликдан чарчаб келиб ухлаб қолганидан фойдаланиб, яна “мудҳиш режа”сини амалга оширади. Ўзганинг мулкини такроран яширин равишда талон-тарож қилиб, бу гал ҳам “Vivo” русумли уяли телефон аппаратини қўлга киритади. Шкафда илинган аёллар сумкасини эътиборидан четда қолдирмаган “қаҳрамон”имиз 1 млн. 200 минг сўм пулни осонгина ўғирлайди. Хонадон эгаси Гулшода Тешаевага жами 4 млн. 800 минг сўм миқдорида моддий зарар етказган.
“Ўлжа”сини тезроқ пуллаш илинжида таксига икки киши учун тўлов қилиб, шошилганча Навоийга йўл олган “ўғригина аёл” нинг кирдикорларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари чек қўйишди. Мавлуда Умарова “Кара-ката” постида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Шу тариқа туз тотган хонадонини ўмаришни одатга айлантирган инсофсиз ўғри Мавлуда Умарова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169 - моддаси 3-қисми “а” банди, 168 –моддаси 1-қисми, 221-моддалари билан айбли деб топилган. Судланувчининг 3 ёшга тўлмаган ёш боласи бўлганлиги сабабли Жиноят кодексининг 533-моддаси 3-қисми тартибида 2021 йил 25 август кунида туғилган фарзанди 3 ёшга тўлгунга қадар яъни 2024 йилнинг 25 августига қадар ҳукм ижроси кечиктирилган.
Яшаш уйидан жой, ейишга туз – намак берган хонадон эгаларининг ишончини суиистеъмол қилиб, шундай қинғирликларга қўл урган бу аёлларнинг қилмишини қандай изоҳлаш мумкин?!
Жамил ТОШЕВ,
вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси.
Ҳазрат Жалолиддин Румий айтганларидек: “Яхши инсон ўзидан бахт, ёмон инсон ўзидан тажриба, хатокор инсон ўзидан дарс, мукаммал инсон ўзидан яхши из қолдиради”. Дилфуза опа Шарафутдинова ўзидан яхши из қолдирганлар қаторида эди...
Дилфуза Шарафутдинова 1969 йил августда Наманганнинг гўзал Чустида таваллуд топган. Бугун орамизда бўлганида 54 ёшни қаршиларди.
Дилфуза опа Тошкент давлат университетини битириб, фармацевт турмуш ўртоғининг иши сабаб туғилиб ўсган юрти Наманганда эмас балки Навоий вилоятида илк иш фаолиятини бошлади. Унинг бугун Шимолий кон бошқармаси архивида сақланаётган маълумотномасида Навоийнинг гигант корхоналари -“Навоийазот”, “Шарқий” кони ва 3-ГМЗ да ишлаган йиллари ёзиб қўйилган. Дилфуза опа мазкур корхоналарда фақатгина ишламади балки ўзидан яхши ном, яхши из қолдирди.
Дилфуза Шарафутдинова... Уни ўша биз кинолардагина кўрган аммо ишонмаган лекин ўз бошимиздан ўтказганимиз пандемия бошланмасидан 10 кунлар олдин кўргандим. З-ГМЗнинг 25 йиллик юбилейи арафасида тайёрланаётган кўрсатувнинг бир қисми завод марказий лабораторияси ҳақида эди.
Юмалоқ кўзларидан нур, очиқ чеҳрасидан доимо меҳр ёғилиб турадиган, боқишларидан самимийлик зоҳирин оппоқ юзли Дилфуза опа камтарин инсон эди. Ўша куни лаборатория фаолияти ҳақида тўлқинланиб гапирганидан ўз ишини ниҳоятда яхши кўришлиги, ўз касбининг билимдони эканлиги шундоққина сезилиб, билиниб турарди.
Опа шогирдларини ҳам интервью беришга ундади. Ийманиб, гапирмайман, деганларига эса: “Ахир бу тарих! Менинг сизнинг сўзингиз тарих саҳифаларига муҳрланади”, деганди жонкуярлик билан ўшанда...
