Судланувчи Хурсанд(исм ўзгартирилди) ўзи билан Учқудуқ туманидаги ишчилар ётоқхонасида бирга яшовчи хонадоши Шерзод (исм ўзгартирилди)нинг 4 млн 25 минг сўм миқдордаги пулларни ягона қасд билан 1хбет катализатор иловасида мавжуд бўлган авиатор ўйини орқали кўпайтириб, мўмайгина даромад қилишни ўзига мақсад қилган ҳолда, ўзининг телефон аппаратига ўрнатилган 1хбет шахсий кабинети ҳисоб рақамига ўтказиб олиб мазкур пулларни ўз эҳтиёжи йўлида ишлатиб юборган.
Хўш бу қандай содир бўлди? Минг афсуски судланувчи ҳам, жабрланувчи ҳам бир ишхонада ишлашади. Бир хонада яшашади. Шу учун улар ўртасида деярли сир йўқ эди. Хурсанд Шерзодга қачон ойлик маош тушишини ва уни қачон нималарга ишлатишидан хабардор эди. Ва унинг номига расмийлаштирилган пластик картаси телефонига ўрнатилган қора рангли резена ғилоф ичида телефонни орқа тарафида туришини ҳам яхши биларди. Хонадошининг кундузи ишга кетгани ва телефон аппарати ва пластик картаси уйда қолганидан фойдаланиб унинг картасини шу ўйин дастурига киритиб, бор пулни 1Хбет ўйинларига тикиб ютқизиб қўяди. Ишдан қайтган Шерзод эртасига озиқ-овқат олиш учун магазинга борганида пластигидан пуллар йўқолганини билиб қолади ва ИИБга мурожаат қилади. Ўғри эса ўз хонасида қўлга тушади.
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди судьяси судланувчини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а,б” бандлари билан айбли деб топиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 (икки) йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Баъзида биз ўз мулкимизга беэътибор бўлиб ўзимизга ана шундай зиён етказамиз. Бировнинг жиноят кўчасига бемалол кириб келиши учун эшик очамиз.
Суд материаллари асосида Лайло Каримова тайёрлади