LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

10 Dec 2020

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва U-Report платформаси ёшлар ўртасида сўров ўтказди. Унда ёшларнинг коррупцияга доир қарашлари ҳақида сўралди.

Агентлик хабарига кўра, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 15 507 нафар респондент қатнашган. Уларнинг 30 фоизи – хотин-қизлар.

Коррупция нима?

Сўралганларнинг ярми (53 фоиз) коррупция – пора бериш ва олишдан тортиб, ўғрилик ва ваколатни суиистеъмол қилишга қадар бўлган барча ҳаракатларни ўз ичига олишини қайд этишган.

Шуниси эътиборлики, респондентларнинг 34 фоизи пора бериш коррупция эмас, деб ҳисоблашар экан. 13 фоиз респондентнинг фикрига кўра, коррупцияни фақат пора бериш юзага келтиради.

Коррупцияда ким кўпроқ айбдор?

Бу саволга 70 фоиз респондент ҳам пора берувчи, ҳам пора олувчи, деб жавоб берди. Бу фикрнинг тарафдорлари кўпроқ аёллар бўлди (76 фоиз). Эркаклар эса пора олувчи кўпроқ айбдор деб ҳисоблайди (19 фоиз).

Коррупциянинг 5та асосий сабаби

Респондентлар фикрига кўра, коррупциянинг асосий сабаблари қуйидагилар:

  • иш ҳақи миқдорининг пастлиги (22 фоиз);
  • мансабдор шахсларнинг даромадлари ва харажатлари устидан назоратнинг йўқлиги (15 фоиз);
  • ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги (12 фоиз);
  • давлат хизматчиларининг амалпарастлиги (11 фоиз);
  •  коррупция учун жазо муқаррар эмаслиги (10 фоиз).

Сўров иштирокчиларининг 5 фоизи бу саволни менталитет билан боғлашган.

«Бошқа» вариантини танлаган респондентларнинг 5 фоизи самарасиз давлат бошқаруви, эскирган ҳужжатбозлик тизими, ишламайдиган қонунлар ва номукаммал меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, иқтисодиётнинг яхши ривожланмагани, монополиянинг мавжудлиги ва бошқаларни сабаб қилиб келтиришган.

Охирги 2 йил ичида қайси соҳаларда коррупцияга дуч келгансиз?

Жавоблар қуйидагича бўлди: таълим (21 фоиз), соғлиқни сақлаш (14 фоиз), бандлик (12 фоиз), прокуратура ва ички ишлар органлари (10 фоиз).

Респондентларнинг 18 фоизи сўнгги икки йил ичида коррупция ҳолатларига дуч келмаганлигини таъкидлаган (эркакларга нисбатан кўпроқ аёллар). Қизиғи, респондентлар савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида коррупцияга деярли дуч келмаган.

Коррупцияга дуч келсангиз...

Сўралганларнинг 65 фоизи прокуратура ёки ички ишлар органларига мурожаат қилмаган. Уларнинг 40 фоизи бу бефойда деб ҳисоблайди, 13 фоизи қасос олишларидан қўрқади ва 12 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан бўладиган расмиятчиликлардан қочишади.

Сўров иштирокчиларининг 4 фоизигина прокуратура ва ички ишлар органларига мурожаат қилишган.

Респондентларнинг 41 фоизи коррупция ҳолатлари тўғрисида хабар беришга тайёр эмас: уларнинг 26 фоизи бунга шубҳа билан қарашади.

Коррупция тўғрисида аноним равишда хабар беришга тайёр бўлганлар орасида давлат хизматчилари, олий ўқув юртлари талабалари, таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари кўпроқ, яъни қарийб 36 фоиз.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, коррупция ҳолатлари тўғрисида хабар беришга тайёр бўлганларнинг энг кўпи Сирдарё вилоятида – 28 фоиз, энг ками – Тошкент ва Наманган вилоятида.

Пойтахтда респондентларнинг 40 фоизи коррупция тўғрисида маълумот беришга рози, аммо анонимлик асосида. Бунга ишонмайдиганларнинг аксарияти ва бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди, деб ўйлайдиганлар асосан, Aндижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида — респондентларнинг деярли 30 фоизи.

Коррупцияга гувоҳ бўлсангиз, бу ҳақда қаерга хабар берасиз?

Бу саволга респондентларнинг 28 фоизи «Коррупцияга қарши курашиш агентлигига», 18 фоизи «прокуратура ва ички ишлар органларига», 12 фоизи «блогерларга», 11 фоизи «ҳеч кимга» деган жавобни танлашган.