Аммо, аммо кўрсатув тайёр бўлгунича Дилфуза Шарафутдинованинг сўзлари ундан қолган тарих бўлиб қолишини ҳеч биримиз билмаганмиз, афсус...
-Дилфуза опада инсонийликнинг барча жиҳатлари бисёр эди. Ҳеч кимдан ҳеч қачон нолимас, муҳтожлардан ёрдамини аямас, беҳудага бировнинг дилини оғритмас, қиладиган ишини меҳр билан қилар, атрофдаги воқеа - ҳодисаларга муносабатини билдирар, эл-юрт келажаги, оиласи, фарзандлари тақдирига бефарқ эмасди. Кўплаб шогирдларга билим ва ҳаётий кўникмаларни ўргатган меҳри дарё инсон эди, - дея хотирлайди ҳамкасби Одина Мирзаева. - Мен опанинг жамоасида гуруҳ раҳбари бўлиб ишлардим. Бирор марта исмимизни айтиб чақирмасдилар: “асалларим”, дердилар. Гапиришларида водийликларга хос лутф, сўзларида латофат бор эди.
Заводнинг марказий лабораториясида 30 дан ортиқ таҳлиллар олиб борилади. Шу учун бу ерни заводнинг кўзи дейишади. Дилфуза опа ана шу кўзнинг гавҳари эди, десам янглишмайман. 2013 йилдан 2020 йилгача шу лабораторияни бошқарди. Мутахассислиги аналитик бўлса ҳам органик химияни яхши кўрарди. Шу соҳада илмий иш қилишни орзуларди.
Бу фарзандлари – Дилдоранинг, ёлғиз ўғли Шерзоджоннинг, ҳеч кимга ишонмаган кенжатойи Мунисанинг бахтини келажагини кўролмай кетгани каби ушалмаган армонларидан энг каттаси эди.
Бу сўзлар видеолавҳалар архивида қолган Дилфуза опанинг сўнгги интервьюсидан олинди: “Биласизми, лабораториямиз таҳлилисиз заводнинг маҳсулини билиб бўлмайди. Бизнинг вазифа –аналитик назорат қилишдан иборат. Бу дегани мана шу заводга кириб келаётган хомашё руда таркибидаги қимматбаҳо металл ҳажмини аниқлашдан бошлаб, то ана шу хомашёни қайта ишлашдаги технологик жараёнларгача бўлган таҳлилларни бажаришдан иборат”.
Ўз касбининг устаси, Дилфуза опа минг афсуски бугун орамизда йўқ! Лекин у инсон қилган яхши амаллар, инсонлар дилидан мустаҳкам жой олган. Фарзандлари, шогирдлари Дилфуза опа бошлаб берган хайрли ишларни давом эттириб, оналари ва устозларининг руҳини шод қилмоқдалар.
Зеро, Омон Матчон қайд қилганидек:
Кимдир эшик очар, кимлардир ёпар,
Кимдир малҳам бўлар, кимлардир қонар.
Кимдир сокин дарё, кимлардир чопар,
Буни умр дерлар, кундузли тунли,
Буни умр дерлар, шодлик қайғули.
Лайло КАРИМОВА.
Буюк мутаффаккирлардан бири Цицерон таъкидлаганидек, “Бизга ота-оналар, болалар яқин хеш-ақробалар қимматлидир. Лекин муҳаббат бобида барча тасаввурларимиз биргина “Ватан” ўтли сўзда мужассамлашгандир. Ватанга нафи теккудек бўлса, ахир виждонли одам унинг учун жон бермоққа нега иккиланар экан”?!.
Мазкур фикрларнинг ёрқин ифодаси мужассам топган тадбирлар 9 май – Хотира ва қадрлаш байрами муносабати билан юртимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби Учқудуқ туманида ҳам ўтказилди.
Шимолий кон бошқармаси идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отрядида "Аждодлар жасорати-мангу барҳаёт" мавзусида меҳнат фахрийлари билан учрашувлар ташкил этилди. Унда байналминал жангчи Сейтқази Тулеков иштирок этиб, бугунги эркин ва фаровон ҳаётимизни кўз қорачиғидек асраш билан биргаликда Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлган фидойи инсонларни ёдга олиш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш, сўнмас жасоратларини хотирамизда мангу сақлаш, инсоннинг тириклигида қадрига етиш биз учун ҳам қарз ҳам фарз эканлигини таъкидлади.
