Айни кунларда болалар ва катталар орасида шамоллаш ёки гриппга чалиниш ҳолатлари кўп учрамоқда. Ҳудудлардаги болалар шифохоналарида турнақатор навбат кузатилаётгани сир эмас. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий амалий тиббиёт марказининг даволаш ишлари бўйича директори ўринбосари, бош шифокор Абдуманнон Абдуқаюмов бу ҳолатларда керакли тавсиялар билан бўлишди.
Шамоллашдан ҳимоя қилишнинг табиий усуллари
Куз ва баҳор келиши билан болалар орасида шамоллаш ҳолатлари кўпая бошлайди. Бунга сабаб ҳаво ҳарорати кескин ўзгарувчанлигидир.
Болаларни бундан ҳимоя қилишнинг йўли – уларни мавсумга қараб кийинтириш керак. Уларнинг овқатланишига, айниқса нонуштасига жуда эътиборли бўлиш керак. Витаминга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш, гигиенага риоя қилиш ва албатта спорт билан мунтазам равишда шуғуллантириб, чиниқтириш лозим.
Шамоллаш мавсумида болада шамоллаш аломатлари кузатилса, уни 3 кунгача жамоат жойларига жўнатмай туриш тавсия этилади. Чунки бошқаларга ҳам юқтириш эҳтимоли катта бўлади.
Болаларни шамоллашдан табиий йўллар билан ҳимоя қилиш мумкин. Уларни очиқ ҳавода сайр қилдириш, чиниқтириш, Д витамини бериш керак. Бизнинг ҳудуд серқуёш ўлка ҳисобланса-да, ҳозир кўпчиликда Д витамини танқислиги кузатиляпти. Шунинг учун бу витаминни мунтазам истеъмол қилиш тавсия этилади. Бу витаминнинг Д иммунитетни оширишда таъсири катта. Шу усуллар орқали иммунитетни ошириш мавсумий касалликлардан ҳимояланишда ёрдам беради.
Шамоллаганда исириқ тутатиш аллергия қўзғатади
Шамоллаган болаларни даволашда ўзбошимчалик билан чора кўриш, аниқ натижаси бўлмаган усулларни қўллаш мумкин эмас.
Кўпинча шамоллаган, гриппга чалинган беморлар бор хонада исириқ тутатиш касаллик кўпайишининг олдини олиш чораси сифатида қўлланади. Лекин бугунги кунда бу усул фойда бермайди. Чунки биз истеъмол қилаётган озиқ-овқат ўзгарган, биз нафас олаётган ҳаво ўзгарган. Экологик омиллар таъсири, дарахтларнинг камайиши, ҳар қадамда учрайдиган қурилишлар сабаб ҳавода чанг миқдори кўпайиши турли аллергик касалликлар кўпайишига сабаб бўлди. Болалар орасида ҳам аллергик хасталиклар жуда кўп учрамоқда. Исириқ тутатиш болаларда аллергияни қўзғатиши сабабли шифокорлар томонидан бу тавсия этилмайди.
Антибиотиклар умуман мумкин эмас
Шамоллаганда кўпинча уй шароитида даволанишга ўрганганмиз. Лекин билиб-билмасдан туриб болага турли антибиотиклар бериш ёки инъекциялар қилиш умуман нотўғри. Баъзи шифокорлар ҳам шундай вазиятда антибиотик қабул қилишни буюришади. Бу даволаш чораси нотўғри. Ҳар бир ота-она ўз фарзанди саломатлиги учун масъул ва касал бўлганда бола қабул қиладиган ҳар қандай дори ёки уколга жиддий қараши керак. Шамоллаш 99 фоиз ҳолатларда вируслар орқали келиб чиқади. Грипп ёки мавсумий вирусли касалликларда антибиотиклар умуман мумкин эмас, тавсия этилмайди.
Касалликка чалинганда нима қилиш керак?
Агар болада шамоллаш аломатлари кузатилса:
- Агар болада тана ҳарорати 38,5 даражадан баланд бўлса, унга ибупрофен бериш керак. Бу дори воситаси нафас йўлларидаги яллиғланиш ҳолатини бартараф этади ҳамда тана ҳароратини пасайтиради. 3 кундан 5 кунгача фақат шу дорини бериш мақсадга мувофиқ. Шу билан биргаликда беморнинг сифатли овқатланишига ва кўп суюқлик истеъмол қилишига эътибор бериш лозим.
- Бемор организмида 3 кунгача иситма чиқиши нормал ҳолат ҳисобланади. 3-5 кун орасида тана ҳарорати 38,5 даража бўлиши организмнинг касаллик билан курашаётганини билдиради. Бу вақтда беморни ҳеч қандай антибиотик ёки бошқа воситалар билан даволаш тавсия этилмайди. Агар бемор саломатлиги шу вақт ичида яхши томонга ўзгармаса, шифокорга мурожаат қилиш керак.
- Беморни алоҳидалаш, хона ҳавосини вақти-вақти билан тозалаб туриш зарур.