Баъзилар бу ҳақда ОАВга хабар беришини (7 фоиз) ёки ижтимоий тармоқларда ёзишини билдирган (6 фоиз).

Сўралганларнинг учдан икки қисми коррупцияга қарши чоралар тўғрисида жуда кам маълумотга эга. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш ходимлари коррупцияга қарши чора-тадбирлар тўғрисида энг кам маълумотга эга экани маълум бўлди, яъни уларнинг 44 фоизи «Йўқ» деган жавобни белгилашган.

Кўрилаётган чоралар тўғрисида энг кўп маълумотга эга бўлганлар бу — давлат хизматчилари (47%).

«Тизим шунга мажбур қилади»

Респондентларнинг учдан бир қисми (35 фоиз) мавжуд тизим пора ва танишлар орқали муаммоларни ҳал қилишга мажбур қилади, деб ҳисоблайди.

44 фоизи эса барча ишларни қонун доирасида ҳал қилган яхши, деган фикрда.

Нима қилиш керак?

Коррупцияни камайтириш учун биринчи навбатда нима қилиш кераклиги ҳақидаги саволга 18 фоиз иштирокчининг жавоби – иш ҳақини ошириш керак.

Респондентларнинг 14 фоизи тизимни ўзгартиришни ва жазони кучайтиришни таклиф қилмоқда. Сўралганларнинг 12 фоизига кўра, бюджет харажатларида шаффофлик зарур.

«Агар сиз коррупция ҳолатига гувоҳ бўлсангиз, у ёки бу хизматлар учун ноқонуний равишда сиздан пул талаб қилинса, у ҳолда прокуратуранинг 1007 «Ишонч рақами»га хабар беринг. Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупция фактлари тўғрисида веб-сайт яратиш ва хабар бериш учун ариза қолдириш имконини берувчи илова устида иш олиб бормоқда», – дейилади агентлик хабарида.

10 Dec 2020

Ривожланган давлатлар коронавирусга қарши вакцинани катта партияларда сотиб олмоқда, бунинг оқибатида ривожланаётган давлатларга вакцина етмай қолиши мумкин. Бу ҳақда Би-би-си “Инсонлар учун вакцина альяси”га таянган ҳолда хабар бермоқда. 

Вакцина барчага тенг тарқатилиши ва бепул бўлиши учун кураш олиб бораётган мазкур альянсга Amnesty International, Frontline AIDS, Global Justice Now, Oxfam сингари нодавлат ташкилотлар кирган.

Таҳлиллардан маълум бўлишича, дунё аҳолисининг 14 фоизи яшайдиган ривожланган давлатлар вакцина захиранинг 53 фоизини аллақачон сотиб олган. Бунинг оқибатида 67 та давлатга вакцина етмай қолиши мумкин. 

Ҳозирга келиб бой мамлакатлар Moderna вакцинасининг қарийб ҳаммасини, Pfizer/BioNTech вакцинасининг 96 фоизини сотиб олиб бўлган. Бу давлатлар – Европа Иттифоқи мамлакатлари, АҚШ, Канада, Австралия, Британия ва Япониядир. Канада ҳар бир фуқаросини беш марталаб эмлашга етадиган вакцина харид қилибди. 

Украина, Покистон ва Мьянма эса вакцина тақчиллигига учраши эҳтимол бор: бу давлатларда вакцина ҳар 10 кишидан биттасига етади, холос. 

09 Dec 2020

Айтишларича, Умар ибн Абдулазизнинг қизчалари бир кун ҳузурларига йиғлаб кирди. Ўша пайтда у ёшгина қизча бўлиб, у кун эса ҳайит куни эди.

 

– Сизни нима йиғлатди, – деб сўрайди амирул-муъминийн.

 

Қизлари: "Ҳамма болалар бугун янги кийимлар кийишди, мен амирул-мумининнинг қизи бўла туриб, эски кийимдаман", – дея жавоб қилди.

 

Умар унинг йиғисидан таъсирланиб, Байтул мол хазиначиси олдига бордилар ва унга: "Кейинги ой маошимни менга бериб тура оласизми", дедилар. 

 

Хазинабон: "Нега, эй амирал-муъминийн", деди. 

 

Умар унга бўлган воқеани айтиб бердилар. 

 

Шунда хазинабон: "Мен қаршимасман, лекин битта шартим бор", –деди.

