LOTIN-КИРИЛЛ
rasmiy ma'ruzalar va tabriklar

rasmiy ma'ruzalar va tabriklar (51)

rasmiy ma'ruzalar va tabriklar

Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги байрамига туман аҳлига йўллаган табриги

Ассалому алайкум азиз учқудуқликлар!

Қадрли тумандошлар!

Бутун Республикамиз бўйлаб, жумладан туманимиз маҳаллалари мамлакатимиз ҳаётидаги унутилмас тарихий воқеа – Ўзбекистонимиз мустақилликка эришган куннинг ўттиз икки йиллигини нишонламоқда.

Ана шу буюк санани ота-боболаримиз асрлар давомида интилиб, орзиқиб кутган, ҳақиқатдан ҳам, барчамиз учун энг улуғ, энг азиз байрам бўлмиш мустақиллик куни билан Сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун Учқудуқ аҳлини чин қалбимдан табриклайман.

Ишончим комилки, асрлар, замонлар ўтар, аммо, барчамизга ўзлигимизни англаш, инсоний шаънимизни, қадр-қимматимизни, ўз юртимизни севишни, тилимиз, муқаддас динимизни ва тарихимизни қайтариб берган бу улуғ айём Ватанимиз тарихида олтин саҳифа бўлиб, абадий сақланиб қолади.

Қадрли дўстлар! 

Ҳурматли Президентимизнинг жорий йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги 241-сонли қарори қабул қилинди. Бу йилги байрам тантаналари, юртимизда  “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган шиор остида нишонланиши белгиланган. Ўзбекистон аталмиш шу буюк Ватанга халқимизнинг муҳаббатини ифодаловчи бу эзгу сўз ҳар бир хонадонга, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.

Ўттиз икки йил давомида мамлакатимиз ва хусусан, Учқудуқ туманида ҳам асрларга татигулик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бу ўзгаришларнинг улуғворлигини ҳис этиш айни кунларда туман марказида амалга оширилаётган эзгу ишлар, овулларнинг бугунги қиёфасини кўриш, қалбан ҳис этишнинг ўзи етарли деб ўйлайман.

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

  Истиқлолнинг 32 йили давомида эришилган ютуқларни, қўлга киритилган муваффақиятларни сарҳисоб этадиган бўлсак, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари туманимизда ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлигига гувоҳ бўламиз. 

Биргина жорий йил мисолида гапирадиган бўлсак, “Ифтихор” маҳалласида туман бюджетининг орттирилиб бажарилган қисми маблағлари ҳисобидан 160 млн. сўм маблағ эвазига 71 метр автойўл, 71 метр пиёдалар йўлакчаси қурилиб, фойдаланишга берилди. Пиёдалар учун махсус йўлак пандус, қуёш панелли электр ёритгичлар ўрнатилди. А.Темур шоҳ кўчасида пиёдаларга қулайликлар яратиш мақсадида пиёдалар светофори қурилди.

Шу билан бирга “Чўл гули” кўчаси тубдан қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилмоқда. Шунингдек, “Дўстлик” маҳалласи “Бўстон” кўчаси, “Айтим” маҳалласи “Айтим” ва “Геологлар” кўчаларининг кўп қаватли уйлар олдидаги йўлаклари ҳам кенгайтирилиб, янгидан қайта қурилмоқда.

Бундан ташқари, электр энергияси таъминотини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Шалхар” ОФЙдаги “Контай” овулига борадиган 6 км. узунликдаги ҳаво электр линиялари, 121 дона темир-бетон таянч устунлари, 160 квт.ли 1 та трансформатор янгисига алмаштирилди. "Узунқудуқ" ОФЙ, "Бузаубай" овулига борадиган 4,9 км ҳаво электр линиялари, 88 дона темир-бетон таянч устунлари ҳамда 160 квт. ли 1 та трансформатор янгидан ўрнатилди. Ушбу йўналишга жами 1 млрд. сўмдан ортиқ пул маблағи йўналтирилди.

Туманда ичимлик сув таъминотини яхшилаш борасида ҳам талайгина ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 19041,8 млн. сўмга "Мингбулоқ" ОФЙ ер ости сув захирасидан Учқудуқ шаҳрига борувчи 72 км. узунликдаги сув қувурининг йиллар давомида эскирган ва диаметри кичкина бўлган 7,2 км қисмини Ø530 мм. ли янги қувурларга алмаштириш ишлари олиб борилди. Бугунги кунда қурилиш - монтаж ишлари тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги "2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 465-сонли қарорига асосан Учқудуқ тумани "Йўлчилар" ОФЙдаги 5-умумий ўрта таълим мактабида 1. 950,0 млн сўм маблағ эвазига 220 ўринли қўшимча бино қуриш белгиланган бўлиб, пудратчи ташкилот томонидан қурилиш-таъмирлаш олиб борилмоқда. Белгиланган муддатларда қурилиш ишлари пудратчи ташкилот томонидан охирига етказилиб, фойдаланишга топширилади.  

Учқудуқ тумани "Йўлчилар" ОФЙ даги 92 та аҳоли хонадони, 1 та мактаб ҳамда 1 та мактабгача таълим ташкилотини сел сувларидан муҳофаза қилиш мақсадида 2800 метр янги ўзан очиш, 2 дона галереяли ўтиш қуриш белгиланган. Бу мақсадларга 428 млн. 400 минг сўм маблағ йўналтирилади. Ҳозирда мазкур объектнинг 2,2 км қисмида қурилиш ишлари бажарилга қолган 2,2 км қисмида қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.

47 млрд. 500 млн. сўм маблағ эвазига Учқудуқ тумани марказидаги иссиқлик қозонхонасини реконструкция ва модернизация қилиш ишлари белгиланган. Ҳозирда ушбу объектларда лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. 

Халқимизда тўйга тўёна билан бориш анъанаси бор. Бу анъана айниқса, давлат ва умуммиллат даражасидаги тўй бўлса, ўзгача эзгулик касб этади. Бебаҳо неъмат мустақилликни асраб-авайлашда, мустаҳкамлашда ўзига хос ютуқлари билан ҳисса қўшишни мақсад қилган учқудуқлик мард ва танти тадбиркорлар томонидан ўнлаб хизмат кўрсатиш объектлари аҳоли фаровонлиги учун фойдаланишга топширилди. 