Тадбирда отряд шахсий таркиби ҳамда ёшлари корхонанинг собиқ ходими байналминал жангчи Сейтқази Тулековга эсдалик совғасини топширди.
Нодирбек ТЎЙЕВ,
ИҲҚО ёшлар етакчиси.
***
Ана шундай тадбирлардан бири 3-гидрометаллургия заводида ҳам бўлиб ўтди. Унда заводда меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан халқ депутатлари туман кенгаши депутати, “Учқудуқ” газетаси муҳаррири, “Шуҳрат” медали соҳиби, “Энг фаол журналист”, “Мустаҳкам оила – юрт таянчи” республика танловлари ғолиби Райҳон Қодированинг учрашуви ташкил этилди.
Учрашувда бугун буюк аждодлар издоши эканлигимизни чуқур ҳис этган ҳолда, бу ёруғ кунларга етиш учун қурбон бўлганлар руҳини шод этиш, хотирасини ёд этишни мўътабар кексаларимиз дуосини олишни энг муҳими тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлиги хусусида сўз юритилди.
Тадбир иштирокчилари ижодкорнинг ижод намуналаридан тингладилар.
Дилором САЛИМОВА,
ШКБ 3-ГМЗ маънавий-маърифий ишлар бўйича инспектори.
Болалар масалалари бўйича Учқудуқ туман комиссияси йиғилишида берилган топшириқлар ижроси юзасидан Учқудуқ туман ММТБга қарашли 18-умумий ўрта таълим мактабида 5-май куни "ЎҚУВЧИЛАРДА ИЖОБИЙ ФАЗИЛАТЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ" мавзусида туман миқёсидаги семинар ташкил этилди. Ушбу семинарга Учқудуқ туман Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Ж.Булекбаева, туман ҳокимлиги болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси мудири З.Рахимова, туман ММТБдан масъуллар Б.Ҳамидова, З.Каримов ва барча мактаб психологлари ташриф буюрдилар. Семинарга келган меҳмонларнинг кутиб олиш жараёнлари ҳамда очилиш қисмига бағишланган маънавий-маърифий тадбир кўтаринки руҳда ўтказилди. Семинар доирасида мактаб психологлари томонидан ташриф буюрган меҳмонлар ҳамда 7-11-синф ўқувчилари иштирокида турли хил психологик тренинг машғулотлари ташкил этилди.
Семинарда мактаб психологлари томонидан болалардаги яширин истеъдодларни юзага чиқариш, уларни маънавий, ахлоқий, ҳуқуқий, эстетик жихатдан шакллантириш, меҳнатга жалб этиш ҳамда улардаги ижодкорлик қобилиятини ривожлантириш, келажакда юксак салоҳиятли, ижтимоий фаол, ўткир зеҳнли, кашфиётчилик қобилиятини намоён эта оладиган рақобатбардош кадрларни вояга етказиш масалалари юзасидан тренинг машғулотлари ўтказилди.
Семинар сўнггида қатнашчиларнинг семинар юзасидан хулосалари тингланди. "Ўқувчиларда ижобий фазилатларни шакллантириш" шиори остида ўтказилган ушбу семинар иштирокчиларга аъло кайфият улашиб, ўз мақсадига эришди.
More...
Хотира ва қадрлаш. Бу тушунчалар замирида халқимизга хос эзгу фазилатлар мужассам, инсон зоти нақадар азиз, мукаррамлиги ўз ифодасини топган.
Зеро, вақт — ғанимат, умр — ўткинчи. Биздан қоладиган ўчмас из эса хайрли амалларимиздир.
Мамлакатимизда 9 май Хотира ва Қадрлаш куни сифатида кенг нишонланишининг боиси ҳам шунда. Ушбу санада ўтганлар номи ёдга олиниб, кекса авлод вакилларига меҳр-мурувват, алоҳида эъзоз, эҳтиром кўрсатилади.
