Hokimiyat matbuot xizmati
3- Гидрометаллургия заводининг 26-йиллигига бағишланади
Кон-металлургия саноатининг равнақи ва қудрати илғор технологияга эга бўлиши билангина эмас, балки уни муттасил такомиллаштириш ва кадрлар салоҳиятига ҳам боғлиқ бўлади. Бугун комбинат тизимида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциялашуви жараёнида янги инновацион ғояларга асосланган стратегик лойиҳалар жорий этилаётганлиги ўзининг юксак самарасини бермоқда.
Шимолий кон бошқармасининг 3-Гидрометаллургия заводидаги янгиланишлар бунинг яққол далилидир.
Бундан 26 йил олдин, яъни 1995 йил 14 июнь куни мамлакат иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлган 3- Гидрометаллургия заводининг биринчи босқичи ишга туширилди. Мустақилликнинг илк йирик иншоотини фойдаланишга топшириш оламшумул воқеага айланди.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Навоий кон-металлургия комбинатининг 2017-2026 йиллар мобайнида қимматбаҳо металларни ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган дастурлар доирасида 3- Гидрометаллургия заводида ҳам қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилди.
Жумладан, Кокпатас ва Даугизтау олтин конлари маъданларини қайта ишлаш технологиясини янада такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа “Ўзгеорангметлити” институти ҳамда Германиянинг “Инжиниринг Доберсек” компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилди. Якунида, умумий қиймати 114 миллион евро маблағлари эвазига бунёд этилган юқори технологик мажмуаси, фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи фойдаланишга топширилди. Ушбу мажмуанинг лойиҳалаштириш ишларида иштирок этган комбинатимизнинг муҳандис-технологлари, олимларининг кон-металлургия саноатида катта ўзгаришларни бошлаб беришига ишонишгани, мажмуанинг салобати ва иқтисодий аҳамияти билан янада яққолроқ намоён бўлди.
Объектнинг қурилишида иштирок этган бутун комбинат ишчи-ходимлари бу борада катта тажрибага эга эканликларини амалда исботлашди. Юқори технологик ечимларга эга ушбу мажмуа 3-Гидрометаллургия заводининг олтинга бой маъданларини қайта ишлаш имкониятини янада оширди. Янги лойиҳа амалга ошиши эвазига қўшимча 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Бугун заводда дунё кончилик амалиётидаги ноёб ва мураккаб технология – сульфидли маъданларни бактериал оксидлаш орқали олтин ажратиб олиш самарали эканлиги ўзини исботлади. Эътиборли жиҳати, ушбу ноёб технологияни ишлаб чиқаришга тез ва сифатли татбиқ этилишида илмий изланишларни олиб борган Улуғбек Эргашев техника фанлари йўнилишида докторлик ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Олимнинг ишлаб чиқариш ва фан уйғунлигида олиб борган илмий изланишлари хорижнинг кўплаб илмий-оммабоп журналларида чоп этилган ва катта қизиқиш билан мутолаа қилинган.
Яқин келажакда заводда ишлаб чиқариш қувватини ошириш, ҳар бир цехни сўнгги технологиялар билан қайта жиҳозлаш доимо устуворлик касб этади.
Флотация цехининг ишлаб чиқариш кўрсатгичларини яхшилаш мақсадида, флотация занжирларининг 1 ва 2 - сонли назорат қилиш блокларидаги “RCS” аэроционли, яъни ҳаво тақсимлагич мажмуалари, замонавий “РИФ” мажмуасига алмаштирилди. Пировардида занжирлардаги флотацион қурилмалар илк бор сўнгги авлод технологиялари асосида қайта тикланди.
Бутун дунё биооксидлаш жараёнида бўтана кўпикларининг реакторлардан тошиши глобал муаммо бўлиб келаётган даврда, 3-Гидрометаллургия заводининг муҳандислари бу муаммони ечиш йўлида кўпгина изланишлар олиб бориб, сўндириш тизимини ишлаб чиққан ҳолда ушбу муаммога чек қўйишди.