Жумладан, Ҳусниддин Нормуродов, Жасур Пўлатов, Фарид Муродов, Жўрабек Ҳамроев, Шаҳзод Очилов сингари тадбиркорларимиз истиқлолимизнинг 32 йиллик тантанасига тўёна билан келди, деб айта оламиз. Улар томонидан қишлоқ хўжалиги, маиший хизмат, савдо ва саноат ишлаб чиқариш йўналишларида ўнлаб лойиҳалар фойдаланишга топширилди.

Ҳурматли учқудуқликлар!

Туманимизда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган амалий ишлар “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” тамойили асосида ташкил этилган. Тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлими SPAP ва КУВЕЗ сингари замонавий тиббий жиҳозлар билан жиҳозланганлиги, чақалоқларда туғма карликни эрта аниқлаш мақсадида аудиоскринг йўлга қўйилиб, аудиометр аппаратлари харид қилинганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир. 

Бир сўз билан айтганда, буларнинг барчаси ҳурматли Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда юз бераётган беқиёс янгиланишларнинг, юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалдаги намунасидир. Учқудуқ туманини ижтимоий — иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини янада яхшилашга қаратаётган алоҳида эътибори бу гўшага бўлган меҳрининг ёрқин ифодасидир. 

Шундай экан, олдимизга қўйилган улкан марраларни эгаллаш ҳамжиҳатликда, Президентимиз таъкидлаганларидек, халқимиз бугун ҳаётдан рози бўлиб, яхши яшаши учун барча шароитларни яратиб бериш — Сизу-бизнинг зиммамиздаги энг асосий мақсадга айланмоғи лозим.

Азиз тумандошлар! 

Сиз, азизларни яна бир бор истиқлол айёми билан табриклаб, хонадонларингизга осойишталик, дастурхонларингизга қут-барака тилайман. Осмонимиз ҳамиша мусаффо, жонажон Ватанимиз тинч, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Эътиборингиз учун рахмат!

 

   Ассалому алайкум ҳурматли   Ободонлаштириш бошқармасининг фидоий, камтар ва камсуқум ходимлари!!

   Ҳар кимнинг ватан ичра кичик ватани, яъни ўз уйи борки, уй-жой коммунал хизмат кўрсатилишига чор-атрофнинг тоза – озода ва саришта сақланишига эҳтиёжи бўлади. Шу маънода, турли касб эгалари орасида уй-жой коммунал  хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари қаторида Ободонлаштириш соҳаси вакилларининг ҳам муносиб ўрни бор.

   Қишнинг совуқ кунларида, ёзнинг жазирамасида ҳудуд ободлиги айниқса, Учқудуқ шароитида ҳар бир қарич ернинг тозалиги ва кўкаламзорлаштирилганлиги муҳим аҳамиятга эга. Албатта бу каби ободлик кишилар саломатлиги ва жамиятнинг кайфиятига нечоғли таъсир қилишини инобатга олсак, соҳа фидойиларининг нақадар масъулиятли касб эгалари экани янада теранроқ англашилади.

   Азиз дўстлар!

Ҳар куни эрталаб ишга ошиқаркансиз, кўча-кўйдаги саранжом-саришталикни, чор-атрофнинг озодалигини кўриб димоғингиз чоғ бўлади. Эрталабки кайфият эса кун давомида кишини тарк этмаслиги ўз тасдиғини топиб улгурган. Бунда чор-атрофни супуриб-сидириб юрган, мунис ва мушфиқ, камтар ва камсуқум, содда ва софдил фаррош опалар - озодалик фаришталарининг хизмати катта. Тан олиш керакки, улар қизғин ишга киришган бир пайтда баъзиларимиз уйқудан эринибгина тураётган бўламиз.

Саранжом-саришта, тоза-озода муҳит нафақат киши кўнглини равшан этади, балки бу саломатлигимиз учун ҳам муҳимдир. Шундай экан, фаррошлар - сариқ нимчали бу опа-сингилларимиз меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак арзийди. Бугун улар орасида Баҳора Ҳусенова, Маъмура Адизова, Холида Пармонова, Гулжамол Мухторова, Наргиза Жалилова ва Нодира Қаҳҳорова каби юртимиз озодалиги ва кўркамлиги учун меҳнат қилиб келаётган опа сингилларимизни, алоҳида эътироф этиш керак назаримда.

Қадрли тадбир иштирокчилари!

Барча муқаддас неъматлар покиза жойларда бўлишини кексаларимиз болалигимиздан уқтиришган. Ҳатто, фаришталар ҳам бундай гўзал жойларга меҳмонга келиб, сўнг мангу мезбондек қолиб кетишию Яратгандан ўзи турган жойга кўпроқ марҳамат кўрсатиши, мурувватини дариғ тутмаслигини, қолаверса, қут-барака, ризқу рўз, тинчлигу осойишталик сўраб эртаю кеч дуода бўлишини эшитганмиз.

Жонажон диёримизнинг энг чекка ҳудуди Қизилқум чўлининг бўстонига айланган Учқудуқ ҳам худди шундай қут-баракали, ризқу рўзи мўл, тупроғи олтинга тенг замин эканлигига хонадонлардаги тотувлик, меҳр-оқибат, шунинг баробарида тозалик ва озодалик фаришталарининг меҳнати ҳам муҳим ўрин тутаётгани таҳсинга лойиқ, албатта!!.

Шу ўринда дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири Жек Ма космик станцияга ташрифи чоғида битта фаррошга дуч келиб, ундан ҳол-аҳвол сўраганда, фаррош “Мен коинотга одам учиряпман, халақит берма”, деганини алоҳида қайд этмоқчиман!

Бу билан Жек Ма унинг ўзини оддий фаррош деб эмас, балки коинотга одам учираётган жамоанинг муҳим бир вакили деб ҳисоблашини алоҳида  таъкидлайди.

