Саҳро бағридаги кенгликлар бўйлаб борар эканман, инсон ўзлигини англашга, ўтмишини сарҳисоб қилишга ундайдиган ҳислар гирдобида қоламан. Қум оралаб чиққаним тепаликлар бағрида эса кузатишларим ўзгаради. Юксакликда туриб кузатаётганим – каръер майдонидаги алпқомат техникалар гўёки болажонларнинг митти ўйинчоқ машиналари каби ҳаракатланмоқда.
490 метр баландликдан қараганда, майда-майда кўринган одамлар эса, бу беқиёс кенгликлар остида ухлаётган маъданларни қўзғатиб-уйғотиб, илм, техника, қолаверса башариятнинг салоҳият ва қудратини намоён этиш билан машғулдек гўё. Тупроқ бағрини бурғулаётган ускуна ер қаъридан олиб чиққан тошларни намуна олувчилар кичик-кичик қопларга жойлашмоқда. Айнан мана шу жараён мен фаолиятини ёритмоқчи бўлганим Марказий физика-кимёвий лабораториясининг меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқдир. Ҳудуддан олинган тупроқнинг физик-кимёвий хоссасини аниқлаш, таркибини ўрганиш, аниқ хулоса бериш каби ўта масъулиятли вазифа Марказий физика-кимёвий лабораториясининг зиммасидадир.
Бир сўз билан айтганда, лаборатория кон-металлургия саноатида кейинги қадамни қўйиш учун муҳим режалар белгилаб берувчи йўлбошловчи ҳисобланади.
XX асрда яйдоқ саҳро бағрида олиб борилган тадқиқотлар самараси ўлароқ, Қизилқумда кўп миқдорда уран ва олтин конлари мавжудлиги аниқланди. Изланишлар натижаси ҳозирда дунёнинг йирик компаниялари қаторида турувчи “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг пойдеворига асос солинди. Гигант корхона бўлинмалари Республикамизнинг Самарқанд, Жиззах, Хоразм ва Навоий вилоятлари бўйлаб ёйилиб кетган. Учқудуқ ҳудудида жойлашган Шимолий кон бошқармаси кўпмиллатли, кўптармоқли экани, таркибидаги бўлинмаларнинг фаолият турлари, касб ва соҳаларнинг хилма-хиллиги корхона узвийлигига акс таъсир этмай, балки, бир-бирини тақозо қилиб, жипслик ва якдиллик асосида узилмас занжир каби фаолият кўрсатади.
Тарих қатларини варақларканмиз, 1958 йилда ташкил топган Шимолий кон бошқармаси таркибида, аввалига, маълум бўлинмаларгина мавжуд бўлганини ва саноат эҳтиёжидан келиб чиқиб, яна бир муҳим бўлинма ташкил этиш зарурати туғилганини кўриш мумкин. Бу каби бўлинмаларга эҳтиёжнинг ортиши, саноат равнақи ва қудрати йўлида митти шаҳарчанинг ҳам яралиб боришига замин яратди.
Бу ривожланиш йўли, қолаверса Учқудуқ конининг ўзига хослиги геофизик ўлчовларни лаборатория тадқиқотларисиз ва намуналар таҳлилисиз тезкор-қидирув ишларида кенг қўллашга имкон бермаслиги, бундан ташқари, тупроқ ва физик-кимёвий маъданларни физик-механик синовдан ўтказмасдан туриб, режадаги самарага эришиш мумкин эмаслиги боис ҳам 1963 йилда Физика-кимёвий лабораторияси ташкил этилди. Кейинчалик, кон-металлургия комплексининг ривожланиши, янги шахталар ва каръерларнинг ишга туширилиши билан лаборатория тадқиқотларининг аҳамияти ҳам, ходимларининг техник салоҳияти ҳам шунга мос равишда ўсиб борди. Ходимлар таҳлилни такомиллаштириш, фойдали қазилмаларни ўрганишнинг янги усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича катта ҳажмдаги тематик ва услубий ишларни амалга оширдилар. Ўша даврда, уран конларини баҳолашда уларнинг аҳамиятини сезиларли даражада оширган принципиал янгича ёндашув 80-йилларнинг бошларида, қазиб олинган ва қидирилаётган уран конлари мураккаблиги аниқ исботлангандан кейингина амалга оширилди.
Учқудуқ тупроғида уран билан бир қаторда рений, молибден, скандий, ванадий, иттрий ва бошқа элементларнинг ҳам мавжудлиги уран конларининг аҳамиятини оширди. Ўрганилаётган ва ўзлаштирилаётган конларнинг мураккаблиги билан боғлиқ муаммолар корхонанинг геологик-геофизик хизмати олдига кўплаб вазифалар (пайдо бўлиш шакллари, минераллашув характери, тарқалиш зоналарини ўрганиш, концентрациянинг ўзгариши чегараларини, ўртача навларни баҳолаш, захираларни ҳисоблаш, боғлиқ компонентлар маъданларининг геотехнологик хусусиятлари)ниқўйганди, энг муҳими - ишончли лаборатория базасини яратишдек катта масъулият юклаганди. Фақатгина замонавий технологиялар билан саноат иқтисодиётини қудратли қилишниниг имкони бўлмаганидек, технологиялардан унумли фойдаланган ҳолда янгиликларга янги режаларга эҳтиёж сезилганди. Ана шу мақсадда, 1980 йилларнинг бошларида Физика-кимёвий лабораторияси техник ва услубий жиҳатдан қайта жиҳозланди, фойдали элементларнинг катта мажмуаси учун рентген-спектрал, спектрал таҳлиллар жорий этилди.
Учқудуқда олтин конларини қидириш ва баҳолаш бўйича қидирув ишларига йўналтирилганлиги, шунингдек, “Кокпатас” кони негизида олтин қазиб олиш комплексини қуриш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги муносабати билан, корхонанинг лаборатория хизматига олтин конструкцияларини таҳлил қилиш усулларини ўзлаштириш ва жорий этиш вазифаси юклатилди. Шу боис, 1990 йил бошида намуналарни таҳлилий таҳлил қилиш учун эритиш печи ўрнатилди, олтин ва кумуш учун намуналарни таҳлил қилиш бўйича атом-абсорбсия усули ўзлаштирилди.
1995 йилда “Марказий” мақомини олган Марказий физика-кимёвий лабораториясида ҳозирги кунда “Кимёвий таҳлил лабораторияси”, “Намуналар тайёрлаш лабораторияси”, “Намуна ва атом-абсорбция таҳлили гуруҳи” ва “Электр жиҳозларни таъмирлаш”, “Геофизик ўлчов воситалари ва уларга хизмат кўрсатиш гуруҳи” фаолият олиб бормоқда. Лаборатория рентген-спектрал, атом абсорбцион ютилиш, олтингугурт экспресс таҳлиллари, иономерлар, намуналарни флотация усулида бойитиш, намуналарни сорбцион цианлаш, микроаналитик ва таҳлил тарозилар, таҳлил лабораторияси, майдалаш ва майдалаш қурилмалари билан жиҳозланган. Лабораториянинг асосий вазифаси келтирилган намуналар таркибидан физика-кимёвий усулда фойдали элементлар миқдорини аниқлаб бериш, турли элементларнинг намуна таҳлилларини амалга оширишдан иборатдир. Ўзбекистон Республикаси мувофиқлаш соҳаси талабларига мувофиқ, саноат маҳсулотларида уран ва олтинни аниқлаш борасида техник асослаш бўйича мувофиқлаштирилди. Шу боис ҳам, ушбу мўъжаз бўлинманинг илмий иш ҳажми, тадқиқотларининг ўзига хос хусусиятлари ва малакали ходимлари мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, Марказий физика-кимёвий лабораториясини кон бошқармаси лаборатория ишларининг ишлаб чиқариш маркази, десак янглишмаймиз. Олтмиш йил давомида конлардан келтирилаётган саноат маҳсулотларининг лаборатория назоратини амалга ошириб келаётган жамоанинг эса интеллектуал салоҳияти ниҳоятда юқори. Бўлинма ходимлари иш услубларини такомиллаштириш билан бирга, берилган топшириқларни аниқ ва сифатли бажарадилар. Бугунги кунда лабораториянингЗебо Аҳмедова, Рамиля Рангова, Умид Давидов, Шоира Каландарова каби илмли, Ойдин Тошниёзова, Светлана Чернишова, Озода Шавозова, Оксана Мусина, Жамила Усманова, Бакиткул Иршимбетова, Дилдора Рахманова, Акмал Аброров каби тажрибали ходимлари, Жамшид Эшмаматов, Мадамин Муҳаммадиев, Мафтуна Низомова, Феруз Қурбонов, Маргарита Жумаева, Мадина Зарипова, Фарид Назаровдек шижоатли ёшлари томонидан атом-абсорбция таҳлили, спектрал таҳлил, кимёвий таҳлил усуллари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Улар томонидан ўтказилган таҳлил ва тадқиқот усуллари геологик қидирувдан тортиб технологиягача бўлган улкан илмий аҳамиятга эга ва ўта масъулиятли жараёнларда кенг қўлланилади.
Марказий физика-кимёвий лабораторияси кичик жамоа, бироқ бу масканда қалблари улкан инсонлар, турли миллат вакиллари бир оиладек аҳиллик ва ҳамжиҳатлик ила фаолият кўрсатиб келишмокда. Афғон урушининг оғир мусибатларини кўрган, тинчликнинг қадрини улуғловчи Шариф Абдиевдаги шукроналик, Яна Чуриковадаги самимийлик, Нилуфар Рахмоновадаги шижоат, Холида Нумановадаги камтарлик, Гулнара Ураковадаги меҳнатсеварлик каби фазилатларни кўрасизу яна ўша жамоа томон беихтиёр интиласиз.
Бўлинма Шимолий кон бошқармасида ўз ўрнига эга, бунинг ортида меҳнатсевар жамоа ва Алишер Ботировдек илмли, одамийлик фазилатлари билан ходимларига ўрнак-намуна бўлувчи инсоннинг ҳиссаси турибди.
Эътибор
Шимолий кон бошқармасида Янги Ўзбекистонга хос равишда янгиланишлар икки-уч йилдан бери авж палласида. Саноат-техника соҳасидан ташқари, таъмирлаш-қурилиш, жиҳозлаш-таъминот, ахборот-маънавият каби тармоқларда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ишлаб чиқариш корхонаси ҳам худди оиладек - таъминотчининг идроки ва саховати ниҳоятда зарур. Хонамиздаги эски стуллардан бири ҳақида ҳамкасбимнинг: “Бу стул мендан катта”, деган ҳазиломуз сўзидан стулнинг “ёши”ни аниқлаб кўрсам, унинг айтганича бор экан. Ўтган йили ана шу “оқсоқол” жиҳозларимизни “нафақага” кузатдик. Хоналаримиз кўркамлашиб, китоблар, ҳужжатлар ва кийимларни сақлаш учун янги, замонавий мебель жиҳозларига эга бўлдик. Таъминотчилар томонидан корхона бўлинмаларига қишки-ёзги кондиционерлар, музлатгичлар, микротўлқинли печлар, телевизорлар, сув куллерлари каби маиший техникалар келтирилди. Амалга оширилган янгиланишлардан худди янги уйга кўчиб кирган кишидек қалбга ажиб хурсандчилик инди. Янгиланиш жараёни тўхтаб қолгани йўқ, бутун кон бошқармаси бўйлаб давом этмоқда.
Ўзининг 60 йиллик юбилейига тайёргарлик кўраётган Марказий физика-кимёвий лабораторияси ҳам Шимолий кон бошқармасининг бошқа бўлинмалари каби янгиланиш ва ўзгаришлардан четда қолмай, ташкил топган қутлуғ сана муносабати билан янги бинога кўчиб ўтиш арафасида. Мен эса, мақоланинг давомини - эътибор ва эътирофнинг қувончини албатта янги бинодан давом эттираман, дея мақолага ҳозирча якун ясайман.
Нилуфар Муйдинова
ШКБ Ахборот ва маънавият-маърифат гуруҳи мутахассиси.