Сорбция жараёнида суюқликдан олтинни ажратиб олиш схемаси такомиллаштирилди ва кенгайтирилди.
Ишлаб чиқаришда қайта ишланган флотация чиқиндиларини қуюқлаштириш жараёни такомиллаштирилди.
Янги инвестицион лойиҳа асосида қурилган 2019 йилда ишга туширилган фильтрлаш қуритиш ва куйдириш цехи бугунги кунда ишлаб чиқариш бўйича давлат дастурини бажаришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Эътиборлиси, янги мажмуа ишга туширилганидан сўнг, тайёр маҳсулот ажратиб олиш даражаси 12,4 %, тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳажми эса 8,7 % ошди.
Ўтган 2020 йилда маъданни қайта ишлаш режасининг бажарилиши 102,4 % ташкил этди. Тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш режасининг бажарилиши 103,7 % ташкил этди. Таъкидлаш жоизки, тайёр маҳсулот ажратиб олиш қўрсатгичи 2019 йил билан солиштирганда 12,4 % га ошди.
2021 йил учун инновацион ривожланиш дастурини бажариш мақсадида, қуюлтириш, саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва реагентларни тайёрлаш цехида, Ц-100 қуюлтиргичларни такомиллаштириш ишлари ўтказилди. Бунинг учун Ц-100 №2 қуюлтиргичнинг конструкциясига ўзгартиришлар киритилди. Бу қуюлтиргич унумдорлигини оширишга ва флотация чиқиндиларини битта қуюлтиргич билан ишлашга имкон берди. Ушбу ўзгариш натижасида, 1-сонли Ц-100 қуюлтиргичи флотация схемасидан чиқарилиб, биооксидланиш цехининг нейтралланган чиқиндиларини қуюлтиришига ўтказилди.
Натижада, қуюлтириш схемасини такомиллаштириш, қуюлтириш жараёнининг самарадорлигини оширишга ва чиқиндилар билан чиқиб кетадиган сувларнинг ҳажмини камайишига олиб келди, яъни заводнинг ишлаб чиқариш жараёнлари учун сув сарфини тежашга имкон берди.
Юқорида кўрсатилган инновацион ривожланиш дастурига асосан, биооксидланиш цехида Ц-36 қуюлтиргичининг конструкциясига ўзгартиришлар киритилди ва чиқинди сувларни тозалаш схемаси ишга тушурилди. Бугунги кунда ушбу схема фильтрлаш қуритиш ва куйдириш жараёнига бериладиган маҳсулотнинг сифатини оширишга имкон берди. Чиқинди сувларни тозалаш бўйича ишлар давом этмоқда.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг мос даврида маъданни қайта ишлаш хажми 100,8 % га, олтинни ажратиб олиш даражаси 101,1 % га, тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳажми эса 101,4 % га бажарилди.
Замонавий технологияларни жорий этиш асосида маҳсулот ҳажмини кўпайтириб бориш баробарида ижтимоий масалаларни ҳал қилиш ҳам завод раҳбариятининг диққат марказида бўлмоқда. Барча участкаларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ишчи-хизматчиларнинг кучи билан корхона ҳовлиси ва атрофида бунёд этилган фавворалар корхона ҳудудига алоҳида кўрк бағишлаб турибди.
Завод ҳудудида анча йиллардан бери фойдаланилмай келинган икки қаватли бино капитал таъмирдан чиқарилиб, ошхонага айлантирилди. 500 ўринли замонавий ошхона биноси иккита овқатланиш зали ва хизмат хоналаридан иборат.
Объектни капитал таъмирлаш, қайта қуриш ва жиҳозлаш учун 6,5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Заводга келиб кетувчи меҳмонлар, ишчи-ҳодимлар учун муҳташам атриум барпо қилинган. Атриумда ишчи-ҳодимларнинг хордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ёзда салқин, қишда иссиқ бўлиб, қушлар, балиқлар ва ҳар хил гуллар парваришланмоқда. Оғир иш кунидан кейин шахмат-шашка доскаларида дона сураётган корхона ишчи-ходимларига бу ақл чархи ўйини юқори кайфият улашмоқда.