 

Умар: У қандай шарт экан, дедилар. Хазинабон: "Менга кейинги ойгача тирик қолиб, олдиндан олмоқчи бўлган маошингизни тўлаб бера олишингизга кафолат беринг!" – деди. 

 

Умар уни қолдириб, уйларига қайтдилар.

 

Фарзандлари: "Отажон, нима бўлди", деб сўрашди. 

 

Умар: "Ё сабр қиласизлар ва ҳаммамиз баробар жаннатга кирамиз, ёки сабр қилмайсизлар ва отангиз дўзахга киради".– дедилар. Шунда болалари: "Сабр қиламиз, отажон!" дея жавоб қилишди.

 

Қанийди, бизда ҳам мана шу учлик бўлганда эди: Умар, хазиначи ва Умар болалари...

 

Мубашшир Аҳмад

09 Dec 2020

Kanada buyurtma qilingan koronavirusga qarshi vaksinalar soni bo‘yicha dunyoda yetakchilik qilmoqda. Meduza’ning yozishicha, bu haqda ochiq ma’lumotlar asosida vaksina tashuvlarini kuzatib boruvchi o‘z trekeriga tayanib, Bloomberg xabar berdi.

Qayd etilishicha, Kanadada 153,9 million kishini (mamlakat aholisining 410 foizi) emlash uchun vaksina yetkazib berish bo‘yicha shartnomalar mavjud. Buyurtma qilingan vaksinalar soni bo‘yicha ikkinchi o‘rinda Buyuk Britaniya (o‘z aholisining 295 foizini emlashi mumkin), uchinchi o‘rinda esa Avstraliya (aholisining 269 foizini emlay oladi).

Kanadada turli ishlab chiqaruvchilarning, xususan, Moderna va Pfizer/BioNTech kompaniyalari vaksinalaridan foydalaniladi. 7-dekabr kuni Kanada bosh vaziri Jastin Tryudo emlashlar kelasi haftadan boshlanishi mumkinligini ma’lum qilgan.

Bloomberg ma’lumotlariga ko‘ra, Rossiyada 80 million kishini (mamlakat aholisining 55 foizini), AQShda — 455 million kishini (mamlakat aholisining 139 foizini) emlash uchun vaksinalar yetkazib berish bo‘yicha kelishuvlar mavjud.

7-dekabr kuni The Washington Post manbalarining xabar berishicha, hozirda kovid vaksinasining eng yirik yetkazib beruvchisi bo‘lgan Pfizer kompaniyasi Amerika hukumatiga kelasi yil yozigacha mamlakatga qo‘shimcha 100 millionta doza vaksina yetkazib bera olmasligini ma’lum qilgan. Bunga Pfizer’ning boshqa mamlakatlar hukumatlari bilan ham shartnoma tuzgani sabab bo‘lgan.

 

Koronavirusga qarshi Pfizer vaksinasini butun dunyo bo‘ylab tarqatish noyabr oyi oxiridan boshlandi. Britaniya dunyoda birinchi bo‘lib ushbu kompaniya vaksinasidan foydalanishni ma’qulladi. Pfizer 2020-yil oxiriga qadar, oldinroq rejalashtirilganidek, 100 million emas, balki 50 million doza vaksina ishlab chiqara oladi.

JSST 2021-yilning birinchi choragida koronavirusga qarshi 500 million doza vaksina tarqatish niyatida.

09 Dec 2020

“Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

2021 йил 1 апрелдан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлар барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади. 

Бунда:

ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ва баҳолаш инсон омилисиз, тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда амалга оширилади;

имтиҳонлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакилининг бевосита ёки онлайн назорати остида ўтказилади;

имтиҳонларни ўтказиш бўйича хизматлар учун тўловлар миқдори тадбиркорлар томонидан мустақил равишда белгиланади ҳамда келиб тушадиган маблағлар тўлиқ ҳажмда унинг тасарруфида қолади;

назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун асос бўладиган махсус ҳимояланган сертификатлар берилади;

махсус ҳимояланган сертификатларнинг барча зарур реквизитлари тадбиркор томонидан давлат хизматлари марказлари ва ички ишлар органларига автоматлаштирилган ҳолда тақдим этилади.

09 Dec 2020

Ўзбекистон президенти “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабарига кўра, 2021 йил 1 февралдан илк бор судьялик лавозимига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнлари интернет тармоғи орқали онлайн тарзда ёритиб борилади.

Судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур ишлаб чиқилади.

Судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилади.

Судьялар Олий кенгаши тузилмасида Судьялар дахлсизлиги ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси тузилади.