Эзгу анъана Учқудуқ туман ҳокими С.Ф.Хамроевнинг фронт орти меҳнат фахрийси Кривенюк Анна Ивановна хонадонига ташрифи давомида яна бор намоён бўлди.
- “Урушда ғолиблар бўлмайди”, дейишади, бу сўзлар бежиз айтилмаган, - дейди Иккинчи жаҳон уруши фронт орти фахрийси Анна Ивановна. – Ёшлигим уруш йилларига тўғри келганлиги сабабли кўп машаққат чекдим. Уруш йиллари фронт ортида туриб, аскарларга ёрдам қилдик. Афсуски, ўша жангларда қатнашганларнинг аксарияти бугун орамизда йўқ. Уруш барчамизга ибрат бўлиши керак, аслида. Дориломон кунлар, тинч-осуда ҳаётнинг қадрига етиш керак, - дея самимий миннатдорчилик билдириб, бундай эътибор ва ғамхўрликдан кўкси тоғдек кўтарилганини таъкидлади.
Шу куни бир пиёла чой устида суҳбат қурилиб, суронли йиллар қўшиқлари ижро этилди. Анна Ивановна гоҳ куй-қўшиққа жўр бўлади, гоҳ ўша даҳшатли уруш йилларини ёдга олиб, узоқ ўй-хаёлларга берилади...
Янги Ўзбекистонни бунёд этишда фахрийларимизнинг жасорати, шонли анъаналари, шубҳасиз, биз учун ибратдир.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
Учқудуқ туман ММТБ га қарашли 2-сонли ДМТТ да жорий йилнинг 5-май куни "Мактабгача таълимташкилотида "Илк қадам" давлат ўқув дастурини таълим тарбия жараёнларида тадбиқ этиш орқали ўқув методик ва дидактик материаллардан самарали фойдаланишни такомиллаштириш" мавзусида семинар бўлиб ўтди. Семинар давомида Элементар математика фаолиятида "Бўғирсоқ" ўрта гуруҳида тарбиячи Ю. Эгамова томонидан "Уйча қуруш" мавзусида, М.Шомуродова томонидан 9-"Капалак" гуруҳида "Сеҳрли уйча" мавзусида, психолог С.Комилова томонидан 14-"Олмахон" гуруҳида "Болаларни билиш жараёнларини ўйин орқали ривожлантириш" мавзусида, тил ўқитувчиси У.Ачилова томонидан 3-"Юлдузча" мактабга тайёрлов гуруҳида "Мен ва менинг уйим" мавзуларида фаолиятлар ташкил этилди. Ташкил этилган ҳар бир фаолиятарни тарбиячилар мавзуларга крятив ёндашган ҳолда, АКТ дан унумли фойдаланиб, янги педагогик иновациялар билан олиб бордилар. Тарбияланувчилар фаолиятларда фаол иштирок этиб жараёнда олган билимларини ривожлантирувчи марказларда мустаҳкамлаб олдилар. Ҳар бир тарбияланувчи фаолиятлар сўнгида рағбатлантирилди. Бундан ташқари семинар сўнгида тарбиячилар У.Жумаева ҳамда Д. Каримовалар мусиқа раҳбарлари Г. Норбобоева ва харёгриф Д. Искандаровалар билан ҳамкорликда 1- "Камалак" мактабга тайёрлов гуруҳи тарбияланувчилари иштирокида 9- май "Хотира ва қадрлаш куни" муносабати билан "Инсон қадри улуғ- хотира муқддасдир" номли хотира кечаси ташкил этилиб, Ватан озодлиги, тинчлиги йўлида кўксини қалқон қилган ўзбек ўғлонлари хотирасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди. Туман миқёсида ташкил этилган семинарда ММТБ мудири Ж.Халилов билан биргаликда ММТБ методистлари Д.Ғайбуллаева, С.Нуровалар ҳамда "Учқудуқ" газетаси бош муҳарири Р.Қодировалар иштирок этишди.