Бу ерда жойлашган мониторларда эса завод цех ва бўлинмалардаги иш жараёнидан ҳикоя қилувчи лавҳалар намойиш этиб борилади.
Катта - кичик фавворалар, жонли табиат бурчаклари, иккита катта аквариумда сузиб юрган балиқлар албатта ишдан кейин ишчи-ходимларнинг чарчоғини бирмунча унуттиришга ёрдам беради.
Китоб ҳамма даврларда инсон маънавиятини шакллантириш, тафаккурини бойитиш, уни комилликка етаклаш воситаси бўлган ва шундай бўлиб қолаверади. Китоб мутолааси тарғиботи доирасида мўъжазгина кутубхонаси ташкил этилгани яна бир қувончли ҳолдир.
Бу ерда ўтказилган “Ҳар бир ишчига – битта китоб” акцияси доирасида бугун 3 500 дона бадиий, сиёсий ва техник китоблар жамланган. Ишчи-ходимлар ихтиёрида бўлган мазкур кутубхона уларнинг севимли масканларидан бирига айланган.
Шу билан бирга завод бошқармасида 30 ўринли маънавият ва маърифат хонаси ташкил этилган. Бу ерда шонли саналар, буюк алломаларимизнинг таваллуд кунларига бағишлаб турли маънавий-маърифий тадбирлар ва давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.
Бундан ташқари, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз устларида ишлаши учун қулай шарт шароитлар яратиш мақсадида барча қулайликларга эга ёшлар хонаси ва ёш кашфиётчилар хоналари ҳам фаолият олиб боради.
Барчангизни олтин корхонанинг 26 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Сиз, шарафли касб эгаларининг кенг миқёсли вазифаларни муваффақиятли адо этишдаги ғайрат-шижоатингиз, ишлаб чиқариш режаларини бажариш ва қўлга киритилаётган ютуқларга қўшаётган беқиёс ҳиссангиз ҳар қандай эътирофга арзигулик. Фурсатдан фойдаланиб, фидокорона меҳнатингиз ва заводимиз шуҳратини ошириш йўлидаги хизматларингиз учун сизларга миннатдорчилигимни изҳор этаман.
Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий тинчлик-хотиржамлик ҳамда заводимиз равнақи йўлидаги шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман!
Шуҳрат НАРБАДАЛОВ,
ШКБ 3-Гидрометаллургия заводи директори.
Бугунги кунда ёшларга оид давлат сиёсати — давлат томонидан амалга ошириладиган ҳамда ёшларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш ва уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратилишини назарда тутадиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизимини амалга ошириб келмоқда. Шундай чора-тадбирлардан бири бу ишсиз ёшлар учун ишлаб чиқилган "Ёшлар дафтари"дир.
Учқудуқ туманида “Ёшлар дафтари” га киритилган ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди. Очиқ мулоқот “КЕLАJAК” ёшлар марказида ўтказилиб, унда “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси Атаев Камолиддин Райимжонович, Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармонович иштирок этди.
Очиқ-ошкора ўтказилган мулоқотларда Учқудуқ касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Сухроб Олимов, Илёс Жўжамов, Санимай Тумешова сўзга чиқиб, ўз таклиф, талаб ва истакларини баён этишди.
-Турмуш ўртоғим “Ёшлар дафтари” да рўйхатда туради, уйда тикувчилик қилади. Фаолиятини кенгайтиришда амалий кўмак беришингизни сўрайман, - деди Илёс Хўжамов.
Учрашувда сўзга чиққан Санимай Тумешова: ““Шалхар” овулида яшайман, имтиёзли фоизларда кредит ажратилса чорвачилик билан шуғулланмоқчиман. Майда шохли мол парваришлаш учун етарли малакага эгаман”.
“Қулқудуқ” овулидан учрашувда иштирок этган Қуришбек Жарқуатов ҳам “Ёшлар дафтари” да рўйхатда турган. У 39 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, “Ерлер ата” тозаланган сувини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Бир пайтлар ишсизлиги боис, рўйхатда турган Қуришбек бугун иш берувчи. Ҳозирда 3 нафар тенгдошини иш билан таъминлаган.
Учрашувда сўзга чиққан Қ.Жарқуатов ишлаб чиқараётган маҳсулотига талаб катта, буюртма кўплиги боис, фаолиятини янада кенгайтиришни мақсад қилган. Унинг мурожаати учрашувнинг ўзида ҳал этилиб, имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди.
Шунингдек, Юлдуз Абдумуродова, Гулираъно Қаҳҳорова, Гулчеҳра Эшпўлатова, Маҳбуба Пармонова, Зайнабхон Асқарова, Озода Аъзамова сингари “Ёшлар дафтари” да рўйхатда турган ёшларга газ плита, электр печ, электр гўштмайдалагич, тикув машинкаси, компьютер жамламаси, дазмол буюмлари бепул берилди.
Эндиликда бу ёшлар тикувчилик, пазандачилик, компьютер хизмати йўналишларида фаолият олиб бориб, ўзини ўзи банд қилишади.
Бундан ташқари, учрашувда “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси Камолиддин Атаев томонидан ёшларнинг иқтисодий билимларини ошириш борасида тушунчалар бериб ўтилди.
Қамров даражаси паст булган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи кенгайтирилади. Бу борада президент қарори имзоланган.
Ҳужжатга кўра, 2021-2022 йилларда қамраб олиш даражаси паст булган 53 та туманда:
2 мингта оилавий нодавлат МТТ фаолияти йўлга қўйилади, бунинг ҳисобига 50 минг нафар тарбияланувчилар учун янги ўринлар яратилади;
умумий қуввати 11,2 минг ўриндан зиёд бўлган 100 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат МТТ фаолияти йўлга қўйилади;
қуввати 7,5 минг ўринга тенг бўлган 50 та давлат МТТ қурилади;
давлат ва нодавлат МТТ тармоғини кенгайтириш ҳисобига уларнинг сони 20 мингтага етказилади ҳамда 7,5 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратилади.
Шунингдек, оилавий нодавлат МТТ тармоғини кенгайтириш учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб:
2022 йил 1 январга қадар АК "Халқ банки" томонидан оилавий боғчаларга мебель, жиҳоз ва асбоб-ускуналар сотиб олиш учун 30 млн сўмгача субсидиялар ажратилади;
оилавий боғчалардаги болаларнинг максимал сонини амалдаги 25 нафардан 50 нафаргача ошириш ҳамда уларга 4 нафаргача (ҳозир 2 та) ишчиларни ёллашга рухсат берилади;
2022 йил 1 январга қадар республиканинг барча ҳудудларида оилавий боғчаларга зарур жиҳоз ва анжомларни сотиб олиш учун 30 млн сўмгача 3 йил муддатга 6 ойлик имтиёз давр билан 5 фоизлик кредитлар ажратилади.
100 та давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчаларни ташкил этиш учун 7 йилга 2 йил имтиёзли давр билан 5 фоизлик кредитлар ажратилади;
олис ва чекка ҳудудларда жойлашган давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчаларга давлат боғчасининг 1 нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 75 фоизи миқдорида Давлат бюджети ҳисобидан субсидия тўланади;
давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчаларнинг электр энергияси ва табиий газ хизматлари тўловининг 50 фоизини хусусий боғчалар каби Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади;
Қарорда кўзда тутилаётган чора-тадбирларни молиялаштириш учун 2021–2022 йилларда Молия вазирлиги томонидан 1,3 трлн сўмгача маблағ ажратилади.