Фармон билан суд ҳокимияти мустақиллигини янада кучайтириш, судьялар дахлсизлигини таъминлаш ҳамда тизимда коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

 
08 Dec 2020

Сўнгги икки йилда 1986 нафар мансабдор шахс ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм зарар етказган ва коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Конституциянинг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригида айтилди.

“Тараққиёт кушандаси бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозим. Сўнгги икки йилда ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм зарар етказган 1986 нафар мансабдор шахс коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилгани бу масала нақадар долзарб эканини кўрсатади”, - дея таъкидлаб ўтди давлат раҳбари.

Маълум қилинишича, мазкур йўналишдаги ишларни тизимли ва комплекс давом эттириш учун 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси устида иш олиб борилмоқда.

“Шу ўринда яна бир бор таъкидлаб айтаман: бу масала биз учун ўта муҳим ва устувор вазифа бўлиб қолади. Чунки коррупция – бу давлатимизни ич-ичидан емириб, миллий хавфсизлигимизга рахна соладиган ғоят хатарли таҳдид ва унга қарши муросасиз кураш олиб бориш – барчамизнинг бурчимиздир”, - деди Шавкат Мирзиёев. 

08 Dec 2020

Куни кеча Учқудуқ туман ҳокими, 1 сектор раҳбари С.Ф. Ҳамраев тадбиркорлар билан навбатдаги сайёр қабулини ўтказди.
Сайёр қабулда тадбиркорлар томонидан, ер масаласи, солиқ имтиёзларини қуллаш бўйича кадастр хизмати, кредит ва бошқа масалалари бўйича мурожаатлар қилиниб, уларнинг ҳар бири алоҳида назоратга олинди.
Сектор раҳбарлари, мутасаддилар иштирок этган сайёр қабулда тадбиркорлар томонидан қилинган 20 дан ортиқ мурожаатлар тегишли мутасаддилар томонидан назоратга олиниб, уларни қаноатлантириш чоралари кўрилди.
Сайёр қабулда мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди, айримларига қонуний тушунтириш берилиб, муддат талаб қиладиганлари эса тегишли масъуллар томонидан ўрганиб чиқилмоқда.

556

08 Dec 2020

АҚШ давлат котиби Майкл Помпео томонидан эълон қилинган хабарда айтилишича, Ўзбекистон диний эркинлик бўйича «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан (Special Watch List) чиқарилди.

«Сўнгги бир йил ичида ҳукуматлари эришган муҳим, аниқ ютуқларга асосланиб, Судан ва Ўзбекистон махсус кузатув рўйхатидан чиқарилганлигини эълон қилишдан мамнунман. Уларнинг қонунлари ва амалиётдаги жасоратли ислоҳотлари бошқалар учун ўрнакдир», - дейилади Майкл Помпеонинг хабарида.

 

Ўзбекистон 2018 йилда диний эркинлик бўйича алоҳида хавотирдаги мамлакатлар рўйхатидан чиқарилди. Мамлакат 2006 йилдан бери ушбу рўйхатда қолиб келаётганди.

 

Хабарда айтилишича, АҚШ диний эркинликнинг бузилиши сабабли Тожикистон ва Туркманистонни алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган давлатлар қаторига киритган. 

 

Қора рўйхатга Бирма, Эрон, Хитой, Шимолий Корея, Нигерия, Покистон, Саудия Арабистони ва Эритрея ҳам киритилган. Ушбу мамлакатлар 1998 йилги Халқаро диний эркинлик тўғрисидаги қонунга биноан «диний эркинликнинг мунтазам ва қўпол равишда бузилиши» туфайли алоҳида хавотирга сабаб бўлмоқда, деди Давлат департаменти раҳбари.

 

Россия, Комор ороллари, Куба ва Никарагуа махсус кузатув рўйхатига киритилган, чунки ушбу мамлакатлар ҳукуматлари «диний эркинликни жиддий бузган», дея тушунтирди АҚШ Давлат департаменти.

 

Помпеонинг хулоса ўрнида маълум қилишича, АҚШ «бутун дунё бўйлаб диний сабабларга кўра юз бериши мумкин бўлган таъқибларни тўхтатиш учун тинимсиз ҳаракат қилишда давом этади».