Ҳар сафар кўча-кўйда ишлаётган ободонлаштириш ходимларини кўрсам, ўша фаррошнинг гаплари ёдимга тушаверади. Юртимиз ободлигига ҳисса қўшаётган турли соҳа вакиллари ортида ана шу биз пайқаб-пайқамайдиган ободонлаштириш ходимларининг беминнат хизмати борлиги, айнан улар мамлакат ободлиги учун жон куйдираётгани хаёлдан ўтади.

Халқимизнинг “Обод жойда барака, унум бўлади”, “Сариштали маскан - фариштали маскан” деган пурмаъно иборалари аждодлардан авлодларга ўтиб келаётгани ҳам бежиз эмас. 

   Касбидан файзу барака топаётган опа-сингилларимизга доимо қўлларингиз меҳнатдан толмасин, қалбларингиздан меҳр, юзларингиздан нур ёғилиб турсин, деймиз!

   Барчангизга мустаҳкам соғлик - саломатлик, куч-ғайрат, шижоат, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик тилайман!

   Байрамингиз муборак бўлсин, азиз опа-сингиллар!

 

   Ассалому алайкум азиз тумандошлар!

   Қадрли жамоат!

   Сизларни меҳр - оқибат, эзгулик ва саховат айёми, ислом оламидаги улуғ байрам, муборак Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

   Ушбу байрамнинг файзу баракоти қалбларимизни, хонадонларимизни мунаввар ва хушнуд айласин. Юртимизга тинчлик-хотиржамлик, юртдошларимизга тани-сиҳатлик, оилалар-га фаровонлик олиб келсин!

   Ҳар бир хонадонда кўтаринкилик билан нишонланадиган қутлуғ Қурбон ҳайитида ҳаммамиз аввало шундай кунларга етказгани учун Оллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз.

Шу кунларда яхшилик, сабр - қаноат ва меҳр - эътибор сингари эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган бу байрамнинг маъно мазмуни ҳамда халқимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятини барчамиз янада чуқур ҳис этмоқдамиз.

   Азиз тумандошлар!

Қурбон ҳайити – улуғ байрам. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар.

Зеро, Муборак ҳадисларда айтилганидек, икки дунё саодатини ўйлаб яшаган инсон, халқ ҳеч қачон кам бўлмайди.

Қалбларимиз қувончга ва эзгу ниятларга тўлган ушбу саодатли ва мунаввар дамларда аввало шундай табаррук кунларга етказгани, байрамни тинч ва осуда муҳитда, оиламиз, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар билан ҳамжиҳатликда кутиб олаётганимиз учун Яратганга чексиз ҳамдлар бўлсин!.

Дарҳақиқат, халқимиз азал-азалдан диний арконларни мукаммал адо этиб келган эл ҳисобланади. Бу борада динимизнинг энг катта байрамларидан ҳисобланган диний ва миллий байрам сифатида халқимиз онгу шуурига сингиб кетган икки Ҳайит байрамларини жуда кенг миқёсда, ўзгача шодиёналик билан нишонланиши эса азал-азалдан ота-боболаримиздан қолган бой миллий ва диний меросимиз ҳисобланади.

Бу борада эса Расулуллоҳ (с.а.в). бизларга исломнинг икки улуғ байрами хабарини берганлар: “Аллоҳ таоло исломгача бўлган даврда нишонлайдиган байрамлар ўрнига афзалроқ бўлган Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамини ҳадя қилди” – деганлар.

Барча дунё мусулмонлари Ийд ал-Адҳа – Қурбон ҳайитини катта шукуҳ ва хурсандчилик ила нишонлаш остонасида турибди. Яна шу кунларда 25 нафар учқудуқлик биродарларимиз ҳаж сафарида бўлиб, Яратгандан Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақини сўраб Маккаи мукаррамада, Арафот ва Мино водийсида дуои хайрлар қилмоқдалар. 

Муҳтарам Президентимизнинг куни-кеча «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарори халқимизнинг қадимий ва бетакрор байрамларидан бири бўлган муборак айёмни мазмун-моҳиятига мос тарзда нишонлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларни белгилаб бердилар. 

Унга кўра, ушбу муборак кунларни мазмунли ва кўтаринки кайфиятда ўтказиш учун Рамазон ҳайити муносабати билан юртимизда дам олиш кунлари эълон қилинганидан хабарингиз бор, албатта!. Ишонаманки, бундай қулай шароит байрамнинг файзу тароватини, қадр-қимматини янада оширади. Бинобарин, ушбу ҳордиқ кунлари – мўътабар ота-оналарни зиёрат қилиш, беморлар ва муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, яқинлар билан дийдор кўришиш учун яхши имкониятдир.

Жаннатмакон юртимизни турли бало-офатлардан Яратганнинг ўзи асрасин, кейинги Қурбон ҳайити кунларига сиҳат-саломатликда етиб боришимизни ҳаммамизга Аллоҳнинг ўзи насиб этсин. Юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик, Юртбошимизнинг эл-юрт манфаати йўлидаги хайрли ишларига юксак муваффақиятлар ёр бўлсин! Ватанимиз истиқболи порлоқ, диёримиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини Парвардигордан сўраб қоламиз. Келаётган қутлуғ байрамнинг файзу баракоти қалбларимиз ва хонадонларимизни мунаввар ва хушнуд айласин.

Ийд ал-Адҳа – Қурбон ҳайити ҳайити муборак бўлсин, қадрли тумандошлар!

Байрам шукуҳидан қалбларимиз янада нурафшон бўлсин!

Эътиборингиз учун рахмат!

 

“Янги Ўзбекистон – ёшлар мамлакати” шиори остида ўтказиладиган ёшлар фестивали иштирокчиларига 

  БАЙРАМ ТАБРИГИ

  Ассалому алайкум, азиз ёшлар!

  Бугунги тадбир иштирокчилари ва туманимизга ташриф буюрган  қадрли меҳмонлар! 

