Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев мавсумий грипп касаллигининг тарқалиш кўрсаткичлари ва асоратлари ҳақида ССВ ахборот хизмати билан суҳбатда маълум қилди.
Қайд этилишича, грипп ўткир ва тез юқувчи касаллик бўлиб, уни келтириб чиқарувчи вирусларнинг А, В, С турлари маълум бўлиб, касалликнинг асосий тарқатувчиси грипп билан оғриган бемор ҳисобланади. 6 ёшгача бўлган болалар ва 65 ёшдан ошган кексалар ҳамда ҳомиладор аёллар учун ушбу касаллик ўта хавфли ҳисобланади.
“Гриппнинг белгилари касаллик яширин даврининг 1-4 кунлари пайдо бўлиб, мавсумий грипп тана ҳароратининг тўсатдан кўтарилиши (38 C – 40 C), йўтал (одатда қуруқ, зарбли, кўкрак соҳасида оғриқ билан кечади), бош, мушак, томоқ ва бўғимларда оғриқ ҳамда ҳолсизлик каби белгилар билан бошланади. Баъзи ҳолларда эса қорин оғриғи ва ич кетиши кузатилади.
Шунингдек, гриппга чалинган беморда юқори тана ҳарорати бир неча кунгача давом этиши ва аксарият ҳолларда иситма тана ҳароратини пасайтирувчи дорилар таъсирида тушмаслиги мумкин”, деди мутахассис.
Касалликнинг болаларда оғир кечишида нафас олишнинг тезлашиши ва оғирлашиши, иштаҳанинг йўқолиши, дегидратация ва эътиборнинг камайиши каби белгилар кузатилади. Кўпгина беморлар тўғри даволанса, 5-6 кун ичида соғайиб кетади. Лекин хавф гуруҳига кирувчиларда грипп асоратлари ривожланиши ёки ўлим ҳолатлари кузатилиши мумкин.
Холмамат Норбоевнинг таъкидлашича, кўпчилик гриппни “беозор” касаллик деб ўйлайди. Аммо грипп келтириб чиқарадиган асоратлар унинг ўзидан-да хавфли ҳисобланади. Агар бемор даволанишга етарли даражада эътибор бермаса, касаллик ўпкада бактериал зотилжам, геморрагик зотилжам, ўпка абсцесси ва ўткир респираторли дистресс синдромига сабаб бўлиши ва бактериал ринитлар, синуситлар, отитлар, трахеобронхитлар, вирусли энцефалит, менингит, неврит, радикулоневрит, жигарнинг зарарланиши, тосико-аллергик шок каби салбий асоратлар қолдириши мумкин.
Айниқса ҳомиладор аёллар учун хавфли бўлган грипп ҳомиланинг чала ёки вақтидан эрта туғилиши, неонатал ўлим ва гўдакнинг кам вазн билан туғилишига олиб келади.
Мутасаддининг сўзларига кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида расмий равишда 1483 та гриппга чалиниш ҳолати рўйхатга олинди. Грипп билан касалланишнинг энг юқори кўрсаткичи 0–2 ёшдаги болалар ўртасида рўйхатга олиниб, интенсив кўрсаткич шу ёшдаги 100 минг нафар бола сонига нисбатан 26,3 тани ташкил этмоқда. Шунингдек, 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида мамлакатимизда 323 минг 593 та ҳолатда ўткир респиратор инфекциялар билан касалланиш қайд этилган.
Маълумот учун: грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция) совуқ тушиши билан кўпаядиган асосий юқумли касалликлар бўлиб, бир-бирига ўхшаса ҳам алоҳида турдаги касаллик ҳисобланади.
Грипп – юқумли респиратор касаллик бўлиб, унинг қўзғатувчиси – грипп вирусидир.
ЎРВИ – ўткир респиратор вирусли инфекциялар гуруҳи. Бу гуруҳга респиратор-синцитиал инфекция, риновирус, аденовирус ва юқори нафас йўлларининг бошқа инфекциялари киради. ЎРВИга нисбатан грипп хавфли ҳисобланади. Чунки унинг асоратлари ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.