08 Dec 2020

 

Халқнинг бугунини билиш учун унинг ўтмишига назар ташланади. Қадриятларни белгиловчи мезон — бу, ўтмиш ёдгорликлари бўлиб, уларга санъат, маданий ва тарихий ёдгорликлар каби маънавий ва моддий бойликлар киради. Бу бойликлар ҳар бир халқ томонидан ардоқланиб сақланади, меҳр-муҳаббат билан ўрганилади. Шу туфайли ёш авлод ўзлигини тушуна боради. Хўш, биз, ўзбеклар, бебаҳо ёдгорликларимизни сақлай олдикми, ёш авлодларга етказа олдикми? Шу хусусда бир мулоҳаза юритиб кўрайлик.

Ўрта Осиё қадимдан ўз заминида бебаҳо моддий ва маънавий ёдгорликларни яратди. Хусусан, дунёга машҳур самонийлар, ғазнавийлар, аштархонийлар, Темур ва темурийлар, шунингдек, Улуғбек, Бойсунқур Мирзо, Ҳусайн Бойқаро, Хива хони Муҳаммад Раҳим, Қўқон хонлари Умархон, Нодира даврида бебаҳо кутубхоналар яратилди. Бу кутубхоналарнинг довруғи Оврупо, Осиё, қолаверса, бутун жаҳонга таралди.

XV асрдан бошлаб Ўрта Осиё — Турон ўлкаларига Оврупо сайёҳлари, элчилари, савдогарларининг келиши кўпайди, нодир қўлёзма ва моддий ёдгорликларни олиб кетиш кучайди. Бу жараён айниқса XIX асрга келиб жуда авж олди. Ташаббус Туркистон босиб олингандан сўнг, Русия қўлига ўтди. Савдо ва иқтисодий алоқалар ривожида маданий ёдгорликлар ва қўлёзмалар тўплаш асосий мақсадга айланди.

Петербург Осиё музейининг директори, шарқшунос олим X. Д. Френ 1834 йили Ўрта Осиёдан излаб топилиши мумкин бўлган шарқ муаллифларига мансуб «Юз асарнинг хронологик рўйхати»ни тузиб чиқди.

Оренбург божхонасига савдогарлар йўллаш ва кўрсатилган қўлёзмаларни Петербургга юбориш ҳақида фармойиш берилди. Бу вазифа буюрилганидан ҳам «аъло» даражада бажарилиб, Петербургга қўлёзмаларимиз «оқиб» кела бошлади. Бу, Ўрта Осиё моддий ва маънавий ёдгорликларининг четга чиқиб кетишининг биринчи босқичи эди. Шу даврдаёқ Оврупо давлатлари ва Русиянинг подшо саройлари ва кутубхоналарида Туркистон ёдгорликлари пайдо бўла бошлади.

Туркистонни забт қилиш даврида моддий ва маънавий хазиналаримиз рус қўшини томонидан ваҳшийларча таланди. 1869 йили Самарқанддан куфий хатида ёзилган VII асрга оид муқаддас китоб — «Усмон Қуръони» ва Шоҳизинда мақбарасининг дарвозаси генерал фон Кауфман томонидан Ҳазрат Олийга совға қилинди. Сон-саноқсиз бойликлар, қўлёзмалар Петербургга жўнатилди. 1870 йили эса Шаҳрисабз ва Китоб бекликларида 97 қадимий нодир қўлёзмалар қўлга киритилди.

Хива хонлигини талаш «илмий» асосда ташкил қилинди. Бу ишга Петербургдаги йирик шарқшунос олимлар Петербургга жўнатилди. 1870 йили эса Шаҳрисабз ва Китоб бекликларида 97 қадимий нодир қўлёзмалар қўлга киритилди.

Хива хонлигини талаш «илмий» асосда ташкил қилинди. Бу ишга Петербургдаги йирик шарқшунос олимлар ва Русия императорлиги Жуғрофия жамияти бош-қош бўлди. Шарқшунос олим П. И. Лерх хонликда нималарга эътибор бериш ва йиғиш ҳақида дастур ишлаб чиқиб, Туркистон генерал-губернаторлигига юборди. Босмахона йўли билан чоп этилган бу кўрсатманома аскар ва офицерларга тарқатилди. Унда Туркистон шаҳарлари, хонлик ерларидан йиғилажак қўлёзма, танга, муҳр, амалий санъат намуналари, осори атиқалар, маҳаллий ҳунармандларнинг юксак санъати мужассамлашган буюмлар, ипак гиламлар, ўймакорлик билан ишланган мис асбоблар, эгар-жабдуқлар, заргарлик, сопол буюмлари, айниқса қимматбаҳо тошлар билан безатилган қилич, пичоқлар ва бошқалар кўрсатилган эди. Хива хони шошилинч равишда қочган бўлиб, сарой ва хазина мулки босқинчилар ихтиёрига қолган эди. Шарқшунос олим А. Л. Куннинг кўрсатишича, Хивага юриш кўп қимматли хазиналарни қўлга киритиш билан якунланди. У саройдан олинган қимматли буюмлар рўйхатини ҳам тузган. Ўлжага олинган хон хазинасининг тафсилоти ҳақида шоир ва тарихчи олим Баёний ўзининг «Шажараи Хоразмшоҳий» асарида батафсил баён қилган.

