Йўл транспорт ҳодисалари ўз номи билан ҳодиса, уларни аввалдан режалаштириб, тайёргарлик кўриб бўлмайди. Бирданига содир бўлади ва авто эгалари олдига янги жумбоқлар, вазифалар, муаммоларни қўяди. Шундай шароитда муаммони камроқ зарар билан тезроқ битириш учун нима қилмоқ керак?
ЙТҲни расмийлаштиришнинг қандай бюрократияси бор?
Ҳозирда ЙТҲ содир бўлганда уни расмийлаштириш учун катта бюрократиядан ўтишга тўғри келади. Масалан, ҳодиса жойига ЙПХ инспектори чақирилади, ҳужжатлар расмийлаштирилади, тиббий-наркологик текширув ўтказилади, суғурталовчига хабар берилади.
Сўнгра терговга қадар текширув, турли экспертизалар ўтказилади. Судга ҳам боришга тўғри келади. Суддан сўнг иштирокчилар шахсини тасдиқловчи ва транспорт воситаларининг ҳужжатларини, экспертиза хулосасини, терговга қадар текширув, суд қарорларини тўплаб суғурталовчига тақдим этади. Суғурталовчи ҳужжатларни ўрганиб чиқиб товон тўлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Ушбу ҳаракатларни амалга ошириш учун ўртача 1 ёки 2 ойдан ортиқ вақт сарфланади. Бу эса, фуқароларнинг ортиқча сарсон бўлиши ва қўшимча харажатлар қилишига сабаб бўлади.
Бироқ энди ҳайдовчилар бу оворагарчиликлар ҳақида ўйламасликлари мумкин. Қонунчилигимизга Европротокол тушунчаси киритилди.
Европротокол нима?
Содда қилиб айтганда, Европротокол – бу тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисасини ЙПХ ходими иштирокисиз, иккала тарафнинг ўзаро келишуви асосида расмийлаштириш ҳисобланади.
Қандай йўл-транспорт ҳодисалари ўзаро келишув асосида ҳал қилиниши мумкин?
Европротоколни тузиш учун қуйидагилар асос бўлади:
- ЙТҲ жабрланувчига енгил тан жароҳати етказилишига ёки бошқа мол-мулк шикастланишига олиб келмаган бўлса;
- ЙТҲдаги ҳайдовчилардан бири ўз айбига тўлиқ иқрор бўлса;
- ЙТҲ пиёда иштирокисиз содир этилган бўлса;
- ЙТҲ иккита транспорт воситаси тўқнашуви натижасида рўй берган ҳамда фақат шу транспорт воситаларига шикаст етган бўлса;
- Ҳайдовчиларнинг фуқаролик жавобгарлиги ЙТҲ содир этилгунига қадар суғурта қилинган бўлса;
- ЙТҲда иштирок этган ҳайдовчиларда ҳайдовчилик гувоҳномаси, транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, ишончнома, йўл варақаси мавжуд бўлиб, уларнинг амал қилиш муддати ўтмаган бўлса;
- ЙТҲ иштирокчиси бўлган ҳайдовчиларда мастлик ҳолати бўлмаса;
- ЙТҲ натижасида транспорт воситаларининг шикастланиши ҳолатлари ЙТҲ иштирокчилари ўртасида келишмовчиликларни келтириб чиқармаса.
Юқоридаги асослардан биттаси мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам тузилган Европротокол ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Европротокол қандай тўлдирилади?
Агар сиз бахтсиз ҳодиса иштирокчиси бўлсангиз, Европротокол тузиш учун ушбу ҳаракатларни бажаришингиз керак:
- Тасдиқланган шаклдаги хабарномани тузиш (намуна билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин. Ушбу хабарномадаги маълумотлар кўк сиёҳранг ручка ёрдамида икки нусхада тўлдирилади;
- Спиртли ичимликлар истеъмол қилганлик ҳолати бўйича тиббий кўрикдан ўтиш;
- Тушунтириш хатини ёзиш ва тўлдирилган анкета ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни илова қилиш;
- Автоҳалокатдан кейинги машина ҳолатини фотосурат ёки видеога ёзиб олиш.
ЙТҲ бўйича барча материаллар бахтсиз ҳодиса содир бўлган кундан бошлаб 3 иш куни ичида суғурта компаниясига юборилиши керак. Бунда материаллар ва илова қилинган ҳужжатлар суғурталовчининг мобиль иловаси орқали электрон шаклда ҳам юборилиши мумкин. Ҳужжатларни олгандан сўнг, суғурталовчи уларни кўриб чиқиши ва Европротокол бўйича тўлов тўғрисидаги қарорни жабрланувчига 15 календарь кундан кечиктирмай топшириши шарт.
Ҳайдовчиларнинг ўзаро келишуви нима беради?
ЙТҲларни Европротокол асосида ҳал қилиш ЙҲХ ходимлари ва ҳайдовчилар ўртасидаги бевосита мулоқотни амалга оширишда «инсон омили»га ва ортиқча қоғозбозликка, фуқароларни ортиқча сарсон бўлишига чек қўйиб, автомобиль йўлларида юзага келадиган тирбандликларнинг олди олинади.
Бундан ташқари, ЙТҲ оқибатини ЙПХ ҳодимини чақирмасдан ўзаро келишув асосида ҳал қилиш, автотранспортни жарима майдонига олиб бориб овора бўлмаслик, мажбурий суғурта пули тўланиши учун йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими томонидан амалга ошириладиган расмиятчилик ва суд қарорини кутмасдан ҳал қилиш каби имкониятларни беради.