Учқудуқ тумани адлия бўлими
Марказий банкнинг Халқаро захираларни бошқариш департаменти директори Санжар ВАЛИЕВ бу ҳақда ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Марказий банк томонидан олтиндан тайёрланган қуймалар ва эсдалик тангаларининг муомалага чиқарилишидан асосий мақсад мамлакатимиз аҳолисининг инвестицион ва жамғариш имкониятларини кенгайтиришдир. Маълумки, маблағларни инвестиция қилишда инвесторлар олтиндан диверсификация мақсадида кенг фойдаланадилар. Бунинг сабаби шундаки, ҳар қандай активнинг қиймати вазиятдан келиб чиқиб тушиши мумкин. Инвестиция ёки жамғарманинг таркибида қисман олтиннинг бўлиши инқирозли даврларда активлар умумий қийматининг тушиб кетиши хавфини камайтиради ва бу ҳолат амалиётда кўп маротаба ўз исботини топган. Активларнинг хусусиятлари, инвестициядан кўзланган мақсад ва маъқул кўрилган хатар даражасидан келиб чиқиб, инвестиция ёки жамғарма таркибида алоҳида активларнинг, жумладан, олтиннинг улуши турлича шакллантирилиши ҳам мумкин.
Аҳолининг олтиндан жамғарма сифатида фойдаланиши мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Олтин қуймалари ва эсдалик тангаларининг муомалага чиқарилиши аҳолининг олтиндаги жамғармалари шаклланишига ва бу ўз навбатида, чет эл валютасига бўлган талаб ва иқтисодиётнинг «долларлашув» даражаси пасайишига ижобий таъсир кўрсатади.
Жаҳон тажрибасидан маълумки, пандемия ёки шунга ўхшаш фавқулодда хатарли вазиятлар пул қийматига ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.
Олтин эса ҳеч қайси давлат иқтисодиёти ва валютасига боғланмаган актив бўлиб, пандемия, иқтисодий инқирозлар ва сиёсий беқарорлик пайтида олтинга хавфсиз актив сифатидаги талаб ошади. Бу эса унинг нархи ўзгаришига сабаб бўлади.
Маълумки, Марказий банк томонидан олтин қуймаларидан ташқари олтин эсдалик тангалари ва сувенирлари ҳам сотувга чиқарилди. Ва яна тарихий ва замонавий даврнинг муҳим воқеаларига бағишлаб олтиндан тайёрланган эсдалик тангалари ва сувенирлар муомалага чиқарилмоқда.
Эсдалик тангалари ва сувенирларнинг асосий фарқи шундаки, сувенирларда унинг эсдалик тангаларидаги каби номинал қиймати акс этмайди. Жорий йилда буюк шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб, олтин эсдалик тангалари ва сувенирлар тўплами сотувга чиқарилди.
1586 йил (бундан 435 йил олдин) – Бухоро хони Абдуллахон II Бухоро шайхулисломи Хожа Саъдга Қўлобнинг забт этилиши муносабати билан мактуб юборди.
Мактубдан маълум бўлишича, хон бутун Бадахшонни хожа Саъдга тортиқ қилган. Аммо ҳазрати эшон, “Матлаб ут-толибин” муаллифининг гувоҳлик беришича, Арханг вилоятидан фақат 200 жуфти гов ер олишга розилик берган. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Абдуллахон II Хожа Саъд фатвосисиз бирорта жиддий ишга қўл урмаган. Хожа Саъдга “Қутблар қутби” ва “Саййидлар паноҳи” унвонлари берилган.
1912 йил (бундан 109 йил олдин) – композитор, дирижёр, ўзбек операси асосчиларидан бири, Ўзбекистон халқ артисти Мухтор Ашрафий таваллуд топди (вафоти 1975 йил). У 1947–1962 ва 1971–1975 йилларда Тошкент консерваториясининг ректори бўлган. У устози Сергей Василенко билан ҳамкорликда илк ўзбек опералари “Бўрон” (Комил Яшин либреттоси, 1939) ва “Буюк канал” (Комил Яшин ва М. Раҳмонов либреттоси, 1940)ни яратган. Унинг “Дилором” операси асосида биринчи ўзбек фильм-операси яратилган.
1939 йил (бундан 82 йил олдин) – биринчи ўзбек операси “Бўрон”нинг премъераси бўлиб ўтди ва шу куннинг ўзидаёқ Ўзбек мусиқали драма театри Ўзбекистон давлат опера ва балет театри деб номланди. Тарихчи Баҳром Ирзаевнинг қайд этишича, бунгача ҳам опера йўналишида айрим асарлар яратилган, бироқ улар жанр талабларига тўлиқ жавоб бермасди. “Бўрон” ҳақиқий опера сифатида дунёга келди ва унинг сюжети мазмунидан қатъи назар бугун ҳам ҳақиқий миллий опера сифатида барча талабларга жавоб беради.