Бу бойликлар нималар эди ва улар қаерга жўнатилди, ҳозир қаерда? Шу саволларга қисқача жавоб берамиз.

а) Саройдан олинган хон архиви 5000 дан ортиқ ҳужжатлардан иборат бўлиб, булар олтин ҳал билан битилган фармонлар, хон ёзишмалари, битимлар матни, Хива ва Қўқон хонлигининг иқтисодий ва сиёсий ҳаётига оид бой ҳужжатларни ўз ичига олган.

б) 300 дан ортиқ нодир қўлёзмалар араб, форс ва ўзбек тилларидаги асарлардан иборат эди. Булар орасида миниатюралар билан безатилган хаттотлик санъатининг дурдоналари ҳам кўп эди. Бу қўлёзма ва ҳужжатлар Петербургдаги император кутубхонасига (ҳозирги Салтиков-Шчедрин номли Ленинград Давлат кутубхонасида Ўрта Осиёдан келтирилган ўлжалар асосида шарқ қўлёзмалар фонди ташкил қилинган) жўнатилди.

в) Моддий ёдгорликлардан беҳисоб қимматбаҳо нодир санъат ва маданият дурдоналари ўлжа олиндики, булар Петербург ва Москва музейларини мисли кўрилмаган даражада бойитиб юборди. Булар орасида Хива хонининг тахти бўлиб, уни илмий тавсиф этган рус олими В. В. Стасов: «Бу тахт Хива усталарининг маҳорат чўққиси, яъни металлга гул солиш санъатининг бетакрор маҳсулидир», деган эди. Бу тахт 1874 йилда Москвадаги Оружейное палатасига топширилган, ҳозир ҳам ўша ерда, дунё кўргазмаларида кўрсатилган. Ўлжалар ичида танга зарб қилинадиган қолиплар, олтин ва кумушдан ишланган 25 хон муҳри, 200 дан ортиқ қадимий тангалар (асосан Темурийлар даврига оид), кўплаб олтин-кумушдан ишланган тақинчоқлар, заргарлик буюмлари, беҳисоб туркман ипак гиламлари, хитой чиннилари, қурол-аслаҳалар, кийим-кечаклар бор эди. Хива хони девонбегиси Матмуроднинг уйидан икки сандиқ заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо тошлар ташиб кетилган. Бу нарсалар Петербург ва Москва музейларига — Эрмитаж, Царьское село арсенали (қурол-яроқхонаси), Москвадаги Политехника ва Этнография музейлари, бошқа жойларга жўнатилди.

Олинган ўлжаларнинг муайян қисмини рус офицерлари, улуғ князь Романов ва бошқалар Тошкентга келиб ким ошдига пуллашди.

Ўлкадаги бир гуруҳ рус амалдор ва зиёлилари Петербург шарқшуносларининг бевосита илмий раҳбарлигида ва маҳаллий ёдгорликларни йиғувчилар (коллекционерлар) ёрдамида бу ерда энг қимматли нодир қўлёзмалар, санъат ва маданият ёдгорликларини ташкилий равишда марказга жўната бошлади. Петербургдаги йирик олимлар Туркистонга бир неча бор бир-икки йил муддатга келиб, ўлкадаги рус олимлари ва коллекционерлар ёрдамида ҳар тарафлама текшириш ўтказиб, ишни археологик қазилмалар ва бетакрор мақбара ва мадрасалардан бошлашди.

Масалан, Н. И. Веселовский Афросиёбда 4 ой ишлаб террекот ва оссурийлар коллекциясини тузди. Қабрлар устидаги ёзувлар билан ҳам қизиқиб, Гўри Мир, Хўжа Аҳрор, Аҳмад Яссавий қабрларини текширди. Бу талончи олим 1895 йили Амир Темур мақбарасининг нафис безакли, нақшинкор дарвозасини Петербургга олиб кетади (ҳозир Эрмитажда). Мақбара ғарбидаги эшик ҳам ўғирлаб сотилади (ҳозир Лондондаги Виктория музейида сақланади). 1903 йили эса Амир Темур мақбарасидаги ойна қўпориб олинади ва император Александр III музейи учун Петербургга жўнатилди. 1905 йилда эса шу мақбара пештоқидаги ёзувли лавҳа ўғирланди (ҳозир чет элдан Эрмитажга келтирилган). Бу лавҳада «Жаҳонгир Амир Темур Қўрагоннинг қабри, худо уни раҳмат қилсин ва абадий жаннатда бўлсин» деган ёзув битилган. Қабртош устидаги битиклар, Ишоратхона, Бибихоним масжиди, Улуғбек мадрасасининг деворларидан кўчириб олинган нақшинкор парчалар, лавҳалар, кошинлар (ҳаммаси 9 сандиққа жо бўлган), Амир Темур ва Аҳмад Яссавий мақбаралари ичидаги олтин-кумуш аралашмасидан ясалган шамдонлар, Амир Темур мақбараси шифтидаги олтиндан ясалган юлдузсимон шаклли қандиллар ва қурол-аслаҳалар ҳам олиб кетилди. Веселовский ёрдамида Эрмитажнинг нумизматика ва бошқа фондлари Ўрта Осиёдан борган беҳисоб ёдгорликлар билан бойиди.

1883 йили Эрмитажга жўнатилган буюмлар ичида 1202 этнографик буюмлар, 1168 қадимий олтин-кумуш тангалар бўлиб, булар Ўрта Осиёнинг 30 дан ортиқ ҳукмдор сулолаларига, оид, яъни Бақтрия давлатидан то XVII асргача бўлган даарни ўз ичига олади. Дукчи эшон қўзғолони бостирилгандан сўнг унинг кутубхонаси мусодара қилиниб, Тошкент кутубхонасига берилади. Аммо кўп ўтмай, 1899 йили Петербургдан В. А. Жуковский томонидан қўлёзмалар рўйхати тезда жўнатилиши ҳақида топшириқ келади. Оқибатда 1900—1902 йилларда 194 нодир қўлёзмалардан иборат бу кутубхона Петербургга жўнатилади, унда Ғиёсиддин Алининг «Темурнинг Ҳиндистонга юришлари кундалиги» ва «Чингизнома» каби қўлёзмалар бор эди.

Рўйхатга кирган қадимий буюмлар ичида Самарқанддан олинган Юнусов, Ҳожи заргар, Мирза Бухорий, Акрам Асқаров ва бошқаларнинг коллекциялари бор. Тошкентлик ёдгорликлар мухлиси Акром Асқаров Париждаги илмий археология жамиятига аъзо бўлиб, ўзининг умр бўйи тўплаган коллекциясини ҳукуматга топширишни васият қилган. Коллекциянинг катта қисми — 14 000 танга, 200 та қимматбаҳо нодир ёдгорлик буюмлар Туркистон генерал-губернатори А. Б. Вревский фармойиши билан Петербургдаги императорлик археология комиссияси ихтиёрига жўнатилган ва Эрмитажга топширилган. Йирик коллекционерлардан самарқандлик Мирза Бухорий 1202 осори-атиқа буюмлар, 11 тилла, 77 кумуш танга, 18 та муҳр ва бошқаларни Веселовскийга берган. У Петербургга 6 яшик қадимий танга ва нодир ёдгорликларни ҳам юборган. Бухорий уларга ҳеч қандай нарх қўймайди, балки бу топилдиқларни комиссия лозим топган мукофот эвазига хазина фойдасига топшириш истагини билдирган. У ҳаммаси бўлиб жўнатган 6300 осори-атиқаларнинг бир қисми Эрмитажга, қолганлари Осиё музейига топширилган. Самарқанддаги Шайбонийхон мадрасасининг мударриси бўлган Абу Саид Маҳсум Н. И. Веселовский ва В. В. Бартольд экспедицияларида қатнашди.

Биз юқорида қайд қилган ёдгорликларнинг ҳаммаси босиб олинган Туркистон ҳудудида мусодара этилган ва ўлжа сифатида қўлга киритилиб, марказга юборилгандир. Шундай экан, юқорида санаб ўтилган барча бойликлар, тарихий ёдгорликлар, қўлёзмалар, коллекциялар ўз қонуний эгаси бўлган ўзбек халқига қайтарилиши зарур.

Суверен Ўзбекистон давлатининг раҳбарияти ҳам бу масалани Москвадаги раҳбарлар олдига қўйиши ва ўзаро келишув асосида бойликларимизни қайтариб олиб келишга бурчлидирлар.

Ахир урушдан сўнг Дрездендан ташиб кетилган нодир расмлар коллекцияси ўз эгаларига — немис халқига қайтарилди-ку!

1917 йил октябридан сўнг Туркистон ўлкасининг мусодара қилинган бу бойликлари Москва ва Петербургдаги давлат фондига жўнатилди, Бу фонд 1923 йилда жамғариш ишларини якунлаб, бутун мамлакат бўйлаб мусодара қилинган 254200 дона осори-атиқани Москва ва Ленинград музейларига бўлиб берган. Шунингдек, Бухоро амири саройи, арки, Ситораи Моҳи хоса ва амалдорлар қўлида тўпланган, Хива хони ҳамда унинг бекликларида йиғилган бойликлар ва Оқ уйдаги (Тошкент) совғалар ҳаммаси Москвадаги давлат фондига жўнатилган. 1918 йили князь Николай Романов саройи Халқ музейига айлантирилгач, унга давлат фондидан 100 дона экспонат юборилган.

Бутунроссия мусулмонларининг мурожаати туфайли, В. И. Лениннинг кўрсатмаси билан Петербургга чоризм томонидан олиб кетилган (1869 йили) Усмон Қуръони қайтариб берилди. Бу хайрли иш кейинчалик тўхтаб қолди. Шунга қарамай, Туркистон АССР Халқ Комиссарлари Кеигаши 1921 йил 31 июлда халқнинг маданий хазинасини йўқотиш хавфининг олдини олиш мақсадида санъат асарлари, қадимги ёдгорликлар ва илмий коллекцияларни чет элга олиб кетишни тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди. Бу қарор кейинчалик унутилди. Музейларимиз томонидан мисқоллаб йиғилган ночор фондлар юқоридан берилган номаъқул буйруқлар туфайли сийраклашиб борди. Масалан, 1941 йил 2 октябрида жумҳурият наркомпросининг № 1573 буйруғига кўра Ўзбекистон халқлари тарихи музейи фондидан Ўрта Осиё хонликларига оид 100 га яқин олтин-кумуш тангалар, заргарлик буюмлари (ҳаммаси бўлиб 5—6 кг олтин-кумуш) Эрмитаж ходимининг иштирокида олиб кетилади. Совет давридаги бундай «босқинчилик» нафақат Тошкент, балки Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Қўқон музейларида ҳам авжига чиқди.

Иккинчи масала. Ўзбекистон жумҳуриятининг заминида дафиналар, ёдгорликлар яшириниб ётибди. Буларни кўпинча археологлар қидириб топади, гоҳида ер қазиш пайтида кишилар ногаҳон қимматбаҳо дафинага дуч келишади. Олтин, кумуш, мис, темир танга солинган хумлар топиб олингани ҳақида матбуотда ёзиб турилади. Бироқ улар тарих музейларига эмас, Москвага (Госхранга) юборилади. Яна шуни айтиш керакки, Ўзбекистон ҳудудида ишлаётган, марказдан келган археологик экспедициялар ҳам топилмаларни ҳар доим жумҳуриятда қолдиряпти деб бўлмайди.

Таклифим: Ўзбекистон жумҳурияти Олий Кенгаши қошида «Мерос» комиссияси ташкил қилиниши керак. Бу комиссияга йирик шарқшунос, тарихчи, археолог, адабиётчи олимлар, музей ва архив ходимлари, маданият арбоблари, ёдгорликларни сақлаш жамиятлари, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академиясидан вакиллар кириши керак. У аввало барча ёдгорликлар рўихатини тузиши зарур. Қайси мамлакат музейлари ва кутубхоналарида улардан қандай фойдаланилмоқда? Истанбул, Қоҳира, Вена, Лондон, Париж, Деҳли, Теҳрон кутубхона ва музейларидаги ёзма ёдгорликларимизнинг тўла рўйхатини тузиш ва улардан нусхалар, микрофильмлар кўчириб келиш лозим. Россиянинг марказий шаҳарларига 150 йил мобайнида ташиб кетилган ёдгорликларимизнинг тўлиқ рўйхати тўпламини тузиш ва шу тўплам асосида унинг каталогини яратиш зарур. Бу улкан иш биринчи босқич бўлиб, ёдгорликларни ўз юртимизга қайтаришга замин тайёрлайди.

©Нафиса Содиқова, тарих фанлари доктори.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: