Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси юзасидан туман аҳли, ёшлар ва нуронийларига
МУРОЖААТИ
Ассалому алайкум, ҳурматли учқудуқликлар!
Азиз ёшлар,
Муҳтарам нуронийлар!
Бугун Сизга туманимиз, яшаб турган масканимизни тоза, озода, кўркам ҳудудга айлантиришда ҳар биримиз масъул эканлигимизни англаган ҳолда Сиз ҳурматли Учқудуқ тумани аҳолисига мурожаат билан чиқмоқдаман.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 11 октябрь куни ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини давом эттириш, ҳамда дарахтларни экиш, парваришлаш ва кўкаламзорлаштириш тизимини самарали ташкил этиш мақсадида 25 октябрдан 1 декабргача “Кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди.
Мамлакатимизда бу ҳаракат бошланганига 2 йил бўлди. Ҳаммамиз яхши биламизки кўчат экиш уни парваришлаш ҳудудлармизни яшил ҳудудга айлантириш туманимиз иқлим шароити, бошқа ҳудудларга нисбатан кучли чўл шамоллари айниқса қумли шамолларнинг кўплиги бизлар учун жуда муҳим тадбир ҳисобланади.
Туманимиз бу борада салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Йўлчилар” ОФЙ ҳудудидан 2 гектар бўш турган ер майдони - “Яшил майдон”га айлантирилди. “Дўстлик” МФЙ ҳудудидаги “Ёшлар” истироҳат боғидан 3,8 гектар, “Хотира хиёбони” ҳудудидан 2,4 гектар жами 6,2 гектар ер майдонларидан “Жамоат парк”лари ташкил этилди. Шу билан бир қаторда 1 млн. 521 мингта манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалар экилди.
Бугун экилган дарахт кўчатлари ва буталарнинг кўпчилиги ерга илдиз қўйиб, барг ёзиб ҳудуд кўркига кўрк қўшмоқда. Умуман,тумандошларимизда дарахтга яшилликка нисбатан муносабат ижобий томонга ўзгарди, дейиш ўринли.
Лекин, бир нарсани унутмаслигимиз керак, кўчатларни экиб қўйиш билан иш битмайди. Умид билан ерга қадалган ҳар бир ниҳол авж олиб ўсиши, азим дарахтга айланиши учун унга доимий парвариш, энг муҳими, суғориш тизими керак. Жорий йилда “Ёшлар”, “Болалар”, “Учқудуқнинг 40 йиллиги” боғлари, Навоий маҳалласидаги “Саломатлик йўлаги” ҳамда “Хотира” хиёбонига 5,8 км полиэтилин, 2,5 км узунликда металл сув қувурларининг тортилгани амалий ишлардан биридир.
2023-2024 йил куз-қиш мавсумида соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашган ҳолда, чўл ҳудудига иссиқ гармсел ва қурғоқчиликка, шўрланишга чидамлилиги юқори бўлган 681 минг дона манзарали ҳамда мевали дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Шундан 15 минг дона қайрағоч, 500 дона акация, 500 дона тут, 200 дона узум ва 664 минг 800 дона бошқа турдаги манзарали дарахт ва бута кўчатларини экиш мақсад қилинган.
Қолаверса, "Йўлчилар" ОФЙ ҳудудидаги 1 гектар ер майдонида "Ҳокимлик боғи" ва Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги 3-гидрометаллургия заводи ҳудудидаги 2,5 гектар ер майдонига "Яшил белбоғ" ташкил этиш режалаштирилган.
Қабул қилинган дастурлар, чора-тадбирлар албатта қоғозда жуда ҳам чиройли ва салмоқли. Лекин уни амалга оширишда масъуллар ва ҳар бир туманимиз фуқароси фидойилик, ватанпарварлик, шижоат, ўз туманига, яшаётган маҳалласига меҳр-муҳаббат туйғусини жо этган ҳолда амалга оширишлари жуда муҳим!.
Азиз ва мўътабар оқсоқоллар!
Хурматли Президентимиз Сиз оқсоқолларни яшил макон умуммиллий ҳарактнинг фаол иштирокчиси сифатида ёшларга ибрат намунаси булиб ёнларингизга ўз невараларингизни олиб кўчат экиш ойлигига ўз ҳиссаларингизни албатта қўшасизлар, деб ишонч билдирдилар.
Бугун ҳам туманимиз бўйлаб давом этаётган кузги дарахт экиш мавсумида ўзингизнинг доно маслаҳатингиз билан аҳолини айниқса, ёшларни яратувчанлик ғояларига ундашда жонбозлик кўрсатасизлар, деб ишонаман!
Албатта, бугун экилган бир дона ниҳол эрта катта дарахтга айлангач, унинг соясидан невараларингиз баҳраманд бўлади, уларнинг олаётган нафаси мусаффолиги таъминланади.
Шу боис ҳам яхши ниятлар билан бошланган бу эзгу ишда Сиз азиз нуронийлар ҳам фаол иштирок этинг, чунки ободлик бор жойда қут-барака, доимий ривожланиш ва келажакка ишонч бўлади.
Қадрли ёшлар!
Бугун сизнинг замонавий билимларни эгаллаб, етук ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етишингиз учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилган.
Ўз навбатида Сизни ҳам ҳурматли Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус кузги дарахт экиш мавсуми доирасида амалга оширилаётган эзгу ишларда фаол иштирок этишга чақираман!
Шуни унутмайликки, осуда ва фаровон турмуш тарзини четдан келиб бизга ҳеч ким яратиб бермайди. Уни ўзимиз, ўз меҳнатимиз натижасида бунёд этсак, унинг самараси янада тотли бўлади.
Тасаввур қилинг, ҳар бир учқудуқлик ёшлар камида 5 тадан кўчат экса, бу ташаббус 2–3 йилдан сўнг туманимиз яшиллигига, экологиясига қанчалик ижобий таъсир кўрсатади.
Бугун Учқудуқдаги дарахтларнинг аксариятини Сизларнинг ота – боболарингиз парваришлаган. Сиз ҳам яшиллик барпо этиш харакатига қўшилинг, бирлашиб муъжазгина ёшлар боги барпо килинг ва хайрли ишга ўз ҳиссангизни қўшинг!
Ҳурматли уй бекалари, азиз опа-сингиллар!
Мазкур уммумиллий харакат ҳар биримиз учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки халқимизнинг яхши ниятлари билан бошлаган бу савобли ишлари эртанги куни ёш авлоднинг саломатлигини мустаҳкамлашда, табиатни асраш ва экологик ҳолатни яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.
Афсуски, кўп қаватли уйларда яшовчи опа-сингилларимиз ободончиликка, тозаликка, кўкаламзорлаштириш ишларига эътиборсизлик билан қараб, “Ватан остонадан бошланади”, “Менинг маҳаллам – менинг уйим”, “Маҳалла – Ватаннинг бир бўлаги!” каби минг йиллик тушунчаларни унутиб қўймоқдалар.
Ҳафта ёки бир ойда бир маротаба бўлса ҳам – ота-боболаримиздан қолган удум, анъана – кўчат қадаш, ҳашарлар уюштириш каби эзгу ишлар бир оз оқсаётгандек.
Ўз навбатида Сизни ҳам ҳурматли Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус - кузги дарахт экиш мавсуми доирасида амалга оширилаётган ишларда фаол иштирок этишга чақираман!
Бугунги ҳаракатимиз хайрли ва савобли ишларимизнинг бардавомлигига, ёшларимизнинг маънавияти ва тарбияси янада юксак бўлишига, миллий қадриятларимиз ривожига, халқимиз орасида ҳамжиҳатлик туйғулари мустаҳкамланишига пойдевор бўлиб хизмат қилсин!
Азиз учқудуқликлар!
Сиз доим илғорлар қаторида бўлгансиз. Шунинг учун ҳам Сизларга ишончим катта!.
Ўйлайманки, Она табиатимизни асраш, авайлаш ва уни авлодларга соф ҳолда етказиш учун масъул эканлигимизни теран англаган ҳолда ҳар бирингиз кўчат экиш ҳамда кўкаламзорлаштириш муммиллий лойиҳасида ўз ниҳолингизни қадаб, фаол иштирок этасиз!
Шу билан бир қаторда экилган кўчат ва ниҳолларни униб ўсишида ўз ҳиссангизни қўшасиз!.
Бунга ишонаман азиз учқудуқликлар!