Унинг хор ижроларида “Гул ўйин”, “Гиря қозоқ”, “Чаманда гул” каби халқ қўшиқлари оҳангларидан унумли фойдаланилган, қаҳрамонлари Муҳитдин Қориёқубов, Ҳалима Носировалар опера саҳнасидаги ҳақиқий миллий образларни кўрсатиб бера олганлиги билан ҳам катта аҳамиятга эгадир.
1993 йил (бундан 28 йил олдин) – Тошкент вилоятининг Паркент тумани тоғли ҳудудида, Чатқол тоғ тизмаларининг жануби-ғарбида жойлашган Чатқол давлат табиий биосфера қўриқхонаси ЮНЕСКО муҳофазасига олинди.
2001 йил (бундан 20 йил олдин) – Германиянинг Фрайбург шаҳрида “Ўзбекистон кунлари” негизида катта фотокўргазма бўлди. Бунда Ўзбекистоннинг бой тарихи, мутафаккирлари, архитектураси ва бошқа маданий мероси фото ихлосмандларига тақдим этилди. Кўргазма очилишида германиялик олимлар Ўзбекистоннинг жаҳон халқлари илм-фани ва маданиятининг ривожланишига қўшган ҳиссасини таъкидлаб, унинг инсоният цивилизациясидаги муносиб ўрни эътироф этилди.
2010 йил (бундан 11 йил олдин) – Жанубий Африка Республикасида бошланган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг очилиш учрашуви – ЖАР ва Мексика терма жамоалари ўйинини Осиёнинг 2007 ва 2009 йиллардаги энг яхши ҳаками ва халқаро тоифадаги ФИФА рефериси ўзбекистонлик Равшан Эрматов бошқарди.
2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2019–2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Камбағалликни енгишдан то дунёнинг биринчи рақамли иқтисодиётига айланиш даъвосига қадар атиги 40 йил. Хитой буни қандай уддалади?
40 йил давомида Хитойда камбағалликни камайтириш бўйича ишлар олиб борилди. Бу учун биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги ислоҳ қилинди:
1979 йил. “Коммуна” ерлари деҳқон оилаларига оз-оздан бўлиб берилди. Деҳқонлар давлат идораларининг тазйиқидан халос этиш бўйича ишлар олиб борилди, чунки бу реал натижа беришини Хитой компартияси раҳбарлари ўз кўзлари билан кўра бошлашди.
1981 йилга келиб 98 фоиз экин ерлари 180 миллион деҳқон оилалари тасарруфида эди. Хитой Конституциясида фуқароларнинг хусусий мулкчилик ҳуқуқлари бириктирилди, бу қишлоқларда хусусий ташаббусни қўллаб-қувватловчи омил бўлди, ҳамда қишлоқларда мислсиз кўплаб хусусий корхоналар тузилишига туртки бўлди. Деҳқонлар ўз манфаатларини кўзлаб, ўз ихтиёрлари билан (юқоридан буйруқ бўлгани учун эмас), кичик кооперативларга, кейин эса ассоциацияларга ва катта кооперативларга бирлаша бошлашди.
1985 йил. Хитой ўзининг кўп сонли аҳолисини тўйғазиб, дон экспорт қила бошлади. Хитой раҳбари Дэн Сяопин «Биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги» деган сиёсатни эълон қилди. Ва бу шиор реал ишлар билан, аввало деҳқонни озод деҳқонга айлантиришга қаратилган ишлар билан қувватланди.
Хитой қишлоқ хўжалигини ислоҳ этишда эришилган яхши натижа кейинчалик ҳукуматни бошқа соҳаларни ҳам шу йўсинда ислоҳ қилишга ундади.