  Аввало, Сиз азиз ёшларни бугунги ажойиб кун билан, 30-июнь Ёшлар кунига бағишланган, “Янги Ўзбекистон ёшлар мамлакати” шиори остида ўтказилаётган “Ёшлар фестивали” байрами билан, чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

  Дарҳақиқат, ёшлар ҳар бир давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи энг муҳим қатлам ҳисобланади. Бугунги кунда ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида юртимизда барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Уларнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш, ташаббускор ғояларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис, юртимизда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этиладиган ёшларга юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида ишонч билдирилмоқда. Натижада юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар, мамлакатнинг эртанги тараққиётида ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда, - десак муболаға бўлмайди.

   Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини ўз ичига олган бешта муҳим ташаббус алоҳида ҳаракатга айланди. 

    Туманда ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастурида ўз иқтидори ва салоҳиятини камол топтириш, келажакда қизиққан соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишиши учун ёшларда, ўзини-ўзи ривожлантириш бўйича кучли мотивация уйғотиш мақсадида ёшлар даврасида мотивацион тадбирлар ўтказиб келинаётганлиги Сиз азизлар учун яратилаётган имкониятларнинг яна биридир.

Давлатимиз раҳбари таъкидланган-ларидек, “Ёшлар давлатимизнинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинасидир”.

  Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан мамлакатимизда бундан уч йил олдин Ёшлар ишлари Агентлиги ташкил этилиб ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчилари лавозими жорий этилди. Ёшлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб яшил, сариқ ва қизил тоифаларга бўлиб олинди. 

   Туманда жорий йилнинг январь ойида ўтказилган хатлов натижасида 8739 нафар 14-30 ёшдаги ёшларимизнинг руйхати шакллантирилди, турли муаммоли масалалари бор ёшлар ажратиб олинди ва бу ёшларга 15 нафар раҳбар бириктирилди ҳамда ҳар бир маҳалла кесимида “йўл хариталари” ишлаб чиқилди ва улар билан алоҳида ишлаш тизими йўлга қуйилди. 

Туманда йил бошидан 53 нафар ёшларнинг контракт тўловлари тўлаб берилган бўлса, 10 нафар ёшларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари сотиб олиш учун субсидиялар ажратиб берилди. Шунингдек беш нафар ёшларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси учун тўловлар тўлаб берилди. 22 нафар ёшларга “Келажак касблари” лойиҳаси доирасида ўқув курслари учун тўловлар тўлаб берилди. 5 нафар ёшларнинг сафарлик чақирув резерв бадаллари тўлаб берилган бўлса, 7 нафар ёшларга беш ташаббус олимпиадаси танловларининг кейинги босқичларига иштирок этиш харажатлари тўлаб берилди. 

Шу жумладан 543 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. 

Олиб борилган одилона сиёсат натижасида ёшлар ўртасида таълим йўналишида, маданият, тиббиёт, ишлаб чиқариш ҳамда спорт соҳасида сезиларли кўрсатгичларга эришилди. 

Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 19 та умумий ўрта таълим мактабларидаги 691 нафар 9-синф битирувчиларидан 17 нафари аъло даражали шаҳодатнома билан битириб, 346 нафари 11-синф битираётган ўқувчи-ёшларимиз етуклик шаҳодатномаларини қўлларига олмоқда. 

Шулардан 19 нафар битирувчилар олтин медаллар билан  якунлаётганлиги албатда қалбларимизга ғурур бағишлайди. 

Азиз ёшлар, қадрли фарзандларим!

       Мана шу қувончли кунда сизларни, кўпмиллатли туманимиз халқини ишонтириб айтмоқчиман: туманда ёшларга доир давлат сиёсатини ҳеч оғишмасдан, қатъият билан  давом эттирамиз. Нафақат давом эттирамиз, балки бу сиёсатни устувор вазифа сифатида бугун давр талаб қилаётган юксак даражага кўтарамиз. Сизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, ҳаётда ўз мустаҳкам ўрнингизни топишингиз, бахтли бўлишингиз учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

        Сиз, жондан азиз ўғил-қизларимиздан фақат битта илтимосим, битта тилагим бор: ота-оналарингиз, устоз-мураббийларингиз, туманимизнинг сизлардан кутаётган орзу-умидларини амалий ишлар билан рўёбга чиқариш йўлида ҳорманг, чарчаманг!

       Ўқиш-ўрганиш, доимий изланиш, илм-фанга, тараққиёт чўққиларини эгаллашга интилиб яшаш доимо ҳамроҳингиз бўлсин!

       Мен сизларнинг ҳар бирингизга эл-юртимиз фахрланадиган, жонажон Ўзбекистонимизнинг муносиб фарзанди, ҳақиқий инсон бўлиш бахти насиб этишини тилайман.   

        Сизларни яна бир бор 30-июнь Ёшлар кунига бағишланган, “Янги Ўзбекистон ёшлар мамлакати” шиори остида ўтказилаётган “Ёшлар фестивали” байрами билан самимий табриклайман. 

  Озод ва обод Ватанимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлсин, юртимизни тинчлик-хотиржамлик, қут-барака ва фаровонлик ҳеч қачон тарк этмасин. 

Ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз фарзандларим! 

 

   Ассалому алайкум азиз битирувчи - ёшлар!

   Сизларни мактаб таълимини муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга – умрингизнинг янада гўзал ва масъулиятли босқичига қадам қўяётганингиз билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

  Бугун мамлакатимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби Учқудуқ туманидаги 19 та умумтаълим даргоҳларида “сўнгги қўнғироқ”лар янграб, қадрдон мактабингиз, меҳрибон устозларингиз билан хайрлашув тадбирлари ўтказилаётган ушбу қувончли ва ғоят ҳаяжонли дамларда ҳаммангизга келгуси ҳаётда улкан ютуқ ва омадлар тилайман.

   Азиз ўғил-қизларим! 

Бугун сизларнинг ҳаётингизда энг қувончли кун. 11 йил мобайнида бир партада ёнма-ён ўтирган, бир оила аъзоларидек бўлиб қолган синфдошларнинг ҳар бири эртадан бошлаб ўзининг шахсий ҳаётини қуришга киришади. Кимдир таҳсилни олий ўқув юртида давом эттирса, яна кимдир ҳалол меҳнати билан оиласига қанот бўлади. 

   Ҳеч қачон унутманг, келажакда сизни янада улкан ва масъулиятли марралар кутмоқда. Олдингизга аниқ мақсад қўйиб, бор куч-ғайратингиз, билим ва салоҳиятингиз билан ҳаракат қилсангиз, кўзлаган чўққиларга албатта эришасиз!.

Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар, ҳурматли ота-оналар!

Хабарингиз бор, юртимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси иштирок этган фуқароларнинг 90,2 фоизи томонидан ёқлаб овоз бериш орқали қабул қилинганлиги унда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганлигидан далолат бермоқда.

Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Референдум кўп миллатли мамлакатимиз халқларининг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуришга қатъий қарор қилганлигининг ишончли ифодаси бўлди.

   Шунингдек Янгиланган Конституциянинг 52 – моддасида: “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ва тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. 

Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”, деган қоида ўрнатилди. 

Хусусан, педагог ходимларнинг иш ҳақи сўнгги 10 йилда биринчи марта 50 фоизгача кўпайтирилди. Ўқитувчилар тўлдирадиган ҳужжатлар сони камайтирилди. Илгари 7 тани ташкил этган ўқитувчиларнинг ҳисоботлари 1 тага, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарининг ҳужжатлари 18 тадан 7 тага, синф раҳбарларининг ҳужжатлари 10 тадан 4 тага қисқартирилди. 

Олис ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган педагог ходимларнинг ойлик иш ҳақига иш стажи учун махсус устамалар берилиши йўлга қўйилди. 

Энг муҳими, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий ўсиши ҳақида ғамхўрлик қилиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Ҳурматли устозлар! Азиз ёшлар!

   Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда мактаблар тизимини ривожлантириш учун давлатимиз томонидан маблағ, имконият, зарур барча саъй-ҳаракатлар сафарбар этилаётир.

   “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.

   Буни биргина Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, жорий йилда ёш авлодга сифатли таълим бериш мақсадида, “Опен Бюджет” лойиҳаси доирасида 3-мактабга 120 млн. сўм, 5-мактабга 90 млн. сўм, 7-мактабга 120 млн. сўм, 10-мактабга 150 млн. сўм, 12-мактабга 300 млн. сўм, 18-мактабга 150 млн. сўм, 20-мактабга 300 млн. сўм жами 1 млрд. 230 млн. сўм маблағ йўналтирилган. 

Ушбу маблағлар эвазига таълим муассасаларининг моддий - техника базаси янада яхшиланиб, ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

Мана, яна бир ўқув йили ортда қолмоқда. Бугун туманимиздаги 19 та умумий ўрта таълим мактабида “Сўнгги қўнғироқ” янграб, 345 нафар ўқувчи битирмоқда. 9-11 синф битирувчиларининг 18 нафари мактабни олтин медаль билан тугатмоқда. Уларнинг ҳаётида янги саҳифа очилиб, катта ҳаётга учирма бўлишмоқда.

Аҳамиятлиси, туманимизнинг ўқувчи-ёшлари билимда спортда кўплаб ютуқларни қўлга киритиб, тенгдошларига намуна ва ўрнак бўлмоқдалар. 10-мактабнинг 5 нафар, 20 - мактабнинг 11 нафар, 18 – мактабнинг 2 нафар, 7 – мактабнинг 3 нафар, 3 – мактабнинг 4 нафар, 9 – мактабнинг 1 нафар жами 26 нафар битирувчиларимиз муддатидан олдин талаба бўлиш бахтига муяссар бўлишди. 

Жумладан, куни-кеча умумтаълим мактаблари битирувчи синфлари ўқувчилари ўртасида кимё, биология, физика фан олимпиадаси ўтказилди. Унда 18-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Шуҳрат Каримов физика фанидан фахрли 2-ўринни қўлга киритиб, муддатидан олдин Навоий давлат педагогика институтига талабаликка қабул қилинди.

Шу мактабнинг яна бир ўқувчиси Сарваржон Қўлдошев Британия Менежмент университетининг 20 фоизлик грантини қўлга киритиб, мактабни тугатмасидан талаб бўлди. Шунингдек, 18-мактабнинг “Ёш чегарачилар”и ҳарбий спорт мусобақасининг туман, вилоят босқичида биринчиликни эгаллаб, мусобақанинг мамлакат босқичида фаол иштирок этишди.

Бундан ташқари, 10-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Суҳроб Ғаффоров Буюк Британиянинг Интернатионал Агриcултуре университетида ўқиш учун 120 миллионлик грант соҳиби бўлди. 20-мактаб битирувчилари Беҳруз Ҳайитов, Саиджон Латиповлар Туркия, Латвия ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ташкил этилган АЛФРАГАНУС университетига муддатидан олдин талабаликка қабул қилинди. 

Шу ўринда, “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” республика танловининг вилоят босқичида 20-мактаб фахрли биринчи ўринга сазовор бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.

Бу йил иккинчи бор ўтказилаётган танловда мактаб жамоаси 250 миллион сўм пул мукофоти ҳамда “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Танловнинг мамлакат босқичида ҳам учқудуқлик ўғил-қизларимиз бор билим ва маҳоратларини намойиш этиб, юқори чўққиларни забт этишларига ишонаман! 

Азиз битирувчилар!

Унутманг! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло эсда чиқарманг!

Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Негаки, юксак мақсадларни, улкан довонларни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлида сиз – ёшлар ҳал қилувчи куч бўлишингиз керак!

Ҳурматли Юртбошимизнинг, ота-онангизни, устозларин-гизнинг ана шундай юксак ишончига доимо муносиб бўлинг!

Азиз ўғил-қизларим!

Мактаб даргоҳидаги сўнгги, мустақил ҳаёт йўлингиздаги илк қўнғироғингиз муборак бўлсин! 

Билим олишда ҳамиша давом этинг!   

Барчангизга сиҳат-саломатлик, ўқишда, шахсий ҳаётда катта ютуқ ва омадлар тилайман.  

 Сизларнинг ютуқ ва ғалабаларингизга ишонаман, азиз ўқувчи-ёшлар!

 Эътиборингиз учун рахмат!

 

 

 

 Ассалому алайкум азиз учқудуқликлар!

Ҳурматли соҳа фидоийлари!

    Мамлакатимизда май ойининг учинчи якшанбасида, Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни сифатида кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан кўп минг сонли Навоий кон металлургия комбинати ҳамда Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги меҳнат жамоаларини, у ерда фидоийларча меҳнат қилаётган соҳа ходимларини касб байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман! Кончилик – машаққатли шу билан бирга шарафли касблардан бири. Мураккаб иш ва иқлим шароитларида фидокорона меҳнат қилиб келаётган ишчи-хизматчиларга, геолог ва муҳандислар, қурувчилар, қўйингки барчалари қазилма бойликларини қидиришдан бошлаб, маъданларни қазиб олиш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи юксак маҳорат билан уддалаб келмоқдалар. Кончилар ва металлургия саноати ходимларига берилаётган эътибор ва ғамхўрлик айтиш жоизки, соҳа фидоийлари олдига қўйилган вазифаларни юқори даражада бажаришда куч ва мадад бўлмоқда.

 Бугун Навоий кон-металлургия комбинати турдош корхоналар ичида жаҳонда етакчи ўринларда турадиган энг йирик саноат корхоналаридан бирига айланган. Олтин қазиб олиш бўйича республикамиз Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида иккинчи, аҳоли жон бошига тўғри келадиган олтин бўйича эса биринчи ўринни эгаллайди. Қизилқум ҳудудида аниқланган қимматбаҳо қазилма бойликлар захирасининг 85 фоизи Навоий кон-металлурги комбинати ҳиссасига тўғри келади. Шу боис, комбинатни ҳақли равишда мамлакатимиз тоғ-кон саноатининг байроқдори, дейиш мумкин. Бугун мамлакат кон металлургия саноатининг пешқадамларидан бири бўлган Навоий кон-металлургия комбинатига бешик вазифасини ўтаган – Учқудуқ билан ҳар қанча фахрлансак, ҳар қанча ғурурлансак, арзийди.

   Азиз учқудуқликлар!

Aвваллари, ер ости бойликларини қазиб олиш базаси ҳисобланган ушбу ҳудуд айни пайтда йирик саноат марказига айланиб бормоқда. Катта-кичик ишлаб чиқариш корхоналари, замонавий маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилмоқда. Энг муҳими, инсонлар истиқлол ислоҳотлари моҳиятини теран англаган ҳолда, эзгу ишларга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

   Азиз ҳамкасблар!

Бугун дўстликнинг намунаси амалда ўз исботини топган жамоа аҳли мамлакат истиқлолини мустаҳкамлаш йўлида фидокорана меҳнат қилмоқда. Ана шундай самарали меҳнатингизга қут-барака, оилаларингизга соғлик-саломатлик тилайман!

 Учқудуқ олтини жонажон Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши ва ёрқин келажагининг бир гарови бўлиб узоқ йиллар хизмат қилаверсин!

   Байрамингиз яна бир бор муборак бўлсин, азиз соҳа ходимлари!

Ассалому алайкум аҳли жамоа!

Қадрли учқудуқликлар!

  Сиз азизларни мўмин-  мусулмонларни ва сизлар орқали барча учқудуқликларни ер юзидаги ислом уммати томонидан кенг нишонланаётган улуғ ва муборак айём Рамазон ҳайити – Ийд ал-Фитр билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

   Қалбларимиз қувончга ва эзгу ниятларга тўлган ушбу саодатли ва мунаввар дамларда аввало шундай табаррук кунларга етказгани, байрамни тинч ва осуда муҳитда, оиламиз, яқинларимиз, қўни-қўшниларимиз билан ҳамжиҳатликда кутиб олаётганимиз учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз!.

   Айниқса, бу йилги Рамазон байрами “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” деган олижаноб ғояни ўзида мужассам этган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида кенг кўламли ислоҳотларимиз янада юксак босқичга кўтарилаётган тарихий шароитда ўтаётгани унинг файзи ва шукуҳини янада оширмоқда.

  Муборак Рамазон ҳайити моҳиятида мужассам бўлган хайру саховат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик сингари азалий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, халқимизнинг эзгу ният ва орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳурматли Юртбошимизнинг ”Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди. 

   Ушбу қарор билан мамлакатимизда 21 апрель куни Рамазон ҳайити сифатида кенг нишонлаш ҳамда аҳолининг Рамазон ҳайити байрамини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар мақсадида 24 апрель душанба куни иш ҳафтасининг туридан қатъий назар барча ходимлар учун дам олиш сифатида белгиланди.

   Бу йилги Рамазон ойи “Инсон қадри – юксак қадрият” эзгу тамойили асосида бутун Республикамиз бўйлаб кўтаринки руҳда юксак савияда ўтказилди. 

   Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратининг таклифи билан Президентимиз томонидан бир қанча кам таъминланган, эл-юрт учун хизмати синган фуқароларимиз бепул Умра ибодатларини адо этиб қайтишди. Улар орасида 4 нафар учқудуқлик тумандошларимизнинг борлиги эзгу ишларнинг амалий ифодасидир, албатта.

   Яна шундай хайрли ишларнинг бири маҳаллалардаги кам таъминланган, эҳтиёжманд тумандошларимизнинг хонадонларига файзу-барака, ўзгача хурсандчилик олиб кириш мақсадида ифторлик тадбирлари ўтказилди. Бўлиб ўтган ифторликларда кам таъминланган оила вакилларининг дуолари олинди. Эҳтиёжманд оила вакиллари қалбига эса муборак Рамазон ойида ўзгача шукуҳ ва хурсандчилик олиб кирди, десак тўғри бўлади.

   «Рамазон ойи – сахийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик ойидир. Бу қутлуғ айёмда меҳр-шафқатли, кечиримли бўлиш ҳаммамиз учун ҳам фарз, ҳам қарз» — деди давлатимиз раҳбари.

   Шу муносабат билан, Рамазон ҳайити арафасида Президент адашиб жиноятга қўл урган, лекин айбини чуқур англаб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 300 нафардан ортиқ маҳкумни афв этиш бўйича фармонни имзолади. Улар орасида чет эл фуқаролари ҳам бор.

«Улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, одамларнинг дардига дармон бўлиш – инсонийликнинг олий намунаси эканини унутмаслигимиз, бундай эзгу иш услуби бизнинг нафақат хизмат вазифамиз, шу билан бирга, виждоний бурчимизга айланиши керак», — деди ҳурматли давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев.

Дарҳақиқат, Рамазон ойи фазилатларга бойдир. Унинг фазилатларидан бири ой давомида хуфтон намозидан кейин таровеҳ намози ўқилиши бўлиб, учқудуқлик намозхонлар учун “Қизилқум” жомеъ-масжидида таровеҳ намозларини ўқишлари учун барча шарт-шароит ва қулайликлар тегишли масъуллар томонидан яратиб берилди.

Азиз учқудуқликлар!

Албатта, ўзининг миллий урф-одат ва анъаналарига содиқ, меҳнаткаш ва саховатли туманимиз фуқаролари муқаддас Рамазон ойини тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитида ўтказгани ҳамда ушбу эъзозли айёмни бугун шоду хуррамлик билан кутиб олаётгани Ийд ул - Фитр байрамига алоҳида файзу шукуҳ бағишламоқда.

Азиз тумандошлар!

Муборак ҳадисларда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч кишининг дуоси қабулдир: отанинг фарзандига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси”, деганлар. Ота-она бундай неъмат ва имкониятдан унумли фойдаланиши ва фарзандларининг келажакда солиҳ ва тарбияли инсон бўлиб камол топишини Аллоҳдан сўраши лозим! 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яна бир ҳадисларида: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, «Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди», дея марҳамат қилганлар.

Ҳурматли имом-хатибларимиз, ота-оналар, устоз-мураббийлар, муҳтарам нуронийларимиз яқин ҳамкорликда бу борада янада фаол ва самарали иш олиб борадилар, деб ўйлайман.

Қадрли учқудуқликлар!

Аллоҳ таолонинг марҳамати ёғиладиган ушбу барокатли ва нурафшон кунда сизларни яна бир бор азизу мукаррам байрам -Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан табриклайман.  

Байрам шукуҳидан қалбларимиз янада нурафшон бўлсин!

   Моҳи Рамазонда қилган барча эзгу ният ва дуоларимиз ижобатини берсин, Аллоҳим!

  Жонажон Ватанимизни, барча-барчамизни Яратганнинг Ўзи паноҳида асрасин!

   Осмонимиз мусаффо, тинчлигимиз ва мустақиллигимиз абадий бўлсин!

   Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

 

      Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан йўллаган байрам табриги

Ассалому алайкум.

Мунис ва муҳтарама онахонлар!

Қадрли опа-сингиллар!

Юртимизга орзиқиб кутилган гўзаллик ва яшариш фасли — баҳор кириб келган ушбу қутлуғ кунларда Сиз азиз аёлларни, барча мўътабар онахону мунис опа-сингилларимизни 8 март — Хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман. 

Аслида баҳорнинг илк байрами Сизга аталганида улкан маъно бор. Зеро, кўкламда ҳаёт абадиятининг тантанаси, янгиланиш ва борлиқ гўзаллик бурканишининг ҳикмати мужассам. Шу боис ҳам баҳор ва аёл сўзларини бир-бирига боғлаб, кўклам ўз тароватини аёлдан олган десак, янглишмаймиз.

Аёл учун тинч ва фаровон юртда яшашдан, оила ва жамият эъзозида бўлишу соғлом фарзандларни камолга етказишдан ортиқ саодат йўқ. 

Муҳтарам Юртбошимизнинг: “Бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам аёлларга боғлиқ. Агар халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишимиз керак. Она рози бўлса, оила рози бўлади, оила рози бўлса, жамият рози бўлади”, деган сўзлари Сиз азиз аёлларимизга бўлган чексиз ҳурмат ва эътиборнинг амалий намунасидир.

  Азиз онахонлар, қадрли опа-сингиллар!

Сизларни ва сиз орқали барча шаҳримиз хотин-қизларини, дилбар аёлларимизни яна бир бор қутлуғ байрамингиз билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Сизларга соғлик-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик-осойишталик, файзу барака тилайман. 

Доимо, юзингиздан табассум, қалбингиздан шоду хуррамлик аримасин!

Байрамингиз муборак бўлсин! 

 

    Учқудуқ туман ҳокими С.Ф.ХАМРОЕВнинг туман аҳлига йўллаган Янги йил табриги

     Азиз ва қадрли тумандошлар!

   Шу қувончли лаҳзаларда Сиз азизларни Янги йил байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!

Барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, тинчлик ва тотувлик тилайман!

   Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг куни-кеча Олий Мажлис ва мамлакатимиз халқига йўллаган Мурожаатномасида 2022 йил якунлари атрофлича таҳлил этилди. Шу билан бирга 2023 йил учун устувор вазифалар белгилаб берилди.

Мамлакатимизда "2023 йил — Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" — деб эълон қилинди! Мурожаатда биринчи ўринда эътибор инсон, унинг шаъни ва қадр қимматини юксалтиришга қаратилди. Шунингдек, таълимга эътиборни кучайтириш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун ҳам аниқ вазифалар белгиланди.

Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, давлатимиз раҳбарининг 25 ноябрь кунида вилоятимизга ташрифи давомида 2023 йил – Навоий вилоятида Учқудуқ йили бўлади, дея таъкидлаганлари биз учқудуқликларни айниқса қувонтирди. Учқудуқдаги иссиқлик тизимини янгилашга 51 миллиард сўм, туман маркази аҳолисини ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш учун 78 километр сув тармоғи қуриш лойиҳасига 100 миллион доллар ажратилмоқда. 

Буларнинг барчаси Юртбошимизнинг Қизилқум чўлининг инжиқликларига бардош бериб яшаётган учқудуқликлар турмушини фаровон этиш, кўнгилларига эртанги кунга ишонч, ёшларга ғайрат бағишлаш, меҳнатларига яраша муносиб шароитларга эга бўлиш орзусини амалга ошириш йўлидаги саъйи ҳаракатларидир. Қизилқумликларга бўлган меҳру эътиборининг бир кўринишидир. 