Олимларнинг олиб борган тадқиқотларига кўра, сизу биз яшаётган Қизилқумда Менделеев даврий системасининг деярли барча элементлари топилган. Она табиат бу заминга етарли миқдорда минерал хомашё ресурсларини инъом этган.
1963 йилда “Кокпатас” дала-геология қидирув экспедицияси фаолияти йўлга қўйилди. Бу тарихий воқеа Қизилқумдаги минерал бойликларнинг кенг миқёсда ўзлаштирилишини бошлаб берди.
Бугун “Ўзбекгеология қидирув” АЖ тасарруфида бўлган “Кокпатас” дала-геология қидирув экспедицияси ўзининг муборак 60 йиллигини нишонламоқда. Айтиш жоизки, бу ерда меҳнат қилаётган юзлаб ишчи ва мутахассислар ўзларининг фидокорона меҳнати туфайли мамлакатимиз минерал хом-ашё базасини кенгайтириш “Навоий” кон-металлургия комбинати АЖ тасарруфидаги 1-сонли, 3-сонли ҳамда 5-сонли гидрометаллургия заводларини хомашё ресурслари билан узлуксиз таъминлашдек энг муҳим ва стратегик вазифаларни сидқидилдан бажариб келмоқдалар.
Ўтган 2021 йилнинг 21 апрелида “Геология соҳасига инвестицияларни фаол жалб этиш, тармоқ корхоналарини трансформация қилиш ва республика минерал-хомашё базасини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, геология-қидирув ишлари бўйича хизмат кўрсатувчи алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлган, давлат унитар корхоналарини бирлаштириш йўли билан улар негизида “Ўзбек геология қидирув” АЖ ташкил этилди. Бу эса “Кокпатас” дала-геология қидирув экспедицияси фаолиятини янги юқори босқичга олиб чиқди, дейиш мумкин.
Рақамларни таҳлил қиладиган бўлсак, корхонага келтирилаётган янги замонавий бурғилаш ускуналари сони 9 тага, умумий автотранспорт воситалари сони 33 тага етказилди. Бурғилаш ишлари ўтган 2021 йилда ўртача 459 метрни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 493 метрдан иборат бўлди. Ўсиш кўрсаткичи 107,4 фоизни ташкил этди. Жорий йилда эса бу рақамларни 700-800 метргача етказиш кўзда тутилган.
Бугун жамоада меҳнат қилаётган 335 нафар ишчи-ходим ва геологларнинг олдида ҳудуднинг улкан табиий, ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришдек, ғоят муҳим вазифалар турибди. Уларнинг 63 нафари олий, 177 нафари эса ўрта –махсус маълумотли мутахассислар бўлиб, жамоада 43 нафар опа-сингилларимизнинг борлиги мураккаб геология соҳасида ҳам аёлларнинг эркаклар билан бир сафда меҳнат қилаётганлигидан далолат беради, албатта!
“Кокпатас” дала-геология қидирув экспедициясининг малакали, билимли ва фидойи жамоаси ҳудудни геологик ўрганиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, бурғилаш қудуқларидан намуналар олиш, майдалаш ҳамда истиқболли йўналишларни тақдим этиш ишларини муваффақиятли адо этишига ишонаман!
Қизилқумнинг ёзи жуда иссиқ, қиши эса қаттиқ совуқдан иборат аёвсиз иқлимини писанд этмай, мамлакатимиз иқтисодиёти учун улкан аҳамиятга эга қаттиқ фойдали қазилма конларини, минерал хомашёларни разведка қилиш, излаб топиш ишларини олиб бораётган забардаст геологларга қарата олган тупроғингиз зар, иродангиз мустаҳкам бўлсин, деймиз!!
Дарҳақиқат, Қизилқум саҳроси – саховатли, ер ости бойликларига кон замин. Учқудуқдаги “Кокпатас” дала-геология қидирув экспедицияси қаттиқ фойдали қазилма конларини қидириш ва қидирув қудуқларини бурғулаш ҳажмини муттасил ошириб бориб, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга муносиб улуш қўшаётир.
Бу эса томчидаги қуёш акси мисол жонажон Ўзбекистонимизда олиб борилаётган яратувчанлик ишларининг ёрқин ифодасидир!