1992 йил. Хитойда барча корхоналар хўжалик ҳисобига ўтказилди. Натижада атиги 5 йил ичида хусусий саноат корхоналари сони 100 мингдан 5,8 миллионга етди... Хорижий капитал иштирокида қўшма корхоналар ташкил қилиш мумкин бўлди. Буларнинг ҳаммасига қишлоқ хўжалиги ислоҳоти омил бўлди. Хитой деҳқонлари бойигани сайин ўз эҳтиёжлари учун моддий-техника ресурсларини, саноат молларини сотиб ола бошлашди. Саноат молларига талаб орта бошлади ва бу саноат ривожига старт берди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кўпайгани қайта ишлаш саноати ривожини таъминлади – «занжир» ишга тушди. Шу жойи муҳим - иқтисодий “занжир”нинг ишга тушиб кетиши. Хитой ҳукумати буни амаллади, чунки ҳеч кимга алоҳида мавқе бермади..
2004 йил. Хитой қишлоқларида 22 миллиондан ошиқ корхоналар юзага келди, 138 млн одам бу корхоналарда иш билан банд бўлди. Деҳқонлар амалдорларнинг тазйиқи остида бўлганда бу натижаларга эришиб бўлмасди.
Хитой АҚШдан ўтиб кетиб, дунёдаги биринчи иқтисодиётга айланиши мумкинлиги башорат этиляпти.
Буларнинг ҳаммаси қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишдан, озод деҳқонлар синфини яратишдан бошланган эди. Ҳамда деҳқон ва тадбиркорларнинг фаолиятини давлат назорати остидан чиқариш ва коррупцияга қарши курашишни юқори эшелонларда ҳам тенгма-тенг олиб бориш билан ривож топди. Бусиз пастдаги коррупция билан курашиш бефойда эканлиги тушуниб етилди. Булар таъминланмаганда Хитой ислоҳотлари юриб кетмасди...
Пенсия миқдоридан келиб чиқиб, мутаносиб равишда пенсия суммалари 1 сўмдан 50 минг сўмгача оширилади.
Натижада 442 минг нафар шахснинг пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинади ва ушбу мақсадлар учун жорий йилда қўшимча 64 миллиард сўм ажратилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси мутасаддилари иштирокидаги брифингда маълум қилинди.
Мутахассислар томонидан қайд этилишича, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 030 сўмдан 400 000 сўмга оширилади. Бунда I гуруҳ бўйича ногиронлик нафақалари 430,6 минг сўм ўрнига 465,6 минг сўм этиб белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 июндаги "Аҳолини ижтимоий қўллаб - қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига асосан ёшга доир энг кам пенсия олувчи шахсларга ун ва қолипли нон харид қилиш учун 50 минг сўм компенсация тўлаб келинган бўлса, жорий йил 1 июлдан пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида – 52 минг 494 сўм қўшимча тўланади.
Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори амалда 306 минг 675 сўмни ташкил этса, 2021 йил 1 июлдан қўшимча тўловлар билан бирга 400 минг сўмга етказилади.
Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга нон пули билан бирга 565 минг сўмдан нафақа тўланади.
Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори амалда 365 030 сўм бўлса, эндиликда қўшимча тўлов билан бирга 400 минг сўм этиб белгиланди.
Боқувчисини йўқотганларнинг энг кам пенсия миқдори амалда нон пули билан бирга 306 минг 675 бўлса, энди қўшимча тўловлар билан 452 минг 494 сўм сўм этиб белгиланди.
Амалда вафот этган боқувчининг иш стажи ва иш ҳақига асосан 3 нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзосининг ҳар бирига 256,7 минг сўм (энг кам ёшга доир пенсиянинг 50 фоизи) пенсия ва 50 минг сўмдан ун ва қолипли нон учун компенсация пули, жами 920 минг сўм тўланмоқда.
Янги тартиб бўйича эса ушбу тўлов 1 миллион 122 минг сўмни ташкил этади – биринчи боласига 400 минг сўм, кейинги иккита боласи учун 282,5 минг сўм (энг кам ёшга доир пенсиянинг 50 фоизи) ҳамда 3 нафар боласи учун 52,5 минг сўм (пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи)дан қўшимча тўлов. Яъни, янги тартибга мувофиқ ушбу оилага 202 минг сўм қўшилади.
Бунинг натижасида 175 минг нафар боқувчисини йўқотган шахснинг пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинади ва ушбу тўловлар учун жорий йилда қўшимча равишда 117 миллиард сўм йўналтирилади.
Учқудуқ туман адлия бўлими
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги тегишли қарори асосида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилмоқда.
Мазкур институт Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори ижросини таъминлаш мақсадида тузилди. Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган ғоя асосида мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтариш, аҳоли, айниқса, ёшларни Ватанга муҳаббат, маънавий меросимиз, миллий адабиётимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ғоясини ҳаётга татбиқ этиш ишларини илмий-методик ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш фаолиятини амалга оширувчи ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Маънавий-маърифий ишлар ҳолати, миллий ғоянинг мамлакат тараққиётидаги ўрни, жамият барқарорлигига салбий таъсир этувчи таҳдидлар ва уларни бартараф этиш юзасидан илмий-амалий изланишлар олиб бориш, юртимиздаги ижтимоий-маънавий муҳитни тадқиқ қилиш, баҳолаш ва яхшилаш бўйича илмий-амалий таклифлар тайёрлаш, маънавий-маърифий тарғибот ишларини амалга оширишнинг самарали ва таъсирчан замонавий тарғибот технология ҳамда усулларини ишлаб чиқиш ушбу тузилманинг асосий вазифаси саналади.
Шу билан бирга аҳолининг ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш бўйича тадқиқотлар ўтказиш, Интернет тармоғидан фойдаланиш маданиятини ошириш,
эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга оид комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳам институт зиммасида бўлади.
Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси асосида тарбиявий ишлар самарадорлигини баҳолашнинг илмий асосланган индикаторлари ва кўрсаткичларини жорий қилиш,
вазирликлар ва идораларда, жумладан, таълим тизими, маҳалла ва ҳудудлар бўйича маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, соҳани илмий асосда ривожлантириш бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш, уларнинг натижаларини ҳаётга татбиқ қилиш, илмий экспертизани йўлга қўйиш, дунёнинг мафкуравий манзарасини ўрганиш, таҳлил қилиш, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни ташкил этишда миллий ва умуминсоний қадриятларга мос хорижий тажрибани амалиётга жорий этиш,маънавий-маърифий соҳага масъул ходимларнинг малакасини оширишга ҳам институт томонидан алоҳида эътибор қаратилади.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, институт директори Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
Институт ходимларига Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади. Ушбу институт «Маънавият тарғиботчиси» таълим муассасасининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, тузилган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Дарҳақиқат, бундай тузилманинг ташкил этилиши маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишга кўмаклашади.
2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, унинг Нукус ва Фарғона филиаллари ҳамда бошқа тегишли ОТМларда «Паралимпия» кафедраси, шунингдек, «Адаптив соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт» магистратура мутахассислиги очилади.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида бокс ҳамда кураш бўйича ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари икки бараварга оширилади.
«Спорт тадбирларини шарҳловчи», «Йирик спорт тадбирларини ташкиллаштириш (промоутер)” ҳамда «Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш» бўйича магистратура мутахассисликларига қабул бошланади.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиали ўз фаолиятини бошлайди.
Жорий йил 4 июнда давлатимиз раҳбарининг «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Фаррух Пардаев ЎзА мухбирига мазкур фармонда кўзда тутилган мақсад-вазифалар хусусида қуйидагиларни маълум қилди:
– Фармонга асосан 2021 йилнинг 1 июлидан бошлаб ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилди. Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 минг 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилди. Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдори 565 минг сўмгача, пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори эса 565 минг сўмга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар учун бериладиган нафақа миқдори 315 минг 30 сўмдан 400 000 сўмга кўтарилди.
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилади. Пенсия олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 минг 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилди ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Нафақа олувчи оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида уларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори 400 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 000 сўмдан қўшилиши белгиланди.
Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513 минг 350 сўмдан 565 000 сўмга оширилди.