Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбиридаги
Т А Б Р И К С Ў З И
Ассалому алайкум ҳурматли тумандошлар ва бугунги тантанамиз қатнашчилари!
Конституция – бахтимиз қомуси, эркинлигимиз ва барча ҳуқуқларимиз кафолати, халқимизнинг минг йиллик орзу-умидлари ифодасидир.
Аввало, сиз азизларни, сизлар орқали кўп миллатли туманимиз аҳолисини қутлуғ айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ҳар бир давлат ўз иш юритувини энг аввало, Конституцияга таянган ҳолда амалга оширади. Чунки Конституция – фуқаролар ва давлат манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқларини қонуний ҳимоя қилувчи муҳим ҳужжатдир.
Мустақиллигимиз шарофати туфайли 30 йилдан буён биз инсонийликни улуғловчи, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминловчи умум манфаатларга хизмат қилувчи 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборат бўлган ўз Конституциямизга эгамиз.
Ҳурматли Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан ҳаракатлар стратегиясидан тараққиёт стратегияси қабул қилинди.
Тараққиёт стратегияси жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда «Инсон қадри учун» тамойили асосида аҳолимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Конституциямизнинг 2-моддасида шундай жумлалар бор: “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдир”.
Бу жамият тараққиёти ва фуқаролар манфаатлари устуворлигини таъминлаш давлат учун асосий вазифалардан биридир.
Аввало, «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир» деган конституциявий қоидадан келиб чиқиб, халқ билан доимий мулоқот қилиш фаолиятимиз мезони этиб белгиланди, давлат идоралари раҳбарлари фуқаролар олдида ҳисобот берадиган самарали тизим йўлга қўйилди.
Эътироф этиш жоизки, Бош Қомусимизда фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришлари, тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари ўзининг амалий ифодасини топган.
Конститутцияга ўзгартириш киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конститутциявий комиссия тузилди унинг таркиби ва вазифалари белгиланди.
Умумхалқ муҳокамаси давомида Конститутциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳолидан ҳамда фуқаролик жамияти институтларидан жами 150 мингдан ортиқ таклиф ва фикр-мулоҳаза келиб тушган бўлиб, уларнинг катта қисми ўрганилганилди ва Конститутсиявий Қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда.
Конституциявий қонун лойиҳасига келиб тушаётган таклиф ва фикр-мулоҳазаларнинг ортиб бориши, жамиятимизда қонун устуворлигини янада мустаҳкамлашда фуқароларимизнинг бефарқ эмаслигини ҳамда ушбу ҳужжатнинг янада халқчиллиги таъминланаётганини билдиради.
Бугунги кунда Бош Қомусимизнинг ҳар бир моддаси инсон манфаатларига, унинг моддий ва маънавий талаб ҳамда эҳтиёжларини қаноатлантиришга, манфаатларини қонуний йўл билан ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Миллатимиз манфаатларига хизмат қилувчи, халқчил ва энг асосийси, элимизнинг орзу-мақсадларини ўзида ифода этган Конституциямиз бахтли, фаровон, тинч ва осуда ҳаётимиз кафолатидир.
Шундай бектакрор кунларда туманимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, рўй бераётган ўзгаришлар туманимиз турмуш тарзида туб бурилиш ясаганига барчамиз гувоҳмиз. "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да туманимизда ҳам Сизлар билан бирга кенг кўламли ишларни амалга оширдик.
Биргина ижтимоий соҳада амалга оширилган эзгу ишларимизга эътибор қаратадиган бўлсак, 2 та мактабгача таълим ташкилоти тубдан таъмирланиб, жажжи болажонларимиз ихтиёрига топширилди.
Шунингдек, 15,6 км автомобиль йўллари объектлари, 2 та аҳоли яшаш пунктларида ичимлик суви таъминоти объектлари таъмирланиб аҳолига самарали хизмат кўрсатиб келмоқда.
Аҳолини юқори тезликдаги интернет тармоғи билан таъминлаш мақсадида, Учқудуқ туманида жорий йилда умумий қиймати 300,0 млн. сўмлик 40 км. узунликдаги масофага замонавий кенг поласали оптик толали интернет тармоғи тортилди.
Бундай салмоқли ютуқ ва муваффақиятларни бошқа соҳалар мисолида ҳам кўплаб келтиришимиз мумкин.
Туманимиздаги бундай шиддаткор янгиланишлар эса ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётида ёрқин бўй кўрсатиб, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, фаровонлигини таъминлаш билан бирга, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини тобора мустаҳкамламоқда.
Эришилаётган барча ютуқлар фидокорона меҳнат натижаси ҳамда Конституциямиз нормаларининг ҳаётбахш ифодасидир.
Азиз тумандошлар!
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни яна бир бор Конституциямиз қабул қилинганлигининг 30 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, Ватанимиз равнақи йўлидаги эзгу ишларингизга омад тилайман.
Осмонимиз мусаффо, тинчлигимиз абадий бўлсин!
Байрамингиз муборак бўлсин!