Сиз азизларга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, Ватанимиз фаровонлиги йўлидаги шарафли меҳнатингизда янги зафарлар тилайман!
Байрамингиз яна бир бор муборак бўлсин, азизлар!
Суратда: корхона фаолиятидан лавҳалар.
Элбек ТУРСУНОВ,
“Кокпатас” ДГҚЭ бошлиғи.
Уй-жой учун субсидия олиш тартиби ҳақида 5 саволга 5 жавоб
Субсидия кимларга берилади?
Субсидия олиш мақсадида ариза билан 18 ёшга тўлган фуқаролар мурожаат қилиши мумкин.
Субсидия даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга ижтимоий мезонлар асосида берилади.
Даромади юқори бўлмаган оила деб эса қуйидагилар эътироф этилади:
Қишлоқларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан (2 млн 940 минг сўм) 6,9 бараваригача (6 млн 762 минг сўмгача);
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида белгиланган МҲТЭКМнинг 3 бараваридан (2 млн 940 минг сўм) 8 бараваригача (7 млн 840 минг сўмгача);
Тошкент шаҳрида белгиланган МҲТЭКМнинг 3 бараваридан (2 млн 940 минг сўм) 9,2 бараваригача (9 млн 016 минг сўмгача) бўлган оилалар.
Ипотека кредитининг энг кўп миқдори қанча?
2023 йил учун бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори:
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 327 млн 250 минг сўм;
-Тошкент шаҳрида – 416 млн 500 минг сўм.
Ипотека кредитининг фоиз ставкаси қанча ва унинг қанча миқдори қоплаб берилади?
Ипотека кредитлари бозор шартлари асосида белгиланадиган фоиз ставкаларида ажратилади.
Субсидиялар:
-квартира жойлашуви, қиймати ва майдонидан қатъи назар, дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун – 32 миллион сўм;
-кредит бўйича фоизнинг бир қисмини қоплаш учун – биринчи 5 йилда 10 фоиздан ошган қисмига тўланади.
Субсидия олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?
Субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этиш ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (my.gov.uz) рўйхатдан ўтиш керак.
Қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
-жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари;
-оила аъзоларининг шахсий идентификация рақами маълумотлари ва никоҳ гувоҳномаси, фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар нусхалари (мавжуд бўлганда);
-никоҳ бекор қилинганлигига оид ҳужжатлар ёки оилавий ҳолати тўғрисида ФҲДЁ органлари архивидан маълумотнома;
доимий рўйхатга олинган жойидан кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар;
-доимий яшаш жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси;
-ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ва ушлаб қолинган даромад солиқлари тўғрисидаги маълумотнома.
Учқудуқ туман адлия бўлими.
Савол; Олий таълимга имтиёзли кириш учун тавсиянома қандай тоифадаги хотин-қизларга берилади?
Жавоб; Эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга қўшимча 4% лик давлат гранти асосида ОТМларга қабул қилиш бўйича танловда иштирок этиш учун тавсиянома қуйидаги мезонлар асосида берилади:
-кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар (бунда кам таъминланган оила деганда, оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорнинг 0,527 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила тушунилади);
-тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;
-турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;
-ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;
-икки ёки ундан ортиқ фарзандларини тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида (ижарада) яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари;
-ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар.
Ушбу тоифаларга тўғри келадиган хотин-қизлар 8 июнга қадар aziz-ayol.uz сайти орқали электрон равишда ариза беришлари мумкин. Мабодо муаммо ёки тушунмовчилик бўлса, яхшиси яшаш жойидаги маҳалла фуқаролари йиғинларига мурожаат қилганлари маъқул.
Қуйидагиларни унутманг:
Тавсиянома балл қўшиб бермайди;
Тавсиянома олганларнинг ҳаммаси ўқишга 100% киради дегани ҳам эмас;
Тавсиянома танланган бешта йўналишга ҳам ўтавермайди, фақат биринчи йўналиш
бўйича ҳисобланади.
Учқудуқ туман адлия бўлими.