Ўз навбатида биз учқудуқликлар олдимизга қўйилаётган улкан вазифаларни уддалашга бор куч-ғайратимизни ва имкониятларимизни сафарбар қиламиз.

Азиз учқудуқликлар! 

Бугун вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига гувоҳ бўлиб, умр йўлимизнинг яна бир янги йилига қадам қўймоқдамиз. Ўйлайманки, Сиз азиз тумандошларнинг саъй-ҳаракатларингиз, қўллаб-қувватлашингиз, энг муҳими — юксак ишончингиз билан кириб келаётган янги 2023 йилда ҳам ўтган йилдагидан кўра салмоқлироқ натижаларга эришамиз.

Менинг ниятим, тилагим шуки, ҳар бир оила, ҳар бир инсон муроду мақсадига етсин!

Барчангизга яна бир бор мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик, фарзандлар, набиралар бахту камолини кўриш насиб этсин!

Янги — 2023 йилнинг қадами жонажон Ўзбекистонимизга қутлуғ ва баракали келсин!

Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

Янги йил барчамизга муборак бўлсин, азизлар!

 

  Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбиридаги

               Т А Б Р И К  С Ў З И

     Ассалому алайкум ҳурматли тумандошлар ва бугунги тантанамиз қатнашчилари!

   Конституция – бахтимиз қомуси, эркинлигимиз ва барча ҳуқуқларимиз кафолати, халқимизнинг минг йиллик орзу-умидлари ифодасидир.

  Аввало, сиз азизларни, сизлар орқали кўп миллатли туманимиз аҳолисини қутлуғ айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. 

   Ҳар бир давлат ўз иш юритувини энг аввало, Конституцияга таянган ҳолда амалга оширади. Чунки Конституция – фуқаролар ва давлат манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқларини қонуний ҳимоя қилувчи муҳим ҳужжатдир.

   Мустақиллигимиз шарофати туфайли 30 йилдан буён биз инсонийликни улуғловчи, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминловчи умум манфаатларга хизмат қилувчи 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборат бўлган ўз Конституциямизга эгамиз.

   Ҳурматли Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан ҳаракатлар стратегиясидан тараққиёт стратегияси қабул қилинди. 

   Тараққиёт стратегияси жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда «Инсон қадри учун» тамойили асосида аҳолимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

    Конституциямизнинг 2-моддасида шундай жумлалар бор: “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдир”.

   Бу жамият тараққиёти ва фуқаролар манфаатлари устуворлигини таъминлаш давлат учун асосий вазифалардан биридир.

   Аввало, «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир» деган конституциявий қоидадан келиб чиқиб, халқ билан доимий мулоқот қилиш фаолиятимиз мезони этиб белгиланди, давлат идоралари раҳбарлари фуқаролар олдида ҳисобот берадиган самарали тизим йўлга қўйилди.

Эътироф этиш жоизки, Бош Қомусимизда фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришлари, тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари ўзининг амалий ифодасини топган.

   Конститутцияга ўзгартириш киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конститутциявий комиссия тузилди унинг таркиби ва вазифалари белгиланди.

   Умумхалқ муҳокамаси давомида Конститутциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳолидан ҳамда фуқаролик жамияти институтларидан жами 150 мингдан ортиқ таклиф ва фикр-мулоҳаза келиб тушган бўлиб, уларнинг катта қисми ўрганилганилди ва Конститутсиявий Қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда.

   Конституциявий қонун лойиҳасига келиб тушаётган таклиф ва фикр-мулоҳазаларнинг ортиб бориши, жамиятимизда қонун устуворлигини янада мустаҳкамлашда фуқароларимизнинг бефарқ эмаслигини ҳамда ушбу ҳужжатнинг янада халқчиллиги таъминланаётганини билдиради.

   Бугунги кунда Бош Қомусимизнинг ҳар бир моддаси инсон манфаатларига, унинг моддий ва маънавий талаб ҳамда эҳтиёжларини қаноатлантиришга, манфаатларини қонуний йўл билан ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

   Миллатимиз манфаатларига хизмат қилувчи, халқчил ва энг асосийси, элимизнинг орзу-мақсадларини ўзида ифода этган Конституциямиз бахтли, фаровон, тинч ва осуда ҳаётимиз кафолатидир.

    Шундай бектакрор кунларда туманимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, рўй бераётган ўзгаришлар туманимиз турмуш тарзида туб бурилиш ясаганига барчамиз гувоҳмиз. "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да туманимизда ҳам Сизлар билан бирга кенг кўламли ишларни амалга оширдик.

   Биргина ижтимоий соҳада амалга оширилган эзгу ишларимизга эътибор қаратадиган бўлсак, 2 та мактабгача таълим ташкилоти тубдан таъмирланиб, жажжи болажонларимиз ихтиёрига топширилди.

   Шунингдек, 15,6 км автомобиль йўллари объектлари, 2 та аҳоли яшаш пунктларида ичимлик суви таъминоти объектлари таъмирланиб аҳолига самарали хизмат кўрсатиб келмоқда. 

   Аҳолини юқори тезликдаги интернет тармоғи билан таъминлаш мақсадида, Учқудуқ туманида жорий йилда умумий қиймати 300,0 млн. сўмлик 40 км. узунликдаги масофага замонавий кенг поласали оптик толали интернет тармоғи тортилди.

   Бундай салмоқли ютуқ ва муваффақиятларни бошқа соҳалар мисолида ҳам кўплаб келтиришимиз мумкин.

   Туманимиздаги бундай шиддаткор янгиланишлар эса ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётида ёрқин бўй кўрсатиб, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, фаровонлигини таъминлаш билан бирга, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини тобора мустаҳкамламоқда.

   Эришилаётган барча ютуқлар фидокорона меҳнат натижаси  ҳамда Конституциямиз нормаларининг ҳаётбахш ифодасидир.   

Азиз тумандошлар!

   Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни яна бир бор Конституциямиз қабул қилинганлигининг 30 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

   Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, Ватанимиз равнақи йўлидаги эзгу ишларингизга омад тилайман.

  Осмонимиз мусаффо, тинчлигимиз абадий бўлсин! 

   Байрамингиз муборак бўлсин!

 

 

Page 3 of 4

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: